25.03.2016

Эҳтиёт бўлинг , заҳарли қўзиқоринлар!

Замбуруғларнинг табиатда 100 мингдан ортиқ тури маълум бўлиб, ҳайвонот ва ўсимликлар дунёсининг оралиғида бўлган алоҳида гуруҳ ҳисобланади. Систематик таркиби бўйича улар 6 та яъни Хитродиомицидлар, Оомицидлар, Зигомицетлар, Аскомицетлар, Базидиомицетлар ва Дейтеромицетлар синфларидан иборат бўлиб, ўз навбатида улар 2 та катта яъни микромицет ҳамда макромицетларга бўлинади. Макромицетлар кўзга кўриндиган мева танаси билан ҳарактерланади ва улар ўсимлик танасида сапротроф ёки паразит ҳолатда ҳаёт кечиради. Булар асосан Аскомицетлар ва Базидиомицеталар синфи вакиллари бўлиб табиатда 3500 дан ортиқ турлари фанга маълум.  Макромицетларни асосий қисми қапоқчали замбуруғлар бўлиб, улар заҳарли, истеъмол учун яроқли ва яроқсиз турлардан иборат бўлади. Айрим   вақтларда истеъмолбоп турлар завод ва катта йўл атрофида ўсадиган бўлса ҳавони филтрлаш ҳисобига истеъмол учун яроқсиз ҳолга ҳам келиши мумкин. Ўзбекистонда қалпоқчали замбуруғларнинг 170 дан ортиқ тури маълум бўлиб, шулардан 16 тага яқин тури истеъмолга яроқли, 7та тури захарли ва қолганлари истеъмол учун яроқсиз турларга бўлинади.

Беқиёс диёримизда баҳор ҳамда куз ойларида қир-адирлар майсазорлар ва ариқ бўйларида ҳар хил турдаги қўзиқоринлар ўсиша бошлайди.  Бу эса, қўзиқорин истеъмол қилишни ёқтирадиган фуқаролар учун қулай фурсат ҳисобланади. Кўча-кўйларда, катта автомагистрал кўчаларда номаълум шахслар томонидан истеъмол қилиниши мумкин бўлган ва истеъмолга яроқсиз заҳарли қўзиқоринларни сотиш ҳолатлари кузатилади.

Истеъмол қилиш мумкин бўлган ва заҳарли қўзиқоринларни турларга ажратиш жуда мураккаб. Кўп ҳолларда улар бир-бирига ўхшаб кетади. Истеъмолга яроқли қўзиқоринларга оқ қўзиқорин, қизил қўзиқорин, шампиньион ва опёнок киради. Заҳарли қўзиқоринларга: қизил мухамор, кулранг мухамор, сатанин, сариқ сохта қўзиқорин ва бошқалар киради. Тузланган ёки мариновка қилинган қўзиқоринларни рухланган идишларда сақлаганда ҳам заҳарланиш рўй бериши мумкин.

Сморчок ва строчок қўзиқоринларидан нотўғри таом тайёрланганда ҳам заҳарланишга сабаб бўлиши мумкин. Таркибида заҳарли гельвелат кислота бўлиб, у сувда яхши эрийди, шунинг учун сморчок ва строчок қўзиқоринларни истеъмол қилишдан олдин қайнатиб, сувини тўкиб ташлаш керак.

Автомагистрал йўл ёқалари, заҳарли оғулар ҳамда кимёвий моддалар сақланадиган омборхоналарнинг теварак-атрофларида ўсадиган қўзиқоринлардан ҳам заҳарланиш мумкин. Чунки машиналардан чиқадиган ис-газлар ва заҳарли моддаларни қўзиқоринлар мочалкага ўхшаб, ўз таркибига сингдириб олади ва бундай ҳолатларда истеъмолга яроқли бўлган қўзиқоринлардан ҳам заҳарланиб қолиш мумкин.

Одатда йиғилган қўзиқоринларни истеъмол қилганда бир ёки бир неча шахслар заҳарланади.

Қўзиқориндан заҳарланган вақтда касаллик белгилари истеъмол қилинган қўзиқорннинг турига қараб, куйидагича намоён бўлади. Масалан; қизилмухамор таркибида мускаридин ва мускарин алкаоидалари мавжуд. Қизилмухамордан заҳарланганда касаллик белгилар 1-2 соат ўтгач намоён бўлади. Асаб тизими фаолиятида ўзгаришлар, бу айниқса заҳарланиш учун характерли белги ҳисобланади. Бундан ташқари сўлак оқиши, кўптерлаш, кўздан ёш оқиши кузатилади, томир уриши (пульс) секинлашади ва сустлашади, алаҳсираш (галюцинация), титраш кузатилади, беморларда айниқса, кўзқорачиғининг кенгайиши (мускаридин)нинг ёки уларнинг торайиши (мускарин)нинг таъсири натижасида кузатилади. Беморларга тез тиббий ёрдам кўрсатилса, одатда 1-2 кундан кейин соғайиб кетади.

Ўз вақтида даво чоралари кўрилмаган вақтларда беморнинг аҳволи оғирлашиб, ёхуд бу ҳолат ўлим билан якун топиши ҳам мумкин. 

Бундай ноҳуш ҳолатларни кузатилмаслиги учун ҳар бир шахс адабиётлардан ва шу мавзудаги маълумотлардан фойдаланган ҳолда, заҳарли қўзиқоринлардан истеъмолга яроқлиси яъни заҳарланмаганини ажратабилиши лозим. Мактаблар, олий ва ўртамахсус билимюртларида бу маълумотлар билан батафсилроқ танишиш имконияти бирмунча юқори.

Бозорлар ва савдо дўконларидан қўзиқорин харид қилмоқчи бўлсангиз, гигиеник ва мувофиқлик сертификатлари ҳамда ветеринария-санитария лаборатория мутахассислари томонидан бериладиган маълумотномани талаб қилиш керак бўлади.

Шу билан бирга, инсонлар дала ҳовлиларда, яйловларда ва ариқ бўйларида ўсган ҳар хил турдаги қўзиқоринларни истеъмолга яроқли ёки яроқсизини билмасдан териш ва истеъмол қилишлари тақиқланади. Акс ҳолда ўз саломатлигингизнинг ҳар бир япроғига ўзингиз игна санчган бўласиз, ҳаттоки ўз умрингизга завол қилишингиз мумкин. 

7-1.jpg