UZ RU

Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифалари бериш тартиби тўғрисидаги

Ўзбекистон Республикаси

соғлиқни сақлаш вазирининг

2014 йил 18 декабрдаги

21-сон буйруғига

ИЛОВА

Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларга
малака тоифалари бериш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги ва “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги 276-сон “Тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида”ги, 2009 йил 18 декабрдаги 319-сон “Тиббиёт ходимлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги, 2010 йил 13 майдаги 91-сон “Фармацевтика фаолиятини лицензиялаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 2012 йил 29 мартдаги 92-сон “Тиббий фаолиятни лицензиялаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорларига мувофиқ тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифалари бериш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом талаблари тиббиёт ва фармацевтика фаолияти билан шуғулланувчи барча ташкилотларда фаолият юритадиган врачлар, фармацевтлар, “Олий ҳамширалик иши” мутахассислигига эга бўлган ҳамширалар, ўрта тиббиёт ва ўрта фармацевтика ходимларига, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга (бундан буён матнда тиббиёт ва фармацевтика ходимлари деб юритилади) нисбатан татбиқ этилади.

2. Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифалари бериш уларни ўз малакаси ва касбий даражасини мунтазам равишда ошириб боришга йўналтириш ва моддий рағбатлантириш мақсадида амалга оширилади.

Тиббиёт ва фармацевтика ходимларига учинчи, иккинчи, биринчи ва олий малака тоифалари берилади.

Малака тоифаси олиш ихтиёрий бўлиб, тиббиёт ёки фармацевтика ходимининг мурожаатига кўра амалга оширилади.

3. Учинчи малака тоифаси – керакли назарий билимга эга бўлган, лекин иккинчи малака тоифасини олиш учун зарур иш стажига эга бўлмаган қуйидаги врачларга берилади:

умумий стоматология мутахассислиги бўйича олий маълумотга эга бўлган врачларга – фақат умумий стоматология мутахассислиги бўйича;

магистратурани тамомлаган ёки қайта тайёрлашдан ўтган врачларга – олган тор мутахассислиги бўйича.

Учинчи малака тоифаси врачларнинг хусусий тиббиёт муассасаларига ишга кириши ва ушбу муассасалар фаолиятини лицензиялашга шароит яратиш мақсадида берилади. Учинчи малака тоифасига эга давлат тиббиёт муассасалари врачларига малака тоифасига эга бўлмаган врачлар меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби ва шартлари қўлланилади.

4. Иккинчи малака тоифаси – мутахассислиги бўйича камида беш йил иш стажига
ҳамда зарур назарий билим ва амалий кўникмаларга эга бўлган тиббиёт ва фармацевтика ходимларига берилади. Иккинчи малака тоифасини олиш учун учинчи малака тоифасининг бўлиши талаб қилинмайди.

5. Биринчи малака тоифаси – мутахассислиги бўйича камида етти йил иш стажига, яхши назарий билим ва амалий кўникмаларга ҳамда иккинчи малака тоифасига эга бўлган тиббиёт ва фармацевтика ходимларига берилади.

6. Олий малака тоифаси – мутахассислиги бўйича камида ўн йил иш стажига, юқори назарий билим ва амалий кўникмаларга ҳамда биринчи малака тоифасига эга бўлган тиббиёт ва фармацевтика ходимларига берилади.

7. Малака тоифасини олиш учун мурожаат қилган врачларнинг мутахассислик бўйича иш стажи Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги 276-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси давлат муассасалари тиббиёт ва фармацевтика ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби ва шартлари тўғрисидаги низомнинг 3-иловасига мувофиқ аниқланади.

Иш стажини ҳисоблаб чиқишда мазкур Низомнинг 1-иловасида кўрсатилган турдош мутахассисликлар бўйича иш стажи ўзаро ҳисобга олинади.

Тиббиёт ва фармацевтика ходими мутахассислигининг номи ўзгарганда, унинг олдинги мутахассислиги бўйича олган малака тоифаси ва у бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари сақланади, кейинчалик янги номдаги мутахассислик бўйича малака тоифасини олиш учун мурожаат қилганда олдинги мутахассислиги бўйича иш стажи ва олган малака тоифаси инобатга олинади.

