Ўзбекистон Республикасида юқумли ичак касалликларига қарши амалга оширилаётган профилактик чора-тадбирлар.
Ўзбекистон Республикаси иссиқ иқлимини, аҳоли томонидан кўп миқдорда мева ва сабзавот маҳсулотлари истеъмол этилиши, очиқ сув ҳавзаларида чўмилиши ва ташқи муҳитда микроорганизмларни фаол кўпайишини инобатга олган ҳолда юқумли ичак касалликлари профилактикасига катта эътибор қаратилган.
Юқумли касалликларни шу жумладан ичтерлама, паратиф, ўткир юқумли ичак касалликларини эрта ва фаол аниқлаш мақсадида, республикамизда оилавий поликлиника ва қишлоқ врачлик пунктлари ўрта тиббиёт ходимлари томонидан уйма-уй юриб ушбу касалликларни аниқлаш ишлари кенг қамровда амалга оширилмоқда.
Ўткир диарея касалликлари билан оғриган болалар ўртасида оғир асоратларни олдини олиш учун беморларга ўз вақтида орал регидратация ёрдами кўрсатиш муҳим аҳамият касб этади.Республика бўйича ўткир диарея касаллиги билан касалланган беморлар учун 6,2 минг ўринга мўлжалланган 3,5 минг орал регидратация пунктлари ташкил этилган.
Ўзбекистон Республикасидаичтерлама-паратиф касалликларини эрта аниқланишига катта эътибор қаратилган, шу мақсадда тана ҳарорати 3 кундан ортиқ юқори бўлган, этиологияси номаълум бўлган беморлар касалликни инкор этиш мақсадида гемокультура усулида текширилади. Жорий йилнинг 6 ойида жами бўлиб 20 минг одам текширилган.
Барча даволаш-профилактика муассасаларида юқумли ичак касалликлари қўзғатувчиларини лаборатория усулида аниқлаш мақсадида дифференциал-диагностикаси учун озуқа муҳитлар мавжуд, бу ўз навбатида беморларни аниқланиши ва улар атрофида ўз вақтида керакли бўлган мажмуавий профилактик ва эпидемияга қарши чора-тадбирларни амалга оширилишида катта аҳамиятга эга.
Республикада юқумли ичак касалликларини сув орқали юқишини олдини олиш мақсадида санитария-эпидеми
ология назорати хизмати томонидан аҳолига берилаётган сифатли ичимлик суви устидан назорат ўрнатилган. Ҳар йили 57-60 минг ичимлик сув намунаси кимёвий ва 160мингдан юқори намунаси микробиология кўрсаткичларига текширилади.
Давлат санитария эпидемиология назорати марказлари томонидан доимий равишда очиқ сув ҳавзалари суви ва сув оқиб келиш жойлари назорат қилинади, ва очиқ сув ҳавзаларига ташалаётган чиқиндилар ташлаш ҳолатлари аниқланганда уларни бартараф этиш мақсадида чоралар кўрилади.
Бундан ташқари санитария эпидемиология назорати марказлари ходимлари томонидан озиқ- овқат маҳсулотларини ишлаб чиқиш, сақлаш, транспортировка ва реализация этиш жараёнида санитария-гигиена қоида ва меъёрларига асосланган ҳолда амалга оширилиши устидан ўрнатилган тартибда назорат олиб борилган.
Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикасида юқумли ичак касалликлари бўйича барқарор эпидемик вазият сақланмоқда, ичтерлама-паратиф касалликлари саноқли сонларда қайд этилмоқда.