“ФУҚАРОЛАР СОҒЛИҒИНИ САҚЛАШ ТЎҒРИСИДА”ГИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИДАН КЎЧРМАЛАР
5-модда. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:
соғлиқни сақлаш ва тиббий суғуртанинг норматив базасини, тиббий ёрдам сифати ва ҳажми давлат стандартларини ишлаб чиқишда иштирок этади;
барча тиббий муассасаларнинг фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этиши устидан назоратни амалга оширади;
фуқаролар соғлиғини сақлаш соҳасида мақсадли давлат дастурларини амалга оширади;
давлат томонидан кафолатланган ҳажм доирасида аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатилишини ташкил этади;
тиббиёт ва фармацевтика фаолиятини лицензиялашни белгиланган тартибда амалга оширади;
давлат соғлиқни сақлаш тизими муассасаларида тиббий хизматлар тарифлари даражасини тартибга солади;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўлланилишига рухсат этилган дори воситалари ва препаратларини стандартлаштириш ҳамда сертификатлаштиришни амалга оширади;
қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўз ваколатлари доирасида даволаш-профилактика, санитария, эпидемияга қарши, радиация, экология масалалари юзасидан чиқарадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари ҳамда жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мажбурийдир.
7-модда. Соғлиқни сақлаш тизими
Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлашнинг давлат, хусусий ва бошқа тизимлари йиғиндисидан иборат ягона соғлиқни сақлаш тизими амал қилади.
10-модда. Соғлиқни сақлашнинг хусусий ва бошқа хил тизимлари
Соғлиқни сақлашнинг хусусий ва бошқа хил тизимлари жумласига ўз маблағлари, жалб этилган маблағлар ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган даволаш-профилактика, дорихона муассасалари, тиббиёт ва фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган корхоналар, шунингдек хусусий фармацевтика фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахслар киради.
Соғлиқни сақлашнинг хусусий ва бошқа хил тизимларига тааллуқли даволаш-профилактика муассасалари фуқароларнинг айрим гуруҳларига бепул тиббий хизмат кўрсатадилар. Бундай хизматларнинг ҳажми, рўйхати, уларни кўрсатиш тартиби ҳамда компенсацияси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Соғлиқни сақлашнинг хусусий ва бошқа хил тизимларида фақат қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қўлланилишига рухсат этилган профилактика, ташхис қўйиш ҳамда даволаш воситаларидан фойдаланилади.
Соғлиқни сақлашнинг хусусий ва бошқа хил тизимлари белгиланган тартибда тиббий ҳужжатларни юритиши ҳамда статистика маълумотларини тақдим этиши шарт.
11-модда. Тиббиёт ва фармацевтикафаолиятини лицензиялаш
Тиббий фаолият тегишли лицензияга эга бўлган юридик шахслар томонидан, фармацевтика фаолияти эса тегишли лицензияга эга бўлган юридик ва жисмоний шахслар томонидан амалга оширилиши мумкин.
Тиббиёт ва фармацевтика фаолиятини амалга ошириш учун лицензиялар бериш тартиби ҳамда шартлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
24-модда. Беморнинг ҳуқуқлари
Бемор тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган ва тиббий ёрдам олаётган пайтда қуйидаги ҳуқуқларга эга:
тиббиёт ходимлари ва хизмат кўрсатувчи ходимларнинг ҳурмат ва меҳр-мурувват кўрсатишлари;
шифокорни ва даволаш-профилактика муассасасини танлаш;
санитария-гигиена талабларига жавоб берадиган шароитда текширувдан ўтиш, даволаниш ва парвариш қилиниш;
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги белгилаб қўйган тартибда ўз илтимосига кўра бошқа мутахассисларнинг консилиум қилиши ва улардан маслаҳатлар олиш;
тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилганлиги, соғлиғининг ҳолати, қўйилган ташхис тўғрисидаги маълумотлар ҳамда уни текшириш ва даволаш чоғида олинган бошқа маълумотлар сир сақланиши;
тиббий аралашувга ўз ихтиёри билан розилик бериш ёки уни рад этиш;
ўз ҳуқуқ ва бурчлари хусусида ҳамда соғлиғининг ҳолати ҳақида маълумот олиш, шунингдек соғлиғининг ҳолатига доир маълумотларни унинг манфаатини кўзлаган ҳолда берса бўладиган шахсларни танлаш;
ихтиёрий тиббий суғурта доирасида тиббий ва бошқа хил хизматлардан фойдаланиш;
тиббий ёрдам кўрсатиш вақтида соғлиғига зарар етказилган тақдирда кўрилган зарарнинг ўрни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланиши;
ҳуқуқини ҳимоя қилиши учун ҳузурига адвокат ёки бошқа қонуний вакил қўйилиши.
