UZ RU

Импорт қилинадиган истеъмол товарларининг айрим турларини маркировка қилиш ва божхонада расмийлаштириш тартибини такомиллаштириш тўғрисида

Герб Республики Узбекистан

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
ҚАРОРИ

Импорт қилинадиган истеъмол товарларининг айрим турларини маркировка қилиш ва божхонада расмийлаштириш тартибини такомиллаштириш тўғрисида

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2014 й., 6-сон, 67-модда)

”5” февраля 2014 года № 22
г. Ташкент

«Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини янада ошириш ва товарларни республикага ноқонуний олиб киришга қарши курашни кучайтириш тўғрисида» 2013 йил 29 январдаги ПҚ-1913-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан давлат тилида маркировка қилиниши шарт бўлган импорт қилинадиган истеъмол товарларининг айрим турларини маркировка қилиш ва божхонада расмийлаштириш қоидалари 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Белгилаб қўйилсинки, истеъмол упаковкасига (идишига) эга бўлган дори-дармонларни (ТИФ ТН бўйича коди 3004) импорт қилиш давлат тилида мажбурий маркировка қилинган ҳолда амалга оширилади.

Импорт қилинадиган дори-дармонларни маркировка қилиш истеъмол упаковкасига (идишига) истеъмолчи учун давлат тилидаги ахборотни қистирма варақа шаклида жойлаштириш йўли билан, упаковкасида қўшимча маркировкасиз амалга оширилади. Ишлаб чиқарувчи корхона томонидан қўйиладиган давлат тилидаги маркировкаси мавжуд бўлмаган тақдирда импорт қилинаётган дори-дармонларни улар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилгандан кейин, божхона омборида сақлаш вақтида, гуруҳли упаковкага давлат тилидаги қистирмаларнинг тегишли бирликларини жойлаштириш йўли билан маркировка қилишга йўл қўйилади.

Дори-дармонлар маркировкасининг давлат тилидаги матни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Дори-дармонлар ва тиббий техника сифатини назорат қилиш бош бошқармаси томонидан тасдиқланади.

3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасига истеъмол товарлари олиб киришни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2013 йил 13 майдаги 127-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2013 й., 5-сон, 29-модда) 2-иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси Адлия вазирлиги ҳамда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.

Тошкент ш.,
2014 йил 5 февраль,
22-сон
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил
5 февралдаги 22-сон қарорига
1-ИЛОВА

Ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан давлат тилида маркировка қилиниши шарт бўлган импорт қилинадиган истеъмол товарларининг айрим турларини маркировка қилиш ва божхонада расмийлаштириш
ҚОИДАЛАРИ

I. Умумий қоидалар

1. Ушбу Қоидалар «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини янада ошириш ва товарларни республикага ноқонуний олиб киришга қарши курашни кучайтириш тўғрисида» 2013 йил 29 январдаги ПҚ-1913-сон қарорига мувофиқ ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан давлат тилида маркировка қилиниши шарт бўлган импорт қилинадиган истеъмол товарларининг айрим турларини маркировка қилиш ва божхонада расмийлаштириш шартларини белгилайди.

2. Ушбу Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

бирка — оғирлигини, бориш жойини, тайёрланишини, таркибини, эгасини ёки бошқа маълумотларни белгилаш учун товарни ишлаб чиқариш вақтида қўйиладиган ёзув ёзилган (қоғоз, ёғоч, картон, чарм, металл ва бошқалардан тайёрланган) пластинка;

лейбл — ишлаб чиқарувчи завод томонидан ип ёки тасма ёрдамида товарга маҳкамланадиган, ёзув ёзилган ёрлиқ;

маркировка — импорт қилинадиган товарнинг истеъмол упаковкасидаги ва (ёки) идишдаги матн, расмлар ёки маълумот берувчи белгилар;

стикер — этикетка ёки упаковкага кирмаган қўшимча маълумотларни жойлаштириш учун хизмат қиладиган махсус елим қатламли этикетка;

идиш — ўзида маҳсулотни жойлаштириш учун буюмни ифодалайдиган упа ковканинг асосий элементи; продукции;

транспорт идиши — мустақил транспорт бирлигини ҳосил қилувчи идиш;

упаковка — маҳсулотни шикастланиш ва нобудгарчиликдан, атроф муҳитни ифлосланишдан ҳимоя қилишни таъминлайдиган восита ёки воситалар мажмуи, шунингдек маҳсулотнинг айланиш жараёни;

истеъмол упаковкаси — транспорт идиши функциясини бажармайдиган, истеъмолчига маҳсулот билан биргаликда тушган идиш;

этикетка — товарни ишлаб чиқаришда ишлаб чиқарувчи корхонанинг савдо маркаси, номи, ишлаб чиқарилган санаси, яроқлилик муддати ва (ёки) товар тўғрисидаги бошқа маълумотлар кўрсатилган ҳолда унга ёпиштирилган чизмали ва матнли белги;

формуляр, паспорт — товар тўғрисидаги маълумотлар ёзиладиган варақ (дафтар).

