Министерство Здравоохранения Республики Узбекистан
Научно-исследовательский институт эпидемиологии
микробиологии и инфекционных заболеваний
Ортга
uz ru en

1. Знаете ли Вы, что избавиться от глистов навсегда просто невозможно! Есть...

2. Знаете ли Вы, что при глистной инвазии происходит дефицит макро и микро...

3. Знаете ли Вы, что упущенное в детстве лечение некоторых глистных инвазий,...

Prev. year 2023 Next year
     
Ду Се Чо Па Жу Ша Як
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 1 2 3

Ўзбекистон Республикасини 2015 йилнинг тўққиз ойида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари тўғрисида

27.10.2015
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 16 январда бўлиб ўтган мажлисида белгилаб берилган 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича қабул қилинган чора-тадбирлар жаҳон иқтисодий инқирози давом этаётган шароитда жорий йилнинг тўққиз ойи мобайнида мамлакатимизда мустаҳкам иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаш ва макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш имконини берди.

Шу йилнинг бошида қабул қилинган 2015-2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурининг ижроси мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни ҳаётга муваффақиятли татбиқ этишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур дастур хусусий мулкни ишончли ҳимоя қилиш, иқтисодиётда унинг улуши ва аҳамиятини ошириш, замонавий корпоратив бошқарув усулларини жорий этиш, ишлаб чиқаришни модернизация ва диверсификация қилиш, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия истеъмоли ҳажмини камайтириш ҳамда энергия тежайдиган технологияларни жорий этишга қаратилган еттита ўзаро боғлиқ стратегик дастурий ҳужжатни ўз ичига олган.

I. Етакчи саноат тармоқларини таркибий ўзгартиришни кенгайтириш ва чуқурлаштириш, модернизация қилиш ва фаол диверсификациялаш ҳисобидан иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини янада ошириш, макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш

Жорий йил 9 ойи якуни бўйича ялпи ички маҳсулот ҳажми 2014 йилнинг шу даврига нисбатан 8 фоиз, саноат маҳсулотлари 7,3 фоиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 6,6 фоиз, чакана савдо айланмаси 15 ва хизматлар ҳажми 12,9 фоиз ўсди.

Бунда мамлакат ташқи савдо айланмасининг 217,8 миллион долларлик ижобий сальдоси таъминланди. Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз профицит билан бажарилди. Солиқ юки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 16,8 фоиздан 16,6 фоизгача изчил камайишига эришилди.

Жорий йилнинг тўққиз ойида банклар умумий капиталини 23,9 фоиз ва уларнинг активларини 27,4 фоиз ошириш бўйича ижобий ўсиш суръатлари сақланди. Бунинг самарасида мамлакатимиз банк тизими капиталининг етарлилик даражаси энг кам халқаро стандартлардан 3 баробар ошадиган меъёрга мос келади, банк тизимининг ликвидлик даражаси эса энг кам талаблардан 2 баробар ортиқдир.

Жорий йил бошидан буён Марказий банк томонидан қайта молиялаш ставкасининг 10 фоиздан 9 фоизга туширилиши тижорат банкларининг иқтисодиёт реал секторига кредит ажратиш ҳажмини 30,1 фоиз кўпайтириш имконини берди. Бунда, умумий кредитларнинг 79,7 фоизини инвестиция мақсадлари учун узоқ муддатли кредитлар ташкил қилди.

Ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилиш, юқори технологияли муҳим ишлаб чиқариш қувватларини фойдаланишга топширишни тезлаштириш, шунингдек, ҳудудлар саноат салоҳиятини мустаҳкамлаш, транспорт ва коммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантиришга қаратилган фаол инвестиция сиёсатининг амалга оширилиши самарасида жорий йилнинг тўққиз ойида ўзлаштирилган инвестициялар умумий ҳажми 28,5 триллион сўмни ташкил қилди ва 2014 йилнинг шу даврига нисбатан 9,9 фоиз ошди.

