Министерство Здравоохранения Республики Узбекистан
Научно-исследовательский институт эпидемиологии
микробиологии и инфекционных заболеваний
Ортга
uz ru en

1. Знаете ли Вы, что избавиться от глистов навсегда просто невозможно! Есть...

2. Знаете ли Вы, что при глистной инвазии происходит дефицит макро и микро...

3. Знаете ли Вы, что упущенное в детстве лечение некоторых глистных инвазий,...

Prev. year 2024
     
Ду Се Чо Па Жу Ша Як
26 27 28 29 30 31 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 1 2 3 4 5 6

ТИББИЁТ ИЛМИНИНГ БОҚИЙ ТАЪЛИМОТИ

08.08.2013

Қадимги Грецияда пайдо бўлган буюк табиб Гиппократ (Буқрот) қасамёди бугунги тиббиёт соҳасининг негизида туради

"Қасамёд" деган сўзнинг салмоғи ва залворини ҳар бир инсон чуқур ҳис қилади. Одатда, инсоннинг бирор муҳим ишни бажариш олдидан кимгадир ваъда бериши "қасам" сўзини ёдга солади. Аммо ваъда билан қасам орасида тафовут борлигини ҳам унутмаслик лозим бўлади. Тўғри, ваъда бажарилиши керак, агар унинг уддасидан чиқа олмаса, "айбдор" сўз берган кишиси олдида узр сўраб қўйиши мумкин. Аммо қасамнинг масъулияти бошқача, унинг расмий ҳужжат сифатида кучга киритилиши ана шу масъулиятнинг бузилишига асло йўл қўймайди. Тарихда Гиппократ номи билан яшаб ўтган буюк табибнинг қасамёди неча асрлар ўтса ҳамки, тиббиёт илмининг бутун мазмун-моҳияти марказида турганлиги кишини ҳайратга солади. Гиппократ таълимоти дунё миқёсида ҳар бир давлатда яшовчи турли миллат ва эътиқодга эга бўлган шифокорлар маънавий оламидан жой олиши керак бўлган ғояга айланган, десак ҳеч қандай муболағаси йўқ. Ҳар бир шифокор ўз фаолиятини бошлаш олдидан албатта, буюк табиб Гиппократни эслайди.

Гиппократ эрамиздан аввалги тахминан 460 йилда Эгей денгизи шарқидаги Кос оролида, врачлар оиласида туғилган. Тарихда номи машҳур Гиппократнинг таржимаи ҳоли турли-туман бўлиб, бир-бирига зиддир. Асклипейдлар авлодиган мансуб бўлган табиб ўз даврининг буюк намоёндаси Гомер сингари ном қозона олди. Бу сулолада тиббий билимлар отадан ўғилга ёки устоздан шогирдга ўтиш анъанаси қарор топган эди. Гиппократнинг ўғиллари, куёви ва кўплаб шогирдлари ҳаётида айнан шу анъананинг қарор топганлигини ўша даврда яшаб ўтган Платон, Арасту, Гален каби йирик шахслар ҳам ўз асарларида қайд қилиб ўтган эдилар. Унинг ҳаёти ҳақидаги аниқ ва батафсил маълумотлар бизгача етиб келмаган. Ривоят ва афсоналарга жуда бой таржимаи ҳолида унинг келиб ¬чи¬қиши отаси тарафдан "тиббиёт худоси" деб ном олган ¬Асклипейдга бориб тақалади.

Асклипейдлар авлоди вакиллари кўпроқ ўқиган ва шуғулланган Кос мактаби нафақат табобат олами сир-асрорларини, балки диний ҳамда маданий урф-одатларнинг ҳам инсон ҳаётига ижобий ва салбий томонларини ўрганган, тадқиқ этган. Сулолада шундай қасам¬ёд бор эдики, устоз-шогирд ва ҳамкасбларни бир-бирига узвий боғлаб турарди. Бундай тартиб-қоидалар мавжудлигига қарамасдан ҳақиқатнинг тагига илмий жиҳатдан етиш биринчи муҳим талаб бўлган.

Гиппократ ўзининг илк тиббий билимларини отаси Гераклитдан олган ва оролнинг бош¬қа табибларидан ўрганишни ўз олдига қатъий мақсад қилиб қўйган. Ёш шифкорнинг ўз билимини такомиллаштириш йў¬лида болалик йилларида кўп¬лаб давлатларга саёҳат қилгани, одамларнинг турмуш тарзини ўргангани, касалликларнинг келиб чиқиш сабабларини табиат унсурлари, атроф-муҳит, тураржой билан боғлиқ ҳолда тадқиқ этгани кейинчалик унинг қўли енгил ва зукко табиб бўлиб етишишига замин яратганлиги яққол ҳақиқатдир. Греция, Кичик Осиё, Ливия, Таврит каби давлатларни кезиб чиққан Гиппократ ўз ватанида тиббиёт мактабини ривожлантиради. Табиб томонидан қўлланган ва синаб кўрилган тажрибалар Эскулап ибодатхонасининг деворларида мунтазам осилиб, вақти-вақти билан янгиланиб турилган.

