15.08.2014

Қутуриш - бедаво дард эканлигини бир лаҳза ҳам унутмайлик!

Қутуриш-барча иссиққонли ҳайвонларда ва одамларда учрайдиган бедаво ўта хавфли юқумли касалликдир.

Ушбу касаллик одамларга асосан қутурган итлар ва мушукларнинг, шунингдек ёввойи ҳайвонларнинг (бўри, чиябўри, тулки ва бошқалар) тишлаши (тирнаши, сулаклаши) натижасида ҳайвонларнинг сўлаги орқали одамларга юқади. Касалликни қўзғатувчи вирус қутурган ҳайвонлар сўлагида бўлади.

Республикамизда одам учун касалликнинг етакчи манбаи – итлар ҳисобланади. Охирги йилларда қутуриш касаллигига чалинган одамларнинг 95 фоизида итлар ва 5 фоизида эса бошқа ҳайвонлар касаллик манбаи бўлган.

Касаллик ҳайвонлардан ҳайвонларга ва ҳайвонлардан одамларга юқади. Қутуриш одамдан одамга ва одамлардан ҳайвонларга юқмайди.

Қутурган итда касаллик аломатлари рўёбга чиқишидан 10 кун олдин, яъни касаллик яширин даврининг охирги 10 кунида ҳамда касаллик бошланганидан токи ўлгунга қадар юқумли ҳисобланади. Бугунги кунгача қутуриш касаллигининг даволаш усуллари ишлаб чиқилмаган.

Қутуриш касаллиги жуда оғир кечиб, касаллик 100 фоиз ўлим билан тугайди. Ушбу касалликда бошқа юқумли касалликларда кузатилмайдиган сувдан қўрқиш, ҳаводан қўрқиш каби касаллик аломатлари кузатилади ва бемор жуда қийналиб вафот этади. Ўтмишда бу касалликка “сувдан қўрқиш”, яъни гидрофобия деб бежиз ном берилмаган.

Қутуриш касаллигининг олдини олишда, ҳайвонларни, айниқса итларни сақлаш қоидаларига риоя қилиш, одамларда қутуриш касаллигининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

Итлар тишлашидан жабр тортаётганларнинг 75,0%дан кўпроғи айнан эгали итларга тўғри келаётганлиги ҳам фуқароларимизнинг ит сақлаш қоидаларига риоя қилмаётганликларидан далолат беради.

Баъзи фуқаролар уйларидаги ити касал бўлса ёки уни боқа олмаса, ёки бўлмаса бирор бир кишини тишласа, итларини кўчага хайдашади ёки яшаб турган жойидан узоқроқ жойга итни адаштириб келади. Шундан кейин бу итлар қаровсиз, дайди итларга айланиб қолади.

Бу дайди итлар эса қутуриш касаллигининг асосий манбаи сифатида атрофдагиларга жуда катта хавф туғдиради.

Бу бедаво қутуриш касаллигидан сақланиш учун нималар қилиш керак? Жавоб оддий, фақат ҳар бир фуқаро қутуриш касаллигининг олдини олиш бўйича қуйидаги “Олтин қоидалар” га амал қилса бас:

- ит сақлаш қоидаларига пухта ва мунтазам амал қилиш;

- итларни ҳудудий ветеринария хизмати идорасига ўз вақтида хисобга қўйиб, қутуришга қарши эмлатиш;

- эгасиз, дайди итларни пайдо бўлишига йўл қўймаслик;

- имкони борича ит ва бошқа ҳайвонлар тишлашидан сақланиш чораларини кўриш, борди-ю бирор бир ҳайвон тишласа, зудлик билан тиббий ёрдамга мурожаат этиш ва мутахассис врачнинг тавсиясига кўра қутуриш касаллигига қарши эмлатиш.