Инвестициявий фаолликнинг ўсиши ҳамда монтаж ва махсус қурилиш ишларини ташкил этишни такомиллаштириш, қурилиш ташкилотларини янада ривожлантириш ва уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, жорий йил бошидан буён қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида 9,3 мингдан зиёд якка тартибдаги уй-жойларни фойдаланишга топшириш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар қурилиш ишлари ҳажмини 18,7 фоиз ошириш имконини берди.

Ўзбекистон Республикасини 2015 йилнинг тўққиз ойида ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий кўрсаткичлари
(2014 йилнинг шу даврига нисбатан фоиз ҳисобида)

Кўрсаткичлар

Ўсиш суръатлари

Ялпи ички маҳсулот

108,0

Саноат маҳсулотлари

107,3

Истеъмол товарлари

110,1

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари

106,6

Ўзлаштирилган инвестиция ҳажми

109,9

Қурилиш ишлари

118,7

Чакана савдо айланмаси

115,0

Пуллик хизматлар

110,4

Жами хизматлар

112,9


Ўзлаштирилган инвестициялар умумий ҳажмининг 2,4 миллиард доллари ёки 21,1 фоизини хорижий инвестиция ва кредитлар (ўсиш 11 фоиз), жумладан, 1,8 миллиард долларини тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар (ўсиш 7,4 фоиз) ташкил қилди. Иқтисодиётнинг стратегик тармоқларида йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 514 миллион доллардан ортиқ маблағи ўзлаштирилди.

Капитал қўйилмалар таркибида нисбатан кўп улушни хўжалик субъектларининг ўз маблағлари ҳисобидан ўзлаштирилган инвестициялар ташкил қилди (30,5 фоиз) ва бу кўрсаткич 2014 йилнинг шу даврига нисбатан 20,7 фоиз ўсди. Бу эса корхоналар 2015-2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастури, шунингдек, ҳудудларнинг саноат салоҳиятини ошириш ҳудудий дастурлари ижросига фаол жалб қилинаётганидан далолат беради.

Жорий йил бошидан буён 3440 янги ишлаб чиқариш қуввати ишга туширилди. Юқори технологияли ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш ва замонавий инфратузилма объектларини барпо этишга қаратилган умумий қиймати 888 миллион доллардан зиёд 76 йирик инвестиция лойиҳаси фойдаланишга топширилди. «GM-Uzbekiston» акциядорлик жамиятининг «Хоразм вилоятида «Лабо» автомобиллари ишлаб чиқаришни ташкил қилиш», «Помиқ» сиқув компрессор станциясини модернизация қилиш», «Қултоқ» конини такомиллаштириш орқали «Мотор заводи» акциядорлик жамиятининг бўш турган ишлаб чиқариш майдонлари базасида алюмин ва пластмасса буюмлари, маиший техника учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш», «Жиззах» махсус индустриал зонаси ҳудудида телекоммуникация ускуналари ишлаб чиқаришни ташкил қилиш», «Барпо этилаётган Устюрт газ-кимё мажмуаси учун ташқи инфратузилма объектларини қуриш», «Мароқанд-Қарши темир йўл участкасини электрлаштириш (I босқич)», «Самарқанд-Қарши темир йўл линияси участкасида тез ҳаракатланадиган йўловчи поездлар қатновини йўлга қўйиш (I босқич)» ва бошқалар шулар жумласидандир.

Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва уларнинг турини кенгайтиришни рағбатлантириш мақсадида жорий йил бошидан буён истеъмол товарлари ишлаб чиқарувчи корхоналарга технологик ускуна харид қилиш ва айланма капитални тўлдириш учун тижорат банклари томонидан 3,4 триллион сўмдан ортиқ ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 баробар кўп кредит ажратилди. Натижада жорий йилнинг тўққиз ойида истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажми 10,1 фоиз, жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари 20,9 фоиз кўпайди.

Жорий йил тўққиз ойида юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган енгил саноат (ўсиш 17,7 фоиз, жумладан, трикотаж маҳсулотлар 14, тикувчилик 19,6 ва чарм маҳсулотлар 22 фоиз), озиқ-овқат саноати (16,7 фоиз) ва қурилиш материаллари саноати (15,9 фоиз) саноат маҳсулотлари кўпайишига катта ҳисса қўшди.

