UZ RU

Буйруқ №7 Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2012 йил 28 мартдаги 80-сонли буйруғига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида

Герб Республики Узбекистан

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРЛИГИ

БУЙРУҚ

«7» январ 2014 г. № 7
Тошкент

“Ўзбекистон Республикаси
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг
2012 йил 28 мартдаги 80-сонли буйруғига
ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида

ОИВ инфекцияси аниқланганда эпидемиологик суриштирувни ўтказиш, таҳлил қилиш ва касалликни шифохона ичи инфекцияси сифатида тарқалишини олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш мақсадида:

БУЮРАМАН:

  1. ОИВ инфекцияси аниқланган ҳолатларда эпидемиологик суриштирувни олиб бориш тартибининг янги таҳрири 1-иловага;
    ОИВ инфекциясини шифохона ичи шароитида юқганлигига гумон қилинган (ёки тасдиқланган) ҳолатларда беморга тиббий ёрдам кўрсатилган тиббиёт муассаси раҳбарига юбориладиган билдиришнома намунасининг шакли 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
  2. Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири, вилоятлар Соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш Бош бошқармаси бошлиқлари, вазирлик тизимидаги даволаш- профилактика муассасалари, ихтисослашган илмий-амалий тиббиёт марказлари, илмий текшириш институтлари, олий ва ўрта махсус тиббиёт ўқув юртлари раҳбарларига:
    ОИВ инфекциясининг шифохона ичи шароитида тарқалиши бўйича аниқланган ҳар бир ҳолат фавқулодда ҳолат деб баҳоланиб, камчиликларга йўл қўйган раҳбар ва масъул ходимларга нисбатан, ўрнатилган тартибда, қатъий чоралар кўрилиши таъминлансин.
  3. Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири, вилоятлар Соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш Бош бошқармаси бошлиқларига:
    эпидемиологик суриштирув ишларини ўтказиш бўйича мутахассисларнинг хизмат сафари харажатларини қоплаш учун ҳудудий ОИТСга қарши курашиш марказларига қўшимча маблағ ажратилиши масаласини, қонунчиликда белгиланган тартибда, ҳал этсинлар.
  4. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекциясини олдини олиш чора-тадбирлари ва тиббий ёрдамни ташкил этишни янада такомиллаштириш тўғрисида” 2012 йил 28 мартдаги 80-сонли буйруғининг 1-иловаси билан тасдиқланган “ОИВ инфекциясини этиологияси, эпидемиологияси, патогенези, диагностикаси” услубий қўлланмасининг “ОИВ инфекцияси аниқланган ҳолатларда эпидемиологик суриштирувни олиб бориш” тартиби ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
  5. Мазкур буйруқ ижросини  назорати  вазирнинг биринчи ўринбосари А.А.Худаяров ва вазир ўринбосари, Республика Бош Давлат санитария врачи С.С.Саидалиев зиммаларига юклатилсин.
ВазирА.В.Алимов

 

Киритилди:
СЭНББ бошлиғи К.К.Мухамедов
   
Келишилди:
Вазирнинг биринчи ўринбосари А.А.Худаяров
Вазир ўринбосари С.С.Саидалиев
ИМ ва ИАББ бошлиғи Б.А.Хошимов
ДПЁТББ бошлиғи Д.Б.Миразимов
ФЎЮББ бошлиғи Ў.С.Исмаилов
Назорат инспекцияси бошлиғи А.А.Садиков
Бош юрисконсульт Р.И.Мухаммадиев
Ўзбекистон Республикаси
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг
2014 йил «7» январдаги
7 - сонли буйруғига
1-илова

ОИВ ИНФЕКЦИЯСИ АНИҚЛАНГАН ҲОЛАТЛАРДА ЭПИДЕМИОЛОГИК СУРИШТИРУВ ОЛИБ БОРИШ ТАРТИБИ

1. ОИВ инфекцияси аниқланган ҳолатларда “Хабарнома” бериш

Иммуноблот (ИБ) усулида таҳлил ўтказган ОИТСга қарши курашиш марказининг лаборатория мажмуаси, иммуноблот натижали намуналар тўғрисидаги расмий ҳужжат - баённомани электрон нусхада ва имзолар билан тасдиқланган ҳужжат ҳолатида марказнинг эпидемиологик мониторинг бўлими ва поликлиника бўлимига тақдим этади. Расмий ҳужжат, икки нафар врач ва лаборатория текширувида қатнашган лаборантнинг имзоси билан тасдиқланган бўлиши лозим.

