Буйруқ № 225 "Болаларга тиббий хизмат кўрсатишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"
O'ZBEKISTON RESPUBLIKASI SOG'LIQNI SAQLASH VAZIRLIGI
BUYRUQ
10.07.2013 г. | №225 |
Тошкент ш.
“Болаларга тиббий хизмат
скўрсатишни янада
такомиллаштириш чора-
тадбирлари тўғрисида”
Боланинг ижтимоий кафолатларини ва саломатлигини муҳофаза қилиш ҳуқуқларини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар самарадорлигини янада ошириш ҳамда болаларга тиббий ёрдам кўрсатишни ташкил қилиш стратегияси ва тактикасини такомиллаштириш мақсадида,
БУЮРАМАН:
- Белгилансинки, 18 ёшгача (17 йил 11 ой 29 кун) бўлган болаларга Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги соғлиқни сақлаш муассасаларида тиббий ёрдам кўрсатиш бепул асосда амалга оширилади.
- 0-5 ёшдаги болаларга стационар ёрдам кўрсатиш бўйича Қўлланма 1-иловага;
- Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги болалар стационар муассасалари тўрисидаги намунавий низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
- Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш Бош бошқармаси, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари ва даволаш-профилактика муассасалари раҳбарларига:
- болалар даволаш-профилактика муассасаларида 0 дан 18 ёшгача бўлган болаларга белгиланган тартибда стационар тиббий ёрдам кўрсатиш таъминлансин;
- 1 ой муддатда болалар даволаш-профилактика муассасалари ва таркибида болалар бўлимлари бўлган даволаш-профилактика муассасаларининг Низомлари болалар ёши цензини оширган ҳолда мазкур буйруқнинг 2-иловаси билан мувофиқлаштирилсин;
- 15 ёшдан 18 ёшгача бўлган болаларга уларнинг жинсини инобатга олган ҳолда алоҳида палаталар ташкил қилиш йўли билан стационар тиббий ёрдам кўрсатиш таъминлансин;
- болаларга стационар тиббий ёрдам кўрсатиш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган диагностика ва даволаш стандартларига мувофиқ амалга оширилиши бўйича чоралар кўрилсин;
- эътиборга олинсинки, 0 дан 5 ёшдаги бўлган болаларга бирламчи стационар ёрдам кўрсатиш болалар касалликларини интегрирлаштирилган усулда олиб бориш бўйича ЖССТи тавсияларига мувофиқ 1-иловага асосан амалга оширилади;
- белгилансинки, 0 дан 18 ёшгача бўлган болалар аҳолисига бепул тиббий хизмат кўрсатиш тегишли муассасаларнинг мавжуд ўрин фонди ва поликлиника қуввати доирасида ҳамда ҳар йили ажратиладиган тегишли бюджет маблағлари ва тасдиқланган штат бирликларидан келиб чиқиб амалга оширилади.
- Иқтисодиёт, молиялаштириш ва истиқболни аниқлаш Бош бошқармаси бошлиғи Б.А.Хашимов, Даволаш-профилактика ёрдамини ташкиллаштириш Бош бошқармаси бошлиғи Д.Б.Миразимов, Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш Бош бошқармаси бошлиғи С.И.Исмаилов, Хусусийлаштириш ва пуллик хизматни ташкил этиш маркази директори А.А.Агзамов ва юридик хизмат бошлиғи Б.Г.Хажихановларга:
- пуллик тиббий хизмат кўрсатадиган, ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларида бепул тиббий хизмат олиш ҳуқуқига эга имтиёзли контингентлар рўйхатига киритилган болалар ёши цензини 18 ёшгача оширишга таалуқли қисми бўйича Ҳукуматнинг амалдаги меъёрий хужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қарори лойиҳаси тайёрлансин;
- болалар ёши цензини 18 ёшгача оширилишини ҳисобга олган ҳолда болаларга тиббий хизматни ташкил этиш бўйича ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқарув органларига услубий ва амалий ёрдам кўрсатилсин.
- Фан ва ўқув юртлари Бош бошқармаси бошлиғи Ў.С.Исмаиловга, тиббиёт олий таълим муассасалари ва ТошВМОИ ректорларига:
- ўсмирлик ёшида саломатликни шаклланиши ва касалликларни ривожланиш ҳусусиятларини инобатга олган ҳолда, УАШ кафедралари, педиатрия йўналишидаги тиббиёт олий таълим муассасалари, врач-педиатрлар малакасини ошириш кафедраларининг ўқув дастурларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин.
- Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш Бош бошқармаси бошлиғи С.И.Исмаилов, Даволаш-профилактика ёрдамини ташкиллаштириш Бош бошқармаси бошлиғи Д.Б.Миразимов, Республика саломатлик ва тиббий статистика институти директори З.Ж.Муталова ва Республика ихтисослаштирилган Педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази директори Д.И.Ахмедоваларга:
- бир ой муддатда мазкур буйруққа мувофиқ болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича тиббий хужжатлар ва ҳисоб-китоб ҳамда ҳисобот шаклларига тегишли ўзгартиришлар киритиш юзасидан таклифлар киритилсин;
- болалар саломатлигининг статистик кўрсатгичлари болалар ёши цензини 18 ёшгача оширилишини ҳисобга олган холда шакллантирилсин;
- идоравий хужжатлар мазкур буйруққа мувофиқлаштирилсин.
- Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2007 йил 10 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси болалар аҳолисига стационар ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги 155-сонли буйруғи ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
- Мазкур буйруқ ижроси назорати вазир ўринбосари А.И. Камилов зиммасига юклатилсин.
Вазир | А.В. Алимов |
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг
2013 йил “10” июлдаги 225-сонли
буйруғига 2-илова
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги
болалар стационар муассасалари тўрисидаги
НАМУНАВИЙ НИЗОМ
I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1. Ушбу Низом болаларга стационар тиббий ёрдам кўрсатишни ташкил этиш ва молиялаштириш тартибини белгилайди.
2. Болалар стационар муассасаси (кейинги ўринларда муассаса деб аталади) 0 дан 18 ёшгача бўлган болаларга давлат томонидан кафолатланган бепул, замонавий даволаш усуллари ва тиббий технологиялардан фойдаланган ҳолда малакали стационар, амбулатор ва консультатив-диагностика хизмати кўрсатувчи даволаш-профилактика муассасаси ҳисобланади.
3. Муассаса давлат муассасаси шаклида ташкил этилади, мустақил юридик шахс ҳисобланади, мустақил балансга, банкларда ҳисоб рақамларига, ўз номи ёзилган муҳрга, шунингдек ўзининг фаолияти учун зарур бўлган бошқа атрибутларга эга бўлади.
4. Муассаса, тиббиёт ва фармацевтика кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишда шартнома асосида клиник ва ўқув база сифатида фойдаланилиши мумкин.
5. Муассаса ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буйруқлари ва ва фармойишларига, бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.
6. Муассаса фаолиятнинг барча соҳаларидаги ўз муносабатларини Муассасанинг мақсади ва фаолиятига мувофиқ юридик ва жисмоний шахслар билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тузилган шартномалар асосида амалга оширади.
II. МУАССАСАНИНГ МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ
7. Қуйидагилар муассасани фаолияти мақсади ҳисобланади:
- 0 дан 18 ёшгача бўлган болаларн касалликларнинг асосий йўналишлари бўйича диагностика, даволаш ва профилактика юзасидан малакали тиббий ёрдамни кўрсатишга бўлган эҳтиёжини қондириш;
- Муассасада тегишли профилдаги тиббий хизматлар кўрсатишнинг замонавий методлари ва технологиялари жорий этилишини таъминлаш.
8. Қуйидагилар Муассасанинг асосий вазифалари ҳисобланади:
- Болаларни текшириш, уларга малакали тиббий-консультатив ёрдам кўрсатиш;
- Болаларга Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган диагностика ва даволаш стандартларига мувофиқ малакали стационар ёрдам кўрсатиш;
- Болаларни стационарга жойлаштиришда ва даволашда болалар стационар муассасалари билан бирламчи амбулатор бўғини, туғруқ муассасалари, шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам ҳамда болаларга ихтисослаштирилган турлари бўйича тиббий ёрдам кўрсатувчи бошқа даволаш-профилактика муассасалари ўртасида изчилликни таъминлаш;
- Муассасанинг даволаш-диагностика жараёни сифатини оширишга йўналтирилган фаолияти шакл ва усулларини такомиллаштириш;
- Тегишли санитария-гигиена ва эпидемияга қарши режимни ва шифохона ичи инфекцияларини тарқалишини олдини олишни таъминлаш;
- Тиббиёт ходимларини малакаларини ошириш, семинарлар ва илмий-амалий конференцияларни ташкил қилиш ва уларда қатнашиш.
III. МУАССАСАНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАБУРИЯТЛАРИ
9. Белгиланган мақсадларга эришиш ва юкланган вазифаларни бажариш учун Муассаса қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қуйидаги ҳуқуқларга эга:
- ўзининг балансига берилган давлат мулкидан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш;
- асасий воситаларни ижарага олиш ёки ижарага бериш, кредитларни, қарз маблағларни, грантларни ва бошқа молиявий ёрдамни жалб қилиш;
- болалар касалликлари бўйича илмий тадқиқотлар ўтказишга Давлат бюджетидан грантлар олиш учун танловларда қатнашиш;
- ҳўжалик фаолиятини амалга ошириш жараёнида яратилган интеллектуал мулк объектларига муаллифлик ҳуқуқларини олиш ва улардан фойдаланиш;
- қонун ҳужжатларига ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ хорижий юридик шахслар билан илмий ва илмий-техникавий ҳамкорликни аалга ошириш;
- қонун ҳужжатларига, Муассасамақсадларига ва фаолияти предметига зид бўлмаган фаолиятининг бошқа турларини амалга ошириш.
