“Тиббий паразитология ва юқумли касалликларнинг замонавий масалалари” мавзусидаги илмий-амалий конференцияси
2014 йил 28-29 октябр кунлари Самарқанд шаҳрида Самарқанд давлат тиббиёт институти қошида “Тиббий паразитология ва юқумли касалликларнинг замонавий масалалари” мавзусидаги ҳалқаро илмий-амалий конференцияси ўтказилди. Ушбу конференция Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2014 й. 27 январдаги 106 сонли фармойишига асосан Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Самарқанд давлат тиббиёт институти, Л.М.Исаев номидаги тиббиёт паразитология илмий текшириш институти билан биргаликда ташкил қилинди.

Илмий-амалий конференция ишида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Самарқанд вилояти ва Самарқанд шаҳри хокимиятлари, Тошкент тиббиёт академияси, ТошВМОИ, тиббиёт институтлари, илмий текшириш институтлари, ихтисослаштирилган илмий марказларининг вакиллари ва илмий ходимлари, давлат санитария-эпидемиология назорат марказларининг мутахассислари, ҳамда Россия (Москва, Санкт-Петербург, Ижевск, Екатеринбург шш.) ва Қозоғистон (Алматы, Караганда шш.)дан илмий ходимлар иштироқ этдилар.

Конференцияда дастурга биноан қатор паразитар ва юқумли касалликларнинг эпидемиологияси, ташҳиси, даволаши ва олдини олиш бўйича актуал муаммолар мавзусида докладлар берилди.

ССВ РесДСЭНМдан конференция ишида бош врач Б.И. Алматов ҳамда ОИТС, сил ва безгакка қарши кураш Глобал фонди маблағи ҳисобидан «Ўзбекистонда безгакни бартараф этишга қаратилган тадбирларга кўмаклашиш ва эришилган ютуқларни мустаҳкамлаш» бўйича UZB-809-G04-M сонли лойихани амалга ошириш гуруҳи мутахассислари Р.Р.Авхадеев ва Г.Ш.Шамгунова қатнашдилар. Г.Ш.Шамгунова «Ўзбекистонда безгакка қарши ҳаракатга Глобал фонднинг киритилган ҳиссаси» тўғрисидаги доклад билан сўзга чиқди. Унда Ўзбекистон Республикасида безгакни элиминация қилиш бўйича Глобал фонднинг иккита беш йиллик лойихалари билан кучайтирилган Миллий стратегик режани амалга ошириш натижалари ҳақида маълумот берилди.

Иштироқчилар илмий-амалий конференция иши боришида тажриба ва қўйилган вазифаларни ечиш бўйича фойдали мулоҳазалар билан алмашдилар.
Конференциянинг охирида барча иштироқчиларга тегишли сертификатлар берилди.
Илмий-амалий конференция материаллари «Биология ва тиббиёт муаммолари» номли халқаро илмий журналида (№3, 2014) чоп этилди.