Иммуноблот усулида таҳлил ўтказган ОИТСга қарши курашиш марказининг лаборатория мажмуаси текширув натижаси қандай бўлишидан қатъий назар (мусбат, гумон, манфий) масъул врач имзоси билан тасдиқланган расмий ҳужжатни ҳудудий ОИТСга қарши курашиш марказларига электрон почта орқали юборади ёки “қўлдан - қўлга” усули орқали етказилишини таъминлайди.

Лаборатория текшируви натижасида “ИБ гумон” натижа олинган шахс тўғрисидаги маълумот ОИТСга қарши курашиш маркази диспансер бўлимига берилади. Диспансер бўлими “ИБ гумон” шахс тўғрисидаги маълумотни шахснинг яшаш жойи бўйича бирламчи бўғин тиббиёт муассасининг масъул шифокорига юборади ва текширувнинг якуний натижаси олингунга қадар ОИВ инфекцияли шахс ушбу шифокор томонидан назоратга олинади.

Иммуноблот усулида текширув натижасида мусбат натижа олинганда, лаборатория таҳлилини ўтказган ОИТСга қарши курашиш марказининг Эпидемиологик мониторинг бўлими ОИВ инфекцияси тасдиқланган шахс ҳақида беморнинг яшаш манзилида жойлашган ОИТСга қарши курашиш марказига, тестдан кейинги маслаҳат бериш, уни диспансер назоратига олиш ва касаллик ўчоғида профилактик чора-тадбирлар ўтказишни ташкил қилишни сўраб, хабарнома юборади.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ОИТСга қарши курашиш марказларининг бош врачи ОИВ инфекцияли шахс тўғрисида олинган хабарномани марказнинг Эпидемиологик мониторинг бўлимига, эпидемиологик суриштирув ишларини ўтказиш учун йўллайди. Эпидемиологик мониторинг бўлими ўз навбатида ушбу хабарноманинг нусхасини марказнинг поликлиника бўлимига беморни диспансер назоратига олиш ва унга зарур бўлган тиббий ёрдамни ташкиллаштириш учун тақдим этади. ОИТСга қарши курашиш марказларининг поликлиника бўлимлари ОИВ аниқланган шахсни яшаш жойида диспансер назоратига олишни сўраб туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларига хабарнома юборади.

Лаборатория мажмуасидан иммуноблот усулидаги текширув натижаси тўғрисида расмий ҳужжат - баённомани олган Эпидемиологик мониторинг бўлими эпидемиологик суриштирув ишларини ўтказади. Марказнинг Поликлиника бўлими эса беморни яшаш жойи бўйича масъул шифокор томонидан диспансер назоратига олишни сўраб туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмасига хабарнома юборади.

ОИВ аниқланганлиги тўғрисидаги хабарномани олган ОИТСга қарши курашиш марказлари ва бошқа тиббиёт муассасаларининг раҳбар ва масъул тиббий ходимлари профилактик тадбирларни ҳамда тиббий ёрдамни ташкил қилиш ва ўтказишда конфиденциалликни таъминлашлари шарт. ОИВни юқтириб олган шахсни рўйҳатга ва диспансер назоратига олиш, даволаш ҳамда профилактик чора-тадбирларни амалга оширишда врачлик сирини сақлаган ҳолда, ОИВ аниқланган шахсга инсонпарварларча муносабатда бўлиб, унинг ҳуқуқларини поймол қилмасдан олиб борилади.

