UZ RU

Буйруқ №5.Одамнинг иммунитет танқислиги вирусига тиббий текширувдан ўтказиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг

буйруғи

Одамнинг иммунитет танқислиги вирусига тиббий текширувдан ўтказиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2014 й., 20-сон, 237-модда)

[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2014 йил 15 майда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2584]

Ўзбекистон Республикасининг «Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида»ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 39-сон, 507-модда) мувофиқ буюраман:1. Одамнинг иммунитет танқислиги вирусига тиббий текширувдан ўтказиш қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

  • Одамнинг иммунитет танқислиги вирусига тиббий текширувдан ўтказиш қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.
  • Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
  • Вазир А. АЛИМОВ

    Тошкент ш.,

    2014 йил 15 апрель,

    5-сон

    Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг 2014 йил 15 апрелдаги 5-сонли буйруғига

    ИЛОВА

    Одамнинг иммунитет танқислиги вирусига тиббий текширувдан ўтказиш

    ҚОИДАЛАРИ

    Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг «Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ, шахсларни одамнинг иммунитет танқислиги вирусига (ОИВ) тиббий текширувдан ўтказиш тартибни белгилайди.

    1-боб. Умумий қоидалар

    1. Мазкур Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

      одамнинг иммунитет танқислиги вируси (бундан буён матнда ОИВ деб юритилади) — одамнинг сурункали юқумли иммунитет танқислиги касаллигини қўзғатувчи;

      ОИВ инфекцияси — одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган сурункали юқумли иммунитет танқислиги касаллиги;

      орттирилган иммунитет танқислиги синдроми (бундан буён матнда ОИТС деб юритилади) — одамнинг иммунитет танқислиги вируси одамнинг иммун тизимини шикастлаши натижасида касаллик белгилари келиб чиқадиган ОИВ инфекциясининг сўнгги босқичи.

    2. ОИВга тиббий текширувдан ўтказиш текширувдан ўтаётган шахснинг соғлиғи ҳолатини ўрганиш ва баҳолаш ҳисобланади.
    3. РОИВга тиббий текширувдан ўтказиш қуйидаги мақсадларда ўтказилади:

      ОИВ инфекциясига барвақт ташхис қўйиш;

      ОИВ инфекциясини бошқаларга юқишининг олдини олиш;

      ОИВ инфекциясининг тарқалганлик даражасини ҳамда ОИВга қарши кураш тадбирлари самарадорлигини баҳолаш;

      профилактик ва эпидемияга қарши чора-тадбирларни белгилаш;

      эпидемиянинг ривожланишини прогноз қилиш;

      донорлар қони ва унинг таркибий қисмларининг хавфсизлигини таъминлаш.

    4. Даволаш-профилактика муассасаларининг тиббиёт ходимлари ОИВга тиббий текширувдан ўтаётган шахслар тўғрисидаги маълумотлар махфийлигини таъминлаши шарт.
    5. 2-боб. ОИВга тиббий текширувдан ўтказиш

    6. ОИВга тиббий текширувдан ўтказиш паспорт ёхуд шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжат асосида амалга оширилади.

      Текширувдан ўтаётган шахснинг илтимосига кўра ихтиёрий равишда ОИВга тиббий текширувдан ўтказиш аноним бўлиши мумкин.

    7. ОИВга тиббий текширувдан ўтказиш барча даволаш-профилактика муассасаларида ихтиёрий, мажбурий ёки ғайриихтиёрий тартибда амалга оширилади. .
    8. ОИВга тиббий текширувдан ўтказишда шахс билан қайси тартибда текширув ўтказилишидан қатъи назар, дастлабки ва кейинги маслаҳатлашув амалга оширилади.
    9. Дастлабки ва кейинги маслаҳатлашув ОИВга тиббий текшириш учун шахсдан қон намунасини олишни таклиф этган даволаш-профилактика муассасаси ходими томонидан амалга оширилади.
    10. ОИВга тиббий текширувдан ўтаётган шахсга дастлабки маслаҳатлашувда:

      ОИВ ҳақида зарур маълумотлар берилади;

      шахснинг ОИВни юқтириш хавфи баҳоланади;

      шахсни ОИВга тиббий текширувдан ўтиш учун қарор қабул қилишига кўмаклашилади. .

