Министерство Здравоохранения Республики Узбекистан
Научно-исследовательский институт эпидемиологии
микробиологии и инфекционных заболеваний
Ортга
uz ru en

1. Знаете ли Вы, что избавиться от глистов навсегда просто невозможно! Есть...

2. Знаете ли Вы, что при глистной инвазии происходит дефицит макро и микро...

3. Знаете ли Вы, что упущенное в детстве лечение некоторых глистных инвазий,...

Prev. year 2024
     
Ду Се Чо Па Жу Ша Як
28 29 30 31 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 1

Онкологияда инновацион технологиялар

22.07.2015

Соғлиқни сақлаш, тиббий хизматлар самарадорлигини ошириш, ташхис қўйиш, даволаш ишларини яхшилаш ва самарали усулларни амалиётга татбиқ этишда инновацион технологияларни яратиш муҳим ўрин тутади.

Айтиш керакки, инновацион технологияларни амалиётга татбиқ этишда Республика онкология илмий маркази етакчи тиббиёт муассасалардан бири ҳисобланади. Ушбу муассасада онкологик касалликларни ўз вақтида аниқлаш ва ташхис қўйиш, даволашнинг энг янги ва самарали усулларидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Соҳада янгиликлар яратиш ва инновацияларни амалиётга татбиқ этишда 2003 йилда илмий марказ қошида ташкил этилган «Ёш онкологлар» жамияти муҳим ўрин тутишини алоҳида қайд этиш лозим. Ўтган давр мобайнида бу жамият онкология соҳасида қатор илмий янгиликлар яратиш, малакали мутахассислар тайёрлаш, соҳага етук кадрлар етказиб беришда беминнат хизмат кўрсатмоқда.

«Ёш онкологлар» жамияти аъзолари бўлган олимлар томонидан онкология соҳасида илмий изланишлар олиб борилмоқда ва амалиётга татбиқ этилмоқда. Жумладан, кўкрак бези, меъда, йўғон ичак, қовуқ саратонини жарроҳлик йўли билан даволашнинг янгича, замонавий тиббиёт талабларига жавоб берадиган, яъни аъзоларни сақлашга қаратилган усуллар яратилди. Бу усулларни амалиётда қўллаш натижасида давосиз ҳисобланган онкологик касалликларга чалинган беморлар ҳаётга қайтмоқда.

Замонавий тиббиётнинг асосий тамойилларидан бири касалликнинг олдини олишдир. Шунинг учун онкологик хасталикларни эрта аниқлаш, ўз вақтида самарали даво чораларини қўллаш борасида доимий изланишлар олиб борилмоқда. Бу ўта муҳим аҳамиятга эга масаладир. Чунки мазкур турдаги хас­таликлар аксарият белгисиз кечади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига қараганда, бутун дунёда онкологик касалликлар билан касалланиш кўрсаткичи ортиб бормоқда. Айниқса, бу кўрсаткич саноати ривожланган ва экологик жиҳатдан носоғлом ўлкаларда кўпроқ кузатилади. Онкологик касалликлар инсон учун хавфлилиги жиҳатидан юрак-қон томир касалликларидан кейин иккинчи ўринда туриши ҳам бу муам­монинг қанчалик долзарб­лигини кўрсатиб турибди.

Онкологик касалликлар оғир босқичларида аниқланса, аксарият ҳолларда беморларни даволаш имконияти бўлмайди. Касаллик эрта босқичларда аниқланса, малакали онкологик муассасаларда тўлақонли шифо олган беморлар бу хасталикдан бутунлай фориғ бўлиши мумкин. Бу борада марказда сўнгги уч йил ичида аксарият ёш олимларнинг илмий изланишларига асосланган инновацион ғоялар клиника амалиётига татбиқ этишга таклиф қилинмоқда.

Айни пайтда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида, энг аввало, касалликнинг олдини олиш ва эрта босқичларда аниқлашга катта эътибор қаратилмоқда. Жумладан, сут бези ва бачадон бўйни саратони бўйича профилактик кўриклар ва скрининг текширишлар ўтказилиши натижасида сўнгги йилларда касалликнинг I ва II босқичларда аниқланиш фоизи қарийб икки марта ортишига эришилди.