Мудофаа ва Ички ишлар вазирликлари, Миллий хавфсизлик хизмати тасарруфидаги муассасаларга тааллуқли шахсларда ОИВ инфекцияси аниқланганлиги ҳақида хабарнома мазкур идоралар санитария-эпидемиология назорати хизматига юборилади. Бу идораларда тестдан кейинги маслаҳат ўтказиш, эпидемияга қарши тадбирларни ташкиллаштириш ҳамда ўтказиш қоидалари ушбу ташкилотларнинг ички меъёрий-хуқуқий ҳужжатлари билан белгиланади ва амалга оширилади.

Ҳудудий ОИТСга қарши курашиш марказининг Эпидемиологик мониторинг бўлими, ҳар ой якуни бўйича, ОИВ инфекцияси ташҳиси тасдиқланган шахслар тўғрисидаги статистик маълумотни (туман, шаҳар кесимида) Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бошқармаларига тақдим этади.

ИБ таҳлили ҳудудий ОИТСга қарши курашиш маркази томонидан ўтказилган бўлса, ушбу марказнинг лаборатория мажмуаси ОИВ аниқланган шахслар тўғрисидаги расмий ҳужжат – баённомани, ҳар бир иммуноблот таҳлили ўтказилгандан сўнг, электрон почта ёки факс орқали Республика ОИТСга қарши кураш марказининг Эпидемиологик мониторинг бўлими ва лаборатория мажмуасига жўнатади. Республика ОИТСга қарши курашиш марказининг Эпидемиологик мониторинг бўлими баённомани рўйҳатдан ўтказиб, ОИВ аниқланган шахслар тўғрисидаги маълумотларни электрон базага киритади ва уларга электрон тартиб рақами қўйилади. Ҳар бир ОИВ аниқланган шахсга электрон тартиб рақами қўйилган баённома Эпидемиологик мониторинг бўлими томонидан ИБ таҳлилини ўтказган ҳудудий ОИТСга қарши кураш марказига қайта юборилади.

2.ОИВ инфекцияси аниқланган ҳолатларда эпидемиологик суриштирув ўтказиш

Эпидемиологик суриштирув шахсда ОИВ мавжудлиги иммуноблот усулида тасдиқланганлиги тўғрисида хабарнома олингандан сўнг бошланади. Эпидемиологик суриштирув ўтказишдан асосий мақсад - касаллик манбаи ва юқиш йўли (жинсий, маиший ва тиббий мулоқотда бўлганлар)ни аниқлаш, эпидемик вазиятга баҳо бериш, касалликнинг тарқалиб кетишини олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни белгилаш.

ОИВ инфекцияси аниқланган ҳолатларда эпидемиологик суриштирувни олиб бориш ОИТСга қарши кураш марказлари эпидемиологлари зиммасига юклатилади. Эпидемиологик суриштирув ишларини ўтказиш жараёнида конфиденциалликка риоя қилинади - ОИВ билан зарарланган шахс ва унинг ташҳиси ҳақидаги маълумотлар сир сақланади. Эпидемиологик суриштирув давомида ССВнинг 2012 йил 28 мартдаги 80-сонли буйруғи билан тасдиқланган 2-шаклига мувофиқ “ОИВ инфекцияси бўйича эпидемиологик суриштирув ўтказилишини рўйхатга олиш картаси” тўлдирилади ва унга суриштирув ўтказган мутахассис имзо қўяди. Эпидемиологик суриштирувни ўтказган мутахассис эпидемиологик суриштирув картасини тасдиқланган шакл бўйича ва электрон кўринишда тўлдиради. Ҳар бир ҳолат бўйича ўтказилган эпидемиологик суриштирув хулосалари ахборот шаклида умумлаштирилиб, бош врач имзоси билан тасдиқланади ва ҳар ойнинг якуни бўйича, кейинги ойнинг 10- санасигача (маълумот тарзида ва эпидемиологик суриштирув картасининг электрон шаклида) Республика ОИТСга қарши кураш марказига тақдим этилади.

