
Жисмонан ва руҳан бақувват ҳамда фаол яшаш учун ҳар бир киши соғлом турмуш тарзига амал қилиши муҳим аҳамиятга эга. Унга тўлиқ амал қилинса инсон қариши билан шуғилланувчи халқаро ташкилот олимлари фикрига кўра 100 - 120 йил умр кўриш имконияти мавжуд. Айрим мутахассислар эса 180 ёш ҳам ҳаёт давомийлигида чегара эмаслигини таъкидлайдилар.
Соғлом турмуш тарзи тушунчаси кенг маънога эга бўлиб, у жисмоний фаоллик, зарарли одатлар, яъни гиёҳвандлик, тамаки (носвой) чекиш, спиртли ичимликларни
истеъмолига қарши кураш ва рационал овқатланиш каби тадбирларни ўз ичига қамраб олади. Шу ўринда инсон организмига таъсир этувчи минглаб омиллар
ичида овқатланиш айниқса, ўз вақтида ва меъёрида, зарур бўлганда эса пархезбоп таомлар истеъмол қилиш етакчи аҳамиятга эга эканлигини ёдда тутиш лозим.
Организм меъёрида фаолият кўрсатиши учун 600 дан ортиқ озуқалар керак. Улардан тахминан 90 % шифобахш таъсирга эга бўлиб, жуда кам қисми тананинг ўзида яратилади ва аксарияти ташқаридан киради. Бунга фақат рационал овқатланиш орқалигина эришиш мумкин.
Истеъмол қилинадиган таомлар организм тикланишини таъминласа, йўқотилган энергияга бўлган талабни қондирса, таркибида зарур даражада оқсиллар, ёғлар, углеводлар, витаминлар, микро – макроэлементлар, ўсимлик толалари сақласа ҳамда озиқ – овқатлар ва уларнинг таркиби, миқдори ошқозон – ичак тизими ферментлари фаоллиги билан мос келса рационал овқатланиш деб аталади. Ёки бир сўз билан айтганда, истеъмол қилиндиган озиқ – овқатлар инсоннинг реал эҳтиёжларига мос келиши лозим.
Ҳозирги вақтда рационал овқатланиш назарияси негизида таом истеъмол қилишни мутаносиб овқатланиш концепцияси ишлаб чиқилган. Унга асосан истеъмол қилинаётган озиқ – овқатлар таркибида инсон учун зарур даражадаги оқсиллар, ёғлар, углеводлар, витаминлар, минерал моддалар ва сув бўлиши керак. Бундай ёндошишнинг асосий моҳияти ҳар бир киши сарфлайдиган энергия организмга тушаётган қувватга мос келишидан, овқат таркибидаги моддаларни ўзаро мутаносиблигидан, овқатланишни маълум сон ва оралиқда бўлишидан иборат. Ушбу концепцияни қуйидаги учта қоидаси тафовут этилади:
Организм томонидан қабул қилинаётган ва сарфланаётган энергияни ҳисоблаш ва у ёки бу таомнинг таркибий қисми қанча қувватга эга эканлигини билиш. Ҳар бир кишининг бир кунда сарфлаётган энергияси асосий алмашинув, овқатнинг специфик - динамик таъсири ва фаолият тури мажмуасидан иборат.
Асосий алмашинув қуввати – бу инсоннинг жисмоний тинч ҳолатда (масалан, уйқуда) ҳаётий муҳим жараёнлари (ҳужайраларда модда алмашинуви, нафас олиш, қон айланиши, овқат ҳазм бўлиши, асаб тизими) ва мушаклар тонусини қўллаб – қувватлаш учун зарур бўлган энергия. У инсон жинси, бўйи. тана вазни ва тузилиши, ёши, ички аъзолардаги гормонлар мувозанати ҳамда бошқа қатор омилларга боғлиқ. Шунингдек, асосий алмашинув учун зарур бўлган энергияга йил фасли, иқлим, ҳам сезиларли таъсир кўрсатади. Тинч ҳолатда организм эҳтиёжи учун зарур бўлган қувват тана мушаклари оғирлиги ва ёғ тўқималари миқдори билан ҳам узвий боғлиқ. Эркакларда асосий алмашинув кўрсаткичи аёлларга нисбатан 10 % кўпроқ. Шунингдек, уларда тана вазнининг бир кг га 1 соатда бир ккал энергия сарф этилса, аёлларда бу кўрсаткич 0,9 ккал га тенг.