    11. Кейинги маслаҳатлашувда:

      шахснинг хулқ-атвори билан боғлиқ вазифалар белгилаб олинади;

      шахсни руҳий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш амалга оширилади.

    12. Дастлабки ва кейинги маслаҳатлашув амалга оширилганлиги тўғрисидаги маълумотлар шахсга даволаш-профилактика муассасасида очилган тиббий ҳужжатга ёзиб қўйилади.
    13. Вояга етмаганларни ва муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахсларни ОИВга тиббий текширувдан ўтказиш уларнинг қонуний вакиллари розилиги билан амалга оширилади.
    14. Даволаш-профилактика муассасаси тиббиёт ходимлари ОИВни юқтириб олган шахсни даволашда ҳамда профилактик чора-тадбирларни амалга оширишда шифокор сирини сақлаган ҳолда шахсга нисбатан инсонпарварлик муносабатида бўлиб, унинг ҳуқуқларини поймол қилмасдан зарур тиббий ёрдам кўрсатиши шарт.
    15. Даволаш-профилактика муассасаларида ОИВга тиббий текширувдан ўтаётган шахснинг вена қон томиридан бир марта ишлатиладиган шприц билан 5 мл ҳажмда қон олиниб, қуруқ тоза пробиркага солинади.
    16. Олинган қон намунаси иммунофермент усулида (ИФА) текшириш учун мазкур Қоидаларнинг 1-иловасига мувофиқ шаклдаги йўлланмага асосан 24 соат ичида ОИВ инфекциясига ташхис қўйиш лабораторияларига (бундан буён матнда лаборатория деб юритилади) етказиб берилади. Бунда даволаш-профилактика муассасаси раҳбарининг буйруғи билан ОИВ/ОИТС масалалари бўйича жавобгар шахс ҳамда қон намунасини лабораторияга етказиб бериш учун тиббиёт ходими белгиланади.
    17. Қон намунасини лабораторияга етказиб берувчи тиббиёт ходими уни 4ºС дан 8ºС гача бўлган ҳароратда сақланишини таъминлаб берувчи махсус контейнер (термосумкалар) ёки биксларда жамоат транспорти бўлмаган транспорт воситаларида лабораторияга олиб боради.
    18. Қон намунаси олинган вақтдан бошлаб 24 соат ичида лабораторияларга етказиб берилмаган тақдирда, қон зардоби ажратиб олинади. Бунда қон зардоби 4ºС дан 8ºС гача бўлган ҳароратда сақланган ҳолда 5 кун ичида лабораторияларга етказиб берилиши лозим.
    19. Текширувдан ўтаётган шахсда ОИВ аниқланган тақдирда, у билан кейинги маслаҳатлашув ўтказилади ҳамда у диспансер ҳисобига қўйилади, мазкур шахс ўзга шахсларга ОИВ инфекциясини юқтирганлик учун жиноий жавобгарлик тўғрисида мазкур Қоидаларнинг 2-иловасига мувофиқ шаклда ёзма равишда огоҳлантирилади.
    20. Никоҳланувчи шахслар Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги 365-сонли қарори билан тасдиқланган Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низомга мувофиқ, ОИВга тиббий кўрикдан ўтади.
    21. ОИВга тиббий текширувдан ўтказиш натижалари шифокор сири бўлиб, уни шахс ёки унинг қонуний вакилининг розилигисиз ошкор қилишга йўл қўйилмайди, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
    22. Ихтиёрий равишда ОИВга тиббий текширувдан ўтказиш текширувдан ўтаётган шахснинг хоҳишига кўра, махфийликка риоя этилган ҳолда амалга оширилади.
    23. ОИВнинг юқиш хавфи юқори деб ҳисобланган шахсларга даволаш-профилактика муассасалари тиббиёт ходимлари томонидан ихтиёрий равишда ОИВга тиббий текширувдан ўтиш тавсия этилиши шарт.
    24. Қуйидаги клиник кўрсатмалари мавжуд бўлган шахсларга ихтиёрий равишда ОИВга тиббий текширувдан ўтиш тавсия этилади:

      тана ҳарорати бир ойдан ортиқ вақт давомида меъёридан юқори кўтарилиб турган шахслар;

      бир ойдан ортиқ давом этаётган номаълум этиологияли диарея бўлган шахслар;

      уч ойдан ортиқ давом этаётган лимфоаденопатия бўлган шахслар;

      сурункали ва қайталовчи, даволаниши натижасиз зотилжам бўлган шахслар;

      жинсий аъзоларининг сурункали, бачадон ва бачадон найининг оғир яллиғланиши, эндометрит, аднексит касалликлари мавжуд бўлган шахслар;

      оғиз бўшлиғининг вирусли ёки замбуруғли касалликлари ва тилнинг тукли чақаланиши (лейкоплакия) билан касалланган шахслар;

      иммун тизими бузилган (т-хелперларнинг камайиб кетиши) ва чуқур иммунитет танқислиги ҳолатида бўлган шахслар;

      кўп марта қайталанувчи сурункали касалликлар билан касалланаётган шахслар;

      қон ва бошқа биологик суюқликлар реципиенти бўлган шахслар;

      мазкур Қоидаларнинг 3-иловасидаги рўйхатда назарда тутилган ОИВ инфекциясига хос бўлган оппортунистик касалликлари мавжуд бўлган шахслар.

    25. Аноним равишда ИФА усулида таҳлил ўтказилган ва мусбат натижа аниқланганда, шахснинг қон намуналарини лаборатор таҳлил қилиш тўхтатилади. Бунда шахс билан кейинги маслаҳатлашув ўтказилади ҳамда шахсини тасдиқловчи ҳужжат асосида ихтиёрий равишда ОИВга тиббий текширувдан ўтиш тавсия этилади.
    26. Қуйидагилар мажбурий равишда ОИВга тиббий текширувдан ўтказилиши керак:

      қон, биологик суюқликлар донорлари;

      эллик ёшгача бўлган никоҳланувчи шахслар;

      ҳомиладор аёллар;

      инъекция орқали гиёҳвандлик воситаларини истеъмол этишда гумон қилинаётган шахслар;

      ОИВни юқтириб олган оналардан туғилган болалар;

      ўз фаолиятида қон, биологик суюқликлар, одам органлари ва тўқималари билан ишловчи тиббиёт ходимлари;

      жинсий шеригида ОИВ аниқланган шахслар.

    27. Бунда қон, биологик суюқликлар донорлари — ҳар қон топширишдан олдин, инъекция орқали гиёҳвандлик воситаларини истеъмол этишда гумон қилинаётган шахслар — бир йилда бир марта, ОИВни юқтириб олган оналардан туғилган болалар — полимераза занжирлик реакция усулида 6 ва 12 ҳафталикда, ИФА усулида эса, 18 ойликда ОИВга тиббий текширувдан ўтказилади.
    28. Одамнинг иммунитет танқислиги вирусини юқтириб олган шахслар ишлаши ман этилган касбий фаолият турлари рўйхатида (рўйхат рақами 2581, 2014 йил 7 май) кўрсатилган айрим касбларда ишловчи ходимлар Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 2387, 2012 йил 29 август) мувофиқ ишга кираётганда, дастлабки ва даврий тиббий кўриклардан ўтаётганда, мажбурий равишда ОИВга тиббий текширувдан ўтади.
    29. Текширувдан ўтаётган шахсни ғайриихтиёрий равишда ОИВга тиббий текширувдан ўтказиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда унинг розилигисиз ёки қонуний вакилининг розилигисиз суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг қарорига ёки суд ажримига кўра амалга оширилади.
    30. 3-боб. ОИВ мавжуд эмаслиги тўғрисида сертификат бериш

