Министерство Здравоохранения Республики Узбекистан
Научно-исследовательский институт эпидемиологии
микробиологии и инфекционных заболеваний
Ортга
uz ru en

1. Знаете ли Вы, что избавиться от глистов навсегда просто невозможно! Есть...

2. Знаете ли Вы, что при глистной инвазии происходит дефицит макро и микро...

3. Знаете ли Вы, что упущенное в детстве лечение некоторых глистных инвазий,...

Prev. year 2024
     
Ду Се Чо Па Жу Ша Як
28 29 30 31 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 1

Ўзбекистон Республикасини 2015 йилнинг биринчи ярмида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари тўғрисида

30.07.2015

Жаҳон иқтисодиётида инқирозли ҳодисалар ҳамон давом этаётган ва халқаро бозордаги беқарорлик шароитида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан жорий йил 16 январда бўлиб ўтган Республика Ҳукумати мажлисида белгилаб берилган 2015 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим вазифа ва устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича қабул қилинган чора-тадбирлар шу йилнинг биринчи ярмида мамлакатимизда мустаҳкам иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаш ва макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш имконини берди.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни янада кенгайтириш ва келгуси йилларда иқтисодиётимизни барқарор юксалтириш учун мустаҳкам пойдевор яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан 2015-2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастури ишлаб чиқилди ва қабул қилинди.

2015-2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш бўйича қабул қилинган дастур хусусий мулкни ишончли ҳимоя қилиш, иқтисодиётда унинг улуши ва аҳамиятини ошириш, замонавий корпоратив бошқарув усулларини жорий этиш, ишлаб чиқаришни модернизация ва диверсификация қилиш, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия истеъмоли ҳажмини камайтириш ҳамда энергия тежайдиган технологияларни жорий этишга қаратилган еттита ўзаро боғлиқ стратегик дастурий ҳужжатни ўз ичига олган.

Дастурнинг ушбу ҳар бир муҳим йўналиши бўйича ўтган даврда барча давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг дастурда белгилаб берилган чора-тадбирларни ўз вақтида бажариш, уларнинг самарадорлигини ошириш ва тасдиқланган мақсадли кўрсаткичларга эришиш борасида мувофиқлаштирилган ҳолда фаолият юритишини таъминлашга доир комплекс тадбирлар ишлаб чиқилди.

I. Етакчи саноат тармоқларини таркибий ўзгартиришни кенгайтириш ва чуқурлаштириш, модернизация қилиш ва фаол диверсификациялаш ҳисобидан макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш, иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини янада ошириш

2015 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим вазифа ва устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларнинг ҳаётга татбиқ этилиши, шунингдек, иқтисодиёт ва унинг тармоқларини ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ҳамда диверсификациялашнинг ўрта муддатли дастурлари изчил бажарилиши самарасида жорий йилнинг биринчи ярмида барқарор юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаш, макроиқтисодий мувозанат ва асосий макроиқтисодий кўрсаткичларнинг ижобий ўсиши таъминланди.

2014 йилнинг биринчи ярмига нисбатан ялпи ички маҳсулот ҳажми 8,1 фоиз, саноат маҳсулотлари 8,1 фоиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 6,5 фоиз ўсди. Макроиқтисодиёт барқарорлигини янада мустаҳкамлаш давлат бюджети профицитининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,2 фоиз ва мамлакат ташқи савдо айланмасининг 83,4 миллион долларлик ижобий сальдоси ҳамда солиқ юкини ялпи ички маҳсулотга нисбатан 17,7 фоиздан 17,4 фоизга изчил камайтириш орқали таъминланди.

Юқори иқтисодий ўсиш суръатлари жами ички даромадни 10,8 фоиз ошириш имконини берди. Шунингдек, истеъмол талабини рағбатлантириш бўйича қабул қилинган чора-тадбирлар чакана савдо айланмаси ҳажмини 14,8 ва аҳолига пуллик хизмат кўрсатишни 10,4 фоиз оширишда ўз ифодасини топди.

2012-2016 йилларда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш дастури ижроси доирасида жорий йилнинг биринчи ярмида 7,5 мингдан зиёд хизмат кўрсатиш ва сервис объектларининг ташкил этилиши хизматлар ҳажмининг 13,1 фоиз ўсиши ва ялпи ички маҳсулотда ушбу соҳа улушини 52,9 фоизгача ошириш имконини берди (2014 йилнинг биринчи ярмида 52,7 фоиз).