Соғлиқни сақлаш муассасаларининг раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари ҳамда бошқарув ходимлари жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил қилиш мутахассислиги бўйича, давлат санитария-эпидемиология назорати хизмати раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари ҳамда бошқарув ходимлари умумий гигиена ва эпидемиология мутахассислиги бўйича малака тоифаси олиш учун мурожаат қилишлари мумкин.

8. Малака тоифаси тиббиёт ёки фармацевтика ходимининг мурожаатига кўра асосий ва ўриндош иш жойидаги мутахассисликлардан биттаси бўйича ёки уларнинг ҳар бири бўйича алоҳида берилиши мумкин. Бунда тиббиёт ёки фармацевтика ходими тегишли мутахассислик бўйича мазкур Низомда белгиланган талабларга жавоб бериши керак.

9. Малака тоифаси беш йил муддатга берилади.

Зарур иш стажига эга бўлган тиббиёт ёки фармацевтика ходимига у фаолият юритаётган тиббиёт муассасаси раҳбарининг тақдимномасига асосан муддатидан олдин, бироқ охирги малака тоифаси берилган кундан камида икки йилдан кейин навбатдаги малака тоифаси берилиши мумкин.

Тиббиёт ва фармацевтика ходимларига берилган малака тоифалари уларга табақалаштирилган ҳақ тўлаш учун асос бўлади, учинчи малака тоифаси бундан мустасно.

2-боб. Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтказиш
ва уларга малака тоифалари беришни ташкил қилиш

1-§. Ихтисослаштирилган аттестация комиссияларини тузиш ва уларнинг
ишини ташкил этиш

10. Малака тоифалари тиббиёт ва фармацевтика ходимларини малака тоифаси олиш учун аттестациядан (бундан буён матнда аттестация деб юритилади) ўтказиш натижаларига кўра берилади.

Аттестация ихтиёрийлик, холислик ва ошкоралик принциплари асосида Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги (бундан буён матнда аттестациядан ўтказувчи органлар деб юритилади) ҳузурида ташкил этиладиган ихтисослаштирилган аттестация комиссиялари (бундан буён матнда аттестация комиссиялари деб юритилади) томонидан ўтказилади.

11. Аттестация комиссиялари тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси (бундан буён матнда ҳудудий соғлиқни сақлашни бошқариш органлари деб юритилади) ёки Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан камида етти нафар аъзодан, шу жумладан аттестация комиссияси раиси, раис ўринбосари ва котибидан иборат таркибда ташкил этилади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида ташкил этиладиган аттестация комиссиялари таркиби Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири томонидан, ҳудудий соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ҳузурида ташкил этиладиган аттестация комиссиялари таркиби Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган ҳолда ҳудудий соғлиқни сақлашни бошқариш органлари раҳбарлари томонидан тасдиқланади.

Аттестация комиссиялари таркиби ҳар йили қайта тасдиқланади. Бунда аттестация комиссияси таркибининг камида йигирма фоизи янгиланиши керак.

Аттестация комиссиялари аъзолари аттестация комиссияси таркибига шартнома асосида жалб этилади.

12. Аттестациядан ўтказувчи органлар ҳузурида ташкил этиладиган аттестация комиссияларининг сони, ҳар бир аттестация комиссиясининг ихтисослиги ва улар томонидан аттестациядан ўтказиладиган мутахассисликлар тегишли ҳудудда фаолият юритаётган тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг сонидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Аттестация комиссиясининг ихтисослиги аттестация комиссияси аъзоларининг мутахассислигига мувофиқ бўлиши зарур.

13. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида ташкил этиладиган аттестация комиссиялари таркибига Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика санитария-эпидемиология назорати маркази, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти,олий тиббиёт таълим муассасалари, ихтисослаштирилган илмий ҳамда илмий-амалий тиббиёт марказлари, илмий-тадқиқот институтлари, даволаш-профилактика муассасалари, тармоқ касаба уюшмаси республика кенгаши вакиллари киритилиши мумкин.

Ҳудудий соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ҳузурида ташкил этиладиган аттестация комиссиялари таркибига ҳудудий соғлиқни сақлашни бошқариш органи, ҳудудий санитария-эпидемиология назорати маркази, олий тиббиёт таълим муассасалари, ихтисослаштирилган илмий ҳамда илмий-амалий тиббиёт марказлари филиаллари, илмий-тадқиқот институтлари, даволаш-профилактика муассасалари, ҳудудий касаба уюшма бирлашмалари кенгашлари вакиллари киритилиши мумкин.