Ҳуқуқлари бузилган тақдирда бемор ёки унинг қонуний вакили бевосита даволаш-профилактика муассасасининг раҳбари ёки бошқа мансабдор шахсига, юқори бошқарув органига ёки судга шикоят билан мурожаат қилиши мумкин.
25-модда. Фуқароларнинг ўз соғлиғининг ҳолати тўғрисида
маълумот олиш ҳуқуқи
Ҳар бир фуқаро ўз соғлиғининг ҳолати тўғрисида маълумот, шу жумладан текшириш натижалари, қандай касали борлиги, қандай ташхис қўйилганлиги, касалликнинг бундан буён қандай кечишига оид тахминлар, даволаш усуллари ва бу усуллар билан боғлиқ хавф-хатар, тиббий аралашувнинг эҳтимол тутилган турлари ва уларнинг оқибатлари, амалга оширилган даволашнинг натижалари тўғрисидаги маълумотларни олиш ҳуқуқига эга.
Фуқаронинг соғлиғи ҳақидаги маълумотни унинг ўзига, ўн тўрт ёшга тўлмаган шахслар ҳамда қонунда белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар соғлиғи тўғрисидаги маълумотларни эса уларнинг қонуний вакилларига даволаш-профилактика муассасасининг даволовчи шифокори, бўлим мудири ёки текшириш ва даволашда бевосита қатнашаётган бошқа мутахассислар беради.
Касалликнинг кечиши номақбул деб тахмин қилинган ҳолларда бу ҳақда фуқарога ва башарти унинг ўзи оила аъзоларига хабар қилишни тақиқламаган ва (ёки) бундай маълумот берилиши учун бирор шахсни тайинламаган бўлса, беморнинг оила аъзоларига тиббий-одоб меъёрларига риоя қилган ҳолда хабар қилиниши керак.
Фуқаронинг талабига мувофиқ унга соғлиғининг ҳолатини акс эттирувчи тиббий ҳужжатлардан кўчирмалар берилади.
Фуқаронинг тиббий ҳужжатларида акс этган маълумотлар шифокорлик сири бўлиб, у фақат ушбу Қонун 45-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган асослардагина фуқаронинг розилигисиз тақдим этилиши мумкин.
26-модда. Тиббий аралашувга розилик бериш
Фуқаронинг ўз касалига доир маълумотларни билган ҳолда ўз ихтиёри билан розилик бериши тиббий аралашувнинг дастлабки зарур шартидир.
Фуқаронинг аҳволи ўз хоҳиш-иродасини изҳор этишга имкон бермайдиган, тиббий аралашувни эса кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда фуқаронинг манфаатини кўзлаб тиббий аралашувни амалга ошириш масаласини консилиум ҳал қилади, башарти консилиумга йиғилишнинг иложи бўлмаган тақдирда эса, кейинчалик даволаш-профилактика муассасасининг мансабдор шахсларини хабардор қилиш шарти билан бевосита даволовчи (навбатчи) шифокор ҳал этади.
Ўн тўрт ёшга тўлмаган шахсларга ва қонунда белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқароларга нисбатан тиббий аралашувга уларнинг қонуний вакиллари розилик беради. Ота-она ёки бошқа қонуний вакиллар йўқлигида тиббий аралашув тўғрисидаги қарорни консилиум қабул қилади, башарти консилиумга йиғилишнинг иложи бўлмаган тақдирда эса, кейинчалик даволаш-профилактика муассасасининг мансабдор шахслари ва беморнинг қонуний вакилларини хабардор қилиш шарти билан бевосита даволовчи (навбатчи) шифокор қабул қилади.
27-модда. Тиббий аралашувни рад этиш
Фуқаро ёки унинг қонуний вакили тиббий аралашувни рад этиш ёки унинг тўхтатилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга, ушбу Қонуннинг 28-моддасида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. Бундай ҳолларда шифокор ёзма тасдиқнома олишга, агар тасдиқнома олишнинг иложи бўлмаса - тиббий аралашувни рад этишни гувоҳлар иштирокида тегишли далолатнома билан гувоҳлантириб олишга ҳақлидир.
Башарти тиббий аралашувни беморнинг қонуний вакили рад этса ва бу ҳол бемор учун оғир оқибатлар келтириб чиқариши мумкин бўлса, шифокор бу ҳақда васийлик ва ҳомийлик органларини хабардор қилиши шарт.
28-модда. Фуқароларнинг розилигисиз тиббий ёрдам кўрсатиш
Атрофдагилар учун хавфли касалликка чалинган шахсларга фуқаролар ёки улар қонуний вакилларининг розилигисиз тиббий ёрдам кўрсатилишига (тиббий кўрикдан ўтказиш, касалхонага ётқизиш, кузатиш ва яккалаб қўйишга) қонун ҳужжатларида белгиланган асосларда ва тартибда йўл қўйилади.
