Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уй-жойлар бериш тартиби тўгрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотин-қизларни қўллаб- қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўгрисида” 2018 йил 2 февралдаги ПФ-5325-сон Фармонига мувофиқ, шунингдек, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналар учун қулай шароит яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
- Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уй-жойлар бериш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
- Белгилаб қўйилсинки:
а) оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналар (кейинги ўринларда уй-жойга муҳтож хотин-қизлар деб аталади) учун арзон уй-жойлар қуриш Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида” 2016 йил 21 октябрдаги ПҚ-2639-сон ҳамда “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини самарали амалга ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2017 йил 23 октябрдаги ПҚ-3350-сон қарорлари (кейинги ўринларда Дастурлар деб аталади) доирасида амалга оширилади;
б) уй-жойга муҳтож хотин-қизларга арзон уй-жойлар имтиёзли ипотека кредити асосида белгиланган тартибда туман (шаҳар)лар тоифасидан келиб чиқиб, ҳар йили қуйидаги ҳажмда ажратилади:
I тоифага кирадиган туманларда - биттадан икки, уч қаватли уйлардаги хонадонлардан (2-3 хонали) ва бештагача ҳовлидаги иморатлари билан 0,02 гектарли ер участкаларида 2-3 хонали бир қаватли уй-жойлардан;
II тоифага кирадиган туманларда - иккитадан икки, уч қаватли уйлардаги хонадонлардан (2-3 хонали) ва саккизтагача ҳовлидаги иморатлари билан 0,02 гектарли ер участкаларида 2-3 хонали бир қаватли уй-жойлардан;
- тоифага кирадиган шаҳарларда ҳамда Тошкент шаҳрининг туманларида - олтитагача кўп қаватли уйлардаги хонадонлардан (2-3 хонали);
- тоифага кирадиган шаҳарларда - ўнтагача кўп қаватли уйлардаги хонадонлардан (2-3 хонали);
в) ногиронлиги бўлган хотин-қизларга кўп қаватли арзон уйларнинг биринчи ва иккинчи қаватларидан хонадонлар ажратилади.
- Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда ҳар йили тасдиқланадиган сметалар доирасида уй-жойга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш учун зарур маблағларни назарда тутиш тўғрисидаги таклифлари инобатга олинсин.
- Белгилансинки:
а) уй-жойга муҳтож хотин-қизлар учун бериладиган арзон уй-жойлар қиймати тўловининг:
25 фоизи Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, талабгор ишлаётган ташкилот ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига (бошланғич бадал сифатида);
75 фоизи ипотека асосида тижорат банкларининг имтиёзли кредитлари ҳисобига молиялаштирилади;
б) уй-жойга муҳтож хотин-қизлар учун ажратиладиган имтиёзли кредитларни қоплаш:
талабгорнинг ўз маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар;
талабгор кам таъминланган, доимий даромадга эга бўлмаган ва кредитни қоплашга лаёқати етарли бўлмаган тақдирда у ишлаётган ташкилот, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.
- Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда уй-жойга муҳтож хотин-қизлар уй-жой билан таъминланиши оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини ташкил этсинлар.
- Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари - “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқаруви раиси А.Ж. Раматов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.К. Нарбаева зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Арипов
Хужжатнинг тўлиқ матни билан қуйидаги манзил орқали танишишингиз мумкин.