10. Муассаса:
- пулли асосда (қонунда белгиланган ҳолларда – текин асосда) – хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиши;
- диагностика ва даволашнинг тасдиқланган стандартларига мувофиқ тиббий ёрдам кўрсатилишини таъминлаши;
- Муассаса тиббиёт ходимларини мунтазам равишда қайта тайёрлаши ва уларнинг малакасини ошириши;
- илғор тиббиёт муассасаларининг иш тажрибасини ўрганиши, умумлаштириши ва оммалаштириши;
- Муассаса ходимларига қонун ҳужжатларида назарда тутилган меҳнатни ташкил этиш ва унга ҳақ тўлаш, техника хавфсизлиги, ижтимоий таъминот ва муайян ижтимоий муҳофаза шартларини кафолатлаши;
- Муассасанинг моддий-техника базасини замонавий тиббиёт техникаси ва технологиялари билан мустаҳкамлаши ва ривожлантириши;
- мол-мулкдан белгиланган мақсадларда фойдаланиши, уларнинг сақланишини таъминлаши;
- қонун ҳужжатларига мувофиқ бухгалтерия ва статистика ҳисобини, ҳисоботни юритиши шарт.
Текин асосда – болаларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиши;
IV. МУАССАСА ТУЗИЛМАСИ ВА УНИНГ ФАОЛИЯТИНИ БОШҚАРИШ
11. Муассаса ўз фаолиятини юқори ташкилот томонидан тасдиқланган муассаса тузилмасига асосан амалга оширади.
12. Муассасага раҳбарликни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўрнатилган тартибда лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган бош врач амалга оширади.
13. Бош врач ўринбосарларга эга бўлади. Муассаса бош врачининг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири билан келишилган ҳолда Муассаса бош врачи томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.
14. Муассаса бош врачи белгиланган тартибда Муассаса фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади, ишларни ташкиллаштиради, Муассаса номидан ишончномасиз иш кўради, барча ташкилотларда унинг манфаатларини ифодалайди, Муассаса мол-мулкини тасарруф этади, шатномалар, шу жумладан меҳнат шартномалари тузади, ишончномалар беради, банкларда ҳисоб рақамлари очади, молиявий маблағларни тасарруф этиш ҳуқуқидан фойдаланади, штатларни тасдиқлайди, буйруқлар чиқаради ва Муассаса фаолиятининг натижалари учун шахсан жавоб беради.
15. Муассаса бош врачи бўлмаган ҳолларда унинг вазифаларини соғлиқни сақлашни бошқариш ҳудудий органи билан келишган ҳолда унинг ўринбосарларидан бири бажаради.
V. МУАССАСАНИНГ МОЛИЯ-ХЎЖАЛИК ФАОЛИЯТИ
16. Муассасанинг молия-хўжалик фаолияти қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
17. Муассаса фаолиятининг мақсадларига мувофиқ ўз мол-мулкига эгалик қилади, улардан фойдаланади ва уларни тасарруф этади, бунда бюджет маблағлари ва бюджетдан ташқари маблағлардан самарали фойдаланилишини таъминлайди.
18. Муассасанинг мол-мулки асосий воситалар, шунингдек бошқа моддий бойликлар ва молиявий ресурслардан иборат бўлади.
19. Муассаса вақтинча фойдаланилмаётган биноларни шартнома асосида, тушган маблағлардан Муассасани ривожлантириш учун фойдаланган ҳолда ижарага бериш, шунингдек асбоб-ускуналарни ва мол-мулкни қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда балансдан чиқариш ҳуқуқига эга.
20. Давлат бюджети маблағлари, бюджетдан ташқари маблағлар ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар Муассасани молиялаштириш манбалари ҳисобланади.
21. Муассасани молиялаштириш тасдиқланган харажатлар сметасига мувофиқ қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Давлат бюджети маблағлари ҳисобига, унинг харажатларига ҳақ тўлаш эса Ғазначиликнинг ҳудудий бўлинмалари орқали амалга оширилади.
VI. ҲИСОБ ВА ҲИСОБОТ
22. Муассаса қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритади, уларни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига ҳамда Давлат статистика қўмитасига тақдим этади, ҳужжатларнинг сақланиши ва келишилган рўйҳат бўйича уларнинг давлат томонидан сақлашга берилиши учун жавоб беради.
23. Муассасанинг молия-хўжалик фаолиятини назорат қилиш ва текшириш соғлиқни сақлаш, солиқ ва молия органлари, ўз ваколатлари доирасида бошқа давлат органлари, шунингдек аудиторлик ташкилотлари томонидан, улар билан тузилган шартномалар асосида қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.
VII. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР
24. Муассаса давлат тасарруфидан чиқарилмайди ва хусусийлаштирилмайди.
25. Муассасани қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.