Буйруқ №51 мҳ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг буйруғи
Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг юридик хизмати ходимлари томонидан бажарилган ишлар тўғрисида адлия органларига ҳисобот тақдим этиш тартиби
ҳақидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2014 й., 9-сон, 101-модда)
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2014 йил 28 февралда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2563]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 августдаги ПҚ–1602-сонли «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 29-сон, 329-модда) ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 24 августдаги 182-сонли «Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари фаолиятини ҳуқуқий таъминлаш даражасини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 35-36-сон, 355-модда) асосан буюраман:
1. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг юридик хизмати ходимлари томонидан бажарилган ишлар тўғрисида адлия органларига ҳисобот тақдим этиш тартиби ҳақидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ давлат рўйхатидан ўтказилсин ва бу ҳақда Идоравий меъёрий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш бошқармаси (Б. Болиев) Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идоралари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг давлат реестрига тегишли ёзув киритсин.
3. Ташкилий-назорат ва таҳлил бошқармаси (М. Ишбеков) ҳамда Қонун ҳужжатларини туркумлаш ва ҳуқуқий ахборот бошқармаси (С. Нуриев) ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатни барча манфаатдор шахсларга етказилиши ва «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами» — «Собрание законодательства Республики Узбекистан»да нашр этилишини таъминласин.
4. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
5. Мазкур буйруқ ижросини назорат қилиш вазирнинг биринчи ўринбосари М. Икрамов зиммасига юклансин.
Вазир Н. ЙЎЛДОШЕВ
2014 йил ”28” феврал | 51-мҳ-сон |
Тошкент ш. |
Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2014 йил 28 февралдаги
51-мҳ-сонли буйруғига ИЛОВА |
Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг юридик хизмати ходимлари томонидан бажарилган ишлар тўғрисида адлия органларига ҳисобот тақдим этиш тартиби ҳақида
НИЗОМ
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 августдаги ПҚ–1602-сонли «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 29-сон, 329-модда) ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 24 августдаги 182-сонли «Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари фаолиятини ҳуқуқий таъминлаш даражасини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 35-36-сон, 355-модда) мувофиқ, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг (бундан буён матнда ҳокимлик деб юритилади) юридик хизмати ходимлари томонидан бажарилган ишлар тўғрисида адлия органларига ҳисобот тақдим этиш тартиби, шунингдек ҳисобот шаклини белгилайди.
I боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низомда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари деганда вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, шунингдек туман ва шаҳар ҳокимликлари тушунилади.
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 24 августдаги 182-сонли қарори билан тасдиқланган Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг юридик хизмати тўғрисидаги низомнинг 5-бандига мувофиқ, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари юридик хизмати ходимлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари юридик хизмати ходимлари Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларига ҳисоб берадилар.
II боб. Ҳисобот тақдим этиш
3. Ҳокимликларнинг юридик хизмати ходимлари томонидан бажарилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботлар мазкур Низомнинг иловасида келтирилган шаклдаги жадвалга мувофиқ тақдим этилади.
4. Ҳисобот бевосита тегишли юридик хизмат ходими томонидан тўлдирилади ва имзоланади. Юридик хизмат бўлинма (департамент, бошқарма ёки бўлим) тарзида ташкил этилган бўлса, ундаги юридик хизмат ходимларининг ҳар бири ўзи томонидан бажарилган ишлар бўйича ҳисобот тузади.
Агар юридик хизмат ходими ҳисобот чорагининг охирги ойида лавозимга тайинланган бўлса, у томонидан бажарилган ишлар бўйича маълумотлар кейинги чорак якуни бўйича тақдим этиладиган ҳисоботга қўшиб берилади.
5. Ҳисобот ҳар чорак якунлангандан сўнг, кейинги ойнинг 5-санасига қадар ўсиб борувчи тартибда қоғоз ва электрон шаклда кузатув хатига илова қилинган ҳолда тақдим қилинади.
6. Тақдим қилинган ҳисоботларнинг ҳаққонийлигини текшириш мақсадида адлия органлари томонидан уларда кўрсатилган маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатлар талаб қилиб олиниши мумкин.
III боб. Якуний қоидалар
7. Адлия органлари тегишли равишда ҳисоботларни умумлаштиради, таҳлил қилади, зарур ҳолларда, чора-тадбирлар белгилайди.
8. Ҳисоботларнинг тўғрилиги ва тўлиқлиги учун жавобгарлик юридик хизмат бошлиғи ва тегишли юридик хизмат ходимига, уларнинг адлия органларига белгиланган муддатларда тақдим қилиниши учун жавобгарлик эса, тегишли ҳокимга юклатилади.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг юридик хизмати ходимлари томонидан
бажарилган ишлар тўғрисида адлия органларига ҳисобот тақдим этиш тартиби ҳақидаги низомга ИЛОВА |
Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг юридик хизмати ходимлари томонидан бажарилган ишлар тўғрисида адлия органларига тақдим этиладиган
СТАТИСТИК ҲИСОБОТ ШАКЛИ
01.01.- «___» ________________ 20___ йил ҳолатига (ҳисобот даври)
(чораклик, йиллик)
Изоҳ: ҳисоботдаги кўрсаткичлар ўсиб борувчи тартибда тўлдирилади.