14. Ҳудудий соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ҳузурида ташкил этилган аттестация комиссиялари томонидан қуйидаги малака тоифаларини бериш бўйича аттестациялар ўтказилади:

врач ва фармацевтларга – учинчи ҳамда иккинчи малака тоифаси бериш бўйича, мазкур Низомнинг 16-бандида назарда тутилган врач ва фармацевтлар бундан мустасно;

“Олий ҳамширалик иши” мутахассислигига эга бўлган ҳамширалар, ўрта тиббиёт ва ўрта фармацевтика ходимларига – иккинчи, биринчи ва олий малака тоифаларини бериш бўйича.

15. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида ташкил этилган аттестация комиссиялари томонидан тиббиёт ва фармацевтика ходимларига барча турдаги малака тоифаларини бериш бўйича аттестациялар ўтказилади.

16. Қуйидаги тиббиёт ва фармацевтика ходимлари фақат Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида ташкил этилган аттестация комиссиялари томонидан аттестациядан ўтказилади:

врач ва фармацевтлар – биринчи ва олий малака тоифаси бериш бўйича;

жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил қилиш мутахассислиги бўйича ишлаётган тиббиёт ва фармацевтика ходимлари;

республика тиббиёт муассасаларининг тиббиёт ва фармацевтика ходимлари;

фаолият юритаётган жойдаги ҳудудий соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ҳузурида ташкил этилган аттестация комиссиялари таркибида мутахассислиги бўйича аттестация комиссияси аъзоси мавжуд бўлмаган тиббиёт ва фармацевтика ходимлари.

17. Аттестация комиссияси:

аттестациядан ўтказиладиган талабгор ҳақида қисқача ахборотни тинглайди;

аттестациядан ўтадиган талабгорга саволлар беради , унинг жавоблари натижалари бўйича очиқ овоз беришни ўтказади;

аттестация натижаси бўйича талабгорга баҳо беради;

аттестациядан ўтган талабгор фаолиятини яхшилаш бўйича тавсиялар беради;

аттестация саволларини тузади ва уларни янгилаб боради;

аттестация ўтказиш билан боғлиқ бошқа масалаларни кўриб чиқади.

Аттестация комиссияси йиғилиши унинг ишида аттестация комиссияси аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этган тақдирда ваколатли ҳисобланади.

18.  Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Врачлар
ва фармацевтларга лицензия бериш ва аттестациядан ўтказиш Республика маркази Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида ташкил этилган аттестация комиссияларининг доимий ишчи органи ҳисобланади. Доимий ишчи орган ходимлари аттестация комиссиялари таркибига киритилмайди.

19. Доимий ишчи орган:

талабгорлар томонидан тақдим этилган ҳужжатларнинг мазкур Низомнинг 22-банди талабларига мувофиқлигини кўриб чиқади;

талабгорларнинг ҳужжатларини аттестация комиссиясида кўриб чиқиш учун тайёрлайди;

аттестациядан ўтказиладиган талабгорлар рўйхатини тузади;

аттестация саволлари рўйхатини Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг веб-сайтига жойлаштирилишини таъминлайди;

 аттестацияни ўтказиш санаси ва жойи тўғрисидаги, шунингдек узрли сабабларга кўра уларнинг ўзгарганлиги ҳақидаги маълумотларни аттестация комиссияси аъзоларига ҳамда талабгорларга етказади;

аттестация комиссияси фаолиятини ташкил этишга доир бошқа вазифаларни
амалга оширади.

20. Ҳудудий соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ҳузурида ташкил этилган аттестация комиссияларида доимий ишчи органнинг вазифалари ушбу аттестация комиссияларининг ўзлари томонидан амалга оширилади.

21. Ҳар бир аттестация комиссиясининг йиғилишлари аттестациядан ўтказувчи орган томонидан тасдиқланадиган йиллик жадвал асосида ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида ташкил этилган аттестация комиссиялари йиғилишларининг йиллик жадвали унинг расмий веб-сайти
ва тизимидаги оммавий ахборот воситаларида, ҳудудий соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ҳузурида ташкил этилган аттестация комиссиялари йиғилишларининг йиллик жадвали уларнинг расмий веб-сайтларида январь ойининг ўн бешинчи санасига қадар эълон қилинади.