Эпидемиологик суруштирув ишлари тезкорлик билан амалга оширилиши лозим. Эпидемиологик суриштирув, хабарнома олинган кундан бошлаб бир ойдан ортиқ муддатга чўзиладиган бўлса, у ҳолда эпидемиологик суриштирув ўтказаётган мутахассис ОИТСга қарши курашиш маркази бош врачига эпидемиологик суриштирувнинг чўзилиши сабабларини аниқ кўрсатиб билдиришнома киритади ва эпидемиологик суриштириш муддатини чўзиш учун рухсат сўрайди. Эпидемиологик суриштирувнинг чўзилиши сабаблари ҳар ой якунида таҳлил қилиниб, ҳудудий ОИТСга қарши курашиш марказлари томонидан Республика ОИТСга қарши курашиш марказига кейинги ойнинг 10-санасигача ёзма ахборот тақдим этиб борилади.

Эпидемиологик суриштирув жараёнида шахсга ОИВ инфекцияси шифохона шароитида юқганлигига гумон қилинса, беморнинг касаллик тарихи, муолажаларни рўйҳатга олиш журнали, кирим-чиқим журналлари, лаборатория таҳлилларини рўйҳатга олиш дафтари ва бошқа ҳужжатлар ўрганилади.

Хар бир ДПМ раҳбари эпидемиологик суриштириш ишларини сифатли ва тўлиқ ўтказилишида суриштирув ўтказаётган мутахассисга амалий ёрдам бериш ва талаб қилинган барча ҳужжатларни ўз вақтида тақдим этиши лозим.

Эпидемиологик суриштирув ўтказиш жараёнида зарур бўлган ҳужжатларни тақдим этиш имкони бўлмаган ҳолатларда, ДПМ раҳбари бу ҳолатнинг сабабларини кўрсатиб ёзма билдиришнома беради.

Ҳужжатлар архивга топширилган бўлса, ушбу ҳужжатларнинг архивдан вақтинча қайтариб олиб берилишини таъминлайди.

3.ОИВ инфекциясини шифохона ичи шароитида юқганлигига гумон қилинган ҳолатларда эпидемиологик суриштирув ўтказиш

Беморга ОИВ инфекцияси шифохона ичи шароитида юқтирилганлигига гумон қилинса, ОИТСга қарши курашиш маркази мутахассиси беморга тиббий ёрдам кўрсатган муассасаларга чиқиб, касаллик юқиши мумкин бўлган ҳолатлар ва беморга тегишли барча ҳужжатларни ретроспектив равишда ўрганади. Эпидемиологик суриштирувда беморнинг касаллик тарихи, ўша даврда ўтказилган муолажаларни рўйҳатга олиш журнали, лаборатория таҳлилларини рўйҳатга олиш дафтари ва бошқа зарур бўлган тиббий ҳужжатлар ўрганиб чиқилади.

Ҳужжатларни ўрганиб чиқиш натижасида бемор даволанган даврда шифохонада санитария - эпидемияга қарши қоидаларнинг бузилиш ҳолатлари аниқланса, эпидемиолог касаллик юқиш хавфи даражасини инобатга олган ҳолда, даволаш- профилактика муассасаларда даволаниш чоғида мулоқотда бўлган шахслар доирасини ва улар ўртасида ОИТСга қарши курашиш маркази ОИВ инфекцияли шахслар тўғрисидаги электрон базада бор ёки йўқлигини аниқлайди. Агарда электрон рўйхатда шундай шахс бор бўлса, эпидемиолог мулоқатда бўлган шахсларнинг яшаш манзили бўйича худудий тиббиёт бирлашмасига ушбу шахсларни ОИВга текширувини ташкил этишни сўраб хат юборади. Мулоқатда бўлган шахслар бошқа вилоятда, Тошкент шаҳрида ёки ҚҚРда истиқомат қилса, тегишли худуднинг ОИТСга қарши курашиш марказига ушбу шахсни ОИВга текширувини ташкил этишни сўраб хат юборади, худудий марказ эса юқорида кўрсатилган алгоритм асосида текширувни таъминлайди. Мулоқатда бўлган шахсларни ОИВга текширув натижаси сўров хати билан мурожат этган ОИТСга қарши курашиш марказига юборилади.