Технологик жараёнлар ва хомашё ҳамда материаллар сарфлаш нормаларини оқилона ташкил этиш, йўқотиш ва ноишлаб чиқариш харажатларини бартараф қилишга доир амалга оширилаётган чора-тадбирлар доирасида шу йил бошидан буён йирик корхоналарда 2,1 мингдан зиёд маънан ва жисмонан эскирган ускуналар алмаштирилди. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар таннархи ўртача 10,4 фоиз камайтирилди ва саноатда меҳнат унумдорлиги 5,6 фоиз оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 5 майдаги 2343-қарори билан тасдиқланган 2015-2019 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия сарфини камайтириш, энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари дастурига мувофиқ ишлаб чиқаришда энергия самарадорлигини ошириш ва энергия тежайдиган технологияларни жорий қилиш чора-тадбирлари давом эттирилди. ISO 500001:2011 «Энергетика менежменти тизими. Фойдаланиш талаблари ва қўлланмаси» янги давлат стандарти ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Олий таълим тизимида «Энергетика аудити ва саноат корхоналарини энергетик тадқиқ қилиш» мутахассислиги бўйича янги йўналиш очилди.

II. Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш, тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 11 февралдаги 2298-қарори билан тасдиқланган 2015-2019 йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурининг амалга оширилиши, ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотлари ҳажмини ошириш ва турини кенгайтириш имконини берди. Дастур доирасида умумий қиймати 5 миллиард доллардан ортиқ 602 маҳаллийлаштириш лойиҳасини ҳаётга татбиқ этиш ва талаб юқори бўлган 1225 турдаги маҳсулот ишлаб чиқаришни ўзлаштириш кўзда тутилган.

Жорий йил бошидан буён Маҳаллийлаштириш дастурини амалга ошириш доирасида 667 лойиҳа бўйича қиймати 2,6 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди, импорт ўрнини босиш самарадорлиги 1 миллиард доллардан ошди.

Янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга доир лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида 785 турдаги янги маҳсулотлар, жумладан, компрессор агрегат эҳтиёт қисмлари ва узеллари (марказдан қочирма ва поршен маҳсулотлари), мотор мойлари, гидравлика учун суюқлик, шахта вагончалари, экскаваторлар учун эҳтиёт қисмлар, маиший техника бутловчи қисмлари, янги турдаги музлатгич ва совутгичлар, электр печлар (мини печлар), маиший чироқлар, энергия тежайдиган ёруғлик диодли лампалар, спорт тренажёрлари, самокатлар, болалар велосипедлари ва бошқа тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ташкил қилинди.

Тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш ҳисобидан жорий йилнинг тўққиз ойида «Ўзвиносаноат-холдинг” холдинг компанияси, “Тошкент рангли металл парчалари ва чиқиндиларини қайта ишлаш заводи” акциядорлик жамияти, «Ўзэлтехсаноат» акциядорлик компанияси, «Ўзбекенгилсаноат» акциядорлик жамияти, «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик компанияси ва бошқа тизимдаги корхоналарда импорт ҳажмини 299,4 миллион долларга қисқартиришга эришилди.

Ташқи бозорда харидоргир маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ва турини кўпайтириш, уларнинг рақобатбардошлигини ошириш бўйича қабул қилинган чора-тадбирлар самарасида жорий йил бошидан буён илгари ўз маҳсулотларини экспорт қилмаган 830 корхона экспорт фаолиятига жалб қилинди.

Жаҳон бозорида беқарорлик ва экспорт қилинадиган асосий товарлар нархининг номувофиқ конъюнктураси сақланиб қолаётган шароитда ташқи бозордаги ўрнини сақлаш мақсадида 2015 йил бошидан буён автобус, оқ цемент, суюқ ва газсимон аргон, травертин ва сопол кошинлар, маиший газ, электр ва комбинацияланган плиталар, автомобиль ўриндиқлари, автомобилларнинг штампаланган деталлари, пайвандлаш ускуналари, янги турдаги консерваланган маҳсулотлар ва бошқа турдаги қиймати 102 миллион доллардан зиёд 199 турдаги янги товарлар экспортга етказиб берилди.