Тижорат банкларининг молиявий барқарорлигини янада ошириш ва ресурс базасини ривожлантириш бўйича 2011-2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ этиш ва барқарорлигини оширишнинг устувор йўналишлари дастурининг амалга оширилиши жорий йил биринчи ярмида тижорат банклари умумий капиталини 24,3 фоиз ва уларнинг активларини 27,6 фоиз ошириш имконини берди. Натижада мамлакатимиз банк тизими капиталининг етарлилик даражаси энг кам халқаро стандартлардан қарийб 3 баробар ошадиган, банк тизимининг ликвидлик даражаси эса энг кам талаблардан 2 баробар ортиқ даражада сақланди.

2015 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий кўрсаткичлари (2014 йилнинг шу даврига нисбатан фоиз ҳисобида)

Кўрсаткичлар Ўсиш суръатлари

Ялпи ички маҳсулот 108,1

Саноат маҳсулотлари 108,1

Истеъмол товарлари 113,5

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 106,5

Ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 109,8

Қурилиш ишлари 118,0

Чакана савдо айланмаси 114,8

Пуллик хизматлар 110,4

Жами хизматлар 113,1

Жорий йил бошидан буён Марказий банк томонидан қайта молиялаш ставкасининг 10 фоиздан 9 фоизга туширилиши шу йилнинг биринчи ярмида тижорат банкларининг иқтисодиёт реал секторига кредит ажратиш ҳажмини 30,5 фоиз кўпайтириш имконини берди ва умумий ҳажмнинг 79,7 фоизини инвестиция мақсадлари учун узоқ муддатли кредитлар ташкил қилди.

Хусусан, истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни рағбатлантириш мақсадида жорий йил бошидан буён технологик ускуна харид қилиш ва айланма капитални тўлдириш учун истеъмол товарлари ишлаб чиқарувчи корхоналарга тижорат банклари томонидан 2,2 триллион сўмдан ортиқ ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 баробар кўп кредит ажратилди. Натижада жорий йилнинг биринчи ярмида истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажми 13,5 фоиз, жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари 21,6 ва ноозиқ-овқат маҳсулотлар ишлаб чиқариш 8,3 фоиз кўпайди.

Ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилиш, юқори технологияли муҳим ишлаб чиқариш қувватларини фойдаланишга топширишни тезлаштириш, шунингдек, ҳудудлар саноат салоҳиятини мустаҳкамлаш, транспорт ва коммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантиришга қаратилган фаол инвестиция сиёсатининг амалга оширилиши самарасида жорий йилнинг биринчи ярмида ўзлаштирилган инвестициялар умумий ҳажми 18 триллион сўмни ташкил қилди ва 2014 йилнинг шу даврига нисбатан 9,8 фоиз ошди.

Ихтисослаштирилган пудрат ташкилотларини янада ривожлантириш ва уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари билан бирга инвестициявий фаолликнинг ўсиши қурилиш ишлари ҳажмини 18 фоиз ошириш имконини берди.

Ўзлаштирилган инвестициялар умумий ҳажмининг 1,5 миллиард доллари ёки 21,3 фоизини хорижий инвестиция ва кредитлар (ўсиш 11 фоиз), жумладан, 1,2 миллиард долларини тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар (ўсиш 10,9 фоиз) ташкил қилди. Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан иқтисодиётнинг стратегик тармоқларида йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун ўзлаштирилган маблағлари ҳажми 5,6 фоиз ўсди ва 225 миллион долларни ташкил этди.

Жорий йилнинг биринчи ярмида ўзлаштирилган энг кўп инвестициялар ҳажмини хўжалик субъектларининг ўз маблағлари ташкил қилди (умумий ҳажмнинг 32,3 фоизи) ва бу кўрсаткич 2014 йилнинг шу даврига нисбатан 31,8 фоиз ўсди. Бу эса, ўз навбатида, ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш ва рақобатбардошлигини ошириш бўйича тармоқ дастурлари, шунингдек, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ҳудудий дастурлар фаол амалга оширилаётганидан далолат беради.