II. Давлат тилида маркировка қилиниши мажбурий бўлган истеъмол товарларини маркировка қилиш шартлари

3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасига истеъмол товарлари олиб киришни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2013 йил 13 майдаги 127-сон қарорига 1-иловага киритилган ҳамда товарнинг бир қисми бўлган ва унинг қийматга кирувчи истеъмол упаковкасида бевосита чакана савдога тушадиган товарлар ишлаб чиқарувчи корхона томонидан давлат тилида маркировка қилиниши шарт. Истеъмолда бўлган товарларни маркировка қилиш ушбу Қоидаларга мувофиқ умумий асосларда амалга оширилади.

4. Қуйидагилар:

юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан хорижий юридик ва жисмоний шахслар томонидан ўз эҳтиёжлари учун олиб кирилаётган ва ишлаб чиқариш ёки бошқа тижорат фаолияти учун мўлжалланмаган товарлар;

хорижий давлатларнинг Ўзбекистон Республикасидаги дипломатик ва консуллик ваколатхоналари, халқаро ва ҳукуматлараро ташкилотлар, хорижий давлатларнинг ушбу ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналари ва бошқа халқаро ташкилотлар томонидан расмий тарзда (хизмат доирасида) фойдаланиш учун, шунингдек уларнинг ходимлари учун олиб кириладиган товарлар;

кўргазма намуналари, синаш, татбиқ этиш ва маркетинг учун намуналар сифатидаги товарлар ишлаб чиқарувчи корхона томонидан давлат тилида мажбурий маркировка қилинмайди.

5. Давлат тилидаги маркировканинг маҳсулотга стандартлаштириш бўйича норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги сертификатлаштириш бўйича аккредитация қилинган органлар томонидан амалга оширилади.

6. Давлат тилидаги маркировка ушбу Қоидаларга илова талабларига мувофиқ истеъмолчи учун тўлиқ ва ишончли бўлиши керак.

7. Товарнинг асосий истеъмол хусусиятлари ва тавсифи, шунингдек ишлаб чиқарувчи корхонанинг маркировкасидаги бошқа маълумотлар ушбу Қоидаларга иловага* мувофиқ маркировкада давлат тилида кўрсатилиши керак.

8. Қуйидагиларга:

давлат тилидаги маркировкага ишлаб чиқарувчи корхонанинг бошқа тиллардаги маркировкасида мавжуд бўлмаган қўшимча маълумотлар киритилишига;

давлат тилидаги маркировкада баён қилинган маълумотларнинг бошқа тиллардаги ишлаб чиқарувчи корхонанинг маркировкасига мувофиқлигини таҳлил қилиш имконини бермайдиган ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан қўйилган маркировка юзасига товарнинг упаковкасига стикерни елимлаш усули билан товарни давлат тилида маркировка қилишга йўл қўйилмайди.

9. Ишлаб чиқарувчи корхона томонидан давлат тилида маркировка қилиниши шарт бўлган импорт қилинадиган истеъмол товарларининг айрим турларини маркировка қилиш ушбу Қоидаларга иловага мувофиқ амалга оширилади.

III. Давлат тилида мажбурий маркировка қилинадиган истеъмол товарларини божхонада расмийлаштириш хусусиятлари

10. Импорт қилувчи давлат тилида маркировка қилиниши шарт бўлган товар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилгунга қадар импорт қилиш юзасидан ўзи тузадиган контракт шартларида товарни давлат тилида маркировка қилиш талабини назарда тутиши керак.

11. Товарни «эркин муомала (импорт) учун чиқариш» божхона режимида расмийлаштириш уни товардаги маркировка билан танлаб солиштиргандан кейин божхона органлари ходимлари томонидан амалга оширилади.

12. Давлат тилида маркировка қилиниши шарт бўлган олиб кирилган товарлар давлат тилида маркировка қилинмаган шаклда «эркин муомала (импорт) учун чиқариш» божхона режимида божхонада расмийлаштирилишига йўл қўйилмайди.

13. Эркин индустриал (иқтисодий) зонага олиб кириладиган товарлар «эркин муомала (импорт) учун чиқариш» божхона режимида расмийлаштирилган ҳолларда давлат тилида маркировка қилинади.

IV. Якунловчи қоидалар

14. Товарнинг давлат тилидаги маркировкаси матнининг тўлиқлиги ва тўғрилиги учун импорт қилувчи ва сертификатлаштириш бўйича аккредитация қилинган органлар жавоб беради.

15. Божхона органлари томонидан ушбу Қоидаларга иловада кўрсатилмаган давлат тилидаги маркировкадаги маълумотлар талаб қилинишига йўл қўйилмайди.

16. Ушбу Қоидалар талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил
5 февралдаги 22-сон қарорига в
2-ИЛОВА

Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасига истеъмол товарлари олиб киришни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2013 йил 13 майдаги 127-сон қарорига киритилаётган ўзгартиришлар ва қўшимча

1. 5-бандда:

тўққизинчи хатбошидаги «Товар маркировкаси (этикетка, бирка, лейбл)да» сўзлари «Истеъмол упаковкаси (идиши) (этикетка, бирка, лейбл)да» сўзлари билан алмаштирилсин;

қуйидаги мазмундаги хат боши қўшилсин:

«Маркировка қилинадиган товарларнинг айрим турлари тўғрисидаги ахборотнинг мазмуни Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади».

2. 1-иловада:

17-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;

изоҳ чиқариб ташлансин.