Шу билан бирга, экспортга маҳсулот етказиб бериш кўламини диверсификация қилишга оид чора-тадбирларни амалга ошириш доирасида ўтган даврда 49 янги товар бозори, жумладан, Туркияда (юк автомобиллари, автобуслар), Бразилияда (автомобиль чироқлари), АҚШда (рений, алкоголь маҳсулотлари), Кореяда (автомобиллар учун бутловчи қисмлар, ишлов берилган чарм), Нидерландия ва Ҳиндистонда (молибден), Буюк Британияда (кабель-ўтказгич маҳсулотлар) ва бошқа бозорлар ўзлаштирилди.

Бундан ташқари, Африка ва Жанубий Американинг илгари савдо муносабатлари ўрнатилмаган 13 давлатига (Ангола, Уганда, Бенин, Чад, Либерия, Камерун, Маврикия, Мадагаскар, Сомали, Марказий Африка Республикаси, Доминикан Республикаси) минерал ўғит, каолин, енгил автомобиллар ва бошқа маҳсулотлар экспорт қилинмоқда.

«Ўзстандарт» агентлиги ҳузуридаги Маҳсулотлар экспортига кўмаклашиш бюроси томонидан йил бошидан буён ўз маҳсулотларини ташқи бозорга чиқариш бўйича 1133 корхонага маслаҳат хизматлари кўрсатилди, стандартлаштириш, метрология, сертификатлаш, аккредитация, маҳсулот экспорти ва халқаро талабларни жорий этиш бўйича 29 халқаро шартнома тузилди.

III. Ривожланган инфратузилма, биринчи навбатда, ахборот-коммуникация тизимларини ташкил этиш, йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация қурилишини ривожлантириш

Жорий йилнинг ўтган даврида 2015-2019 йилларда муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш дастурига киритилган лойиҳалар жадал амалга оширилди. Хусусан, Ўзбекистон миллий автомагистрали таркибига кирадиган автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш объектларида 1 триллион сўмдан зиёд маблағ, жумладан, Республика йўл жамғармаси маблағлари ҳисобидан 605 миллиард сўм ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг кафолати билан хорижий заёмлар ҳисобидан 166 миллион доллар ўзлаштирилди.

Транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш чора-тадбирларини амалга ошириш доирасида узунлиги 194,3 километрлик темир йўл қайта тикланди, локомотивларнинг 40 секциясида капитал таъмирлаш-қайта тиклаш ишлари бажарилди, 1258 юк вагони таъмирланди ва қайта тикланди, 460 юк ва 17 йўловчи ташиш вагони тайёрланди. Мароқанд-Қарши ва Қарши-Термиз темир йўл участкаларини электрлаштириш, Ангрен-Поп янги темир йўл линиясини барпо этиш лойиҳаларини амалга ошириш учун 390 миллион доллардан зиёд маблағ ўзлаштирилди.

Умуман, жорий йилнинг тўққиз ойида барча турдаги транспорт воситаларида юк ташиш ҳажми 4,3 фоиз, жумладан, темир йўл орқали 2,6, автомобилда 4,8, ҳаво транспорти ёрдамида ташилаётган юк ҳажми 1,5 фоиз кўпайди.