Гиппократни том маънода "Тиббиёт асосчиси" дейилишига фақат у илгари сурган ғоялар, қўллаб кўрган тажрибалар эмас, балки у яратган гениал асарлар ҳам замин яратган. "Ҳаво, сув ва жой ҳақида", "Прог¬ноз қилиш", "Хавфли касалликларда парҳез", "Эпидемия", "Афоризмлар", "Шикастланиш", "Бошдаги жароҳатлар" номли кўплаб асарларида Гиппократнинг ўша давр табибларига хос синчковлиги, зукколиги ва билимдонлиги сезилиб турган. Ҳозирги тадқиқотлар натижасига кўра, Гиппократ томонидан яратилган 70 та асардан айримлари унинг ўғилларига, кейинги ўринда унинг замондошлари бўлган Фессал ва Дракон, куёви Полибга тегишли эмиш. ХVIII аср¬да яшаб ўтган Албрехт Галлер ҳам ана шу қаторга киритилган. Табиб Ковнер Гиппократнинг фақат 8 та асарини қалбаки, деб ҳисоблаган. "Шамол, сув ва атроф-муҳит", "Прогноз қилиш", "Хавфли касалликларда парҳез трактатлари", "Эпидемия", "Афоризмлар" – биринчи ва учинчи китоблари, "Бўғимлар ҳақида", "Шикастланиш" каби асарлар яхлит тўпламга киритилган. Ушбу рўйхатга эстетик ва этик йўналишдаги "Қасамёд", "Қонун", "Табиб ҳақида", "Хуш феъл-атвор ҳақида", "Ўгитлар" каби асарларни ҳам киритиш мумкин.

Табиийки, Гиппократ даврида фан-техниканинг ҳозиргидек ривожланишини тасаввур қилиш ҳам мумкин бўлмаган. Замона зайли ва муҳитига кўра, одамлар касалликни ёвуз руҳ ва сеҳр-жоду орқали келиб чиқади, деб ҳисоблашар эди. Бу табиий, чунки ўша замонда ички ва ташқи хавф туфайли касаллик келиб чиқишини англаб етишга авом халқнинг онги ва тушунчаси етарли бўлмаган. Шунинг учун ҳам шифокор Гиппократ ўз билим ва тажрибаларига таянган ҳолда касаллик сабабларини ўрганишга нисбатан мутлақо ўзгача ёндашишга ҳаракат қилган. Унинг фикрича, касалликлар Худо томонидан эмас, балки табиий ва маҳаллий таъсирлар натижасида келиб чиқади. Табибнинг тиббиёт оламидаги юксак хизматларидан бири у илк бор табобатни ёлғон фалсафий мистик характердаги назариядан халос этади. Фалсафа ва тиббиёт мутлақо бошқа-бошқа соҳа бўлишига қарамасдан, Гиппократ уларни бир-бири билан боғлашга ва айни пайтда чегарасини аниқлашга ҳаракат қилди.

"Врач беморни текшираётган пайтида унинг нафақат ҳозирги, балки аввалги даврдаги касалликлари асоратларига ҳам эътибор бериши керак. Врач барча беморлар фикрлаши, ўзини тутиши билан бир-бирига ўхшашлигини, шунинг учун уларни даволаш учун хаёлидан нималар кечаётганини ўрганиш муҳим жиҳат эканлигини эсдан чиқармасин. Ҳатто беморнинг сукут сақлаши орқали кўнглидан нималар кечаётганини англай олса, врачнинг иши осон кечади", деган қарашлар Гиппократ асарларининг ғояси ва мундарижасини ташкил қилган. Гиппократнинг ички "кўзи" ўткир бўлиб, у бемордан энг оддий ҳолатларни суриштирар, қайд қилар ва шунга яраша хулоса чиқарарди. Етти китобдан иборат бўлган "Эпидемия" асарида шифокор бир неч¬та қайдлар келтиради. Ўша пайт¬ларда системалаштирилмаган тиббиёт учун табибнинг шу тарз¬да кўрик ўтказиши катта роль ўйнаган. Чиндан ҳам танани кўздан кечириш – ўта синчковликни талаб қиладиган яхлит иш: эшитиш, ҳис қилиш, тилига разм солиш, миясида қандай ўй ҳукм сураётганини аниқлаш – барчаси бир-биридан муҳим. "Эпиде¬мия"¬нинг биринчи китобида беморни кўздан кечириш ҳақида шундай дейилади: касалликка тегишли бўлган барча омиллар чуқур ўрганилиши керак. Шунда ташҳис тўғри қўйилади. Қандай дори ёзиб берилиши, бемор уни қабул қилгач ўзини яхши ёки ёмон ҳис қилиши, қайси мамлакатда яшаши, одатлари, сукунати, уйқуси, уйқусизлиги, қачон, қандай туш кўриши, териси қичишиши, кўзёши, пешоби, терлаши ва қусиши инобатга олиниши лозим.