Жорий йил бошидан буён Инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 160,9 миллион долларлик 63 лойиҳа амалга оширилди. Махсус ташкил этилган индустриал зоналарда 2015 йил бошидан буён умумий қиймати 16,1 миллион долларлик 5 лойиҳа, жумладан, «Жиззах» махсус индустриал зонаси ҳудудида тикув машиналари, автомобиль тормоз колодкалари, метизлар, металл профиллар, полипропилен қувурлар, фитинглар, вентил ва акссесуарлар ҳамда «Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонаси ҳудудида бактериялар ва вирусга қарши дори препаратлари ишлаб чиқариш ҳаётга татбиқ этилди.

Умуман, мамлакатимизда жорий йилнинг биринчи ярмида 1866 ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилди ва 24,8 мингдан ортиқ янги иш ўринлари ташкил этилди. Янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ва мавжудларини кенгайтириш бўйича энг кўп лойиҳалар қурилиш материаллари саноатида (666 лойиҳа), озиқ-овқат саноатида (461), тўқимачилик ва тикувчилик саноатида (337), мебель саноатида (169), кимё ва нефткимё соҳасида (149) амалга оширилди.

Бундан ташқари, технологик жараёнлар ва хомашё ҳамда материаллар сарфлаш нормаларини оқилона ташкил этиш, йўқотиш ва ноишлаб чиқариш харажатларини бартараф этиш, шунингдек, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар рақобатбардошлигини оширишга доир чора-тадбирлар доирасида шу йил бошидан буён йирик корхоналарда қиймати 43,3 миллион долларлик 819 та маънан ва жисмонан эскирган ускуналар алмаштирилди. Кўрилган чоралар натижасида йирик саноат корхоналарида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар таннархи ўртача 9,6 фоиз камайтирилди, саноатда меҳнат унумдорлиги 6,4 фоиз оширилди ва ялпи ички маҳсулотда энергия сарфи 10,4 фоизга қисқартирилди.

Шу билан бирга, 2015-2019 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия сарфини камайтириш, энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари дастурини амалга ошириш доирасида янги O`zDST ISO 500001:2011 «Энергетика менежменти тизими. Фойдаланиш талаблари ва қўлланмаси» стандарти ишлаб чиқилди ва тасдиқланди, Тошкент давлат техника университети ва Бухоро муҳандислик-технология институтида талабаларни янги «Энергетика аудити ва саноат корхоналарини энергетик тадқиқ қилиш» мутахассислиги бўйича ўқув йўналиши ташкил этилди.

Республика инновация ғоялари ва ишланмалари ярмаркалари давомида тузилган шартномалар доирасида 2015 йилнинг биринчи ярмида 3 ишланма бўйича янги технологиялар ишлаб чиқаришга жорий этилди, 17 ишланма бўйича саноат-тажриба маҳсулотлари намуналари ишлаб чиқарилди ва 2 шартнома бўйича намуналар тажриба синовидан ўтказилди. Бундан ташқари, ишлаб чиқариш корхоналарига 10 шартнома бўйича илмий ва таълим муассасалари томонидан ишлаб чиқарилган илмталаб маҳсулотлар етказиб берилди, 15 шартнома асосида технологик регламент, услуб, техник шартлар, схемалар ва бошқа шу кабилар ишлаб чиқишга доир илмий-техник хизматлар кўрсатилди.

Саноатни барқарор ривожлантириш, саноат тармоқларини диверсификация қилиш ва уларнинг рақобатбардошлигини оширишни таъминлаш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар самарасида шу йилнинг биринчи ярмида карбамид (2014 йилнинг шу даврига нисбатан 119,2 фоиз), суперфосфат (183,9 фоиз), юк автомобиллари (127,6 фоиз), портландцемент (112,6 фоиз), шакар кукуни (153,1 фоиз), ёрма (192 фоиз), ипак тола (163 фоиз), трикотаж буюмлар (2,1 баробар), махсус кийим (164,3 фоиз) ва бошқа тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш сезиларли равишда кўпайди. Бунинг натижасида ҳисобот даврида биржа савдоларида цемент (2014 йилнинг шу даврига нисбатан 129,5 фоиз), минерал ўғитлар (154,4 фоиз), суюлтирилган газ (119,9 фоиз), қора металл прокати (125,6 фоиз), пахта линти (135,2 фоиз) сотиш ҳажми ошди.

Бу борада юқори қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтирилган енгил саноат (ўсиш 114,2 фоиз), (жумладан, тикувчилик 122,8 фоиз, чарм ишлаб чиқариш 122 фоиз), ёғочни қайта ишлаш (113,8 фоиз), озиқ-овқат саноати (116,9 фоиз) (жумладан, мева-сабзавотлар 111,2 фоиз) каби қайта ишлаш тармоқлари жадал ривожланди.

