Буйруқ № 319.Очиқ маълумотлар тақдим этилиши ҳисобга олинган ҳолда Интернет тармоғида Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат порталини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРИНИНГ БУЙРУҒИ
2015 йил “12” август № 319
Тошкент ш.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Очиқ маълумотлар тақдим этилиши ҳисобга олинган ҳолда Интернет тармоғида Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат порталини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2015 йил 7 августдаги 232-сонли қарори ижроси ҳақида
Ўзбекистон Республикаси “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ соғлиқни сақлаш органлари ва уларнинг фаолияти тўғрисидаги очиқ ахборотдан фойдаланишни таъминлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Очиқ маълумотлар тақдим этилиши ҳисобга олинган ҳолда Интернет тармоғида Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат порталини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2015 йил 7 августдаги 232-сонли қарори ижросини бажариш мақсадида
БУЮРАМАН:
1. Вазирлар Маҳкамасининг “Очиқ маълумотлар тақдим этилиши ҳисобга олинган ҳолда Интернет тармоғида Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат порталини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2015 йил 7 августдаги 232-сон қарори раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Жисмоний ва юридик шахсларга машинада ўқиладиган форматдаги ахборотдан кўп маротаба, эркин ва бепул фойдаланиш имконини берувчи Интернет тармоғида Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат портали доирасида очиқ маълумотлар порталини ишга туширилганлиги эътиборга олинсин.
3. Вазирликнинг мазкур масалада келгусидаги фаолияти Вазирлар Маҳкамасининг ушбу қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Очиқ маълумотлар портали тўғрисидаги Низомга мувофиқ амалга оширилиши қатъий белгилаб қўйилсин.
4. Вазирликнинг Назорат инспекцияси (А.Содиқов) мазкур қарор асосида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг очиқ маълумотларни шакллантириш, уларни жойлаштириш ва қайта ишлаш регламенти ишлаб чиқилгач, шу асосда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг регламентини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун киритсин.
5. Барча бошқармалар ва бўлим бошлиқлари вазирликнинг расмий веб-сайтида ва Ўзбекистон Республикаси Очиқ маълумотлар порталида мажбурий эълон қилиниши лозим бўлган Очиқ маълумотлар тўпламлари рўйхатини вазирликнинг Назорат инспекциясига ( ravshan.alikhodjaev@minzdrav.uz) 20 кун муддатда киритсин.
“Uzmedinfo” электрон соғлиқни сақлашни ривожлантириш маркази (М.Баймухамедов):
вазирликнинг расмий веб-сайтида ва Ўзбекистон Республикаси Очиқ маълумотлар порталида мажбурий эълон қилиниши лозим бўлган Очиқ маълумотлар тўпламлари рўйхатини белгиланган тартибда кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун 2013-2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш комплекс дастури амалга оширилишини мувофиқлаштириш республика комиссиясига 30 кун муддатда киритилишни таъминласин;
Ўзбекистон Республикаси Очиқ маълумотлар порталида ахборотларни жойлаштириш, уларни янгилаб бориш, порталда мазкур масала юзасидан вазирликнинг расмий веб-сайтини шакллантириш ва ривожлантириш, техник қўллаб-қувватлаб туриш учун масъул орган этиб белгилансин;
Республика комиссияси томонидан Рўйхат тасдиқлангандан кейин бир ой муддатда вазирлик расмий веб-сайтида “Очиқ маълумотлар” бўлими ташкил этилишини ва унда рўйхатга мувофиқ очиқ маълумотлар тўпламлари эълон қилинишини;
вазирлик расмий веб-сайтида ва Ўзбекистон Республикаси Очиқ маълумотлар порталида эълон қилинадиган очиқ маълумотлар тўпламларини ўз вақтида янгиланишини таъминласин.
6. “Uzmedinfo” электрон соғлиқни сақлашни ривожлантириш маркази директори М.Баймухамедов Очиқ маълумотлар тўпламлари Ўзбекистон Республикаси Очиқ маълумотлар порталида эълон қилиниши масалалари бўйича масъул мансабдор шахс деб белгилансин.
7. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бош бошқармалари, бошқармалари, Республика тасарруфидаги даволаш профилактика ва ўқув муассасалари, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари маълумотларни марказга тақдим этишда белгиланган муддатларда, сифатли ва очиқ маълумотлар тақдим этилишига шахсан жавобгар эканликлари тўғрисида огоҳлантирилсин.
8. Вазирнинг биринчи ўринбосари А.Худаяров Ўзбекистон Республикаси Очиқ маълумотлар порталида жойлаштириладиган ахборотнинг ўз вақтида тақдим этилиши ва ишончлилиги учун жавобгарлиги белгилансин.
9. Мазкур буйруқ ижросининг назоратини ўз зиммамда қолдираман.
Вазир А.Алимов