Қўлланма хат - “Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”
O'ZBEKISTON RESPUBLIKASI
SOG'LIQNI SAQLASH VAZIRLIGI | MINISTRY OF HEALTH
OF THE REPUBLIC OF UZBEKISTAN | |
---|---|---|
700011, Toshkent sh., Navoiy ko'chasi, 12
Tel.: (998-71) 239-48-08 Fax: (998-71) 244-10-33 E-mail: info@minzdrav.uz |
| 700 011, 12, Navoi str., Tashkent
Tel.: (998-71) 239-48-08 Fax: (998-71) 244-10-33 E-mail: info@minzdrav.uz |
йил ”____” ___________
№________________________ |
| Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармалари, республика миқёсидаги муассасалар |
Иқтисодиёт, молиялаштириш ва истиқболни аниқлаш Бош бошқармаси жойлардан келаётган ўриндошлик асосида асосий ишдан ташқари қўшимча вазифада ишлаш ва бир йўла бир неча касбда ишлаш тушунчаларига шарҳ бериш бўйича кўп сонли мурожаатларга жавобан қуйидагиларни маълум қилади:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 18 октябрда қабул қилинган “Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 297-сонли қарори билан барча мулкчилик шаклидаги корхона, муассаса ва ташкилотларда меҳнат шартномасига (контракт) асосан ўриндошлик асосида асосий ишдан ташқари қўшимча лавозим ва бир йўла бир неча касбда ишлаётган жисмоний шахсларнинг меҳнат муносабатлари тартиби белгилаб берилган
Ходимнинг асосий иш жойи ҳисобланган ташкилотда ўриндошлик асосида ишлашга вақтинча бўлмаган ходимнинг ишини бажариш ёки бўш лавозимдаги ишни бажаришда йўл қўйилади.
Ўриндошлик асосида ишлашнинг давомийлиги ходимларнинг ушбу тоифаси учун белгиланган иш вақти нормасининг ярмидан, яъни 0,5 ставкадан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Ходим асосий иш жойидаги меҳнат мажбуриятларини бажаришдан озод бўлган кунларда у ўриндошлик асосида тўлиқ иш кунида ишлаши мумкин.
Ташкилотда ўриндошлар учун иш вақти давомийлигининг ҳар кунги ярим нормасига риоя этилишининг имконияти бўлмаган тақдирда, иш вақтини жамлаб ҳисоблаб юритиш мумкин. Иш вақти жамлаб ҳисобланганда ўриндошлик асосида иш вақтининг умумий давомийлиги ўриндошлик асосидаги лавозим бўйича иш вақти нормасининг ярмидан ортиқ бўлмаслиги керак. Бунда ҳисобга олинадиган давр бир ойдан, кунлик ишнинг давомийлиги эса — ўн икки соатдан ортиқ бўлмаслиги керак.
Ўриндошлар меҳнатига ҳақ тўлаш меҳнат шартномасига мувофиқ:
меҳнатга ҳақ тўлашнинг ишбай шаклида – ҳақиқатда бажарилган иш учун;
меҳнатга ҳақ тўлашнинг вақтбай шаклида – ишланган вақтга мутаносиб тарзда амалга оширилади. Яъни, масалан: врач-терапевт ички ўриндошлик бўйича мавжуд бўш лавозим ҳисобига 0,5 ставка врач-статистик лавозимига қабул қилинди. “Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисидаги Низом”нинг 14-бандига мувофиқ ходимнинг ўртача иш ҳақини ҳисоблаб чиқишда, ушбу ҳисоблаб чиқиш мақсадларидан қатъи назар, асосий иш жойи бўйича ва ўриндошлик бўйича иш учун иш ҳақи алоҳида ҳисоблаб чиқилади. Яъни, ички ўриндошлик бўйича 0,5 ставка врач-статистик лавозимида ишлаганлик учун иш ҳақи врач-статистикнинг ушбу муассасанинг тасдиқланган штатлар жадвалига асосан кўзда тутилган устама ва қўшимчаларни инобатга олган ҳолда лавозим маошининг ярмидан келиб чиқиб ҳисобланади.
