АЛОҚА УЧУН ТЕЛЕФОНЛАР: +998 (71) 239-47-21; 244-16-03; 278-40-51; 278-46-52
ru en uz

ЁШЛАРНИНГ МАЪНАВИЙ ҲАЁТИ ВА ГЛОБАЛЛАШУВ ДАВРИ

08.08.2013

Жамиятимиз тараққиёти маънавий ва жисмоний соғлом авлодни тарбиялаш масаласи давлат сиёсатига кўтарилган бир пайтда ҳаётнинг ўзи ҳар бир кишидан, айниқса ёшлардан маънавий соғломлик ва маърифий етукликни талаб қилмоқда. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек: "...ҳар қандай тажовуз ва террорчилик хуружларининг олдини олиш, уларнинг мафкуравий заминини йўқотиш ва аввало, ёшларимизнинг қалби ва онги, соғлом тафаккури учун курашни тақозо этмоқда". Дарҳақиқат, Юртбошимизнинг ушбу фикр¬лари жамиятимизни айниқса, ёшларни яна бир бор сезгир, огоҳ ва ҳушёр бўлишга чорлабгина қолмай, уларни маънан соғлом, теран фикрловчи, етук илмий салоҳиятга эга инсонлар сифатида камол топишига ундайди.

Албатта, ёшларимизнинг қалби ва онги, соғлом тафаккури учун курашмоқлик бугунги ижтимоий ҳаётимизнинг асосига айланмоқда. Бу борада жамиятимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Муҳими миллий истиқлол ғояси асосида ёшларни тарбиялаш тизими шакллантирилди. Шунинг билан бир қаторда ёшлар тарбиясида жамиятнинг ҳар бир аъзоси ўз масъулиятини оширишга зарурият ҳам бор. Чунки, ёшларнинг қалби, онги, тафаккури соғлом ғоялар асосида шаклланиши учун ҳар бир шахс масъулдир. Ёшларнинг бўш вақтларини қандай ўтказаётганлиги ҳар бир ота-она, маҳалла аҳли, ўқитувчи-педагогнинг эътиборида бўлиши зарурлигини барчамиз яхши тушунамиз. Бунинг учун, айниқса маҳалла (қишлоқ) фуқароларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия бўйича маслаҳатчилари имкониятларидан кенг фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Аксарият ёшларнинг тарбияси оиладан, қолаверса, у туғилиб ўсган маҳалладан бошланади. Шундай экан, мазкур масалаларга ниҳоятда жиддий ва эътибор билан ёндашишни бугунги адолатли сиёсат барчадан талаб қилаётганлиги табиий.

Баъзан шундай савол туғилади: ёшлар муаммолари билан бутун бир тизим шуғулланмоқда, лекин баъзан уларнинг ёвуз ниятлилар тузоғига тушиб қолаётганлигига сабаб нима? Сабаб битта: ёшларнинг қизиқувчанлиги ва беқарорлиги. Ёвуз ниятлилар ёшларнинг ушбу хислати ҳамда ожизлигидан фойдаланишга уринишмоқда. Бироқ биз бу ўринда ёшлар ва барчага битта "қурол" бермоғимиз зарур, бу ғоявий етукликдир. Бунга етишмоқ учун уларда аввало ўз-ўзига ишонч ҳиссини уйғотиш керак. Ўзига ишонган кишида яхшиликка интилиш ва ёмонликни рад этиш, унга қарши курашиш туйғуси пайдо бўлади. Бу туйғу унда соғлом тафаккурни шакллантиради. Одамларга, давлатга, жамиятга ва келажагига бўлган улкан меҳрни уйғотади. Шу маънода мафкуравий ғанимлар билан ғоявий курашга киришмоқ иштиёқи шаклланади. Бунинг яна бир сабаби глобаллашув даврида ахборот хуружларининг яшин тезлигидек кириб келишидир. Тан олиш керак, бугун жаҳон ягона ахборот майдонига айланиб улгурди. Истаймизми-йўқми биз бу жараённинг фаол иштирокчилари сифатида ҳар бир воқеа-ҳодисани кузатиб бориш имконига эгамиз. Афсуски, ахборот ҳар доим ҳам эзгуликка, бунёдкор ғояларга хизмат қилаётгани йўқ. Баъзан ана шу восита муайян вайронкор сиёсий кучлар, жиноятчилар, террорчилар қўлидаги қуролга айланиб, айниқса, ёшлар онги ва қалбини нишонга олмоқдаки, ундан бутунлай ҳимояланиш имкониятлари тобора камайиб бормокда. Шунинг учун ҳам кўплаб мамлакатлар ўз манфаатларига зид тарздаги шу каби ахборотларга нисбатан аҳолида иммунитет ҳосил қилиш мақсадида ОАВнинг таъсир кучини тўғри ўзанга солиш йўлини танламоқдалар.

