Алкоголга тобеликни (сурункали алкоголизм) даволаш баённомалари
Алкоголга тобеликни (сурункали алкоголизм) даволаш баённомалари
Касалликлар Халқаро таснифи бўйича коди (КХТ -10) – F10.2.
Тошкент – 2014
АЛКОГОЛГА ТОБЕЛИКНИ (СУРУНКАЛИ АЛКОГОЛИЗМ) ДАВОЛАШ БАЁННОМАЛАРИ
1. Таърифи:
Алкоголга тобелик - сурункали, ривожланиб борувчи касаллик (сурункали алкоголизм) бўлиб, алкогол маҳсулотларига патологик мойиллик, сурункали заҳарланиш натижасида психосоматик (руҳий ва жисмоний) ва ижтимоий асоратлар ривожланиши билан ифодаланади.
2. Беморларни танлаб олиш:
Баённома дастурига асосан беморларга ташҳис қўйилган вақтдан бошлаб кечиктириб бўлмайдиган ёрдам кўрсатилади. Психопатологик преморбид ва қўшимча соматик касалликлар аниқланган беморларга алоҳида эътибор бериш керак.
3. Алкоголга тобелик (сурункали алкоголизм) таснифи:
Кечими бўйича:
- юқори жадаллик билан ривожланувчи тури;
- ўрта жадаллик билан ривожланувчи тури;
- суст ривожланувчи тури.
Клиник кўринишининг оғирлик даражаси бўйича (касаллик босқичлари):
I – биринчи (бошланғич) босқич;
I-II – иккинчи босқичга ўтиш;
II – иккинчи (ўрта) босқич;
II-III – учинчи босқичга ўтиш;
III – учинчи (охирги) босқич.
Алкогол суиистеъмоли бўйича:
- «сохта» сурункали ичиш;
- алкоголга юқори чидамлилик билан кечувчи доимий суиистеъмол;
- «аралаш» ичкиликбозлик;
- «чин» сурункали ичиш;
- паст даражадаги алкоголга чидамлилик билан кечадиган доимий истеъмол этиш.
Алкоголизмнинг ижтимоий оқибатлари:
- енгил;
- ўрта оғир;
- оғир.
Алкоголизмнинг соматоневрологик оқибатлари.
Ремиссия, рецидив.
4. Ташҳислаш мезонлари:
Касалликнинг анамнез маълумотлари (субъектив ва объектив анамнез) ва клиник кўринишини таҳлил қилиш.
5. Дифференциал диагностика:
Бошқа психоактив моддалар суиистеъмолида учрайдиган руҳий ва хулқ-атвор ўзгаришлари билан таққослаш керак.
6. Госпитализация (стационарга ётқизиш):
Алкоголга тобеликнинг II ва III босқичлари, оғир сурункали ичиш, алкогол абстиненция синдроми, ичкиликга енгиб бўлмас мойиллик, стационар шароитида даволанишга хоҳиш бўлган ҳолатларда беморлар наркологик стационарга ётқизилиши керак.
Алкоголга тобелик I ва I-II босқичидаги беморлар кундузги стационар ёки амбулатория шароитида даволанадилар.