Маълумки, ёш улғайиб борган сари инсонда мушаклар кичрайиши кузатилади. Бинобарин, унга мос равишда асосий алмашинув кўрсаткичи ҳам камайиб боради. Совуқ иқлим шароитларида ва юқори ҳарорат билан кечадиган айрим касалликларда асосий алмашинув кўрсаткичлари бир мунча юқори бўлишини (тана ҳароратини 10 га ошиши энергияга бўлган талабни 10 – 15 % га кўтаради) эсда тутиш лозим.
Овқатнинг специфик - динамик таъсири – бу озиқ – овқатларни организмга сингиши учун сарфланадиган қувват. Унинг энг кўпи (30 – 40 %) оқсилларни ундан сўнг ёғларни (4 – 14 %) ва ниҳоят углеводларни (4 – 7 %) ўзлаштириш учун сарфланади. Турли хил озиқ – овқатлар яъни аралаш таркибли таом истеъмол қилганда асосий алмашинув кўрсаткичи 10 % ни ташкил этади. Тиббиётда бошқариладиган қувват сарфлаш ибораси мавжуд бўлиб, бу жисмоний фаоллик натижасида йўқотиладиган энергия ҳисобланади ва 40 % ни ташкил этади.
Биз истеъмол қилаётган овқат маҳсулотлари таркибидаги бир грамм оқсил ва углеводларнинг ҳар биридан 4 ккал, ёғлардан эса 9 ккал энергия ҳосил бўлади. Ҳар бир
кишининг асосий алмашинув қуввати ва овқат маҳсулотларидан ҳосил бўлган энергияни билган ҳолда қабул қилинаётган ва сарфланаётган энергияни аниқлаш ҳамда унга мос равишда овқат рационини тузиш мумкин. Бундай ёндашиш овқатланиш концепциясининг қоидасига жавоб беради.
Мувозанатлаштирилган овқатланиш. Истеъмол қилинадиган озиқ – овқатлар таркибидаги оқсиллар, ёғлар, углеводлар, витаминлар, минерал моддалар ва сувнинг бир – бирига мутаносиб (оптимал) равишда бўлиши овқатланиш концепциясининг иккинчи қоидаси ҳисобланади.
Овқатланиш тартибини мувофиқлаштириш ушбу концепциянинг учинчи қоидаси ҳисобланиб, ўз ичига қуйидагиларни қамраб олади:
Мунтазам овқатланиш;
Овқатланишни кун давомида тақсимлаш;
Овқатланишлар сони ва улар орасидаги вақтларни мувофиқлаштириш.
Бунинг учун қуйидагиларга амал қилиш тавсия этилади:
Овқатни куннинг маълум вақтида истеъмол қилиш – бу шартли рефлекслар ҳосил бўлишига имкон яратади ҳамда ўз навбатида организмни овқат қабул қилишга тайёрлайди. Нонушта ва тушлик, тушлик ва кечки овқатлар оралиғидаги вақт 5 – 6 соатни ташкил этиши, мабодо уйқудан олдин овқатланиш иштиёқи бўлса камида 1,5 – 2 соат олдин таом қабул қилиш керак.
Кунда 4 маротаба овқатланиш - унинг тахминан 25 % биринчи нонуштага, 15 % иккинчи нонуштага, 35 % тушликка, 25 % кечки овқатга тўғри келиши лозим.
Кунда 5 ёки 6 маротаба овқатланишда мос равишда кўпроқ таом эрталаблари ва тушда камроқ қисми кечки овқатга тўғри келиши керак.
Овқатланганда унинг такрибий қисмига эътибор бериш жуда муҳим. Оқсилга бой озиқ – овқатлар асаб тизими қўзғалувчанлигини оширганлиги сабабли уларни куннинг биринчи ярмида яъни инсон фаол ҳаракатда бўлган даврда истеъмол қилиш маъқул. Акс ҳолда уйқуни қочиради ёки чуқур уйқу олати юзага келишига тўсқинлик қилади. Кечки овқат кунлик овқатланишни кўп қисмини ташкил этганда ёғларнинг оксидланиши тўлиқ кузатилмай семиришга мойилликни келтириб чиқаради.