2-§. Талабгорларнинг аризаларини қабул қилиш ва кўриб чиқиш

22. Мазкур Низомнинг 1-боби талабларига мувофиқ, тегишли малака тоифасини олиш ҳуқуқига эга бўлган ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 18 декабрдаги 319-сон қарори  билан тасдиқланган Тиббиёт ходимлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ малака оширган талабгорлар малака тоифаси олиш учун аттестациядан ўтказувчи тегишли органга ариза билан мурожаат қилади.

Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

шахсини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт) нусхаси;

никоҳ тузилганлиги ҳақида гувоҳнома нусхаси (диплом ёки малака тоифаси олгандан сўнг фамилияси ўзгарган талабгорлар учун);

олий (ўрта махсус) тиббий ёки фармацевтика маълумоти тўғрисидаги диплом, шунингдек интернатура, магистратурани тамомлаганлиги ёки қайта тайёрлашдан ўтганлиги тўғрисидаги ҳужжатнинг нотариал тасдиқланган нусхаси;

меҳнат дафтарчасининг иш жойида тасдиқланган нусхаси ёки ундан кўчирма;

малака тоифаси берилганлиги тўғрисидаги сертификатнинг нусхаси (малака тоифасига эга бўлган талабгорлар учун);

мутахассислик бўйича малака оширганлиги тўғрисидаги сертификатнинг нотариал тасдиқланган нусхаси;

илмий семинарлар, съездлар, конференцияларда қатнашганлиги ҳамда хорижий давлатларда малака оширганлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг (диплом, гувоҳнома, сертификат ва ҳ.к.) нусхаси (мавжуд бўлганда);

талабгор фаолият юритаётган тиббиёт муассасаси раҳбарининг тақдимномаси (муддатидан олдин малака тоифаси олишга талабгорлар учун);

фаолият юритаётган тиббиёт муассасаси раҳбари томонидан берилган тавсифнома;

охирги уч йил давомида талабгор фаолият юритаётган тиббиёт муассасаси раҳбари томонидан тасдиқланган талабгорнинг меҳнат фаолияти ҳақидаги ҳисобот, ушбу даврда талабгорнинг иш жойи ўзгарган тақдирда, олдинги иш жойидаги меҳнат фаолияти ҳақидаги ҳисобот билан бирга;

мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шаклда тўлдирилган аттестация варақаси;

аттестация ўтказиш учун амалга оширилган тўлов ҳужжатининг нусхаси.

Талабгорлардан мазкур бандда назарда тутилмаган ҳужжатларни сўраб олишга йўл қўйилмайди.

Талабгор тақдим этилган ҳужжатларнинг ҳаққонийлиги учун жавобгар бўлади.

23. Ариза ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар аттестациядан ўтказувчи органнинг электрон почта манзили орқали ҳам тақдим этилиши мумкин. Бунда талабгор аттестациянинг иккинчи босқичида иштирок этиш учун келганда электрон почта орқали жўнатилган ҳужжатларнинг қоғоз нусхаларини тақдим этиши лозим.

 24. Аттестация ўтказиш учун врач ва фармацевт талабгорлардан энг кам иш ҳақининг икки баравари миқдорида тўлов ундирилади. Аттестациядан ўтказиш учун “Олий ҳамширалик иши” мутахассислигига эга бўлган ҳамширалар, ўрта тиббиёт ва ўрта фармацевтика ходимларидан тўлов ундирилмайди.

25. Ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар қабул қилинган кундан бошлаб ўн кун
ичида кўриб чиқилади. Қуйидаги ҳолларда талабгорни аттестациядан ўтказиш рад этилади:

 талабгор мазкур Низомнинг 1-боби талабларига мувофиқ, тегишли малака тоифасини олиш ҳуқуқига эга бўлмаган ёки Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 18 декабрдаги 319-сон қарори билан тасдиқланган Тиббиёт ходимлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ малака оширмаган тақдирда;

мазкур Низомнинг 22-бандида назарда тутилган ҳужжатлар тўлиқ бўлмаганда;

тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ёки қалбакилаштирилган маълумотлар мавжудлиги аниқланганда .

Аттестациядан ўтказишни бошқа асослар бўйича рад этишга йўл қўйилмайди.

 26. Аттестациядан ўтказиш рад этилган тақдирда, бу ҳақда талабгорга ёзма равишда асослантирилган хабар берилади ва кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш учун уч ой муддат берилади.

