Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги
Республика репродуктив саломатлиги маркази Республика Саломатлик ва тиббий статистика институти
Соғломона – соғлом бола
Аҳоли билан ишловчи 1-бўғин шифокорлари учун оммабоп ўқув қўлланма
Оиланинг мустаҳкамлиги кўпгина омилларга, жумладан улардан асосийси – она ва боланинг саломатлигига боғлиқдир. Она соғлом бўлсагина, ундан жисмоний ва ақлий жиҳатдан соғлом фарзанд дунёга келади. Аёлнинг болалик, ўсмирлик давриданоқ репродуктив саломатлигига катта аҳамият бериш масъулиятли вазифа ҳисобланади.
Қуйидаги услубий қўлланмада репродуктив саломатлик тамойиллари кенг ёритилган бўлиб, соғлом никоҳлар, қизлар репродуктив гигиенаси, эрта турмуш қуриш хавфи, ҳомиладорлик даври, она сути моҳияти, исталмаган ҳомиладорликдан сақланиш усуллари ва репродуктив ёшда кўп учрайдиган экстрагенитал касалликлар ва уларни олдини олиш усулларига изоҳ берилган.
Тузувчилар:
1. А.И.Камилов – тиббиёт фанлари доктори, профессор, Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари
2. З.Ж.Муталова – тиббиёт фанлари номзоди, Республика саломатлик ва тиббий статистика институти директори
3. Р.И.Джубатова - тиббиёт фанлари доктори, Республика педиатрия илмий амалий маркази директори
4. Д.А.Хасанова – тиббиёт фанлари номзоди, Республика репродуктив саломатлик маркази директори
Тақризчилар:
У.Ю.Юсупов - Акушерлик ва гинекология илмий текшириш институтиҳомиладорлик патологияси бўлими раҳбари, т.ф.д.
Р.И.Чўлпанова - Республика Саломатлик ва тиббий статистика институтиОАБ мудири
Ўқув дастури Марказий Методик кенгашда кўриб чиқилди.
«_____»__________2009йил Мажлис баённомаси №______
ТошВМОИ Илмий кенгаши Ўқув дастурини тасдиқлаш учун тавсия этади.
«_____»__________2009йил Мажлис баённомаси №______
Репродуктив саломатлик нима?
Репродуктив саломатлик масалалари биринчи бор 1994 йил Коҳирада бўлиб ўтган Аҳолишунослик ва Тараққиёт Халқаро Конференциясида кўтарилган эди. Ушбу конференцияда репродуктив саломатлик иборасига тўлақонли тушунча берилди.
Репродуктив саломатлик - бу репродуктив тизим ва унинг фаолиятига боғлиқ барча масалалар борасида фақат касаллик ва камчиликлар йўқлиги бўлибгина қолмай, балки тўлиқ жисмоний, ақлий ва ижтимоий муваффақиятлар ҳолати ҳамдир.
Репродуктив ҳуқуқ – бу барча эр-хотин жуфтликлар ва алоҳида шахсларнинг болалар сони, улар орасидаги оралиқ ва уларнинг туғилиш вақти ҳақида эркин ҳамда тўлиқ маьсулият ҳиси билан қарор қабул қилиши ва бунинг учун шарт бўлган маьлумот ва воситаларга эга бўлиши борасидаги асосий ҳуқуқларни тан олиш.
Репродуктив саломатликни муҳофаза қилишдаги 12 та тамойил қуйидагилардан иборат:
- Хавфсиз ҳомиладорлик;
- Бехатар туғруқлар;
- Чилла давридаги малакали ёрдам;
- Исталмаган ҳомиладорлик ва уни олдини олиш;
- Туғруқлар оралиғини 3 йил ва ундан ортиқ муддатга сақлаш;
- Замонавий контрацептив воситалар ҳақида аҳолига кенг маьлумот бериш;
|
- Бепуштликни олдини олиш;
- Ўсма касалликлари ва ўсма олди касалликларини олдини олиш;
- Она сути билан боқиш тарғиботи;
- Оналик ва болаликни муҳофазаси;
- Ўсмирлар репродуктив саломатлиги ва жинсий тарбияси.
Cоғлом авлодни тарбиялаб вояга етказиш шифокорлар учун катта масъулият юклайди. Бу масалани тўғри ҳал этиш ёшларимиз олдига бир қатор талабларни кўяди.
· Оилавий турмуш қуришга тайёрланаётган йигит ва қизларимиз соғлом бўлишлари, жинсий ҳаёт гигиенаси бўйича етарли билимларга эга бўлишлари керак.
· Аёлларни фақатгина ҳомиладорлик даврида саломатлигини сақлабгина қолмай, балки қизларни ёшлик давридан бошлаб соғ–саломат ўсишларини таъминлаш лозим.
· Бола туғилгандан кейин эса, унинг соғлом бўлиб ўсиши ҳақида қайғуришимиз, она сутининг аҳамиятини кенг тарғиб қилишимиз зарур.
Соғлом онадан - соғлом фарзанд
Республикамизда ёшларнинг турмуш қуриши учун «Оила кодекси»га асосан эркаклар учун 18 ёш, аёллар учун 17 ёш белгиланган.
Далилларга асосланган тиббиёт хулосалари бўйича оила қуриш учун энг қулай давр қизлар учун 20-24 ёш, йигитлар учун 24-26 ёш ва уларнинг ёшлари орасидаги фарқ 3-6 ёшгача бўлгани маъқул. Аввало йигит ва қизларимиз турмуш қуришдан олдин тиббий кўрикдан ўтишлари лозим.
