03.03.2016

Матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Шу   йилнинг 2 март куни  Республика  Соғлиқни  сақлаш  вазирлиги  томонидан  Ўзбекистон Миллий матбуот марказида  “Аҳолини юқумли касалликлардан муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар, бунда давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлар, барқарор эпидемиологик  ҳолатни сақлашдаги эътибор ва ғамхўрлик масалалари тўғрисида” мавзуидаги  навбатдаги матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари, Республика, Тошкент шаҳри ва вилоятининг туманлари Давлат санитария-эпидемиология назорати марказлари бош врачлари, санитария-эпидемиология хизмати тасарруфига кирувчи илмий марказлар, илмий текшириш институтлар, пойтахт ҳудудидаги юқумли касалликлар клиник шифохоналари мутахассислари, соҳа олимлари ҳамда оммавий-ахборот воситалари вакиллари  иштирок этди.

7-1.jpg

Анжуманда таъкидланганидек, мамалакатимизда мустақиллик йилларида  юқумли касалликларга қарши курашиш ва уларни олдини олиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Юртимизда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш тадбирлари изчил амалга оширилиши натижасида аҳоли соғлиғини сақлаш ва мустаҳкамлашга йуналтирилган қонунчилик базаси шакллантирилди ва аҳолига тиббий-профилактик ёрдам беришнинг яхлит ташкилий тузилмаси яратилди.

Мамлакатимиз аҳолиси саломатлигини муҳофаза қилиш, санитария ва эпидемик жиҳатдан хотиржамликни таъминлашда санитария-эпидемиология хизматининг алоҳида ўрни бор. Юртимизда  профилактик  ва эпидемияга  қарши  чора-тадбирларнинг мақсадга мувофиқ равишда  олиб борилганлиги  муносабати билан  республика ҳудудига  карантин, ўта хавфли ва бошқа юқумли касалликларнинг четдан кириб келишига йўл қўйилмади. Бу  борада  юртимизда  барқарор эпидемик вазиятни таъминлашга эришилди. 

Ўтган давр мобайнида аҳолига берилаётган ичимлик сувининг сифати ва очиқ сув ҳавзалари устидан олиб борилаётган мониторинг  кучайтирилди. Бунинг натижасида мамлакатимиз  аҳолисини сифати кафолатланган ичимлик суви билан таъминлашдаги кўрсаткичлар бир мунча яхшиланди. Натижада сув орқали юқадиган юқумли  касалликлардан  қорин тифи кўрсаткичи 148 маротабага, паратифлар 120 маротаба, вирусли гепатитлар 136  маротабага камайган.

Ўзбекистонда вирусли гепатитларни аниқлаш бўйича янги лаборатория ташҳисот усулларини амалиётга киритилиши натижасида гепатитнинг А, В, С, Д, Е турларини аниқлашга эришилди.

Ҳукуматимиз томонидан эмлаш ишларига катта аҳамият берилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. 2015 йилдан миллий эмлаш календари асосида 12 та юқумли касалликларга қарши эмлаш ишлари олиб борилмоқда. Вакциналар давлат бюджети ҳисобидан ЮНИСЕФ халқаро ташкилоти орқали харид қилинмоқда.

Мустақиллик йилларида полимиелит, дифтерия, қизамиқ ва қизилчага қарши қатор “Миллий эмлаш кунлари”  ўтказилди. Натижада мамлакатимизда полимиелит касаллиги тугатилди ва ЖССТнинг “Ўзбекистон полимиелит касаллигидан озодлиги”  тўғрисидаги сертификати берилди.

Қолаверса, МДҲ давлатлари ўртасида биринчи бўлиб мамлакатимизда давлат бюджети ҳисобидан вакциналарни сотиб олиш ва уларнинг сақланишида асосий шартлардан бири бўлган “совуқлик занжири” тизими такомиллаштирилди ва болаларни   тўлиқ  бепул эмлаш  ишлари йўлга қўйилди.

7-1.jpg

Матбуот анжуманида таъкидланганидек, аҳолини эмлаш қамрови 98% юқори кўрсаткичда бажарилиши натижасида 1995 йилдан бошлаб полимиелит, 2002 йилдан дифтерия, чақалоқлар қоқшоли, 2011 йилдан қизамиқ ва қизилча рўйхатга олинмаяпти.

            Юқумли касалликлар бўйича барқарор эпидемик вазиятни сақлаб туришда давлатимиз  чегараларида фаолият кўрсатаётган санитария назорати пунктлари  муҳим аҳамият касб этади. Мазкур пунктлар Давлат божхона, Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмита, Ички ишлар вазирлиги  билан ҳамкорликда  тадбирлар олиб бормоқда. Санитария назорати пунктлари мутахассислари томонидан мамлакатимиз ҳудудига четдан кириб келиши мумкин бўлган юқумли касалликларнинг олдини олиш билан бир қаторда, чет давлатлардан олиб кирилаётган озиқ-овқат  ва бошқа халқ истеъмоли  маҳсулотларини сифати ва хавфсизлиги назорат қилинади.

Бундан ташқари, мамлакатимиз ҳудудига кириб келаётган ва унинг худудида ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат  маҳсулотлари хавфсизлик кўрсаткичларини аниқлаш бўйича 10 га яқин меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқарилиб, 2007 йил 3 майда Ўзбекистон Республикасининг “Йод етишмовчилиги касалликлари профилактикаси тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Бугунги кунда ушбу қонун талаблари асосида аҳоли орасида профилактик чора-тадбирлар кенг қамровда олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 2 октябрдаги ПҚ-700-сонли “Тиббиёт муассасалари фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ДСЭНМлар моддий-техника базаси мустаҳкамланмоқда.      

Жумладан лабораториялар замонавий ускуналардан полярографлар, хроматографлар, денситометрлар, ротацион буғлантиргичлар ва газ  ва иммунофермент анализаторлари ҳамда замонавий  асбоб-ускуналар билан тўлиқ жиҳозланди


7-1.jpg

Табиийки, режалаштирилган тадбирларнинг амалга оширилиши тизимнинг фаолиятига катта ижобий таъсир кўрсатади. Натижада, халқаро стандартлар даражасида жиҳозланган, ҳар қандай эпидемик хавфни бартараф қила оладиган, юқумли ва паразитар касалликларнинг четдан кириб келиши ва тарқалишини олдини олишга қодир тизим шаклланади.

Бўлиб  ўтган  матбуот  анжуманида  оммавий  ахборот  воситалари  вакиллари  ўзларини  қизиқтирган  саволларга  жавоб  олишди.