Жумладан, бемор Республика ёки вилоят миқиёсидаги ДПМда ётиб даволанган бўлса, суриштирув олиб бораётган эпидемиолог мулоқотдагиларнинг яшаш жойи бўйича ОИТСга қарши курашиш марказларига (Республика миқёсидаги ДПМда даволанган бўлса) ёки тиббиёт бирлашмасига (вилоят миқёсидаги ДПМда даволанган бўлса) хат чиқариб, ОИВга текшириш ҳамда эпидемияга қарши тадбирлари ташкил этиш сўралади.

Рўйҳатда ОИВ инфекцияли шахс бўлмасада, ДПМда ўтказилган эпидемиологик суриштирув натижасида зарурат юзага келган тақдирда эпидемиолог мулоқатда бўлганларни ОИВга текшириш режасини тузади (кимни, қачон, қаерда) ва уни ижросини назоратга олади.

Беморга парентерал муолажаларни ўтказган тиббиёт ходимларнинг рўйҳати тузилиб, улар ОИВга текширилади.

Ўрганиш натижасида касаллик манбаи, унинг юқиш йўллари тахминан аниқланади ва хулоса қилинади.

Эпидемиологик суриштирув натижасида ОИТСга қарши курашиш маркази эпидемиологи ОИВ беморга ДМПда юқганлигига гумон қилса, хулосада қайси ДПМ гумон қилинаётганлигини кўрсатади.

ОИТСга қарши курашиш маркази мутахассиси ОИВ инфекцияси шифохона ичи инфекцияси тарзида юқганлиги гумон қилинган ҳар бир ҳолат бўйича беморга тиббий ёрдам кўрсатган ДПМ раҳбарига иловадаги шакл асосида билдиришнома юборади.

Бемор Республика тасарруфидаги ДПМда даволанган бўлса, эпидемиологик суриштирув ишлари ҳудудий принцип асосида яъни ДПМ жойлашган ҳудуддаги ОИТСга қарши курашиш маркази томонидан олиб борилади.

Агар бемор яшаш жойидан бошқа ҳудудда (туман, вилоят, Республика, давлат) жойлашган ДПМда даволанган бўлса, ОИТСга қарши курашиш маркази мазкур ДПМда эпидемиологик суриштирув ишларини ўтказишни сўраб бемор даволанган ҳудудда жойлашган ОИТСга қарши курашиш марказига мурожаат қилади. Мурожаатномани олган марказ эпидемиологик суруштирув ишларини ўтказади ва унинг якуни бўйича маълумотларни умумлаштириб, эпидемиологик суриштирув ўтказишни сўраб мурожаат қилган ОИТСга карши курашиш марказига, меёрий ҳужжатларда белгиланган вақтдан кечиктирмасдан, тақдим этади.

4.ОИВ инфекцияси аниқланиши билан боғлиқ мунозарали ҳолатлар ва ОИВ инфекцияси аниқланган шахс яшаш жойидан бошқа ҳудудда яшаган ҳолатларда эпидемиологик суриштирув ўтказиш

Мунозарали ҳолатларда (шикоят хати, ариза, ташҳисни кейинчалик тасдиқланмаслиги ва б.қ.) ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотларнинг кўрсатмаси (қарори, мурожаати) билан шахсга ОИВ инфекциясининг юқиши ҳолатларини аниқлаш борасида эпидемиологик суриштириш ўтказиш жараёнларига ДСЭНМ мутахассислари ҳам жалб қилиниши мумкин.

ОИВ аниқланган шахсда, яшаш жойидан бошқа ҳудудда касаллик юқиши билан боғлиқ ҳолатлар (шифохонада тиббий ёрдам кўрсатилган, даволанган, жинсий ёки маиший мулоқотда бўлган ва ҳ.к.) аниқланса, ОИТСга қарши курашиш маркази ўша ҳудуднинг ОИТСга қарши курашиш марказига эпидемиологик суриштирув ўтказишни сўраб расмий мурожаат этади. ОИТСга қарши курашиш марказининг эпидемиологи эпидемиологик суриштирув ишларини ўтказиб, эпидемиологик суриштирув хулосасини расмий мурожаат қилган ОИТСга қарши курашиш марказига юборади.

