UZ RU

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 30 декабрдаги 422-сонли “Республика аҳолиси ва бюджет ташкилотларига кўмир маҳсулотлари етказиб бериш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 30 декабрдаги 422-сонли “Республика аҳолиси ва бюджет ташкилотларига кўмир маҳсулотлари етказиб бериш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида

БУЮРАМАН:

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 30 декабрдаги 422-сонли “Республика аҳолиси ва бюджет ташкилотларига кўмир маҳсулотлари етказиб бериш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.

2. Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири, Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси, вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари, тизимдаги олий, ўрта-махсус билим юртлари ва республика тасарруфидаги барча муассасалар раҳбарларига:

Кўмир ва кўмир брикетларига бўлган эҳтиёжни аниқлаш, уларни бюджет ташкилотлари ҳамда аҳолига етказиб бериш ва сотиш Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 2-июлдаги 177-сон қарори билан тасдиқланган Бюджет ташкилотлари томонидан бюджет маблағлари ҳисобига харид қилинадиган кўмир ва кўмир брикетларини сотиш, етказиб бериш, ташиш, қабул қилиш ва сақлаш тартиби тўғрисидаги Низомда назарда тутилган тартибда амалга оширилаётганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

“Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти томонидан республика минтақаларининг бюджет ташкилотларини қаттиқ ёқилғи билан ўз вақтида ва сифатли таъминлашга йўналтирилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш доирасида ҳудудий дистрибьюторлик марказлари ва уларнинг филиаллари ташкил этилган бўлиб, бюджет ташкилотларига ресурслар ва кўмирни тақсимлаш балансида назарда тутилган ҳажмларда кўмир ҳамда кўмир брикетларини сотиб олиш “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамиятининг худудий дистрибьюторлик марказлари ва уларнинг филиаллари орқали амалга оширилсин;

тизимдаги барча кўмир ёқилғисидан фойдаланадиган даволаш-профилактика муассасаларда сифатли кўмир ва брикет кўмир ёқилғисини заҳира қилиш мақсадида муассаса раҳбарлари ҳамда жамоатчилик вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар ташкил этилсин;

тузилган ишчи гуруҳлар томонидан даволаш-профилактика муассасаларни куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш даврида кўмир ва кўмир брикети маҳсулотларини белгиланган хажмда ўз вақтида, сифатли ва тўлиқ етказиб беришни таъминлаш;

муассасаларда кўмир ёқилғисини маҳсус жойларда, яъни усти ва атрофи ёпиқ омборхоналарда сақлаш чораларини кўриш;

муассасалар ҳудудидаги фойдаланиб келинаётган бинолар ертўласида кўмир ёқилғисини сақлашни қатъиян таъқиқлаш;      

кўмир сақланадиган омборхоналарда ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилиш ва ўт ўчириш анжомлари ҳамда йўриқномалар билан таъминлаш;

кўмир омборининг олд ва ён томонлари ёнмайдиган материаллар билан беркитилган бўлишини таъминлаш; 

муассасадаги кўмир ёқилғисини талон-тарож қилиш ҳолатларига йўл қўйган ҳодимларга нисбатан амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ қатъий чоралар кўриш;

муассасаларнинг йиллик бюджет маблағлари харажатлари сметасини шакллантиришда кўмир маҳсулотларини сотиб олиш учун зарур бўлган маблағларни киритиш ва 1 октябргача бир маромда молиялаштиришни амалга ошириш чораларини кўриш;   

тизимдаги барча кўмир ёқилғисидан фойдаланадиган даволаш-профилактика муассасаларда кўмир ёқилғисини белгиланган тартибда сифатли заҳира қилиш, сақлаш ва мақсадли ишлатилиши учун шахсан биринчи раҳбарлар жавобгар эканликлари белгилаб қўйилсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Республикада кўмир брикетлари ишлаб чиқариш ва сотишни комплекс ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2015 йил 2 июлдаги 177-сон қарорига 6-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлиги инобатга олинсин.

4. “Узмединфо” маркази директори М.Баймухамедовга мазкур буйруқ ва Вазирлар Маҳкамасининг қарори ҳамда иловалари 3 кун муддат ичида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг порталига жойлаштирилсин.

5. Вазирликнинг Комплекс фойдаланиш бошқармаси бошлиғи Д.Нурмухаммедов тизимдаги даволаш-профилактика муассасаларида кўмир ёқилғисини белгиланган муддатларда сифатли ва тўлиқ заҳира қилиш ҳамда сақлаш борасида олиб борилаётган ишларни доимий мониторингини олиб борсин.

5. Мазкур буйруқ ижросининг назорати вазир ўринбосари Ш.Худайқулов зиммасига юклатилсин.

 

Вазир                                        А.Икрамов