2010 йил 27 декабр№ 355

“Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг тиббий ва таълим ташкилотлари, соғлиқни сақлаш соҳасидаги миллий ва ҳалқаро лойихалар билан ўзаро ҳамкорлик фаолиятини ривожлантириш тўғрисида”

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 18 декабрдаги “Тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳақида”ги 319-сонли қарори ижросини таъминлаш, етакчи тиббий ва жамоа соғлиқни сақлаш тизими муассасалари кадрларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш жараёнларига кенгроқ жалб этиш ҳамда соғлиқни сақлаш тизими ходимларининг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш бўйича ўқув жараёнини ташкиллаштиришни тартибга солиш ва унинг сифатини ошириш мақсадида

Б У Ю Р А М А Н:

1. Тошкент врачлар малакасини ошириш институти (ТошВМОИ) ректори Ж.М. Собировга:

- 2011 йил 3 январдан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 18 декабрдаги 319-сонли қарорининг 1-иловасининг 12-чи, 17-чи ва 56-чи бандларига мос равишда кадрларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизимига республикадаги етакчи олий ўқув юртлар ва тиббий марказлар, халқаро ва миллий лойиҳалар (“Саломатлик-2” ва “Аёллар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш” ва ҳоказо), жамоа соғликни сақлаш тизимидаги муассасалар (Саломатлик институти, ДСЭН марказлари, ОИТСга қарши курашиш марказлари), тиббиёт ва фармация соҳасидаги хусусий ва нодавлат муассасалар билан шартномага асосланган ўзаро ҳамкорлик ўқув-таълим фаолиятини, шу жумладан қисқа муддатли (18-72 академик соатли курслар) шаклларда, кенг йўлга қўйиш таъминлансин.

- Ўзаро ҳамкорлик ўқув-таълим фаолиятини ташкиллаштиришда малака ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув дастурлари ва ўқув материалларини яратиш, тасдиқлаш, ўқув курсларини ўтказиш, ўқитилган шахсларга сертификатларни бериш белгиланган тартибида ўтказилсин. Шу жумладан давлат ташкилотлари ва миллий лойихалар билан ташкил этилган ҳамкорлик ўқув курслари институтнинг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан, нодавлат ва ҳалқаро ташкилотлар билан эса бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан таъминлансин.

- ТошВМОИ ўқув базасида давлат ташкилотлари ва миллий лойихалар билан ҳамкорликда ташкил этиладиган ўқув-таълим тадбирларни ижара ҳақисиз ўтказилиши ҳамда тадбир иштирокқчиларини умумий тартибда (яшаш учун тўловлар белгиланган тарифлар асосида) институтнинг меҳмонхонасига жойлаштирилиши таъминлансин.

- Малака ошириш ва қайта тайёрлашда сайёр ва масофавий циклларни ташкил этишда ўқишни ташкил этганларнинг хизмат сафари, аълоқа, логистик ва сертификат тайёрлаш билан боғлиқ харажатлар таклиф қилувчи томондан, қолган харажатлар эса ўзаро ҳамкорлик доирасида фаолият олиб борувчи институт ва ҳамкор ташкилотлар томонидан белгиланган тартибда бюджет ёки бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан қоплансин.

- Бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан малака ошириш ва қайта тайёрлаш курсларини ташкиллаштиришда таълим ва қўшимча хизматларниг тарифлари ва калькуляцияларини белгиланган тартибда ҳамкор томонлар биргалигида ишлаб чиқилсин ва тасдиқлансин.

- Соғлиқни сақлаш тизимида кадрларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш бўйича пуллик хизматни ташкил этиш ва тартибга солишни такомиллаштириш бўйича, шу жумладан ўзаро ҳамкорлик фаолият юзасидан, бир ой муддатда Соғлиқни сақлаш вазирлигига тавсиялар берилсин.

- Соғлиқни сақлаш тизимидаги ходимларнинг узлуксиз касбий таълимини ривожлантириш бўйича тренерлар ва тренерлик фаолияти бўйича бир ой муддатда Соғлиқни сақлаш вазирлигига таклифлар киритилсин, 72 соатлик тренерларнинг малакасини ошириш курслари ташкил этилсин.

2. Жамоа соғлиғини сақлаш тизимидаги (ДСЭН Марказлари, Саломатлик ва тиббий статистика институти ва унинг филиаллари, ОИТСга қарши курашиш маркази ва унинг филиаллари), бирламчи тиббий-санитария ёрдам, тез тиббий ёрдам, ихтисослаштирилган тиббий ёрдам тизимларидаги ташкилотлар раҳбарлари, соғлиқни сақлаш соҳасидаги ўқув ташкилотлар раҳбарлари, миллий ва халқаро лойихалар координаторларига:

- 2011 йил 3 январдан бошлаб мутахассисларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш курслари шартнома асосида бюджет ва бюджетдан ташқари молиялаштириш доирасида ТошВМОИ билан ҳамкорликда амалга оширилсин, ўқув дастурларини тасдиқлаш ва қатнашчиларга сертификатларни бериш белгиланган тартибда таъминлансин.

- Ҳамқорлик курсларининг тренерлари сифатида ТошВМОИдаги тренерларни тайёрлаш ўқув курсида таҳсил олган етакчи ва тажрибали мутахассислар жалб қилинсин.

3. Тиббиёт Олий ўқув юртлари ва уларнинг филиаллари ректорлари, Республика ўрта тиббиёт ва доришунос ходимларнинг малакасини ошириш Маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари директорларига:

- ТошВМОИ давлат ташикилотлари ва миллий лойихалар билан ҳамкорликда ташкил этган ўқув-таълим тадбирларини ўтказишда ўз ўқув базаларидан ижара тўловисиз фойдаланиши таъминлансин.

- ТошВМОИ билан ўзаро ҳамкорликдаги ўқув-таълим фаолиятига етакчи ва тажрибали педагоглар ҳамда мутахассислар жалб этилсин.

4. “Саломатлик-2” ва “Аёллар ва болаларни саломатлигини мустаҳкамлаш” ЛТҚҚБ директори Д.А. Джабриевга:

- 2011 йил 3 январдан бошлаб “Саломатлик-2” ва “Аёллар ва болаларни саломатлигини мустаҳкамлаш” лойиҳаларини амалга ошириш доирасида соғлиқни сақлаш ходимларини малакасини оширишга ажратилган маблағлар ҳажмида ТошВМОИнинг етакчи кафедралари билан ўзаро ҳамкорлик шаклида ўқув дастурларини ва материалларини режалаштириш, тайёрлаш ва тасдиқлаш, малака ошириш ва қайта тайёрлаш курсларини ташкил қилиш ва ўтказиш, таҳсил олган шахсларга сертификатларни бериш шартнома асосида таъминлансин.

5. Соғлиқни сақлаш тизимининг ҳудудий бошқарув органлари(Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш Бош бошқармаси, Вилоятлар Соғлиқни сақлаш бошқармалари) бошлиқларига:

- ТошВМОИ билан ўзаро ҳамкорликда ўтказиладиган ўқув-таълим тадбирларида фаол иштироки таъминлансин ва тадбирларга етакчи ва тажрибали мутахассислар, керакли хоналар ва жихозлар жалб этилсин.

6. Ушбу буйруқ ижросини назорат қилиш Соғлиқни сақлаш Вазирининг биринчи ўринбосари А.В. Алимов зиммасига юклатилсин.

ВазирА.И. Икрамов

Номер документа:  355
Дата принятия:  27.12.2010