Хусусан, ишлаб чиқарилаётган истеъмол товарлари турларини кенгайтиришга доир чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида тўқимачилик соҳасида ўтган даврда 38 турдаги янги маҳсулотлар ва тайёр тикувчилик-трикотаж буюмларининг 174 янги моделини ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва турларини кўпайтириш чора-тадбирларини амалга ошириш доирасида 105 турдаги янги қандолат, консерваланган мева-сабзавот ва гўшт-сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.

Тайёр маҳсулотлар, бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурининг амалга оширилиши ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотлари ҳажмини ошириш ва турини кенгайтириш имконини берди. Дастур доирасида жорий йилнинг биринчи ярмида 608 маҳаллийлаштириш дастури бўйича қиймати 1,6 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди, импорт ўрнини босиш самарадорлиги 640,6 миллиондан ортиқ долларни ташкил қилди. Бу борада 585 турдаги янги маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар, жумладан, компрессор агрегатлар эҳтиёт қисмлари ва узеллари (марказдан қочирма ва поршен маҳсулотлари), мотор мойлари, гидравлика учун суюқликлар, ВГ-1,2 шахта вагончалари, ЭКГ5А ва ЭКГ20 экскаваторлари учун эҳтиёт қисмлар, «Дамас» автомобилларининг штампаланган кузов деталлари, маший техника бутловчи қисмлари, янги турдаги музлатгич ва совутгичлар, электр печлар, маиший чироқлар, энергия тежайдиган ёруғлик диодли лампалар ва бошқа тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.

Бундан ташқари, тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш ва йирик саноат корхоналари учун четдан олиб келинадиган бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга доир чора-тадбирлар самарасида жорий йилнинг биринчи ярмида импорт ҳажмини 196,8 миллион долларга қисқартиришга эришилди.

Ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш ва рақобатбардошлигини ошириш, ташқи бозорда харидоргир маҳсулот ишлаб чиқарадиган янги қувватларни ташкил этишни рағбатлантиришга оид чора-тадбирлар натижасида жорий йил бошидан буён яна 493 янги корхона экспорт фаолиятига жалб этилди. Автобуслар, оқ цемент, мис қувурлар, гигиена буюмлари, суюқ ва газсимон аргон, лок-бўёқ маҳсулотлари, травертин ва сопол кошинлар, маиший газ, электр ва комбинацияланган плиталар, янги турдаги кабель-ўтказгич маҳсулотлари, автомобиль ўриндиқлари, автомобилларнинг штампаланган ва пайвандланган деталлари, пайвандлаш ускуналари, янги турлаги консерваланган мева-сабзавот маҳсулотлари ва бошқа қиймати 64 миллион доллардан зиёд 168 турдаги янги товарлар экспортга етказиб берилди.

Жорий йил бошидан буён мева-сабзавот маҳсулотларини сақлашнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга доир чора-тадбирлар самарасида 14,7 минг тонна сиғимга эга 21 янги совутиш камераси ташкил этилди ва модернизация қилинди, 255 минг тонна мева-сабзавот экспорт қилинди.

Умуман, жорий йилнинг биринчи ярми якунлари бўйича 1,3 миллион тонна картошка (ўсиш 109 фоиз), 2,6 миллион тонна сабзавот (108,5 фоиз), 163 минг тонна полиз маҳсулотлари (108,1 фоиз), 839,2 минг тонна мева (107,3 фоиз) ва 24,3 минг тонна узум (109,1 фоиз) етиштирилди.

21,8 минг гектар майдонда интенсив боғлар ва 16,6 минг гектар ерда узумзорлар барпо этиш ҳамда уларни реконструкция қилиш, шунингдек, 501 фермер хўжалиги базасида 264 гектар, 9,3 минг шахсий томорқа хўжаликларида 399 гектар майдонда иссиқхоналар барпо этилиши мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш ҳажмини кўпайтириш имконини берди.