ОИВ инфекциясини юқтириб олган шахс билан эпидемиологик суриштирув ўтказиш учун мулоқотга киришишнинг имкони бўлмаган ҳолларда, бошқа шахсларга (қариндошлари, қўшнилари ва б.қ.) унинг номига ёзилган йўлланма, маълумотнома ёки ОИВ статуси билан боғлиқ бўлган бошқа ҳужжатларни қолдириш, оғзаки маълумотларни етказиш қатъиян ман этилади.

ОИВ инфекцияси аниқланган шахс хабарномада кўрсатилган манзилда яшамаса, маҳалла фуқаролар йиғинига ва манзил ахборот бюросига хат билан мурожаат этилиб (шахсда ОИВ аниқланганлигини кўрсатмасдан), расмий равишда кўрсатилган манзил бўйича унинг яшаши ёки яшамаслигини тасдиқловчи ҳужжат олинади ва эпидемиологик суриштирув картасига тикиб қўйилади ҳамда беморнинг яшаш манзилини аниқлашда амалий ёрдам сўраб, маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига расман мурожаат этилади.

Агар ОИВ аниқланган шахс кўчиб кетган бўлса, ҳудудий ОИТСга қарши курашиш маркази унинг кейинги яшаш манзили бўйича ОИТСга қарши курашиш марказига расмий хат билан мурожаат этиб, эпидемиологик суриштирув ва профилактик тадбирлар ўтказилиши сўралади. Ўтказилган эпидемиологик суриштирув ва профилактик тадбирлар натижалари сўровнома юборган ОИТСга қарши курашиш марказига юборилади.

Яшаш манзили аниқ бўлмаган шахс (ЯМАБШ/БОМЖ)ни ОИВга текшириш масаласи ДПМларда, таркибида врач инфекционист бўлган комиссия томонидан консилиум асосида, клиник ва эпидемиологик кўрсатмаларга кўра ҳамда юзага келиши мумкин бўлган бошқа вазиятларни инобатга олган ҳолда ҳал қилинади.

5. Донорларда ОИВ инфекцияси аниқланган ҳолатларда эпидемиологик суриштирув ўтказиш

ОИВга текшириш учун олинган донор қони намунасида “ИФА мусбат” натижа аниқланганда, донордан олинган қон 24 соат ичида комиссия иштирокида йўқ қилинади. Донорда ОИВ инфекцияси аниқланган ҳолатда донор умрбод донорликдан четлаштирилади. Эпидемиологик суриштирув давомида донор қон топширган қон маркази (ҚМ) ёки қон йиғиш бўлимидан ИФА мусбат натижали донорлар картаси кўтарилиб, ушбу донорни картотекада мавжудлиги текширилади. Донорлик ҳисоб картотекаси ҳам кўтарилиб, унда ОИВ аниқланган донорни ИФА мусбат натижаси ёзилганлиги аниқланади. ИФА мусбат натижали яроқсиз қонни зарарсизлантириш бўйича далолатнома кўриб чиқилади. Агар ушбу шахс донор сифатида донорлик қилган бўлса ва олдинги донорликлар вақтида олинган қон беморларга қўйиш учун ДПМ га берилган бўлса, унда тиббиёт муассасасида (шифохонасида) қон ва қон маҳсулотларини ҚМ ёки ҚҚБдан олинганлиги тўғрисидаги ҳужжат (юк хати) ва қонни қайси бўлимга ва ким учун (беморнинг Ф.И.Ш.) берилганлиги тўғрисидаги талабнома текширилади. Шифохона, туғруқхоналарда қон ва қоннинг таркибий қисмларини қуйиш ҳисоб журнали кўтарилиб, қон кимга қуйилганлиги (реципиент) аниқланади. Реципиентнинг касаллик тарихи кўтарилиб, яшаш жойи аниқланади ва ОИВ инфекциясига текширув ўтказишга таклиф этилади. ОИВ инфекцияси аниқланган шахсга қуйилган қон ёки унинг компонентлари донорини ОИВга қайта текширишни ташкиллаштириш вазифаси мазкур донордан қон олган муассаса зиммасига юклатилади.

