UZ RU

Буйруқ № 317. Муддатли ҳарбий хизматга ва сафарбарлик чақирув резервига чақирилувчи фуқароларни тиббий текшируви ва гувоҳлантириш ишлари сифатини янада ошириш тўғрисида

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРИНИНГ БУЙРУҒИ

12.08.2015                                                           № 317

Муддатли ҳарбий хизматга ва сафарбарлик чақирув резервига чақирилувчи фуқароларни тиббий текшируви ва гувоҳлантириш ишлари сифатини янада ошириш тўғрисида

2015 йил чақирув мавсумининг таҳлили шуни кўрсатдики, туман ва шаҳар чақирув пунктлари ва тиббиёт бирлашмаларини замонавий тиббий асбоб-ускуналар, малакали мутахассислар билан таъминланишига ва ҳарбий хизматга яроқли деб топилган чақирилувчилар УТТ, ФГДС ва флюрография текширувларидан ўтказилишига қарамай, шу тиббий текширувлар натижасида аниқлаб бўладиган, турли хил касаллиги ва жисмоний ривожланишдаги камчилиги бор чақирилувчиларни муддатли ҳарбий хизматга юбориш ва ҳарбий хизматдан соғлиғи туфайли қайтарилиш ҳолатлари шу кунгача кузатилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 21 февралдаги “Тинчлик ва уруш даврида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида тиббий гувоҳлантириш тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида” ги 95 - сонли Қарори талабларига зид ҳолда вилоят тиббий чақирув комиссиялари томонидан муддатли ҳарбий хизматга чақирилган, соғлиғи туфайли ҳарбий хизматга нолойиқ бўлган 71 нафар ёки 0,4 фоиз чақирилувчи, жумладан Наманган вилоятига – 11 нафар (0,7%), Самарқанд вилоятига 14 нафари (0,5%) ва Навоий вилоятига 6 нафари (0,7%) Қуролли Кучлар сафидан муддатидан олдин қайтарилган. Жами қайтарилганлардан 37 (52,2%) нафари терапевтик касалликлар, 15 (21,1%) нафари хирургик касалликлар ва 10 нафари (14,1) қулоқ, бурун ҳамда томоқ касалликлари билан қайтарилган.

Йўл қўйилган камчиликларни олдини олиш, тиббий гувоҳлантиришга жалб қилинган мутахассисларни билим савиясини ошириш, тиббий чақирув комиссияларининг иш сифатини янада яхшилаш ва 2015 йил 1 июл кунидаги видеоселектор мажлиси баёни қарорини бажариш мақсадида

БУЮРАМАН:

1. Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ректори (Ж.М.Сабиров) 2015 йил 7 сентябр кунидан Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Сурхондарё, Қашқадарё, Навоий ва Самарқанд вилоятлари ҳамда 21 сентябрдан Андижон, Наманган, Жиззах, Сирдарё, Тошкент, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳри доимий тиббий чақирув комиссияларининг катта врачлари, терапевт, хирург ва қулоқ, бурун ҳамда томоқ касалликлари мутахассислари учун “Ўсмирлар, чақирув ёшидагилар касалликлари тиббий экспертизаси” курси қошида тегишли кафедралар билан ҳамкорликда 2 (икки) ҳафталик (72 соат) ўқув жараёнини ташкиллаштирсин.

2. Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири, Тошкент шаҳар ва вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари:

Ўзбекистон Республикаси Молия, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликларининг 2013 йил 11 сентябрда тасдиқлаган янги штат меъёрларини шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаларига жорий этилиши муносабати билан чақирув комиссияларига ажратилган штатлардан мақсадли фойдаланишни назоратга олсин;

Чақирилувчи ёшларни тиббий гувоҳлантиришга жалб қилинадиган мутахассисларни кўрсатилган муддатда юборилишини ва сафар харажатларини асосий иш жойларидан бюджетдан ташқари маблағлар хисобидан тўланишини таъминласин;

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2010 йил 27 сентябрдаги “Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар доимий тиббий комиссиялари мутахассисларининг эгаллаб турган лавозимларига лойиқлигини аниқлаш тўғрисида” ги 283-сонли буйруғи талабларига асосан аттестация ўтиши лозим бўлган тиббий чақирув комиссия мутахассислари рўйхатига аниқлик киритсин, тасдиқланган рўйхатни 2015 йилнинг 1 ноябрига қадар “Ўсмирлар ва чақирилувчи ёшларга тиббий ёрдамни ташкил этиш Маркази”га юборсин ва аттестациядан ўтувчи врачларни ёзма равишда огоҳлантирсин.

3. Ўсмирлар ва чақирилувчи ёшларга тиббий ёрдамни ташкил этиш Маркази директори (И.Уринбаев):

Вилоят ўсмирлар диспансери бош врачлари ҳамда доимий тиббий чақирув комиссияси катта врачлари учун 2015 йил 26-27 ноябр кунлари ўтказиладиган семинарда Қуролли Кучлар сафидан соғлиғи туфайли муддатидан олдин қайтарилган аскарларни қайтиш сабабларини тўлиқ таҳлил қилсин ва йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш чораларини кўрсин;

Тошкент шаҳар туманларида, Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри ва барча вилоят шаҳарларидаги кўп тармоқли марказий поликлиникаларда фаолият юритаётган тиббий чақирув комиссияси катта врачлари ҳамда доимий тиббий чақирув комиссия мутахассислари Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2010 йил 27 сентябрдаги 283-сонли буйруғи талаблари асосида 2015 йил 27 ноябр куни Соғлиқни сақлаш вазирлигида аттестациядан ўтказилсин.

4. Ушбу буйруқнинг бажарилиши устидан назорат вазир ўринбосари Л.Н.Туйчиев зиммасига юклатилсин.

Вазир                                                  А. Алимов