Кўрсатилган камчиликлар талабгор томонидан уч ой ичида бартараф этилган тақдирда, аттестация ўтказиш учун қайта мурожаат қилиш, шу жумладан такроран тўлов амалга ошириш талаб этилмайди. Ушбу муддат ўтгач, талабгор аттестациядан ўтиш учун умумий асосларда қайта мурожаат қилишга ҳақли.

Кўрсатилган камчиликлар талабгор томонидан уч ой ичида бартараф этилган тақдирда, аттестация ўтказишни илгари кўрсатилмаган янги асослар бўйича рад этишга йўл қўйилмайди.

27. Малака тоифаси муддати тугаши билан эгаллаб турган ёки бошқа малака тоифасини олиш истагида бўлган талабгор, амалдаги малака тоифаси муддати тугашидан камида уч ой олдин аттестациядан ўтиш тўғрисида мурожаат қилиши лозим. Бунда мазкур Низомнинг 22-бандида назарда тутилган ҳужжатлар тўлиқ бўлган тақдирда, ушбу талабгор уч ой ичида аттестациядан ўтказилиши шарт.

Талабгор амалдаги малака тоифаси муддати тугагандан кейин ҳам малака тоифаси олиш учун мурожаат қилишга ҳақли. Малака тоифаси муддатининг тугаганлиги талабгорга ушбу малака тоифаси ёки навбатдаги малака тоифаси беришни рад этиш учун асос бўлмайди.

3-§. Талабгорларни аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифаси бериш

28. Аттестация икки босқичда ўтказилади.

Аттестациянинг биринчи босқичида талабгор компьютер воситасида тест синовидан ўтказилади. Бунда талабгорга мутахассислиги бўйича 50 та тест саволи берилади. Ҳар бир савол бир баллик тизимда баҳоланади.

Тест синови талабгорнинг танловига кўра унинг бевосита иштирокида ёки масофадан туриб (он-лайн режимида) ўтказилиши мумкин.

Тест синовида тўпланиши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 65 фоизидан ортиғини олган талабгорлар аттестациянинг иккинчи босқичига қўйилади. Мазкур талабгорлар бир йил давомида аттестациянинг иккинчи босқичида иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Тест синовида тўпланиши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 65 фоизидан кам балл олган талабгорларга бир йил ичида бир марта тест синовини қайта топшириш имконияти берилади.

Тест синови ўтказилган кундан бошлаб бир йил давомида қайта тест синовида иштирок этмаган ёки унда тўпланиши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 65 фоизидан кам балл олган талабгорлар аттестациядан ўтмаган деб ҳисобланади.

29. Аттестациянинг иккинчи босқичи 5 та саволдан иборат билет асосида суҳбат шаклида ўтказилади.

30. Талабгорнинг саволларга жавоблари қуйидаги мезонлар асосида баҳоланади:

ўз мутахассислиги бўйича тайёргарлик даражаси;

касбий фаолияти натижалари, умумий ва махсус билим ҳамда амалий кўникмалари;

ўз хизмат фаолиятини таҳлил қила олиш ва касбига боғлиқ вазиятли масалаларни тўғри ҳал қилиш қобилияти;

замонавий профилактика стандартлари, диагностика ва даволаш усулларини билиши ҳамда амалиётда қўллай олиши (врачлар учун);

тиббиёт деонтологияси ва касб этикаси асосий принципларини билиши;

соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлар, шу жумладан тиббиёт ходимлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тизимидан хабардорлиги.

Талабгорнинг ҳар бир саволга жавоби аттестация комиссияси аъзоларининг кўпчилик овози билан ўн баллик тизимда баҳоланади. Овозлар тенг бўлганда аттестация комиссияси раисининг овози ҳал қилувчи бўлади.

31. Аттестациянинг иккинчи босқичида олинган баллар ҳар бир талабгор бўйича аттестация комиссияси томонидан қуйидача қарор қабул қилиниши учун асос бўлади:

тўпланиши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 65 фоизи ва ундан юқори балл учун – талабгорлик қилаётган малака тоифасига лойиқ деб топиш ҳақида;

тўпланиши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 56 фоизидан 64 фоизигача балл учун – талабгорлик қилаётган малака тоифасидан бир поғона паст малака тоифаси бериш ҳақида;

тўпланиши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 46 фоизидан 55 фоизигача балл учун – талабгорлик қилаётган малака тоифасидан икки поғона паст малака тоифаси бериш ҳақида;

тўпланиши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 40 фоизидан 45 фоизигача балл учун – талабгорлик қилаётган малака тоифасидан уч поғона паст малака тоифаси бериш ҳақида;

тўпланиши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 40 фоизидан кам балл учун ёки мазкур банднинг учинчи – бешинчи хатбошиларига мувофиқ тегишли паст поғонадаги малака тоифаси мавжуд бўлмаган ҳолларда – малака тоифаси беришга нолойиқ деб топиш ҳақида.