Кези келганда яна бир нарсани таъкидлаш лозим: МДҲ давлатлари орасида фақат Ўзбекистонгина ўз маънавий сиёсатига эга давлат ҳисобланади. Бу сиёсат Президентимиз томонидан миллий менталитетимизга асосан ишлаб чиқилган. Шу маънода бугун миллий тарбия жараёнини кучайтириш керак. Миллий тарбиянинг уч негизи бор: жисмоний тарбия, ақлий тарбия ва ахлоқий тарбия. Таълим-тарбия ва маънавий маърифий соҳалардаги барча ишларимиз шахснинг ана шу жиҳатларини ўстиришга қаратилмоғи керак. Бунинг учун биздан кўплар ҳавас қиладиган кучли бир пойдевор – улкан маънавий меросимиз бор. Уларни қунт билан изчил ўрганиб бориш улкан самаралар гаровидир. Тарихга назар солсак, барча даврларда ҳам шу даврнинг мутафаккирлари ўз прогрессив ғоялари билан тўғри йўлни кўрсатиб берганлар. Масалан, IX-X асрларда Имом Бухорий, Мотуридий, Форобий, XI асрда Абдуҳолиқ Ғиждувоний, Аҳмад Яссавий, Нажмиддин Кубро, XIII асрда Азизиддин Насафий, XIV асрда Амир Темур, Бурҳониддин Рабғузий, XV асрда Улуғбек, Алишер Навоий, Ҳожа Аҳрор Валий, XVI асрда Мирзо Бобур, Махдуми Аъзам Даҳбедий, XVII-XVIII асрларда Бобораҳим Машраб, Хўжаназар Ҳувайдо, XIX асрда Огаҳий, Дукчи Эшон, XX аср бошларида жадид маърифатчилари халқ маънавиятини соғлом сақлаб қолганлар. Улар халқимизни миллий ғурур асосида тарбия қилиб, онги ва қалбини сохта ғоя, қарашлардан ҳимоя қилишган. Демак, биз аждодларимизнинг фақат номини санаш билан чекланмасдан, уларнинг меросини ёшлар онгига жиддий сингдиришда ҳам ўз имкониятларимиздан тўлиқ фойдаланишимиз лозим. Очиғи кўп халқлар бу меросимизга ҳавас билан қарашади. Бугун-чи? Бугун биз шундай тўғри йўл кўрсатувчи маънавий меросга эгамизми? Албатта, бундай мерос бизда бор. Бу мустақиллик йилларидаги интилишлармизнинг яхлит ҳосиласи бўлган Президентимиз асарлари тўпламида мужассам этилган маънавий-ғоявий меросдир. Уларда янги жамият эҳтиёжлари, ғоялари ва мезонлари ўз аксини топган.

Шунинг учун ҳам маънавий бой, баркамол шахсни шакллантириш учун маънавий-маърифий ишларни тубдан ўзгартириш, унинг мазмунини бойитиш, самарали усулларини излаб топиш ҳамда ҳаётга татбиқ этиш муҳим экан, бу йўлда барчамиз чуқур масъулиятни ҳис этган ҳолда фақат олдинга интилишимиз лозим.

Манба: uzssgzt.uz


Back to the list

Вакцинация пунктлари

Тошкент

Боғланиш

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги
Манзил: Тошкент ш., А.Навоий кўч., 12.
Тел: +998-71-241-1691
Факс: +998-71-244-1033
e-mail: info@minzdrav.uz
www: minzdrav.uz