Маълумки, қизилўнгач саратонига чалинган беморни овқат ўтмай қолиши безовта қилади. Шунинг учун асосий даво чораси бу ҳолатни бартараф қилишга қаратилиши керак. Бу борада ёш олимларимиз томонидан даволашнинг янги усули яратилди. Яъни, қизилўнгачга заррасимон космик стенд қўйилиб, овқат ўтмай қолиш ҳолати бартараф бўлишига эришилади. Бу усул ҳам арзон, ҳам самарали ҳисобланади.

Сийдик қопи саратонини даволашнинг янги комплекс усули яратилди. Бунда маҳаллий шароитда ишлаб чиқарилган пробиотик қўллаш билан даволаш амалга оширилмоқда. Бу олдинги даволаш усулларига қараганда анча самарали, хавфсиз ва арзондир.

Ядро физикаси институти билан қўшма лойиҳа асосида саратон касаллигини даволаш бўйича янги усул яратилган бўлиб, у бош мия ўсмаларини даволашга қаратилган. Мазкур даволаш усули ҳам ҳозирги кунда яхши самара бермоқда.

Республика миқёсида онкологик беморлар бўйича маълумотларнинг ягона электрон ахборот базаси — «канцер регистр» яратилди ва амалиётга жорий қилинди. Ушбу базанинг яратилиши натижасида мамлакатимизнинг барча ҳудудида аниқланаётган онкологик касалликлар билан оғриган беморлар ягона тизимда ҳисобга олинади ва уларни текшириш, даволаш ва кузатув ишлари доимий назоратда бўлади.

Ёш олимларимиз томонидан яратилган яна бир янгилик — бачадон бўйни саратонида аъзо сақловчи амалиёт янада такомиллаштирилди. Илгарилари бу касаллик билан оғриган аёлларда бачадон олиб ташланарди. Янги тажрибага кўра, бачадон сақлаб қолинади, аёлнинг репродуктив саломатлиги таъминланади.

Муҳим янгиликлардан яна бири шуки, меъда олиб ташлангандан сўнг ушбу аъзо фаолиятини тиклаш учун ингичка ичакдан фойдаланган ҳолда пластик-тиклаш жарроҳлиги, яъни бемор ичагидан ошқозон ҳосил қилиш операцияси қўлланилмоқда. Бундай усул ўзининг ижобий самарасини бераяпти. Шундай амалиётлар қўлланилган беморлар яна тўлақонли ҳаёт кечирмоқда.

Умуман олганда, тиббиёт доимий изланиш талаб қиладиган, мунтазам ривожланиб борадиган соҳа ҳисобланади. Айниқса, атроф-муҳит, экологик таъсирлар натижасида юзага келадиган касалликларни ўз вақтида самарали даволашнинг янги усулларини яратиш муҳим аҳамиятга эга. Республика онкология илмий маркази қошидаги «Ёш онкологлар» жамияти томонидан яратилаётган онкологик касалликлар диагностикаси ва даволашнинг инновацион технологиялари халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Саримбек НАВРЎЗОВ,

Республика онкология илмий маркази директори, профессор.

Аброр ЮСУПБЕКОВ,

марказ директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори.

Шароф БОБОҚУЛОВ,

катта илмий ходим-изланувчи, марказ қошидаги «Ёш онкологлар» жамияти раиси.

Манба: uzbekistonovozi.uz

 

26.04.2018 Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ЭМЛАШ ҚАМРОВИ 99,5 ФОИЗГА ЕТКАЗИЛДИ
Шу йилнинг 24 апрель куни “Пойтахт” бизнес марказининг мажлислар залида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан...

15.03.2018 Тиббиётни бутунлай ўзгартирадиган 11 та технологик инновация
Биз тиббиёт ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги катта ўзгаришлар остонасида турибмиз. Улар албатта рўй беради...

27.02.2018 Ўзбекистонлик олимлар ўзак ҳужайра трансплантациясини ўзлаштириб, уни муваффақиятли йўлга қўйди
Республика Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институти олимлари жаҳон тиббиётининг илғор йўналиши...