Қишлоқ хўжалигини техник ва технологик янгилашга доир амалга оширилаётган чора-тадбирлар доирасида 2015 йил бошидан буён чорвачиликни ривожлантириш бўйича қорамоллар умумий сони 57,5 минг бош бўлган 2,4 мингдан ортиқ лойиҳа, паррандачиликни ривожлантириш бўйича паррандалар сони 11,9 миллион бўлган 800 лойиҳа, балиқчиликни ривожлантиришга доир 864 ва асаларичилик хўжаликларини ривожлантириш бўйича 916 лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди. Натижада ўтган даврда қорамоллар умумий сони 11,1 миллион бошга етди (2014 йилнинг биринчи ярмига нисбатан 103,1 фоиз), 944 минг тонна гўшт (106,5 фоиз), 3,9 миллион тонна сут (106,8 фоиз), 2,8 миллиард дона тухум (111,6 фоиз) етиштирилди.

II. Ривожланган инфратузилма, биринчи навбатда, ахборот-коммуникация тизимларини ташкил этиш, йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация қурилишини ривожлантириш

Жорий йилнинг биринчи ярмида 2015-2019 йилларда муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш дастурига киритилган лойиҳаларни жадал амалга ошириш бўйича самарали чора-тадбирлар бажарилди.

Шу қаторда, темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш доирасида 16 инвестиция лойиҳаси, жумладан, Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўл линиясини барпо этиш, Тошкент-Самарқанд ва Самарқанд-Қарши темир йўл линиялари участкаларида тез ҳаракатланадиган йўловчи поездлари қатновини йўлга қўйиш, Самарқанд-Бухоро ва Мароқанд-Қарши темир йўл участкаларини электрлаштириш, Қарши вокзалини реконструкция қилиш лойиҳалари амалга оширилди. Транспорт таркибини янгилаш мақсадида локомотивларнинг 25 секциясида капитал таъмирлаш-қайта тиклаш ишлари бажарилди, 1031 юк вагони таъмирланди ва қайта тикланди, 221 юк ва 10 йўловчи ташиш вагони ишлаб чиқарилди.

Ўзбекистон миллий автомагистрали таркибига кирадиган автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш объектларида шу йилнинг ўтган даврида 497,3 миллиард сўм, жумладан, Республика йўл жамғармаси маблағлари ҳисобидан 297,2 миллиард сўм ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг кафолати билан хорижий заёмлар ҳисобидан 80,5 миллион доллар ўзлаштирилди.

Аҳолининг сифатли ичимлик сувидан фойдаланиш даражасини ошириш ва аҳоли пунктларининг санитария ҳолатини яхшилаш чора-тадбирларини амалга ошириш доирасида жорий йилнинг ўтган даврида халқаро молия институтларининг 48,6 миллион долларга тенг маблағи ва Давлат бюджетидан 191,2 миллиард сўм ўзлаштирилди. Мамлакатимизда жами 1033,4 километр, жумладан, қишлоқ жойларда 864 километр сув қувурлари тармоғи фойдаланишга топширилди.

Шу йилнинг ўтган даврида 2013-2020 йилларда телекоммуникация технологиялари, тармоқлари ва алоқа инфратузилмасини ривожлантириш дастурини амалга ошириш давом эттирилди. Дастур доирасида йил бошидан буён кенг полосали фойдаланиш учун мўлжалланган 1050 километрдан зиёд оптик-толали тармоқлар барпо этилди ва захирага олинди, 20 акциядорлик компанияси, бирлашма ва йирик саноат корхоналарида ишлаб чиқариш ҳамда бошқарув жараёнларини автоматлаштириш бўйича 38 лойиҳа амалга оширилди.

Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида хизмат кўрсатаётган провайдер ва операторлар сони 800 субъектни ташкил қилди, 290 дан ортиқ корхона дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш соҳасида фаолият кўрсатмоқда.

Миллий ахборот-коммуникация тизимини янада ривожлантириш ва давлат органлари ҳамда тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўзаро муносабатларнинг контактсиз электрон шаклларини жорий этишга доир чора-тадбирлар натижасида Ягона интерактив давлат хизматлари порталига айни пайтда давлат ва хўжалик бошқаруви, жойлардаги давлат ҳокимиятининг 650 органи, уларнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари уланган.