Талабгорлар томонидан аттестациянинг иккинчи босқичида олинган баллар ҳамда аттестация комиссияси қарори шу куннинг ўзида уларга ўқиб эшиттирилади.

32. Аттестациянинг биринчи ва иккинчи босқичи натижалари ҳамда ҳар бир талабгор бўйича аттестация комиссияси қарори талабгорнинг аттестация варақасига киритилади ҳамда ушбу варақа аттестация комиссиясининг барча аъзолари томонидан имзоланади.

33. Аттестациянинг иккинчи босқичи давомида аттестация комиссияси котиби томонидан баённома юритилади.

Баённомада қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

аттестация ўтказилган жой ва сана,

аттестация бошланган ва тугалланган вақт;

аттестацияда қатнашган аттестация комиссияси аъзоларининг исми ва отасининг исми бош ҳарфлари, фамилияси ҳамда лавозими;

 аттестациянинг умумий натижалари;

аттестация жараёнига тааллуқли бўлган бошқа маълумотлар .

Баённомага аттестацияда ҳозир бўлган ва келмаган талабгорлар рўйхати киритилган жадвал илова қилинади. Мазкур жадвалда  ҳар бир талабгорнинг фамилияси, исми
ва отасининг исми, туғилган йили, иш жойи, лавозими, мутахассислиги, умумий иш стажи, мутахассислиги бўйича иш стажи, малака оширган вақти, амалдаги малака тоифаси ва берилган йили, талабгорлик қилаётган малака тоифаси, аттестациянинг биринчи ва иккинчи босқичида олинган баллар ҳамда аттестация комиссиясининг қарори кўрсатилади.

Баённома аттестация комисияси раиси ва котиби томонидан имзоланади.

34. Баённомага асосан, аттестациянинг иккинчи босқичи тугаган кундан бошлаб ўн кун ичида аттестация якунлари бўйича аттестация ўтказувчи орган раҳбарининг буйруғи қабул қилинади ҳамда малака тоифаси берилган талабгорларга мазкур Низомнинг
3-иловасига мувофиқ шаклда Малака тоифаси берилганлиги тўғрисида сертификат (бундан буён матнда сертификат деб юритилади) расмийлаштирилади.

 Сертификат бланклари қатъий ҳисобда турадиган ҳужжатлар ҳисобланади, ҳимояланганлик даражаси, ҳисобга олиш серияси ва тартиб рақамига эга бўлади.

35. Сертификат берилганлиги учун “Олий ҳамширалик иши” мутахассислигига эга бўлган ҳамширалар, ўрта тиббиёт ва ўрта фармацевтика ходимларидан энг кам иш ҳақининг йигирма фоизи миқдорида тўлов ундирилади.

36. Аттестациянинг биринчи ёки иккинчи босқичида тўпланиши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 65 фоизидан кам балл олган талабгорлар тегишли босқич ўтказилган кундан бошлаб бир йил ўтгач, малака тоифаси олиш учун умумий асосларда қайта мурожаат қилишлари мумкин.

Аттестациядан ўтиш учун мурожаат қилган, бироқ бир йил ичида аттестациянинг бир ёки икки босқичида иштирок этмаган талабгорлар малака тоифаси олиш учун умумий асосларда қайта мурожаат қилишлари мумкин.

Талабгор аттестациядан ўтмаган ёки унда иштирок этмаган ёхуд малака тоифасини олишдан бош тортган тақдирда, аттестация ўтказиш учун қилинган тўловлар қайтарилмайди.

3-боб. Сертификатнининг амал қилишини тугатиш ва уни бекор қилиш

37. Қуйидаги ҳолларда сертификатнинг амал қилиши тугатилади:

сертификатнинг амал қилиш муддати тугаганда;

тиббиёт ёки фармацевтика ходимининг фаолиятида беморнинг ўлимига сабаб бўлувчи қўпол хато ва бузилишларга йўл қўйилган ёхуд ногиронлик тайинланишига олиб келувчи оғир тан жароҳатлари етказилганлиги суднинг қарори билан аниқланганда;

малака тоифаси муддати тугагунга қадар аттестацияда иштирок этган талабгорга амалдаги малака тоифасидан пастроқ малака тоифаси берилган ёки малака тоифаси берилмаган ҳолларда.