Табиб ўзининг барча асарлари орқали иқтидорли кузатувчи, теран фикрли шахс сифатида намоён бўлган. Унинг ҳар бир хулосаси мукаммал тарзда ва синч¬ковлик маҳсули сифатида юзага келарди. Касалликнинг клиник белгилари, бошдан кечирилиши ва тузалиш давригача бўлган ҳолатни олдиндан башорат қила олиши, муаяйн бир дардни белгиларига кўра бошқаларидан ажрата олиши табибга шон-шуҳрат келтирди. Гиппократ кузатишларида касалликни ривожланиш босқичига олиб чиқадиган турли ташқи ва физиологик таъсирлар – атмосфера булғаниши, йил фасллари алмашиниши, шамол, сув, тупроқдаги кўзга кў¬ринмас микроблар эканлиги қайд қилиб ўтилади. Унинг асарларида турли давлатларнинг иқлим шароити ва шунинг натижасида келиб чиқиши мумкин бўлган хасталикларга мурожаат қилинган. Унинг охирги асарларидан бирида муайян оролда касалликлар тар¬қалиш жараёни акс эттирилган. Иқлим орқали ёки умумий зарарли таъсирлар (тупроқ, насл) ва шахсий ҳаёт тарзи, ов¬қатланиш тартиби ва таркиби касалликни ўрганиш, даволаш жараёнига асос бўлиб хизмат қилган.

Шифокорнинг асарларида суюқликнинг организм ичида тўғри ҳаракатланиши саломатликни таъминлаши ҳам қайд қилинади. Қадимги Грецияда ўликларни ёриб кўриш тақиқланган эди. Шунинг учун ҳам беморлар фақат ташқи кўриниши ва руҳий дунё¬сига қараб аниқланган, даволанган. Гиппократ илк бор ўзининг "Инсон табиати ҳа¬қида"ги асарида темперамент хусусида сўз юритиб, унинг хулқ-атвори организимда мунтазам равишда айланиб юрадиган тўртта суюқликка боғлиқ эканлигини аниқлайди. Бу суюқликлар – қон, сафро, қора сафро ва шилимшиқ модда (флегма, лимфа) бўлиб, улардаги мувозанатнинг бузилиши турли касалликларни келтириб чиқаради.

Гиппократнинг хизматларидан бири касалликнинг турли бос¬қичларда кечишини аниқлашдан иборат бўлган. Бунда табиб касалликнинг ривожланиш босқичини "кризис ҳолати", деб атайди. Бу ҳолатда инсон бу оламдан кўз юмади ёки табиий жараёнлар таъсирида беморнинг умумий ҳолати секин-асталик билан яхшиланаётган бўлади. Дард билан олишаётган бемор организмида танаффус вақти ҳам бўлиши мумкин экан, яъни хасталик ўз эгасининг организмини муттасил равишда исканжага олиб туролмайди. Баъзан у терлаши, қизиши, териси музлаб кетиши, йўталиши, акса уриши, ҳиқичоқ тутиши, қон кетса, беҳуш бўлиб қолиши эҳтимолдан холи эмаслигини Гиппократ ўз тажрибаларида кўп бора синаб кўрган.

Гиппократ таълимотининг асосида унинг қасамёди ётади. Унинг машҳур қасамёди бир неч¬та тамойилларни ўз ичига олади: врач устозлари, ҳамкасб¬лари ва шогирдлари олдидаги бурчини унутмаслиги керак. Бунга кўра, табиб устозлари қийин аҳволда қолганда улар билан топганини бўлишиши, ёрдам қўлини чўзиши, шогирдларига ҳеч бир шартларсиз билганини ўргатиши ва улардан ҳеч нарсани талаб қилмаслиги зарур. Иккинчидан, ҳеч кимга ёмонлик қилмаслик, учинчидан аборт ва эвтаназия (енгил ўлим)¬га қарши курашиш, касал билан интим алоқада бўлмаслик, врачлар сирини ошкор қилмаслик лозим