    31. Текширувдан ўтаётган шахснинг илтимосига кўра ОИВ мавжуд эмаслиги тўғрисида мазкур Қоидаларнинг 4-иловасига мувофиқ шаклда сертификат берилиши мумкин.
    32. ОИВ мавжуд эмаслиги тўғрисида сертификат бериш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, фақат ОИТСга қарши курашиш марказларида ҳақ эвазига амалга оширилади. Бошқа тиббий муассасалар томонидан берилган ОИВ мавжуд эмаслиги тўғрисида сертификат ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.
    33. Сертификат давлат ва инглиз тилларида тўлдирилади ҳамда маслаҳатлашув ўтказган шифокор ва сертификат бераётган ОИТСга қарши курашиш маркази раҳбари томонидан имзоланиб, марказнинг муҳри билан тасдиқланади.
    34. Сертификатнинг амал қилиш муддати — уч ой.
    35. Ушбу Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Савдо саноат палатаси билан келишилган.

    Савдо-саноат палатаси раиси А. ШАЙХОВ

    2014 йил 15 апрель

    Одамнинг иммунитет танқислиги вирусига тиббий текширувдан ўтказиш қоидаларига

    1-ИЛОВА

    Қон намуналарининг ИФА усулида ОИВга текшириш учун

    ЙЎЛЛАНМА

    ____________________ ____________________ ____________________
    (Даволаш-профилактика муассасаси) (бўлим ёки бўлинма) (юборилган сана)
    Т/р Қон намунасини лабораторияда рўйхатга олинган сони Ф.И.О., паспорт серияси ва рақами Жинси Туғилган йили ва санаси Яшаш манзили Иш жойи Код Ташхис Қон олинган сана Текширув натижаси Имзо












    Қон намунасини олган тиббиёт ходими _____________________ _____________
    (Ф.И.О.) (имзо)

    Қон намунасини етказиб бериш бўйича масъул тиббиёт ходими ___________________________ _____________
    (Ф.И.О.) (имзо)
    _____________
    (етказиб берилган сана)

    Одамнинг иммунитет танқислиги вирусига тиббий текширувдан ўтказиш қоидаларига

    2-ИЛОВА

    Шахсни ўзга шахсларга ОИВ инфекциясини юқтирганлик учун жиноий жавобгарлик тўғрисида огоҳлантириш

    ВАРАҚАСИ

    Мен ____________________________________________________ йилда туғилганман.

    Яшаш жойим ____________________________________________________________

    Менга кейинги маслаҳатлашув ўтказишда қуйидаги маълумотлар берилди:

    1. ОИВ инфекцияси тўғрисида.
    2. ОИВ билан зарарланганлигим тўғрисида;
    3. Қуйидаги йўллар орқали касаллик ОИВни бошқа шахсга юқтиришим мумкинлиги ҳақида: жинсий алоқа йўли билан; донор сифатида қон ва биологик суюқликларни топширганда; гиёҳвандлик воситаларини игна орқали томир ичига ва мушак орасига қабул қилишда умумий шприц ва игналардан фойдаланганда; бошқа шахслар билан биргаликда соқол олишда лезвиядан, тери ва шиллиқ қаватларнинг бутунлигини бузадиган муолажаларда, тешадиган ва кесадиган асбоб-анжомлардан умумий фойдаланганда; маиший ҳаётда алоҳида шахсий гигиена буюмлари: соқол олиш асбоблари, тароқ, маникюр-педикюр анжомлари, ҳуқна (клизма) учун ишлатиладиган асбоблар, аёллар жинсий аъзоларини ювиш учун махсус асбоблар бўлиш кераклиги ва фақат ўзимнинг шприцимдан фойдаланиш ва бошқаларни.
    4. Жинсий алоқа вақтида ҳимоя воситасидан фойдаланишим кераклиги тўғрисида.
    5. Менга: яшаш жойимдаги даволаш-профилактика муассасаси юқумли касалликлар шифокори ёки умумий амалиёт шифокори ёхуд ОИТСга қарши кураш марказида диспансер ҳисобида туришим кераклиги; доимий равишда диспансер кўригидан ўтишим, тиббий муолажаларни ҳудудий даволаш-профилактика муассасаси юқумли касалликлар шифокори ёки ОИТСга қарши кураш маркази мутахассисларидан олишим кераклиги; кутилмаган ҳолларда тез ёрдамга зарурат туғилганда даволаш-профилактика муассасаси тиббиёт ходимига ОИВ билан зарарланганлигим тўғрисида маълум қилишим кераклиги.
    6. Жинсий (ёки гиёҳванд) шерикларимни мажбурий равишда ОИВга текширувдан ўтишларини талаб этишим ва текширув натижасини сир сақлашим тушунтирилди.
    7. Ўзбекистон Республикасининг «Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни билан танишдим ва ОИВ статусимни била туриб, бошқа шахсни ОИВ касаллигини юқтириш хавфи остида қолдирсам ёки унга ОИВ касаллигини юқтирсам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 113-моддасига асосан, жиноий жавобгарликка тортилишим мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирилдим.
    ОИВни юқтириб олган шахс ________________________ _________ _________
    (Ф.И.О.) (имзо) (сана)
    Кейинги маслаҳатлашувни ўтказган шифокорнинг имзоси _____________________ _________ _________
    (Ф.И.О.) (имзо) (сана)

    Одамнинг иммунитет танқислиги вирусига тиббий текширувдан ўтказиш қоидаларига

    3-ИЛОВА

    ОИВ инфекциясига хос бўлган оппортунистик касалликлар

    РЎЙХАТИ

    Кандидозлар (кекирдак, қизилўнгач, бронх ва ўпка соҳаси)

    Бачадон бўйни инвазив саратони

    Ўпка ва ўпкадан ташқари сил

    Тарқоқ гистоплазмоз

    Пневмоцистли зотилжам

    Кокцидомикоз (ўпкадан ташқари ёки тарқоқ)

    Ўпкадан ташқари криптококкоз (европача бластомикоз)

    Сурункали ичак криптоспоридиози

    Цитомегаловирусли ретинит

    Жигар, талоқ, лимфа тугунларидан ташқари цитомегаловирусли инфекция

    Оддий герпес (учуқ), сурункали яралар 1 ой давомида, эзофагит, бронхит, зотилжам

    Сурункали ичак изоспориози

    Капоши саркомаси

    Бацилляр ангиоматоз

    Тери микобактериози

    Иммунобласт саркома

    Беркит лимфомаси

    Бирламчи мия лимфомаси

    18 ёшгача бўлган болаларда интерстициал лимфоид зотилжам ёки ўпканинг лимфоидли гиперплазияси

    Кучайиб борувчи, кўп ўчоқли лейкоэнцефалопатия

    Мия токсоплазмози

    Салмонеллали септицемия

    Хориоретинит, эндокардит, миокардит, номаълум этиологияли перикардит

    Онихомикозлар

    Нафас йўлларининг қайталанувчи инфекциялари (6 ой ичида 2 ва ундан ортиқ ҳолатда синусит, бронхит, ўрта қулоқ яллиғланиши)

    Одамнинг иммунитет танқислиги вирусига тиббий текширувдан ўтказиш қоидаларига

    4-ИЛОВА

    ОИВ мавжуд эмаслиги тўғрисида сертификат

    шакли

    lex.uz