Сертификатнинг амал қилишини муддатини олдин тугатиш уни берган аттестация ўтказувчи орган раҳбарининг буйруғи билан амалга оширилади. Бунда сертификатнинг амал қилиши мазкур буйруқ қабул қилинган санадан эътиборан тугатилади.

38. Малака тоифаси сохта ҳужжатлардан фойдаланилган ҳолда олинганлиги суднинг қарори билан аниқланганда сертификат бекор қилинади.

Сертификатни бекор қилиш уни берган аттестация ўтказувчи орган раҳбарининг буйруғи билан амалга оширилади. Бунда сертификат у берилган санадан эътиборан бекор қилинган деб ҳисобланади.

39. Сертификатнинг амал қилишини тугатиш ва уни бекор қилиш ҳақидаги буйруқнинг нусхаси ўн кун ичида унинг эгасига ва у фаолият юритаётган тиббиёт муассасасига юборилади.

Сертификатнинг амал қилиши тугатилган ёки у бекор қилинганда талабгор томонидан қилинган тўловлар қайтарилмайди.

4-боб. Апелляция шикояти бериш ва уни кўриб чиқиш

 40. Аттестация комиссиясининг қароридан норози бўлган талабгорлар аттестация ўтказилган кундан бошлаб ўн календарь кун мобайнида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида тузиладиган апелляция комиссиясига ёзма равишда апелляция шикояти бериш ҳуқуқига эга.

Аппеляция комиссияси таркиби Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири томонидан тасдиқланади. Аттестация комиссияси аъзолари апелляция комиссияси таркибига киритилмайди.

41.  Апелляция шикоятини аппеляция комиссияси томонидан икки ҳафта ичида талабгор иштирокида, зарур ҳолларда аттестация комиссияси аъзолари ва бетараф мутахассисларни таклиф қилган ҳолда кўриб чиқилади .

Апелляция шикоятида кўрсатилган важлар аппеляция комиссияси томонидан аттестация материаллари асосида ўрганилади. Апелляция шикоятини кўриб чиқиш натижаларига кўра уни қаноатлантириш ёки аттестация комиссияси қарорини ўзгартиришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилинади.

  42. Аппеляция комиссиясининг апелляция шикоятини кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилган қарори юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиш мумкин.

5-боб. Сертификатнинг дубликатини бериш

43. Йўқотилган ёки яроқсиз ҳолга келган сертификатнинг ўрнига ушбу сертификат эгасининг аризасига кўра ўн беш кун ичида унинг дубликати берилиши шарт.

44. Сертификат дубликатида унинг аввалги ҳисобга олиш рақами, белгиланган амал қилиш муддати ҳамда юқори ўнг бурчагига “ДУБЛИКАТ” ёзуви кўрсатилади . Сертификатнинг дубликатини берганлик учун аттестациядан ўтиш ва қўшимча ҳақ тўлаш талаб қилинмайди.

6-боб. Якуний қоидалар

45. Ҳудудий соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ҳузурида ташкил этилган аттестация комиссиялари учун ундирилган тўловлар мазкур органларнинг, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида ташкил этилган аттестация комиссиялари учун ундирилган тўловлар доимий ишчи органнинг ҳисоб рақамига ўтказилади.

46. Ҳудудий соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ҳузурида ташкил этилган аттестация комиссиялари томонидан йиллик жадвал бўйича барча йиғилишлар ўтказилгандан кейин, бироқ кейинги йил январь ойининг ўн бешинчи санасидан кечиктирмасдан ўтказилган аттестация натижалари ҳақида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига ахборот тақдим этади.

Врачлар ва фармацевтларга берилган малака тоифаларининг ҳисоби доимий ишчи орган томонидан, “Олий ҳамширалик иши” мутахассислигига эга бўлган ҳамшираларга берилган малака тоифаларининг ҳисоби Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан юритилади.

Ўрта тиббиёт ва ўрта фармацевтика ходимларига малака тоифаларини беришнинг ҳисоби Ўзбекистан Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан олиб борилади.

Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор шахслар конун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ва Ўзбекистон касаба ующмалари федерацияси кенгаши билан келишилган.

1.jpg