Бир корхона, муассаса ва ташкилотда ходимнинг розилиги билан қонун билан белгиланган иш куни (иш сменаси) давомида ходим томонидан меҳнат шартномасида келишилган ўзининг асосий иши билан бир қаторда бошқа касб ва лавозим бўйича қўшимча иш бажариши ёки вақтинча бўлмаган ходимнинг вазифаларини бажариши бир неча касб ва лавозимда ишлаш деб эътироф этилади. Бир неча касб ва лавозимда ишлашга, қоидага кўра, ушбу ходим тегишли бўлган ходимлар тоифаси доирасида рухсат берилади. Ходимнинг малакаси мавжуд бўлган тақдирда ушбу қоидага амал қилиш шарт эмас.
Асосий лавозим бўйича вазифаларни унинг ҳажми ёки хизмат кўрсатиш доираси кенгайган шароитда бажарилиши хизмат кўрсатиш доираси кенгайган ёки бажариладиган ишлар ҳажми ортган деб ҳисобланади. Ишнинг бу тури бир корхона, муассаса ва ташкилотда ходимнинг розилиги билан қонунда белгиланган иш куни (иш сменаси) давомида тадбиқ этилади.
Ходимга, асосий иш вақти давомида ўриндошлик асосида бир неча касб ва лавозимда ишлаганлиги ёки вақтинча ишда бўлмаган ходимнинг вазифаларини бажарганлиги учун ёки хизмат кўрсатиш доираси кенгайганда ёхуд бажариладиган ишлар ҳажми ортганда қўшимча ҳақ белгиланади. Бунда бюджет ташкилотларида қўшимча ҳақ миқдори бир неча касб ва лавозимда ишлагандаги лавозим маошининг 30 фоизидан юқори бўлиши мумкин эмас.
Муассасада юқорида қайд этиб ўтилган меҳнатни ташкил этиш турларини қўллаш, иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ бўлиб, аҳолига кўрсатилаётган хизмат ва бажарилаётган ишлар сифатини ёмонлашувига олиб келмаган тақдирда йўл қўйилади.
Бунда ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касб ва лавозимда ишлаш тартибига риоя қилиниши юзасидан жавобгарлик ходимни ўриндошлик асосида ишга қабул қилувчи ташкилот раҳбари зиммасига юкланади. Шунингдек, мос лавозим бўйича бўш ўрин мавжуд бўлган тақдирда иш берувчи ходимни унинг аризасига асосан ўриндошлик бўйича (ички ёки ташқи) ишга қабул қилиш бўйича мустақил равишда қарор қабул қилади.
Ходимлар учун иш вақтининг давомийлиги эгаллаб турган лавозимига мувофиқ белгиланади. Бунда ходим ички ўриндошлик бўйича қўшимча равишда бошқа (ёки ўхшаш) лавозимда ишлаётган бўлса, ходим асосий иш жойи бўйича иш вақти тугагандан сўнг ўриндошлик асосида ишлаётган лавозим учун кўзда тутилган вақтнинг ярмини ишлаб бериши шарт. Қўшимча лавозим бўйича иш вақти давомийлигига риоя қилиш имконияти бўлмаган тақдирда юқорида қайд этилганидек, иш вақти ҳисобини жамлаб олиб борилиши мумкин.
Шунингдек таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 18 октябрда қабул қилинган “Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касб ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 297-сонли қарори билан тасдиқланган иловага мувофиқ, тиббиёт ходимларининг штат лавозимини эгалламаган ҳолда навбатчилиги ўриндошлик асосида ишлаш ҳисобланмайди ва белгиланган вақт нормасидан ортиши мумкин. Навбатчилик учун тўлов навбатчилик вақтида ҳақиқатда ишлаган соати учун кўзда тутилган қўшимча ва устамаларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.
Иқтисодиёт, молиялаштириш ва истиқболни аниқлаш Бош бошқармаси бошлиғи | Б.А.Хашимов |
Баж: Р.Р. Кливлеев
телефон: 239 – 46 – 34