Республика ДСЭНМда семинар - анжуман бўлиб ўтди
2014 йилнинг 26 август куни Республика Давлат санитария – эпидемиология назорати марказининг мажлислар залида Эбола вируси қўзғатадиган касаллиги (Эбола иситмаси)нинг профилактикаси мавзусида семинар йиғилиши бўлиб ўтди.
Ушбу семинар йиғилишида Республика ДСЭНМ, Вирусология Илмий текшириш институти, Карантин ва ўта хавфли юқумли касалликлар муҳофаза маркази, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар Соғлиқни сақлаш бошқармалари, Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш Бош бошқармаси бош инфекционистлари, ДСЭНМ бош врачининг эпидемиология масалалари бўйича ўринбосарлари, ўта хавфли юқумли касалликлар бўлими мудирлари, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси ДСЭНМ, Фавқулодда вазиятлар, Мудофаа, Ички ишлар вазирликлари,Миллий хавфсизлик хизмати ва Давлат чегараларини ҳимоя қилиш қўмитаси, “Ўзбекистон темир йўллари” ДАТЙК СЭСнинг маъсул ходимлари ва мутахассислари иштирок этишди.
Мазкур йиғилишда Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, Республика Бош Давлат санитария врачи Саидмурод Саидалиев ҳам иштирок этиб, бугунги кунда Ғарбий Африканинг бир қатор давлатларида Эбола вируси қўзғатадиган касаллик бўйича нохуш эпидемик вазият юзага келганлиги ва вазиятни борган сари кескинлашиб бораётганлиги, шунингдек,ушбу касалликни республикамиз ҳудудига четдан кириб келиш хавфи мавжудлиги ва республика тиббиёт ходимларини Эбола иситмаси бўйича билим савиясини ва хушёрлигини ошириш масаласи бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири эканлиги хусусида атрофлича тўхталиб ўтди.
Кун тартибида белгиланган мавзулар юзасидан республиканинг етакчи олимлари ва мутахассислари томонидан маърузалар қилинди. Жуда қизиқарли ўтган мазкур семинар йиғилишида иштирокчилар томонидан кўплаб берилган саволларга соҳа мутахассислари томонидан тўлақонли жавоблар берилди.
Республика ДСЭНМ бош врачи Бахром Алматов семинар йиғилишини якунлаб, семинар иштирокчилари диққатларини яна бир бор қилиниши зарур бўлган чора – тадбирларга қаратиб ўтди.