Жорий йил бошидан буён Ягона интерактив давлат хизматлари порталида 27,4 минг тадбиркорлик субъекти интернет орқали рўйхатга олинди, 170,8 минг божхона юк декларацияси (умумий кўрсаткичнинг 99,9 фоизи) электрон шаклда расмийлаштирилди. Тадбиркорлик субъектлари солиқ ва статистика ҳисоботларини тўлиқ электрон шаклда тақдим этмоқда. Олий хўжалик суди кўриб чиққан тадбиркорлик субъектлари томонидан электрон шаклда тақдим этилган даъво аризалари ва илтимосномалар сони 1,7 марта кўпайди, суд иши иштирокчиларининг 34,5 мингдан ортиқ хабарномаси ва суд ҳужжатлари электрон шаклда юборилди, 2398 суд мажлиси видеоконференция режимида ўтказилди.

III. Кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун тўлиқ эркинлик яратиш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш

Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари дастури доирасида жорий йилнинг ўтган даврида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва кафолатларини кучайтиришни назарда тутадиган норма ва тартиб-таомилларни амалда жорий этиш, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда бюрократик тартиб-таомилларни қисқартириш ва кичик бизнесни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш механизмларини кенгайтириш ишлари амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 26 мартда “Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржасининг махсус ахборот портали орқали электрон савдо йўли билан тадбиркорлик субъектларидан энг зарур товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат харидини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 69-қарори қабул қилинди.

Тадбиркорлик фаолияти ҳуқуқ ва кафолатларини ҳимоя қилишни янада кучайтириш мақсадида Бош прокуратура томонидан давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органларнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашиши, тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг бузилишига доир масалалар бўйича мурожаатларни туну кун узлуксиз қабул қилиш тизими жорий этилди.

Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш ва кичик ишлаб чиқаришни ташкил этишга кўмаклашиш мақсадида жорий йилнинг биринчи ярмида кичик бизнес субъектларига 6,4 триллион (жумладан, 1,4 триллион сўмлик микрокредит) сўм кредит ажратилди. Бу 2014 йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 марта кўпдир. Кичик бизнесни ривожлантириш учун 86,4 миллион доллар миқдорида халқаро молия институтларининг кредит линиялари ўзлаштирилди. Ўзбекистон банклар уюшмаси ҳузуридаги Инвестиция лойиҳалари бўйича лойиҳа ҳужжатларини тайёрлашни молиялаштириш жамғармаси кўмагида кичик бизнес субъектларининг 16,7 миллиард сўмлик 24 лойиҳаси молиялаштирилди.

Хусусий тадбиркорларнинг товар-хомашё бозорларидан фойдаланишини янада кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилди. Бунинг самарасида кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан биржа савдолари орқали сотилган маҳсулотлар ҳажми 20,7 фоиз, харид қилинган маҳсулотлар эса 17,5 фоиз ўсди.

Давлат харидлари бўйича ўз товар ва хизматларини етказиб бериш учун аккредитациядан ўтказилган кичик бизнес субъектларининг умумий сони 2014 йилнинг шу даври билан таққослаганда 2,6 баробар ошиб, қарийб 35,6 минг субъектни ёки давлат харидлари иштирокчиларининг 98,2 фоизини ташкил этди. Электрон савдолар орқали амалга оширилган давлат харидлари умумий ҳажмининг 99,5 фоиздан ортиғи кичик бизнес субъектларидан сотиб олинди.

Кичик бизнес субъектларига ўз маҳсулотларини ташқи бозорга чиқаришда ёрдам бериш мақсадида жорий йил бошидан буён Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳузуридаги Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан 416 тадбиркорлик субъектига қиймати 512 миллион долларлик маҳсулотларни экспорт қилишга кўмаклашилди. Бундан ташқари, 38 тадбиркорлик субъектига 406 миллион сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди ва хорижлик харидорларни топиш ҳамда умумий қиймати 5,6 миллион долларлик экспорт шартномаларини имзолашга ёрдам берилди.

Жорий йилнинг биринчи ярмида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари «Ўзтадбиркорэкспорт» ихтисослаштирилган ташқи савдо компанияси орқали 485 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилди. Бундан ташқари, «Ўзстандарт» агентлиги ҳузуридаги Маҳсулотлар экспортини қўллаб-қувватлаш бюроси томонидан 654 корхонага маслаҳат хизматлари кўрсатилди, стандартлаштириш, метрология, сертификатлаш, аккредитация, маҳсулотлар экспорти ва халқаро ҳамда мамлакатларга оид талабларни жорий этиш соҳасида 29 халқаро битим имзоланди.

