20.06.2016

Ишчи-ходимларни профилактик тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил этишнинг мақсади ва асосий вазифалар.

Профилактик тиббий кўриклар- республикада турли соҳаларда фаолият кўрсатаётган ишчи-ходимлар орасида юқумли ва паразитар касалликларнинг келиб чиқишига ва уларнинг тарқалиб кетишига йўл қўймаслик, корхона ва ташкилотларда мавжуд хавфли ва зарарли омиллар ҳамда ноқулай шароитлартаъсири натижасида келиб чиқиши мумкин бўлган турли касб касалликларини олдини олиш мақсадида ташкил этилади. Бундан ташқари корхона ва ташкилотларда ўтказилган тиббий кўриклар давомида касаллик аниқланган ходимларни вақтида соғломлаштириш тадбирларини амалга оширилиши асосий вазифалардан бири ҳисобланади.

Бундай профилактик тиббий кўрикларга иш фаолиятида турли зарарли омиллар мавжуд бўлганлар, ноқулай ва тунги ишларда ишлайдиганлар, транспорт (техника) воситалари билан  билан боғлиқ ишларда ишлайдиганлар, озиқ-овқат саноати ва савдоси ходимлари, аҳолига бевосита маиший ва маданий хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бўлган ишларда ишлайдиганлар ва умумтаълим мактаблари, мактабгача тарбия ва бошқа муассасаларда  бевосита болаларга таълим-тарбия бериш билан машғул бўлган ходимлар жалб этиладилар.

Тиббий кўрикларнинг ўтказилиши Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат Кодекси ва “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуни асосидаги Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2012 йил 10 июлдаги “Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 200-сонли буйруғи билан мувофиқлаштирилади ва назорат қилиб борилади. (ушбу буйруқ Адлия вазирлигидан 2012 йил 29 августда 2387-сон билан рўйхатдан ўтказилган).

Мазкур буйруққа кўра, тиббий кўриклар ташкилотларга тегишли даволаш-профилактика муассасалари томонидан, агар ташкилотга қарашли даволаш-профилактика муассасаси бўлмаган тақдирда, шу ташкилот жойлашган худудий даволаш-профилактика муассасаларитомонидан ўрнатилган тартибда шартнома асосида ўтказилади.

Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тиббий кўрикдан ўтказувчи даволаш-профилактика муассасаси раҳбарининг буйруғи билан профпатолог ёки касб касалликлари бўйича касбий тайёргарликдан ўтган врач раислигида тузилган “Тиббий комиссия” томонидан амалга оширилади. Таъкидлаш керакки, комиссия таркибига тиббий кўрикдан ўтувчи корхона ва ташкилотларнинг хусусиятлари, яъни ундаги хавфли ва зарарли омиллар ҳамда касбларни ҳисобга олган ҳолда тегишли мутахассислар киритилиши керак.

Шунинг учун ташкилот томонидан ишга кирувчи ходимга тиббий кўрикдан ўтиш учун берилган йўлланмада иш жойидаги хавфли ва зарарли омиллар тўлиқ кўрсатилади ва шунга асосантиббий кўрикдан ўтказувчи мутахассислар таркиби ҳамда лаборатория-функционал текширишлар ўтказилади.

Корхона ва ташкилотлар ходимларини даврий тиббий кўрикдан ўтказиб турилишини ташкил этиш учун, корхона раҳбари ва касаба уюшма ташкилотчиси худудий ДСЭНМ раҳбариятибилан келишган ҳолда, тиббий кўрикдан ўтиши шарт бўлган ходимлар рўйхатини тузади.

 Шу асосда тиббий кўрикдан ўтказувчи даволаш-профилактика муассасаси томонидан тиббий кўрикдан ўтказишнинг календар режаси ишлаб чиқилиб, ДСЭНМ билан келишилади ва тиббий кўрикдавн ўтказиш календар-режасиишлаб чиқилади.

Ходимларни ишга киришдан олдин тиббий кўрикдан ўтказиш даврида махсус 025-ҳ. шаклдаги амбулатория картаси юритилади ҳамда ушбу картага дастлабки ва кейинчалик даврий тиббий кўрикдан ўтказишда иштирок этган ҳар бир врачнинг ходимни касбга яроқлилиги бўйича хулосаси киритилади. Ходим ишини ўзгартирганда,ушбу тиббий амбулотория картаси янги иш жойидаги тиббий хизмат кўрсатувчи даволаш-профилактика муассасасига юборилиши керак.

Ўтказилган даврий тиббий кўрик натижаси бўйича корхона раҳбари ва касаба уюшмаси вакили, даволаш-профилактика муассасасининг тиббий комиссия раиси ва ДСЭНМ мутахассиси иштирокида далолатнома тузилади. Далолатномада тиббий кўрикдан ўтказишга режалаштирилган ва ўтказилган, касб ва умумий касалликлар ҳамда ногиронлик аниқланган, соғлиғига кўра бошқа ишга ўтказилишига мухтож бўлган, ногиронлик гуруҳини аниқлаш учун тиббий-меҳнат экспертиза комиссияга юбориладиган ва даволаниши зарур бўлган ходимлар кўрсатилади.

Тиббий комиссия томонидан даврий тиббий кўрикдан ўтказиш натижасида ходимларнинг саломатлик ҳолатини кузатиш мақсадида дифференциалланган гуруҳларга ажратиладиҳамда шу асосда даволаш ва соғломлаштириш тадбирлари белгиланади, зарурат бўлганда ходимни стационар ёки санатория-курортларда даволаш учун юбориш, шунингдек хавфли ва зарарли омиллар таъсиридан ҳоли бўлган бошқа ишга ўтказиш, меҳнат шароитини яхшилаш борасида корхона раҳбариятига тавсиялар берилади.

Тиббий кўриклар жараёнида ходимда аниқланган касалликни, унингишлаб турган касбига боғлиқлигини аниқлаш, яъни “Касб касаллиги” ташхиси қўйиш масаласи  Санитария, гигиена ва касб касалликлари ИТИ ёки Тошкент тиббиёт академиясининг тегишли клиникаси мутахасислари томонидан ҳал қилинади.

Давлат Санитария-эпидемиология назорати марказларининг тегишли мутахассислари мунтазам равишда даволаш-профилактика муассасаси томонидан ходимларни дастлабки ва вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтказишнинг тўлиқлиги ва сифати устидан назорат олиб борадилар.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2012 йил 10 июлдаги 200-сонли буйруғида белгиланган вазифалар ижроси тўғри ташкил этилган тақдирда,ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш борасида қуйилган мақсадга эришиш, яъни ишчи ва ходимлар орасида юқумли ва паразитар касалликларнинг келиб чиқиши ва тарқалишига йўл қўймаслик, шунингдек касб касалликлари ҳамда заҳарланишҳодисаларнинг олдини олишгаэришиш мумкин.