Бу ирсий касалликларининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга. Ирсий касалликларини келтириб чиқарувчи омилларга яқин қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳлар киради. Бундай оилаларда кўпинча ақлий ва жисмоний нуқсонларга эга бўлган болалар туғилиши мумкин. Шунингдек, спиртли ичимликлар истеъмол қиладиган, тамаки чекувчи ва гиёҳвандликка ружу қўйган оилаларда туғма нуқсонли ва ақли заиф фарзандлар дунёга келиши мумкин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги «Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш Низоми тўғрисидаги» 365-сонли Қарори асосида никоҳланувчи шахслар ФҲДЁ бўлимига ариза берганларидан сўнг қуйидаги касалликларни аниқлаш учун текширувлардан ўтадилар:
1. Руҳий касалликлар
2. Гиёҳвандлик
3. Сил касаллиги
4. Жинсий йўл орқали юқадиган касалликлар
5. ОИТС
Текширувлар яшаш жойидаги поликлиникалар томонидан икки ҳафта муддат ичида амалга оширилади. Тиббий текширувлар никоҳланувчи шахслар учун бепул ўтказилади.
Эрта ёшда ҳомиладор бўлиш, туғиш жараёнида она ва боланинг соғлигига хавф солиши мумкин. Маълумки, 16-17 ёшгача қизлар тўлишиб, бўйлари ўсиб қолади, аммо бу ҳали уларни она бўлиш учун етилганликларини билдирмайди. Қизлар 16-17 ёшга тўлгани билан уларда, ҳомилани тараққий этиши ва бола туғиш учун нормал шароит вужудга келмаган бўлади. Тос суяклари ривожланмаганлиги сабабли, туғиш жараёнида жарроҳлик усулидан фойдаланишга тўғри келиши мумкин. Қизлар 20 ёшдан кейин жисмонан ва руҳан она бўлишга тайёр бўладилар. Эрта турмуш қуриш кўпинча фарзандсизликка, боланинг ой куни етмай чала туғилишига, ҳомиладорлик асоратларига олиб келиши мумкин.
Аёллар учун фарзанд кўришнинг энг қулай даври 20-30 ёш оралиғи
ҳисобланади. Ёши ўтган яъни 35 ёш ва ундан юқори бўлган аёллардаги
ҳомиладорликлар нафақат аёлнинг саломатлиги балки, туғилажак фарзандлар учун ҳам хавфлидир, чунки ушбу ёшдаги аёлларда ички аъзоларнинг касалликлари (камқонлик, эндокрин. юрак-қон томир касалликлари, буйрак аъзолари ва ҳ.к) куп учрайди. Бу эса нафақат ҳомиладорлик даврини, балки туғруқ жараёнини ҳам асоратлайди. Ҳомиладорлик муддати тўққиз ой давом этади.
Ҳомиладорлик даврида тиббий кузатув олиб борилади. Тиббий кузатувлар аёл ва бўлажак фарзандини ҳомиладорлик ва ундан кейинги даврда соғ-саломат бўлишларини оила аъзолари жавобгарликни ҳис қилиши керак.
Ҳомиладорлик даврида аёллар қуйидаги озиқ-овқатларни истеъмол қилиши керак: балиқ, гуруч, нон, мева ва сабзавотлар, сут-қатиқ маҳсулотлари, пишлоқ, гўшт, дуккакли маҳсулотлар, тухум, ёнгоқ, дон ва макарон маҳсулотлари.
Фарзанд ота-онанинг эзгу орзуси, қувончи, бахти. Ҳар бир она фарзандининг соғлом, зуваласи пишиқ, бахтли-саодатли бўлиб ўсиб улғайиши учун қайғуради ва чақалоқ туғилмасидан туриб шунга тайёргарлик кўради. Она сути болани соғлом ва бақувват ривожланиши учун энг муҳим озуқадир. Она сути таркибида бола ўсиши ва ривожланиши учун керакли барча озуқалар мукаммалдир. Она сути суюқ, енгил хазм бўлувчи ва етарли калорияга эга бўлган, турли микроблардан ҳоли, пишириш ва иситиш талаб қилмайдиган тайёр озуқадир. Оғиз сути бу янги туққан аёл кўкрагидан 1-1,5 кун ичида ажралиб чиқаётган сарғиш ширали чўзилувчан суюқлик бўлиб, бола учун ўта фойдалидир. Оғиз сути болани ичакларини тозалайди, инфекциядан сақлайди ва бақувватлаштиради. Оғиз сутини биринчи эмлаш деб ҳам аталади.
Она сути турли касалликларни чақирувчи вирус ва микробларга қарши курашувчи моддаларга бой бўлади. Кўкрак сути эмган бола тетик ва касалликка кам чалинадиган бўлади. У барвақт онани таний бошлайди, онага интилади, бу болада илк меҳр куртакларини уйготади. Она ўз фарзандига табиатнинг мўжизаси - сут орқали бутун борлигини берар экан, она саломатлигига ҳам ижобий таъсири бордир. Эмизикли оналарда модда алмашинуви анча жадал кечади, бу эса она иштаҳасини яхши бўлишига, кайфиятини кўтарилишига олиб келади, руҳий енгиллик сезади, оила аъзоларига нисбатан аҳиллиги ортади. Кўкрак сути билан боқиш бола соғлиғи ва унинг баркамол инсон бўлиб ўсиши учун зарурдир.
Туғруқлар оралиғини сақлаш (камида 3 йил) онанинг саломатлигини яхшилайди ва соғлом фарзанд туғилишини таъминлайди.
Исталмаган ҳомиладорликни олдини олиш учун қуйидаги контрацепция воситалар мавжуд:
• Бачадон ичи воситалари;
• таблеткалар ва инъекция шаклларида