6. Эпидемиологик суриштирув жараёнида ОИВ инфекцияси юқтириб олган шахс ҳақида маълумот бериш

Эпидемиологик суриштирув ўтказаётган мутахассис ОИВ инфекциясини юқтириб олган шахснинг розилиги билан, унинг турмуш ўртоғига ёки жинсий шеригига ўзининг вирус юқтирганлиги ҳақида маълумот бериши ва уларга ОИВ инфекциясига текширтиришни тавсия этиши керак. ОИВ инфекциясини юқтириб олган шахс ўз статусини турмуш ўртоғига ёки жинсий шеригига айтишдан бош тортса ёки у муомалага лаёқатсиз бўлса, у ҳолда унинг ОИВ статуси тўғрисидаги маълумотни Ўзбекистон Республикаси “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисидаги” Қонуннинг 45-моддасига биноан эпидемиологик суриштирув ўтказаётган эпидемиолог ёки юқумли касалликлар хонаси шифокори уларга айтиш ҳуқуқига эга.

ОИВни юқтириб олганлиги тасдиқланган шахс тўғрисидаги маълумотни унинг ёзма розилигисиз иш, ўқиш ва яшаш жойларига бериш қатъиян ман этилади. ОИВ инфекцияси аниқланган шахс 18 ёшгача бўлган ёки муомалага лаёқатсиз бўлса, касаллик аниқлангани тўғрисидаги маълумотни унинг ота-онаси ёки расмий вакилларига (васийларига) айтилади.

Эпидемиологик суриштирувни олиб борувчи эпидемиолог ОИВ инфекциясини юқтириб олган шахс билан ОИВ инфекциясига тестдан кейинги маслаҳат ўтказилган ёки ўтказилмаганлигидан қатъий назар қайтадан ўтказади. ОИВ инфекциясини юқтириб олган шахс эпидемиологик суриштирув ўтказишдан бош тортган ҳолатларда унга қонуний ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, унинг ОИВ статуси билан боғлиқ бўлган маълумотларни сир сақланишини, даволаш-профилактика муассасасида диспансер кузатувига олинишининг аҳамияти ва бепул махсус даволаниш имкониятлари мавжуд эканлиги тушунтирилади.

Эпидемиологик суриштирув ўтказишга монеълик қилиш давом этган ҳолатда эпидемиолог ОИВ инфекцияли шахсдан тушунтириш хатини олади ва уни эпидемиологик суриштирув картасига тикиб қўяди. Тушунтириш хатини беришдан ҳам бош тортса, мазкур ҳолат бўйича эпидемиологик суриштирув ўтказган эпидемиолог ОИТСга қарши курашиш маркази бош врачи ва маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи номига билдиришнома киритади.

7. Тиббиёт ходимлари ОИВ инфекцияси аниқланган ҳолатда эпидемиологик суриштирувни ўтказиш

ОИТСга қарши курашиш маркази мутахассиси тиббий ходимнинг иш жойига чиқиб, касаллик юқиши мумкин бўлган барча ҳолатларни ва бу вазият билан боғлиқ ҳужжатларни ретроспектив равишда ўрганади. Бунда у тиббий авария ҳолатларининг қайд этилган ёки этилмаганлиги, мулоқотдан кейинги профилактика ўтказилган ёки ўтказилмаганлиги, касалликни юқиши хавфи даражасини аниқлайди.

8. Узоқ муддат чет давлатларда бўлиб қайтган шахсларда ОИВ инфекцияси аниқланган ҳолатларда эпидемиологик суриштирув ўтказиш

Узоқ муддат ( уч ойдан ортиқ ) чет давлатларда бўлиб қайтган (ишлаш, яшаш, ўқиш ёки бошқа мақсадда) Ўзбекистон фуқаросида ОИВ аниқланганда, эпидемиологик суриштирув ва эпидемияга қарши тадбирлар қуйидаги тартибда амалга оширилади:

- шахснинг миграциядан олдинги, миграция даврида ва миграциядан қайтгандан кейинги хулқи ва касаллик юқиш хавфини юзага келтирувчи омилларни сўраб-суриштирув йўли билан аниқлаш;

- миграциядан олдинги ва миграциядан қайтгандан кейинги даврдаги мулоқотда бўлган (жинсий, маиший, парентерал) шахсларни ОИВга текшириш;