Умуман олганда, ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришни янада кучайтириш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар жорий йилнинг биринчи ярмида 15,2 мингта янги кичик бизнес субъектини ташкил этиш имконини берди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,3 фоиз кўпдир. Саноат ва бошқа ишлаб чиқариш тармоқлари (умумий кўрсаткичнинг 36,5 фоизи), қурилиш (11,5 фоиз), шунингдек, савдо ва умумий овқатланиш соҳасида (29,8 фоиз) энг кўп кичик бизнес субъекти ташкил этилди.

Хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш натижасида жорий йилнинг биринчи ярмида кичик бизнеснинг саноатдаги улуши 31,4 фоиз (2014 йилнинг шу даврида 28,9 фоиз бўлган), чакана товар айланмасида 86,3 фоиз (85,9 фоиз), пуллик хизматларда 47,6 фоиз (45,2 фоиз) ва бандликда 77,2 фоизга (76,8 фоиз) етди.

Иқтисодиётда давлат иштирокини янада қисқартириш мақсадида жорий йилнинг биринчи ярмида Иқтисодиётда хусусий мулкнинг улуши ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари дастурини амалга ошириш доирасида давлат акцияларининг 104 пакети савдога чиқарилди, акцияларнинг 14 пакети хусусий мулкдорларга сотилди, шунингдек, 27 корхонада давлат улуши хўжалик юритувчи жамиятларнинг устав капиталига берилди.

Бундан ташқари, очиқ савдоларда хусусий тадбиркорлик субъектларига 42 бўш ва фойдаланилмаётган давлат мулки объекти сотилди. Оммавий ахборот воситаларида «ноль» харид қиймати бўйича сотувга қўйилган 512 объектга доир танлов савдоларини ўтказиш шартлари эълон қилинди ва дастлабки савдолар якунига кўра, 141 объект 6,7 миллион доллар ва 145,1 миллиард сўм миқдорида инвестиция киритиш ҳамда 3,7 минг иш ўрни ташкил этиш шарти билан сотилди.

Корпоратив бошқарув тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари дастури доирасида жорий йилнинг ўтган даврида 623 акциядорлик жамиятида акциядорларнинг умумий йиғилишлари ўтказилди ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 24 апрелдаги 4720-фармонида акциядорлик жамиятларининг ташкилий тузилмасини намунавий ташкилий тузилмага мувофиқлаштириш ҳамда акциядорлик жамияти раҳбарларини танлов асосида, жумладан, хорижий менежерлар орасидан тайинлаш бўйича уларнинг низомига ўзгартишлар киритиш масаласини кўриб чиқиш бўйича белгиланган талаблар бажарилди.

Шу билан бирга, замонавий корпоратив бошқарув талаблари инобатга олинга ҳолда, Лавозим ва касбларнинг янги классификатори ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Унга 566 янги лавозим ва касб, жумладан, акциядорлик жамиятларининг корпоратив бошқарув тузилмасини таъминлаш учун 74, ишлаб чиқариш соҳасида 383, бозор инфратузилмасида 54, ахборот-коммуникация технологиялари йўналишида 22 лавозим жорий этилди. Айни пайтда Классификаторнинг кадрлар тайёрлаш тизими ва иқтисодиёт эҳтиёжлари билан боғлиқлигини таъминлаш мақсадида ҳар бир касб ва лавозим ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим йўналишларига мувофиқлаштирилди.

IV. Аҳоли бандлигини таъминлаш учун зарур шароитлар яратиш, таълим жараёни ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш

Иқтисодий ривожланиш барқарорлигини сақлаш иқтисодиётни ислоҳ этиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификация қилиш жараёнларини чуқурлаштириш бўйича амалга оширилаётган дастурий чора-тадбирлар билан бирга ташкил этилаётган янги иш ўринлари сонини кўпайтириш ва аҳоли бандлигини янада оширишга хизмат қилмоқда.

Жорий йилнинг биринчи ярмида Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури доирасида 441,8 минг иш ўрни яратилди. Шундан 274,9 минг иш ўрни (умумий кўрсаткичнинг 62,2 фоизи) қишлоқ жойларда ташкил этилди. Айни пайтда саноатнинг алоҳида тармоқлари бўйича кичик бизнес соҳасида иш билан банд бўлганларнинг белгиланган сонини ошириш натижасида жорий йил бошидан буён тўқимачилик, чарм, озиқ-овқат ва қурилиш материаллари саноатида қўшимча 4,7 минг янги иш ўрни яратилди.

