Ҳамшира Ҳат Қидириш/ Чоп

Онлайн Хизматлар

Ўз таклиф ва мулоҳазаларингизни, фикрларингизни билдириш ёки саволлар бериш учун кўйидаги матнни тўлдиринг.Батафсил

Ушбу булимда сиз мавжуд булган иш жойлари билан танишиб, узингизни резюменгизни куйишингиз мумкинБатафсил

26.04.2018

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ЭМЛАШ ҚАМРОВИ 99,5 ФОИЗГА ЕТКАЗИЛДИ

 

Шу йилнинг 24 апрель куни “Пойтахт” бизнес марказининг мажлислар залида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Ўзбекистонда болаларни полиомиелитдан ҳимоя қилиш учун янги вакцина татбиқ этилиши”га бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Унда Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари, соҳа мутахассислари, ЖССТ, БМТнинг болалар фонди — “ЮНИСЕФ” халқаро ташкилоти масъул ходимлари ва оммавий-ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг ушбу соҳани ривожлантириш, уни тубдан ислоҳ қилишга қаратилган қатор фармон ва қарорлари қабул қилинди. Қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатлар доирасида юртимизда юқумли касалликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилиб келинаётган ишлар аҳоли ўртасида юқумли касалликлар бўйича эпидемик вазиятнинг барқарорлиги таъминлашга хизмат қилмоқда. Хусусан, карантин ва ўта хавфли юқумли касалликлар, бундан ташқари, полиомиелит, дифтерия, қоқшол касалликларининг ўтган йиллар мобайнида юртимиз ҳудудида умуман қайд этилмагани, шунингдек, вирусли гепатитнинг В тури, кўк йўтал, тепки сингари вакциналар орқали бошқариладиган юқумли касалликлар ҳам кескин равишда камайгани фикримиз исботидир. 

Бундан ташқари, жорий 2019 йилдан бошлаб барча ўсмир қизларни папиллома вирусига қарши эмлаш билан тўлиқ қамраб олиш йўлга қўйилади. Миллий эмлаш календари бўйича мамлакатимизда болалар 12 та бошқариладиган инфекцияга қарши давлат ҳисобидан профилактик эмланади. 2017 йилда юқумли касалликларга қарши эмлаш учун сарфланадиган маблағлар тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан қопланди. Ушбу тадбир учун ўтган йилнинг ўзида 42,3 миллиард сўм маблағ ажратилди ва эмлаш қамрови 99,5 фоизга етказилди. Натижада, 2017 йил Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан Ўзбекистон қизамиқ ва қизилча касалликларидан холи ҳудуд деб эътироф этилди. Жорий йилда ҳам бу йўналишдаги ишлар учун давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар 105 миллиард сўмга етказилади.

Ўтган асрнинг 80-90-йилларида дунёнинг қатор мамлакатларида, шу жумладан, юртимизда ҳам болалар орасида ўткир шол (полиомиелит) касаллиги қайд этилган. Маълумки, шол касаллиги, асосан, болалар орасида учрайди ва унинг оғир асоратлари умрбод ногиронликка, айрим ҳолларда эса, ўлим билан тугашига олиб келади.

Юртимизда мазкур йўналишда олиб борилган ислоҳотлар сабаб, миллий эмлаш жадвали асосида, болаларни касалликка қарши тўлақонли эмлаш тизими йўлга қўйилди. Йилига икки маротабадан ўтказилган оммавий эмлаш кунлари натижадасида, мамлакатимизда шол касаллиги умуман қайд этилмади ва Жахон соғлиқни сақлаш ташкилотининг “Ўзбекистон полиомиелит вирусидан ҳоли ҳудуд”лиги тўғрисидаги халқаро сертификати қўлга киритилди. 

Шол касаллиги бўйича мавжуд барқарор эпидемик вазиятни сақлаш, касалликка мойил бўлган аҳолини эмлаш билан тўлиқ қамраб олиш мақсадида, шу йилнинг 24-28 апрель кунлари мамлакатимизнинг барча вилоятларида полиомиелит касаллигига қарши янги вакцинани қўллаш бўйича Европа миллий эмлаш кунларида тарғибот-ташвиқот ишларини ўтказиш режалаштирилган.

4 ойлик болаларга мўлжалланган полиомиелит вакцинаси ушбу касалликни дунё миқёсида тугатилишига хизмат қилади. Эндиликда, у Ўзбекистоннинг миллий эмлаш дастурига ҳам киритилади. 

Маълумки, бутун дунёда полиомиелитни олдини олиш мақсадида қўлланиладиган эмлаш тизими икки хил усулда — оғизга томчи (ОПВ) ва инактивлаштирилган полиомиелит вакциналари (ИПВ) орқали амалга оширилади. Мазкур амалиёт вируснинг бир инсондан бошқа бир инсонга юқишига йўл қўймаслик мақсадида қўлланилади ва бу усуллар дунёда полиомиелит билан касалланиш жараёнининг 99 фоиз камайтиришга хизмат қилади. Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистонда миллий эмлаш календарига асосан, болаларнинг 99,5 фоизи ҳаёт учун хавф солувчи юқумли касалликларга қарши эмланган.

Полиомиелитга қарши миллий эмлаш кунлари давомида хавфсиз эмлашни ташкил этиш ва ўтказиш, бундан ташқари, шол касаллиги бўйича хушёрликни ошириш мақсадида, касалликнинг клиникаси, ташхиси, даволаш ва профилактикасига бағишлаб юртимизнинг барча ҳудудларида маҳаллий шифокорлар учун семинарлар ўтказилди. 

Шунингдек, ушбу семинарлар юртимиз бўйлаб ташкил этилган барча эмлаш бригадалари ва пунктларидаги жами 12000 нафардан зиёд тиббиёт ходимлари жумладан, 6 минг нафарга яқин шифокорлар, 7 минг нафардан зиёд эмлаш ва патронаж ҳамширалари, мактабгача таълим муассасалари ҳамда меҳрибонлик уйлари мутасаддилари учун ҳам ташкил этилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, полиомиелит касаллигига қарши вакцинанинг хавфсизлик даражаси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг махсус сертификати билан кафолатланган бўлиб, эмлаш — инъекция йўли билан амалга оширилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ахборот хизмати.

 


Ягона Ўзбекистон Порталида жойлашган сайтлар

Норматив хужжатлар