07.06.2016

Чўмилиш ҳавзаларига қўйиладиган гигиеник талаблар.

Чўмилиш масканларида Давлат санитария-эпидемиология назорати “Чўмилиш ҳавзаларини лойиҳалаштириш, жойлаштириш ва фойдаланиш санитария қоида ва меъёрлари” номли 0305-12-сонли СанҚваМ талаблари асосида олиб борилади. Ушбу санитария қоида ва меъёрларида чўмилиш ҳавзаларини лойиҳалантириш, жойлаштириш ва ундан фойдаланиш жараёнидаги барча талаблар кенг ёритилган.

Тери-таносил касалликлари каби касалликларни юқишини олдини олиш мақсадида, юқорида айтиб ўтилган СанҚваМнинг 3.11-бандига асосан ташриф буюрувчилар ва хизмат кўрсатувчи ходимлар Ўзбекистон Республикаси Соғликни сақлаш вазирлигининг 2012 йил 10 июлдаги 200-сонли буйруғига асосан тиббий кўрикдан ўтиши керак. Шаҳар, туман худудида нохуш санитария-эпидемиологик вазият юзага келганда даволаш профилактика муассасасининг чўмилиш ҳавзасига кириш мумкинлиги тўғрисидаги маълумотномаси талаб этилади. Шундай ҳолатларда худудий давлат санитария-эпидемиология назорати марказлари томонидан чўмилиш ҳавзаси маъмуриятига тиббий кўрикдан ўтмаган мижозларни киришини тўхтатиш тўғрисида тавсия берилади. Санитария-эпидемиологик вазиятдан қатъи назар мактабгача ёшдаги ва кичик мактаб ёшидаги болалардан сузиш гуруҳига қабул қилишдан олдин ва кейинчалик 3 ойда бир маротаба энтеробиоз ва лямблияларга паразитологик текширувлардан ўтганлиги тўғрисида маълумот талаб қилинади.

 Чўмилиш ҳавзаларидаги сувнинг сифати О’z Dzt 950:2011 «Ичимлик суви. Гигиеник талаблар ва сифатини назорат қилиш» талабларига жавоб бериши керак. Сувнинг сифати чўмилиш ҳавзаси маъмурияти билан худудий Давлат санитария-эпидемиология назорати марказлари билан келишилган график асосида назорат қилинади.

Худудий Давлат санитария-эпидемиология назорати марказлари томонидан назорат давомида бактериологик ва кимёвий текширувларга намуналар олинади.

Чўмилиш ҳовузларидан олинган сув намуналари бактериологик ва кимёвий кўрсаткичлари бўйича О’z Dzt 950:2011 «Ичимлик суви. Гигиеник талаблар ва сифатини назорат қилиш» талабларига жавоб бермаган ҳолатларда иш фаолияти вақтинча тўхтатилади. Профилактик мақсадларда ҳовуздаги сув чиқариб ташланиб, унинг туби ва деворлари зарарсизлантирувчи воситалар ёрдамида ювилади. Ҳовузга янги сув тўлдирилгандан сўнг қайтадан бактериологик ва кимёвий таҳлилларга сув намуналари олинади. Таҳлил натижаларига асосан чўмилиш ҳовузининг иш фаолиятини давом эттиришга рухсат берилади. Бундай ҳолатлар бўлмаган.

Айрим ҳолларда аҳолининг, айниқса ёш болаларнинг канал, ариқ ва ҳатто фаввораларда чўмилаётганлиги учратамиз. Бу борада чўмилиш мавсуми олдидан аҳоли қатламлари орасида МФЙ, ҚФЙ фаоллари иштирокида очиқ сув ҳавзалари чўмилиш мумкин эмаслиги тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилади, “Чўмилиш таҳқиқланади!” белгилари қўйиб чиқилади. Канал, ариқ ва фаввораларда чўмилаётганлар турли хил жароҳатлар олишлари, бундан ташқари чўмилиш пайтида сувни оғизлари олишлари натижасида ўткир юқумли ичак касалликлари билан хасталанишлари мумкин.