Онлайн Хизматлар
Ўз таклиф ва мулоҳазаларингизни, фикрларингизни билдириш ёки саволлар бериш учун кўйидаги матнни тўлдиринг.Батафсил
Ушбу булимда сиз мавжуд булган иш жойлари билан танишиб, узингизни резюменгизни куйишингиз мумкинБатафсил
Ўзбекистонда биринчи марта жигар трансплантацияси муваффақиятли ўтказилди
Ўтган 2017 йил мамлакатимиз тиббиёти учун муҳим бурилишлар ясалган йил сифатида тарихга кирди. Бирламчи тиббиёт тизими, шошилинч тиббий ёрдам, хусусий сектор, дори-дармон таъминоти ҳамда ихтисослаштирилган тиббий хизмат йўлида йирик ислоҳотлар амалга оширилди.
Шундай янгиликлардан бири Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва бевосита топшириғи билан мамлакатимиз тиббиёти тарихида илк бор органлар трансплантацияси бўйича замонавий операцияларни амалга ошириш бошлангани бўлди. Ҳозирда соҳа фаолиятининг ҳуқуқий асоси мустаҳкамланмоқда.
Айни дамда ушбу фаолият Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 октябрдаги “Яқин қариндошлар орасида буйрак ва (ёки) жигар бўлагини трансплантация қилиш тартиби тўғрисидаги Вақтинчалик низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори билан тартибга солинган.
Қарор сурункали буйрак ва жигар касалликларининг терминал босқичидаги беморларни юқори технологияли ихтисослашган тиббий ёрдам билан таъминлаш, яқин қариндошлик трансплантациясини ташкил қилиш мақсадида қабул қилинган. Низом буйрак ва (ёки) жигар бўлагини трансплантация қилиш тартибини, трансплантацияни бажаришга кўрсатма ва қарши кўрсатмаларни, донор ва реципиентнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгилайди.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати томонидан тақдим этилган хабарга кўра, ўтган йилдан бошлаб Академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий хирургия марказида яқин қариндошлар ўртасида буйрак кўчириб ўтказиш бўйича операциялар муваффақиятли бажариб келинмоқда. Куни кеча марказда мамлакатимиз тиббиёти тарихида биринчи марта беморга тирик донор қариндошдан жигар бўлагини кўчириб ўтказиш амалиёти бажарилди. Операция Академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий хирургия маркази директори, академик Феруз Назиров ва Россиянинг Академик В. И. Шумаков номли Трансплантология ва сунъий аъзолар Миллий тиббий тадқиқот маркази директори, академик Сергей Готье раҳбарлигида ўтди.
-
Паркентлик 26 ёшли бемор Убайдулла Дадахўжаев узоқ йиллардан буён жигар циррози хасталигидан азият чекарди. Унинг аҳволи кундан-кунга ёмонлашиб борар ва дори-дармонлар билан даволаш деярли имконсиз эди. Умрининг энг гуллаган бир даврида шундай оғир дардга чалиниш, дард бемор ҳаётини хавф остига қолдираётганини тан олиш бутун оила учун мусибат. Бугун шифокорларимиз ўз маҳорати, билим ва амалий тажрибаси билан бир инсон ҳаётини сақлаб қолди ва келгусида шундай беморларга тиббий ёрдам бериш тажрибасини йўлга қўйди, дейилади Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати хабарида.
— Трансплантация жарроҳлиги замонавий тиббиётнинг истиқболли йўналишларидан бири. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ушбу соҳа ривожига давлат даражасида эътибор қаратиб келаётгани ҳам унинг нақадар муҳимлигини исботлайди, — дейди Академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий хирургия маркази директори, академик Феруз НАЗИРОВ. — Жигар циррози билан оғриган бемор ҳаётини сақлаб қолишнинг ягона йўли — трансплантация амалиётини ўтказиш ҳисобланади. Марказимизда ўзбек ва рус жарроҳлари ҳамкорлигидаги гуруҳ билан илк бор жигар циррози билан оғриган 26 ёшли беморга унинг акаси 30 ёшли Ҳаёт Дадахўжаев донорлигида жигар бўлаги трансплантацияси бажарилди. Жараёнда 21 нафар шифокор, 10 нафар ўрта тиббиёт ходимлари иштирок этишди. Айтиб ўтиш лозим, амалиётга катта тайёргарлик кўрилган бўлиб, марказнинг техник имкониятлари яхшиланиб, мутахассисларимиз АҚШ, Франция, Жанубий Корея, Туркия, Швейцария ва Россия Федерацияси каби давлатларда айни шу соҳа бўйича малака ошириб қайтишди. Аввало донор ва реципиент (бемор) ушбу амалиётга 3 ой давомида тайёрланди. Трансплантацияга кўрсатма ва қарши кўрсатмалар тўлиқ ўрганилди ва амалиётни ўтказиш бўйича якуний қарор қабул қилинди. Операция жараёни қарийб 15 соат давом этди. Ҳозиргача олинган барча таҳлиллар бемор ва донорнинг умумий саломатлиги яхши эканини кўрсатмоқда. Шу маънода айта оламизки, биринчи марта ўтказилган ушбу мураккаб операция муваффақиятли бажарилди.
Белгиланган тартибга кўра, трансплантациядан кейин донор ва реципиент камида уч йил давомида профилактик диспансер кўриги билан таъминланади. Ҳудуддаги оилавий поликлиникада ҳам уларга алоҳида кўриклар ташкил этилиб, доимий патронаж назоратига олинади. Бундан ташқари, қонунчиликда белгиланган тартибда улар тегишли дори воситалари билан ҳам таъминланади.
Маълумот учун, жигарнинг терминал босқичдаги сурункали диффуз касалликлари, ўткир жигар етишмовчилиги, резекция қилинмайдиган манбали жигар касалликлари каби ҳолатларда фақатгина шу аъзо трансплантацияси бемор ҳаётини сақлаб қолиши мумкин. Бундай юқори технологик операциялар Америка, Россия, Германия, Норвегия, Швейцария ва Ҳиндистон каби тиббиёти ривожланган давлатлардагина бажарилади, холос. Бугун юртимиз ушбу мамлакатлар қаторидан жой олди.
-
Трансплантология тиббиётнинг энг мураккаб, ўта масъулиятли ва айни пайтда, эҳтиёж ортиб бораётган йўналишларидан бири саналади. Сир эмас, илгари зарурат туфайли айрим беморлар чет давлатларга бориб, 40 мингдан 150-200 минг АҚШ долларигача бўлган нархларда ана шу жарроҳлик амалиётини ўтказишга мажбур бўлаётган эди. Мана, энди шундай мураккаб ва ноёб операциялар юртимиздаги тиббиёт марказларида ҳам муваффақиятли ўтказилмоқда.
Манба: xs.uz