30-модда. Шошилинч ва тез тиббий ёрдам
Фуқаролар соғлиқни сақлаш тизимининг ҳар қандай даволаш-профилактика муассасасида шошилинч тиббий ёрдам олиш ҳуқуқига эга.
Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари фуқароларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишлари шарт. Улар шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишдан бўйин товлаганлик, шунингдек фуқароларнинг соғлиғига етказилган зарар учун қонунга мувофиқ жавобгар бўладилар.
Тез тиббий ёрдам соғлиқни сақлаш тизимининг махсус тез тиббий ёрдам хизмати томонидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги белгилаган тартибда кўрсатилади.
Фуқаронинг ҳаёти хавф остида бўлган тақдирда тиббиёт ходимлари уни даволаш-профилактика муассасасига олиб бориш учун ҳар қандай транспорт туридан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Милиция, ёнғиндан сақлаш, авария хизматлари, транспорт ташкилотлари ходимлари, шунингдек бошқа касб-кор вакиллари тиббиёт ходимлари етиб келгунга қадар воқеа содир бўлган жойда қонун ҳужжатларига биноан зиммаларига юклатилган бирламчи шошилинч ёрдамни кўрсатишлари шарт.
32-модда. Ижтимоий аҳамиятга молик касалликларга
чалинган фуқароларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш
Ижтимоий аҳамиятга молик касалликларга чалинган фуқароларга давлат соғлиқни сақлаш тизимининг тегишли даволаш-профилактика муассасаларида тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатилади ва доимий тиббий кузатув таъминланади.
Ижтимоий аҳамиятга молик касалликлар рўйхати ва бундай касалликларга чалинган шахслар учун имтиёзлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Ижтимоий аҳамиятга молик касалликларга чалинган фуқароларга кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий ёрдам турлари ва ҳажмини Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда белгилайди.
33-модда. Атрофдагилар учун хавфли бўлган касалликларга
чалинган фуқароларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш
Атрофдагилар учун хавфли бўлган, рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган касалликларга чалинган фуқароларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш давлат соғлиқни сақлаш тизимининг ана шундай мақсадга мўлжалланган муассасаларида бепул амалга оширилади.
Атрофдагилар учун хавфли бўлган касалликларга чалинган фуқароларга кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий ёрдамнинг турлари ва ҳажми Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда белгиланади.
34-модда. Профилактика, ташхис қўйиш,
даволашнинг янги усулларини, дори-дармонлар,
иммунобиология препаратлари ва дезинфекция воситаларини
қўллаш ҳамда биологик-тиббий тадқиқотлар ўтказиш тартиби
Соғлиқни сақлаш амалиётида фақат қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қўллашга рухсат этилган профилактика, ташхис қўйиш, даволаш усулларидан, тиббиёт технологиялари, дори-дармонлар, иммунобиология препаратлари ва дезинфекция воситаларидан фойдаланилади.
Қўллашга рухсат этилмаган, лекин белгиланган тартибда кўриб чиқилаётган ташхис қўйиш, даволаш усуллари ва дори-дармонлардан беморни даволаш манфаатини кўзлаб фақат унинг ихтиёрий равишдаги ёзма розилиги олинганидан кейин, ўн тўрт ёшга тўлмаган шахсларни даволашда эса фақат уларнинг ҳаёти бевосита хавф остида қолган тақдирда ва қонуний вакилларининг ёзма розилиги билангина фойдаланиш мумкин.
Ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ташхис қўйиш, даволаш усуллари ва дори-дармонларни, иммунобиология препаратлари ва дезинфекция воситаларини, шу жумладан, чет элда фойдаланиладиганларини қўллаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.
Инсонни объект сифатида жалб этиб, биологик-тиббий тадқиқот ўтказишга фақат лаборатория тажрибалари ўтказилганидан ва фуқаронинг ёзма розилиги олинганидан кейингина давлат соғлиқни сақлаш тизими муассасаларида йўл қўйилади. Фуқарони биологик-тиббий тадқиқотларда қатнашишга мажбурлаш мумкин эмас.
Биологик-тиббий тадқиқот ўтказишга фуқародан розилик олинаётганда унга тадқиқотнинг мақсади, усуллари, қўшимча оқибатлари, эҳтимол тутилган хавфи, тадқиқотнинг қанча давом этиши ва кутилаётган натижаларига оид маълумотлар берилиши лозим. Фуқаро тадқиқотнинг исталган босқичида унда қатнашишдан бош тортиш ҳуқуқига эга.
Белгиланган тартибда текширув синовларидан ўтмаган профилактика, ташхис қўйиш, даволаш усуллари ва дори-дармонларни тарғиб қилиш, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларида тарғиб қилиш тақиқланади. Ушбу нормани бузиш қонунда белгиланганидек жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.
Скачать файл : Загрузить