2014/2015 ўқув йилида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш ва уларни иш билан таъминлаш мақсадида шу йилнинг биринчи ярмида битирувчиларнинг ишлаб чиқариш амалиётини ўташини ташкил этиш ва уларни ушбу корхоналарда ишга жойлаштиришни назарда тутадиган комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Жорий йилнинг ўтган даврида таълим жараёни ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини юксалтириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар доирасида таълим ва тиббиёт муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, шунингдек, уларни замонавий асбоб-ускуна ва инвентарлар билан жиҳозлаш учун қиймати 737,7 миллиард сўмлик капитал қўйилмалар ўзлаштирилди.

2015 йил бошидан буён 2,5 миллиондан зиёд мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчилари ва умумтаълим, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълим муассасалари ўқувчилари чуқур тиббий кўрикдан ўтказилди.

Шу йилнинг биринчи ярмида «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури ижроси доирасида 70,8 мингдан зиёд уруш фахрийси, жумладан, 2,9 минг нафар уруш ногирони ва 67,9 минг меҳнат фронти фахрийси тиббий кўрикдан ўтказилди. Вилоятлардаги кўп тармоқли тиббиёт марказларида 9 мингдан зиёд кексага тиббий ёрдам кўрсатилди. Хусусан, қарийб 203 намунали мураккаб жарроҳлик операцияси ўтказилиб, ҳудудий тиббиёт муассасалари амалиётига 35 дан ортиқ янги ташхис ва даволаш усуллари жорий этилди. Умуман, йил бошидан буён «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури доирасида белгиланган тадбирларни амалга ошириш учун 1,5 триллион сўм ва 37,4 миллион доллар ўзлаштирилди.

Янги иш ўринларини ташкил этиш, бандликни ошириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар жорий йилнинг биринчи ярмида ўртача иш ҳақининг 17 фоиз ва пенсияларни 22 фоиз ошириш имконини берди.

2015 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари мамлакатимизда қабул қилинган иқтисодиётни ривожлантириш, модернизация ва диверсификация қилиш, рақобатбардошлигини таъминлаш стратегиясининг тизимли ва изчил амалга оширилиши туфайли, жаҳон иқтисодиётида сақланиб қолаётган инқирозли ҳодисаларга ва глобал иқтисодий ривожланиш суръатлари сусайганлигига қарамай, Ўзбекистонда иқтисодий ўсишнинг юқори суръатлари ва макроиқтисодий мувозанатни мустаҳкамлаш таъминланаётганидан далолат беради.

Таъкидлаш жоизки, эришилаётган ютуқлар ва мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш истиқболлари халқаро молия институтлари томонидан юқори баҳоланмоқда. Жумладан, Халқаро валюта жамғармасининг 2015 йил апрель-май ойларида мамлакатимизда бўлган миссияси бошлиғининг баёнотида “...Ўзбекистон иқтисодиёти мураккаб ташқи шароитда ҳам ўз барқарорлигини намоён этмоқда. ... 2015 йилда иқтисодий ўсиш, кутилганидек, юқори бўлади. Бунга яқинда қабул қилинган саноат ва инфратузилмани модернизация қилиш, хусусийлаштириш ва корпоратив бошқарув дастурлари самарасида эришилади”, деб қайд этилди.

2015-2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурининг мамлакатимиз иқтисодиётини бозор муносабатларига қатъий ўтказишнинг муҳим вазифалари ҳисобланган асосий йўналишларини амалга ошириш бўйича барча даражадаги ишларни тизимли ва мувофиқлаштирилган ҳолда ташкил этиш жорий йилнинг кейинги даврида Ўзбекистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг барқарор юқори кўрсаткичларини сақлашни таъминлашнинг муҳим вазифаларидир.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси

Манба: uza.uz

 

26.04.2018 Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ЭМЛАШ ҚАМРОВИ 99,5 ФОИЗГА ЕТКАЗИЛДИ
Шу йилнинг 24 апрель куни “Пойтахт” бизнес марказининг мажлислар залида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан...

15.03.2018 Тиббиётни бутунлай ўзгартирадиган 11 та технологик инновация
Биз тиббиёт ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги катта ўзгаришлар остонасида турибмиз. Улар албатта рўй беради...

27.02.2018 Ўзбекистонлик олимлар ўзак ҳужайра трансплантациясини ўзлаштириб, уни муваффақиятли йўлга қўйди
Республика Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институти олимлари жаҳон тиббиётининг илғор йўналиши...