2013-2020 йилларда телекоммуникация технологиялари, тармоқлари ва алоқа инфратузилмасини ривожлантириш дастурини амалга ошириш доирасида жорий йил бошидан буён замонавий технологиялар асосида 1,5 минг километрдан зиёд кенг полосали оптик-толали тармоқлар барпо этилди ва захирага олинди. Айни пайтда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида 757 провайдер ва оператор хизмат кўрсатмоқда, 294 корхона дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш соҳасида фаолият юритмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 3 апрелдаги Иқтисодиёт реал секторига ахборот-коммуникация технологияларини янада жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорига мувофиқ, шу йилнинг тўққиз ойи якунлари бўйича 24 акциядорлик компанияси, бирлашма ва йирик саноат корхоналарида ишлаб чиқариш ҳамда бошқарув жараёнларини автоматлаштиришга доир 48 лойиҳа амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Миллий ахборот-коммуникация тизимини янада ривожлантириш мақсадида Ягона интерактив давлат хизматлари порталини модернизация қилиш ва кенгайтириш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Айни пайтда Ягона порталга давлат ва хўжалик бошқаруви, жойлардаги давлат ҳокимиятининг 990 органи, уларнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари уланган.

Тадбиркорлик субъектларининг давлат органларига ҳисобот топширишнинг электрон тизимини босқичма-босқич жорий этиш бўйича қабул қилинган чора-тадбирлар натижасида солиқ ва статистика ҳисоботларини тўлиқ электрон шаклда топширишга эришилди. Бундан ташқари, давлат органлари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги муносабатларнинг контактсиз электрон шакллари татбиқ этилиши самарасида жорий йил бошидан буён Ягона интерактив давлат хизматлари порталида 36,3 минг тадбиркорлик субъекти интернет орқали рўйхатга олинди.

Олий хўжалик суди 2015 йил бошидан буён электрон шаклда тақдим этилган 46 мингдан ортиқ даъво аризаси ва илтимосномаларни кўриб чиқди, суд иши иштирокчиларининг 37 мингдан зиёд хабарномаси ва суд ҳужжатлари электрон шаклда юборилди, 2,7 мингта суд мажлиси видеоконференция режимида ўтказилди. Бу, ўз навбатида, хўжалик субъектларига 1,7 миллиард сўмни тежаб қолиш имконини берди.

IV. Иқтисодиётда давлат иштироки даражасини қисқартириш, хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга тўлиқ эркинлик бериш

Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари дастури доирасида жорий йилнинг ўтган даврида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва кафолатларини кучайтиришни назарда тутадиган норма ва тартиб-таомилларни жорий этиш, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда бюрократик тартиб-таомилларни қисқартириш ва кичик бизнесни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш механизмларини кенгайтириш ишлари амалга оширилди.

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни мазкур Дастурни амалга оширишда муҳим ҳужжат бўлиб хизмат қилди. Ушбу қонунга кўра, тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг деярли барча жиҳатларига дахлдор 40 дан ортиқ қонун ҳужжатига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда талаб этиладиган ҳужжатлар рўйхати қонун асосида тасдиқланди ва мазкур рўйхатда кўзда тутилмаган қўшимча ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланди. Белгиланган тартибга мувофиқ, якка тартибдаги тадбиркорларга юридик шахсни ташкил этмасдан фаолият турига қараб, биттадан учтагача ишчи ёллаш ҳуқуқи берилди.

Хусусий тадбиркорликнинг қонуний ҳуқуқ ва кафолатларини ҳимоя қилишни янада кучайтиришга доир чора-тадбирлар доирасида Бош прокуратура томонидан давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органларнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашиши, тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг бузилишига оид масалалар юзасидан мурожаатларни узлуксиз (туну кун) қабул қилиш тизими жорий этилди.

Бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирларни кенг ёритиш мақсадида шу йилнинг сентябрь ойида “2015-2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурини ҳаётга татбиқ этишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг роли ва масъулиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар” мавзусида республика конференция-семинари бўлиб ўтди. Вазирлик ва идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, назорат қилувчи ва суд органлари, банкларнинг 200 дан ортиқ раҳбари, 300 дан зиёд хусусий тадбиркорлик вакиллари иштирок этган ушбу анжуманда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг хусусий мулк ва тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган янги қонунчилик нормаларини амалда сўзсиз қўллашини таъминлаш борасидаги вазифалари муҳокама этилди. Вазирлик ва идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, назорат қилувчи ва суд органлари, тижорат банкларининг ҳудудий бўлимлари раҳбар ҳамда мутахассислари иштирокидаги шундай тадбирлар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ўтказилди.

Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш ва кичик ишлаб чиқаришни ташкил этишга кўмаклашиш мақсадида жорий йилнинг тўққиз ойида кичик бизнес субъектларига 9,6 триллион сўм кредит, бу 2014 йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 марта кўп ва 2 триллион сўм миқдорида микрокредитлар ажратилди. Халқаро молия институтларининг 134,8 миллион доллар миқдоридаги кредит линиялари ўзлаштирилди.

«ЎзРТХБ» акциядорлик жамиятининг махсус ахборот портали орқали электрон савдолар ёрдамида тадбиркорлик субъектларидан зарур товарларни (ишлар, хизматлар) давлат томонидан харид қилишни ташкил этишнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилди. Шу йилнинг тўққиз ойи якунларига кўра, давлат харидлари бўйича ўз товар ва хизматларини етказиб бериш учун аккредитациядан ўтган кичик бизнес субъектлари умумий сони 2014 йилнинг шу даврига нисбатан 1,7 баробар кўпайди ҳамда 35,6 минг субъект ёки давлат харидлари иштирокчилари умумий сонининг 98,1 фоизини ташкил қилди.

Хусусий тадбиркорларнинг хомашё ресурсларидан фойдаланиш механизмлари соддалаштирилгани самарасида кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан биржа савдолари орқали сотилган маҳсулотлар ҳажми 18,4 фоиз кўпайди ва қиймати 1423,3 миллиард сўмни ташкил қилди. Улар 3347,7 миллиард сўмлик маҳсулот харид қилди ва бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига қараганда 6,5 фоизга ўсди.

Жорий йил бошидан буён Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳузуридаги Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси 523 тадбиркорлик субъектига қиймати 980 миллион долларлик маҳсулотни экспорт қилишга кўмаклашди. Бундан ташқари, 68 тадбиркорлик субъектига 1,5 миллиард сўм миқдорида молиявий ёрдам кўрсатилди ва хорижлик харидорлар топиш ҳамда умумий қиймати 11,6 миллион долларлик экспорт шартномалари имзолашга ёрдам берилди.

Ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришни янада кучайтириш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар жорий йилнинг тўққиз ойида 21,4 мингта янги кичик бизнес субъектини ташкил этиш имконини берди (бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6 фоиз кўпдир). Саноат ва бошқа ишлаб чиқариш тармоқлари (умумий кўрсаткичнинг 35,9 фоизи), савдо ва умумий овқатланиш (30,2 фоиз) ҳамда қурилиш соҳасида (11,5 фоиз) нисбатан кўп кичик бизнес субъекти ташкил этилди.

Натижада жорий йилнинг тўққиз ойида кичик бизнеснинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 53,6 фоизгача (2014 йилнинг шу даврида 52,9 фоиз бўлган), саноатда 34,6 фоизгача (31,1 фоиз), пуллик хизматларда 49,3 фоизгача (47 фоиз) ва бандликда 77,5 фоизгача (77,1 фоиз) ошди.

Иқтисодиётда давлат иштирокини янада қисқартириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 28 апрелдаги «Иқтисодиётда хусусий мулкнинг улуши ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан давлат акцияларининг 411 пакети ва хўжалик жамиятлари улуши, шунингдек, 836 бўш турган ва фойдаланилмаётган объектлар, жумладан, 512 объект инвестиция мажбуриятларини қабул қилиш шарти билан «ноль» харид қиймати бўйича ошкора савдоларда сотиш чоралари тасдиқланди.

Ўтган даврда давлат акцияларининг 204 пакети савдога қўйилди, улардан хусусий мулкдорларга акцияларнинг 38 пакети сотилди. 324 бўш турган ва фойдаланилмаётган давлат мулки объектининг 88 таси ошкора савдоларда сотилди. Оммавий ахборот воситаларида «ноль» харид қиймати бўйича сотувга қўйилган 512 объектга доир танлов савдоларини ўтказиш шартлари эълон қилинди ва бирламчи савдолар якунига кўра, 490 объект 11,7 миллион доллар ва 559,6 миллиард сўм миқдорида инвестиция киритиш шарти билан сотилди.

