18.02.2015

Юқумли касалликларни олдини олиш борасида Санитария – эпидемиология ва ветеринария хизматларининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 11 феврал куни Давлат ветеринария Бош бошқармасининг тегишли мутахассислари, Ветеринария Илмий текшириш институти вакиллари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Давлат ветеринария бошқармалари бошлиқлари, ветеринария лабораториялари директорлари, Республика Давлат санитария – эпидемиология назорати маркази мутахассислари иштирокида “Ҳайвонлар ва одамлар учун умумий бўлган ўта хавфли ва бошқа юқумли касалликлар (қутуриш, куйдирги, бруцеллёз, Қрим – Конго геморрагик иситма, лейшманиоз, эхинококкоз ва бошқалар) бўйича эпидемик - эпизоотик вазият, ушбу касалликларни олдини олиш борасида мавжуд камчиликлар, муаммолар ва уларнинг ечимлари” тўғрисида қўшма йиғилиш бўлиб ўтди. Ушбу йиғилишда Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, Республика Бош Давлат санитария врачи Саидмурод Саидалаев иштирок этиб, юқорида таъкидланган касалликларни олдини олиш борасида ветеринария ва Санитария – эпидемиология хизматлари ҳамкорликда амалга ошириши керак бўлган вазифалардан келиб чиққан ҳолда қуйидаги фикр мулоҳазаларини билдирди. Жумладан:

  • - Республикадаги мавжуд чорва моллари ва уй ҳайвонларини, шу жумладан итларни тўлиқ руйҳатга олиш ҳамда уларни куйдирги, бруцеллёз ва қутуриш касалликларига қарши профилактик эмлаш ишлари билан тўлиқ қамраб олишга эришиш;
  • - жойларда профилактик эмлашларни ўз вақтида ва сифатли ўтказиш учун эмлаш препаратларини захирасини яратиш, уларни сақлашда “совуқлик занжири”га амал қилиш, бу борада йўл қўйилаётган кўз бўямачиликларга чек қўйиш;
  • - Аҳолига хонадонларда итни тўғри сақлаш бўйича тушунтириш ишларини кучайтириш. Ит сақлаш қоидаларига риоя қилмаган фуқароларга нисбатан ветеринария хизмати ходимлари томонидан ўз вақтида чоралар кўриш;
  • - Қаровсиз ит ва мушуклар, шу жумладан ветеринария гувохномаси бўлмаган итларни Ит тутиш бригадалари томонидан олиб кетилишини ташкил этиш;
  • - Ҳар бир шаҳар ва туманда куйдирги касаллигига гумон қилинган ҳайвонлар жасадини жойида куйдириш учун махсус мосламали техника билан таъминлаш ва уларни ишини ташкил этиш;
  • - Ветеринария ва санитария-эпидемиология хизматлари томонидан, ҳудудлардаги нохуш стационар пунктлар ва куйдиргига гумон қилинган касаллик ўчоқларидан намуналар олиш, текшириш ишларини сифат ва самарадорлигини яхшилаш чораларини кўриш;
  • - Молларни марказлашган ҳолда фақат кушхона ва махсус сўйиш майдончаларида сўйилишини ташкил этиш бўйича мутасадди ташкилот, муассаса, корхона ва хўжалик раҳбарларига тегишли тавсиялар бериш;
  • - Мажбурий сўйилган ва ўлган чорва ҳайвонларини гўшти ҳамда маҳсулотлари (териси, жуни, ички аъзолари ва суяклари) бошқа ҳудудларга олиб кетилиб, сотилишига йўл қўймаслик чораларини кўриш бўйича ички ишлар хизматига тегишли тавсиялар бериш;
  • - Бруцеллёз касаллиги аниқланган чорва молларини йўқотиш масаласини тўғри йўлга қўйиш;
  • - Аҳоли шахсий қарамоғидаги чорва молларини канага қарши ишлов бериш тадбирларини кучайтириш;
  • - Жойларда чорва моллари ва улар сақланадиган жойларни канага қарши ишлов бериш учун зарур дезинсекция моддалари заҳирасини яратиш ва ҳ.к.

Ўтказилган йиғилиш давомида Республика Бош Давлат ветеринария инспектори Бахром Норқобилов билан ҳайвонлар ва одамлар учун умумий бўлган касалликларни олдини олиш борасида келгусида амалга ошириладиган масалалар келишиб олинди.