28-модда. Фуқароларнинг розилигисиз тиббий ёрдам кўрсатиш

Атрофдагилар учун хавфли касалликка чалинган шахсларга фуқаролар ёки улар қонуний вакилларининг розилигисиз тиббий ёрдам кўрсатилишига (тиббий кўрикдан ўтказиш, касалхонага ётқизиш, кузатиш ва яккалаб қўйишга) қонун ҳужжатларида белгиланган асосларда ва тартибда йўл қўйилади.

30-модда. Шошилинч ва тез тиббий ёрдам

Фуқаролар соғлиқни сақлаш тизимининг ҳар қандай даволаш-профилактика муассасасида шошилинч тиббий ёрдам олиш ҳуқуқига эга.

Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари фуқароларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишлари шарт. Улар шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишдан бўйин товлаганлик, шунингдек фуқароларнинг соғлиғига етказилган зарар учун қонунга мувофиқ жавобгар бўладилар.

Тез тиббий ёрдам соғлиқни сақлаш тизимининг махсус тез тиббий ёрдам хизмати томонидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги белгилаган тартибда кўрсатилади.

Фуқаронинг ҳаёти хавф остида бўлган тақдирда тиббиёт ходимлари уни даволаш-профилактика муассасасига олиб бориш учун ҳар қандай транспорт туридан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Милиция, ёнғиндан сақлаш, авария хизматлари, транспорт ташкилотлари ходимлари, шунингдек бошқа касб-кор вакиллари тиббиёт ходимлари етиб келгунга қадар воқеа содир бўлган жойда қонун ҳужжатларига биноан зиммаларига юклатилган бирламчи шошилинч ёрдамни кўрсатишлари шарт.

32-модда. Ижтимоий аҳамиятга молик касалликларга

чалинган фуқароларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш

Ижтимоий аҳамиятга молик касалликларга чалинган фуқароларга давлат соғлиқни сақлаш тизимининг тегишли даволаш-профилактика муассасаларида тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатилади ва доимий тиббий кузатув таъминланади.

Ижтимоий аҳамиятга молик касалликлар рўйхати ва бундай касалликларга чалинган шахслар учун имтиёзлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ижтимоий аҳамиятга молик касалликларга чалинган фуқароларга кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий ёрдам турлари ва ҳажмини Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда белгилайди.

33-модда. Атрофдагилар учун хавфли бўлган касалликларга

чалинган фуқароларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш

Атрофдагилар учун хавфли бўлган, рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган касалликларга чалинган фуқароларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш давлат соғлиқни сақлаш тизимининг ана шундай мақсадга мўлжалланган муассасаларида бепул амалга оширилади.

Атрофдагилар учун хавфли бўлган касалликларга чалинган фуқароларга кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий ёрдамнинг турлари ва ҳажми Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда белгиланади.

34-модда. Профилактика, ташхис қўйиш,

даволашнинг янги усулларини, дори-дармонлар,

иммунобиология препаратлари ва дезинфекция воситаларини

қўллаш ҳамда биологик-тиббий тадқиқотлар ўтказиш тартиби

Соғлиқни сақлаш амалиётида фақат қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қўллашга рухсат этилган профилактика, ташхис қўйиш, даволаш усулларидан, тиббиёт технологиялари, дори-дармонлар, иммунобиология препаратлари ва дезинфекция воситаларидан фойдаланилади.

Қўллашга рухсат этилмаган, лекин белгиланган тартибда кўриб чиқилаётган ташхис қўйиш, даволаш усуллари ва дори-дармонлардан беморни даволаш манфаатини кўзлаб фақат унинг ихтиёрий равишдаги ёзма розилиги олинганидан кейин, ўн тўрт ёшга тўлмаган шахсларни даволашда эса фақат уларнинг ҳаёти бевосита хавф остида қолган тақдирда ва қонуний вакилларининг ёзма розилиги билангина фойдаланиш мумкин.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ташхис қўйиш, даволаш усуллари ва дори-дармонларни, иммунобиология препаратлари ва дезинфекция воситаларини, шу жумладан, чет элда фойдаланиладиганларини қўллаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.

Инсонни объект сифатида жалб этиб, биологик-тиббий тадқиқот ўтказишга фақат лаборатория тажрибалари ўтказилганидан ва фуқаронинг ёзма розилиги олинганидан кейингина давлат соғлиқни сақлаш тизими муассасаларида йўл қўйилади. Фуқарони биологик-тиббий тадқиқотларда қатнашишга мажбурлаш мумкин эмас.

Биологик-тиббий тадқиқот ўтказишга фуқародан розилик олинаётганда унга тадқиқотнинг мақсади, усуллари, қўшимча оқибатлари, эҳтимол тутилган хавфи, тадқиқотнинг қанча давом этиши ва кутилаётган натижаларига оид маълумотлар берилиши лозим. Фуқаро тадқиқотнинг исталган босқичида унда қатнашишдан бош тортиш ҳуқуқига эга.

Белгиланган тартибда текширув синовларидан ўтмаган профилактика, ташхис қўйиш, даволаш усуллари ва дори-дармонларни тарғиб қилиш, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларида тарғиб қилиш тақиқланади. Ушбу нормани бузиш қонунда белгиланганидек жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.


Страницы: Назад 1 2 3 4 Все

Скачать файл :  Загрузить