Давлат мулкининг фойдаланилмаётган объектларида ўтказилган инвентаризация натижаларига кўра, хусусий тадбиркорлик субъектларига нотурар жой фондининг 17,8 мингта фойдаланилмаётган биноси ижарага берилди.

Хусусийлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш, давлат мулкини хусусий мулкка сотиш бўйича аввал қабул қилинган дастурлар инобатга олинган ҳолда, шу йилнинг тўққиз ойида умумий қиймати 89 миллиард сўм бўлган 729 давлат активи ишлаб чиқаришни модернизация қилиш учун 24 миллион доллардан зиёд ва 621 миллиард сўмлик инвестиция киритиш мажбурияти билан хусусий мулкдорларга сотилди.

Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришга доир дастурий чоралар билан бир қаторда жорий йилнинг ўтган даврида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 24 апрелдаги 4720-фармонига мувофиқ акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив менежмент услублари жорий этилди. Жумладан, 623 акциядорлик жамиятининг ташкилий тузилмасини корпоратив бошқарувнинг намунавий тузилмасига мослаштириш чоралари кўрилди.

Корпоратив бошқарув ва менежмент соҳасида мутахассислар тайёрлашни янада такомиллаштириш ва уларнинг малака даражасини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 30 сентябрдаги 2414-қарорига мувофиқ Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази ташкил этилди ва унинг асосий вазифалари белгиланди.

Ушбу соҳага ўқитишнинг илғор услубларини жорий этиш зарурлиги ҳисобга олиниб, Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази ва Европа менежмент ва технологиялар мактаби (Германия) – ESMT ўртасида германиялик мутахассислар иштирокида ўқув-таълим дастурларини ўтказиш ҳамда ушбу мамлакатнинг етакчи компанияларида малака оширишни ташкил қилиш тўғрисида шартнома тузилди.

V. Аҳоли бандлиги ва турмуш фаровонлигини ошириш учун зарур шароитлар яратиш

Иқтисодиётнинг барқарор ўсиш суръатларини сақлаш иқтисодиётни ислоҳ этиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификация қилиш жараёнларини чуқурлаштириш бўйича амалга оширилаётган дастурий чора-тадбирлар билан бирга, шу йилнинг ўтган даврида аҳоли бандлигини юксалтиришга хизмат қилди.

Жорий йилнинг тўққиз ойида Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури доирасида 748,7 минг янги иш ўрни яратилди. Бунда 451,6 мингта янги иш ўрни (умумий миқдорнинг 60,3 фоизи) қишлоқ жойларда ташкил этилди.

Яратилган иш ўринлари умумий сонининг 163,7 мингтаси мақсадли дастурларни амалга ошириш, 213,5 мингтаси кичик корхоналар ва микрофирмаларга тижорат банклари томонидан кредит ажратиш, 82,7 мингтаси якка тартибдаги тадбиркорликни ривожлантириш, 176 мингтаси касаначиликни ташкил этиш, 112,8 мингтаси фермер ҳамда деҳқон хўжаликларини ривожлантириш ҳисобидан ташкил қилинди.

Алоҳида тармоқларда иш билан банд аҳоли сонининг кўпайиши натижасида кичик бизнес соҳасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 4609-фармонига мувофиқ шу йилнинг тўққиз ойида озиқ-овқат, енгил саноат, чарм маҳсулотлари ва қурилиш материаллари ишлаб чиқарадиган кичик корхоналарда 7 мингдан зиёд қўшимча янги иш ўрни яратилди.

Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш тизимини, хусусан, касб-ҳунар коллежи ўқувчиларининг ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш асосида янада такомиллаштириш чора-тадбирлари 370,5 минг битирувчини иш билан таъминлаш имконини берди.

«Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури ижроси доирасида жорий йилнинг ўтган даврида 7,7 минг уруш ва меҳнат фронти фахрийси, шунингдек, ёлғиз ва ижтимоий кўмакка муҳтож қарияларнинг яшаш шароитлари яхшиланди, коммунал хизматлар бўйича 2,6 миллиард сўмлик компенсация тўловлари тўланди.

Шу йилнинг тўққиз ойида 205 мингдан зиёд фахрий тиббий кўрикдан ўтказилди. 151 минг фахрий амбулаторияда, 16,7 минг нафари кундузги бўлимларда, 2 минг нафари ихтисослаштирилган республика тиббиёт муассасаларида даволанди. 9,6 мингдан зиёд уруш ва меҳнат фронти фахрийси, 28,3 минг нуроний, ногирон ва ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа фуқаролар санаторийларда ўз саломатлигини тиклади.

Умуман, жорий йил бошидан буён «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастурида белгиланган, кексаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш билан боғлиқ тадбирларни молиялаштиришга барча манбалар ҳисобидан 2 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.

Юқори даражадаги иқтисодий фаоллик аҳоли бандлигини кенгайтириш ва фаровонлигини юксалтириш бўйича қабул қилинган чора-тадбирлар билан биргаликда ўртача иш ҳақини 2014 йилнинг шу даврига нисбатан 17,1 фоиз, пенсияни 20,7 фоиз ошириш имконини берди.

2015 йилнинг тўққиз ойида Ўзбекистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари мамлакатимизда ҳар томонлама пухта ўйланган тараққиётнинг «ўзбек модели» ҳаётга изчил ва мақсадли жорий этилаётгани самарасида жаҳон иқтисодиётида сақланиб қолаётган инқирозли ҳодисаларга ва глобал иқтисодий ривожланиш суръатлари сусайганига қарамай, Ўзбекистонда макроиқтисодий барқарорлик ҳамда юқори иқтисодий ўсиш суръатлари таъминланаётганидан далолат беради.

Бугун Ўзбекистон Республикаси дунёда иқтисодиёти жадал ривожланиб бораётган давлатлар орасида бешинчи ўринни банд этиб турибди ва бу жаҳон ҳамжамияти ҳамда халқаро молия институтлари томонидан кенг эътироф этилмоқда. 2015 йилнинг сентябрида Халқаро валюта жамғармасининг IV Моддага мувофиқ маслаҳатлари якунлангач, жамғарманинг Ижрочи директорлари баёнотида «Ўзбекистон сўнгги йилларда юқори иқтисодий ўсиш суръатларини намоён этиб, ҳукумат макроиқтисодий сиёсатни эҳтиёткорлик билан амалга ошираётгани ва улар бюджетнинг соғлом мувозанатини, ташқи захиралар юқорилигини ҳамда давлат қарзининг паст даражасини таъминлаётгани»ни юқори баҳолади. Шунингдек, «фаол давлат инвестициялари Ўзбекистон Республикасини минтақанинг бошқа мамлакатлари бошдан кечираётган суст ривожланишдан ҳимоя қилгани» таъкидланди.

2015-2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурининг асосий йўналишларини жадал амалга ошириш учун мавжуд захира ва имкониятларни жалб этиш асосида жорий йилда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш ва келгуси йилларда макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган мустаҳкам асос яратиш мамлакатимиз иқтисодий сиёсатининг энг муҳим вазифасидир.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги


Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси

Манба: uza.uz

 

26.04.2018 Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ЭМЛАШ ҚАМРОВИ 99,5 ФОИЗГА ЕТКАЗИЛДИ
Шу йилнинг 24 апрель куни “Пойтахт” бизнес марказининг мажлислар залида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан...

15.03.2018 Тиббиётни бутунлай ўзгартирадиган 11 та технологик инновация
Биз тиббиёт ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги катта ўзгаришлар остонасида турибмиз. Улар албатта рўй беради...

27.02.2018 Ўзбекистонлик олимлар ўзак ҳужайра трансплантациясини ўзлаштириб, уни муваффақиятли йўлга қўйди
Республика Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институти олимлари жаҳон тиббиётининг илғор йўналиши...