Зарарли одатлар деганда биз одатда, факат, алкоголли ичимликларни меъёридан ошириб, муттасил истеъмол қилиш, тамаки ва носвой чекиш, гиёхвандлик кабиларни тушунишга ўрганиб қолганмиз. Аслида зарарли одатлар тушунчаси бирмунча кенг бўлиб, ўз доирасига овқатланиш тартибига риоя қилмаслик, организм эхтиёжига қараганда кўпроқ овқат ейишга ўрганиб қолиш, дангасалик ва ишёкмаслик, баджахллик, ахлоксизлик, уст-бош, ҳовли ва уй хоналари ифлослиги билан кўникиб яшаш, ўз ҳаётини жамиятда қабул қилинган меъёр ва ўлчамлар асосида ташкил қила билмасдан, пала-партиш ўтказиш ва ҳеч бир мақсадсиз яшаш, маданиятсизлиги ва жоҳиллиги туфайли вегетатив турмуш тарзида яшаш билан чегараланиб қолиш каби одатларни ҳам олади.
Тамаки чекиш ва унинг зарари ҳақида
Чекувчилик чекувчи учун ҳам, атрофдаги чекмовчилар учун ҳам катта зарар келтиради. Чекиш билан жуда кўп касалликлар узвий борланган бўлиб, инсонларни барвақт ва тасодифан ўлимга олиб келадиган, уларнинг умрини ўртача 8-15 йилга қисқартиришга сабабчи бўладиган омилдир. Ўпка раки касаллиги қарийб 90% ҳолларда чекиш билан боғланган.
Чекувчилар ўртасида ўлим курсаткичи, чекмовчиларга қараганда 70% кўп, кунига 20 дона сигарет чекувчиларда эса 2 баробар ортиқ эканлиги, чекувчилар чекмовчиларга нисбатан 6-10 йил кам яшаётганлига ҳисоблаб чиқилган. Оддий-чекувчи ҳар битта чеккан сигаретаси билан ўз умрини 6 минутга қисқартиради.
Чекиш ўпка, трахея ва бронхлардаги ўсма-шишлар (рак); лабдаги ўсма шишлар; қизилўнгачдаги ўсмалар; оғиз бўшлиғи ва ҳалқумдаги ўсмалар; хиқилдоқ ўсмалари; ўпка эмфиземаси ва обструктив касалликлар; юракнинг ишемик касалликлари каби оғир ҳасталикларни келиб чиқишида асосий роль ўйнайди.
Агар чекмайдаган соғлом одамнинг юраги минутига 72-80 марта қискарса, 3-4 дона сигарет чекилгач, пульс тезлашиб, минутига 100-120 гача етади, ёки бошқача айтганда тамаки юракни тез ишлашга мажбур қилади, юрак ҳар минутга 15-18 марта кўп қисқаради. Агар чекмайдиган киши юраги суткада 100 минг марта қисқариб 6 тонна қонни ҳайдаса, чекувчи одам юраги суткасига 10-15 минг марта кўп қисқариб, никотиннинг қон томирларга торайтирувчи таъсири оқибатида 2-3 тонна кам қон ҳайдайди. Бу юрак мушаклари ҳолатига салбий таъсир кўрсатади ва тасодифий ўлим ҳолатларини кўпайтиради. Муггасил равишда чекиш инсоннинг ақлий фаолиятини пасайтиради. Чекувчилар чекиш уйкуни хайдайди, одамни тетиклаштиради, ақлни пешлайди деган сабабларни айтишади. Чекиш билан боғланган ақлнинг вақтинча тетиклашуви, кейинчалик мия қон томирлари спазми билан тугайди, аста секин хотира сусайиб боради.
Алкоголизмга замонавий илмий қарашлар
Бутун Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг таърифига кўра, ичкиликбозликка ружу қўйганлар қаторига ҳар куни 150 мл хажмдаги тоза спирт истеьмол қилувчилар киради. Бу тахминан 375 мл 40% арок ёки вино, ёки 3 литр пивога баробардир.
Ичкиликбозликка олиб келувчи омиллар ўртасида бола тарбиясидаги камчиликлар, зарарли одатлар, етарли даромад, ичимликни осонгина топиш имконияти, атрофдагиларнинг салбий намунаси, жамоатчилик томонидан эътиборсизлик ва бошқалар етакчи рол уйнайдн. Алкоголизм фақат тиббий муаммо бўлиб қолмасдан, катта ижтимоий муаммо ҳамдир.
Алкоголизм - бу касаллик булиб, унда беморларда спиртли ичимликка нисбатан ўзини бошқара олмайдиган ҳаста интилиш пайдо бўлади. Бемор киши организмида руҳий ва соматик бузилишлар кузатилади. Дастлаб, бу ўзгаришларни кайтариш имконияти бўлса, кейинчалик қайтариб бўлмайдиган ўзгаришлар пайдо бўлади. Вояга етган эркак кишиларда бундай ҳолат ичишга ружу қўйгандан 3 йилдан то 10 йилгача бўлган муддатларда ва ёшларда 3 йилгача бўлган муддатларда шаклланади.
Алкоголизм – моддий савияси паст одамларнинг йўлдоши бўлиб, уларнинг маънавий жиҳатдан қашшоқлигини кўрсатади ва улар томонидан бўш вақтларини «ўлдириш»нинг усули бўлиб ҳисобланади. Ичувчиларнинг шаҳар жойларда 65%, қишлоқ жойларда 86% маданий савиялари паст бўлганлар ташкил қилади. Уларнинг 50%дан кўпроғи ичувчи оилаларнинг фарзандлари бўлганлар.
Алкогол наслга кучли таъсир қилади. Бундай оилаларда туғилган болаларда заифлик, турли хил ирсий нуқсонлар кузатилади. Беморларни даволаш мутахассис врачлар - наркологлар томонидан олиб борилсагина самара беради. Алкоголнинг кўп қиррали салбий оқибатларини оила ва жамиятда юз берадиган кўнгилсизликлардаги ўрнини кенг ёритиш бизнинг мақсадимиз эмас, бунга ҳожат ҳам йўқ, бу ҳаммага маълум нарса. Биз спиртли ичимликлар ичишнинг соғлом турмуш тарзига алоқадор жиҳати - ичимликни ичиш маданияти ҳақида сўз юритдик, холос.