Гиппократ таълимоти давомчилари Кос мактабининг юзага келиши учун замин яратди ва у узоқ вақт давомида гуллаб-яшнади, дунё миқёсида эътироф этилди. Бугунги кунда ушбу таълимот негизидаги эзгу ғоялар инсониятга хизмат қилмоқда. Ушбу боқий таълимотнинг таъсир кучи ва аҳамияти шундаки, аксарият мамлакатларда тиббиёт соҳасини янада ривожлантириш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш билан боғлиқ бўлган барча жараёнларни тизимли ташкил этиш, шифокор ва бемор ўртасидаги муносабатни инсонийлик асосига қуриш учун ўзига хос тартиб-қоидалар жорий этилган, қонуний кучга эга бўлган ҳу¬қуқий-меъёрий ҳужжатлар қа¬бул қилинган. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг "Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида"ги Қонуни 1996 йил август ойида қабул қилинган бўлиб, унинг 44-моддасига "Ўзбекистон шифокорларининг қасамёди" алоҳида банд сифатида киритилган. Бу қасамёд мамлакатимиздаги барча тиббиёт олий таълим муассасалари битирувчилари – умумий амалиёт шифокорлари, тор мутахассислар ва шу йўналишдаги ўрта махсус, касб-ҳунар таълими даргоҳларини ҳамширалик, фельдшерлик бў¬йича тамомлаётган кичик мутахассислар ҳукмига ўз фаолиятларини бошлаш олдидан ҳавола этилади. Таъбир жоиз бўлса, қасам-ёдни қабул қилиш шифокорнинг қалб оламини бутлайди, бемор тақдирини шахсий манфаатидан устун қўйишга, доимо ўз касбига нисбатан масъулият билан ёндашишга ундайди. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қошидаги марказий поликлиника терапия бўлими мудири, олий тоифали шифокор Светлана Матёқубова шундай фикр билдиради:

– 1996 йилда Тошкент тиббиёт академиясининг даволаш факультетини битирган талабаларни ҳозирги Алишер Навоий номидаги давлат катта академик театрига таклиф қилишгани худди кечагидек ёдимда. Ўз меҳнат фаолиятини бошлаш арафасида турган курсдошларим қатори мен ҳам ҳаяжондаман. Эрамиздан аввалги учинчи аср¬да яшаб ўтган буюк юнон табиби Гиппократ қасамёдидаги: "Мен бор кучимни ва ақлимни касалларнинг фойдасига, уларни ҳар қандай зарар ва адолатсизликлардан сақлашга сарф қиламан", деган улуғвор сўзлар ҳар биримизга куч ва рағбат бағишлаган. Мана, шифокорлик соҳасидаги умумий меҳнат фаолиятимга 17 йил тўлди. Ўтган давр мобайнида ана шу қасамёдга содиқ қолиб, беморларга намунали хизмат кўрсатиб келаяпман. Ҳозирги вақтда тиббиёт академияси ва институтларини битираётган ёш мутахассислар "Ўзбекистон шифокорларининг қасамёди" билан таништириладики, ундаги ҳар бир жумла ва сўз Гиппократ таълимоти билан уйғунлаштирилган. Қасамёдни дилига жо этиб, уни ҳар томонлама оқлайдиган шифокор ҳеч қачон кам бўлмайди. Аввало, улар эл назарига тушиб, обрў-эътибор қозонадилар, давлат миқёсидаги унвонларга сазовор бўладилар. Аксинча, қасам¬ёдга зид хатти-ҳаракатларни намоён этган ҳамкасбларимиз бу соҳада ишлашга муносиб эмас.

Шифокор ва бемор бир-бирига керак. Дард билан олишаётган, юз-кўзида ҳаётга ташналик белгилари акс этиб турган инсоннинг жони омонат. Ёши, жинси, эътиқоди, миллати, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, шифокорнинг руҳий мадади ва кўмагига, мал¬ҳами ва дори-дармонига зарурат сезиб турган беморга ҳаёт бахш этинг, шунда сизни Яратганнинг ўзи олқайди, азиз шифокор. Эҳтимол, буюк табиблар Гиппократ ва Абу Али ибн Сино руҳи қалбингизни, ҳаёт йўлингизни янада чароғон этса, сизга бундан ортиқ бахт борми?

Манба: uzssgzt.uz

 

26.04.2018 Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ЭМЛАШ ҚАМРОВИ 99,5 ФОИЗГА ЕТКАЗИЛДИ
Шу йилнинг 24 апрель куни “Пойтахт” бизнес марказининг мажлислар залида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан...

15.03.2018 Тиббиётни бутунлай ўзгартирадиган 11 та технологик инновация
Биз тиббиёт ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги катта ўзгаришлар остонасида турибмиз. Улар албатта рўй беради...

27.02.2018 Ўзбекистонлик олимлар ўзак ҳужайра трансплантациясини ўзлаштириб, уни муваффақиятли йўлга қўйди
Республика Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институти олимлари жаҳон тиббиётининг илғор йўналиши...