- мигрантнинг турмуш ўртоғи (жинсий шериги) ва яқинларига касалликнинг юқишини олдини олиш бўйича маслаҳатлар бериш;

- агар мигрантда ОИВ миграция давридалигида юқганлигига гумон қилинса ва у билан мулоқотда бўлганлар ёки тиббий муолажа олган жойи аниқ бўлса, ушбу манзил бўйича мулоқотдагиларни ОИВга текшириш ва эпидемияга қарши тадбирларни ўтказишни сўраб ОИТСга қарши курашиш марказларига хат юбориш.

9. Ўзбекистон фуқароси чет давлатларда бўлган вақтида ОИВ инфекцияси аниқланган ҳолатларда

Ўзбекистон фуқароси чет давлатларда бўлган вақтида унда ОИВ аниқланганлиги тўғрисида маълумотнома/хабарнома олинганда, ушбу маълумотномани олган ОИТСга қарши курашиш маркази бемор тўғрисидаги маълумотларни ОИВ инфекцияли шахслар тўғрисидаги электрон базага киритади ва беморнинг яшаш жойи бўйича ОИТСга қарши курашиш марказига уни рўйхатга олиш, қайтиб келгандан кейин унга тиббий ёрдамни ташкил қилиш ва мулоқотдагилар орасида эпидемияга қарши чора-тадбирларни ўтказишни сўраб хат юборилади. ОИВ аниқланган шахс ўз яшаш манзилига қайтиб келганидан кейин, қайтадан ОИВ инфекциясига қон намунасини олиш ДПМ мутахассислари томонидан ташкиллаштирилади. ОИВга қайта текширувда ИБ мусбат натижа аниқланса, эпидемиологик суриштирув ўтказилади ва белгиланган тартибда диспансер назорати остига олинади.

10. ОИВ инфекцияли шахсда ўлим содир бўлганда олиб бориладиган тадбирлар

ОИВ инфекцияли шахсда ўлим содир бўлганда, мурда бошқа табиий ўлим ҳолатлари каби кўмилади. ОИВ инфекцияли шахснинг ўлими билан боғлиқ патологоанатомик тадбирлар универсал эҳтиёт чораларига риоя этилган ҳолда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг
2014 йил «7» - январдаги
7 - сонли буйруғига
2-илова
Намуна шакли
 
 
 
Нусхаси:
Тошкент шаҳар 1-клиник
шифохона бош врачи
___________га
Шайхонтохур туман ДСЭНМ бош
врачи ___________га

БИЛДИРИШНОМА

Тошкент шаҳар ОИТСга қарши кураш маркази, Сизга 2002 йил 5 майда туғилган Тўхтаев Ўктамда ОИВ инфекцияси аниқланганлигини маълум қилади.

Ўтказилган эпидемиологик суруштирув натиджасига асосан унга ОИВ инфекцияси Тошкент шаҳар 1 клиник шифохонасида, 2012 йилнинг 4 апрелидан 15 апрелигача, стационар (амбулатория) шароитида даволаниш (1580 сонли касаллик тарихи) жараёнида юққан бўлиши мумкин.

Сиздан бемор Тўхтаев Ўктамга даволаниш жараёнида амалга оширилган тиббий муолажаларни чуқур таҳлил қилиб, санэпидрежим қоидаларига риоя қилмаган жавобар масъул ходимларга нисбатан қонунда белгиланган чоралар кўришингизни ва келгусида ОИВ инфекцияси касалхона ичи шароитида юқишини олдини олиш бўйича амалга оширилган тадбирлар ҳақида Тошкент шаҳар ОИТСга қарши курашиш марказига 10 кун муддатда батафсил ёзма ахборот беришингизни сўрайман.


Эслатма: “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунининг 23-моддаси ва Жиноят кодексининг 113-моддасига асосан касб юзасидан ўз вазифаларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги оқибатида бошқа шахсга ОИВ касаллигини юқтирганлик учун жавобгарлик белгиланган.

Тошкент шаҳар ОИТСга
қарши курашиш маркази
бош врачи
 
 
_______________