Дунёдаги етакчи илмий марказларда олиб борилган кузатувларда ҳайвон ёғидан ва юқори сифатли ун маҳсулотларидан тайёрланган таомлар ҳамда ширинликларни меъёридан ортиқ тановвул қилиш, овқатланиш тартиби ва ритмига амал қилмаслик озиқ – овқатларнинг асосий таркибий қисмлари ўртасидаги мувозанатни бузилишига ва оқибатда семизлик, юрак қон – томир ҳамда бошқа қатор аъзолар касалликлар келиб чиқишига олиб келиши тасдиқланмоқда. Чунки улар қонда холестерин (ёғсимон заррачалар) миқдорини ошиши, қон босимини кўтарилиши, миокард инфаркти, бош мияга қон қуйилиши ёки ишемик инсульт (бош мия ва бўйин томирларида ёғлар
ўтириб қолиши оқибатида унда қон айланишининг ўткир бузилиши), қандли диабетга мойиллик туғилишининг асосий сабабларидан бири ҳисобланади. Шу ўринда аҳоли орасида тана вазни оғир яъни семиз кишиларнинг тобора кўпайиб бораётганлиги ташвишли бир ҳолдир.
Семизлик нафақат инсонларнинг ҳаёт сифати ва унинг давомийлигига таъсир кўрсатади, балки турли оғир касалликларнинг келиб чиқишига ҳам сабаб бўлади. Семиз кишиларда юқори қон босими, томирларга ёғ пилакчалари ўтириб қолиши ва юрак ишемик касаллиги 2 - 4 марта кўпроқ учрайди. Қандли диабетнинг кўпроқ 40 ёшдан ошган инсонларда кузатиладиган иккинчи тури 85 - 90 фоиз ҳолларда ортиқча тана вазнига эга бўлганларда ривожланади. Семизликнинг енгил даражасида қандли диабет юзага келиш эҳтимоли 3 марта, ўрта оғирлик даражасида 5 марта, ўта семиз кишиларда эса 10 мартага ошади. Бошқача қилиб айтганда, ортиқча тана вазнига эга бўлган кишиларда қандли диабетнинг иккинчи тури билан касалланиш эҳтимоли жуда юқори. Бундан ташқари семизлик бўғим, жигар, руҳий ҳолатнинг ўзгариши, веналарнинг варикоз кенгайиши ва бошқа касалликларнинг асосий сабабчиларидан биридир.
Мунтазам равишда жисмоний фаол ҳаёт кечириш саломатликка қуйидагича ижобий таъсир кўрсатади:
Юрак қон - томир фаолиятини мўътадиллаштиради ва унинг касалликлари пайдо бўлишини олдини олади;
Жисмоний машқлар билан мунтазам шуғулланиш систолик (юқори) ва диастолик (пастки) қон босимини 5 - 10 мм симоб устунига пасайтиради;
Қонда ёғ алмашинувига ижобий таъсир этади ва юрак касалликларига олиб келувчи холестерин миқдорини камайтиради;
Организмни энергияга бўлган талаби ва унинг сарфланишини меъёрлаштиради;
Кайфиятни кўтаради ва умумий аҳволни яхшилайди;
Углеводларга бўлган (қандли диабет пайдо бўлишига) чидамлиликни оширади;
Семириш, суяк - мушак касалликлари ва ўсмалар пайдо бўлиш хавфини камайтиради.
Истеъмол қилинадиган озиқ – овқатларнинг толаларга (қора, қуритилган ҳамда бир кун олдин пиширилган нон ва бошқалар), витаминларга, калий ва магний тузларига бой бўлиши ҳамда таомларни ўсимлик ёғида тайёрланиши қон томирларда склероз ривожланишига тўсқинлик қилишини эсдан чиқармаслик керак. Кунлик таомномада сабзавот ва мевалардан тайёрланган салатлар, винегретлар, карам, помидор, бодринг, қовоқ, кабачка, кашнич етарли даражада бўлиши; дуккаклилар яъни нўхот, ловия, мош шунингдек, турли қўзиқоринлар чегараланган миқдорда ишатилиши лозим; пишлоқ ва творогнинг ҳам ёғсизлантирилган сутдан тайёрланганларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ.
Ичиш учун аччиқ бўлмаган чой, мева шарбатлари, ўтли дамламалар тавсия этилади.