Ўткир диарея касалликлари ва уларнинг профилактикаси
Йилнинг иссиқ кунларида аҳоли, айниқса болалар орасида ўткир юқумли ичак касалликлари тез – тез учраб туради. Ўткир юқумли ичак касалликларига қорин тифи, паратифлар, сальмонеллёз, ичбуруғ, вирусли гепатитнинг “А” тури, вабо ва бошқа бир қатор ўткир юқумли касалликлар киради.
Бу касалликларни ташқи муҳитга анча чидамли бўлган бактериялар ва вируслар қўзғатади.
Ўткир юқумли ичак касалликларида касаллик қўзғатувчиларининг манбаи бемор ва бактерияташувчилар ҳисобланади. Улар қўзғатувчиларни ташқи муҳитга асосан ўзларининг аҳлатлари билан чиқаради ва атроф муҳитни шу касалликлар қўзғатувчилари билан ифлослантиради.
Ичбуруғ касаллиги билан оғриган беморнинг 1 гр. аҳлатида миллионгача, қорин тифи билан оғриган беморнинг 1гр. аҳлатида 10 миллион донагача касаллик тарқатувчи бактериялар бўлиши мумкин. Қўзғатувчиларнинг барчаси ташқи муҳитга чидамли бўлади. Касалликнинг юқиш омилларига сув ва озиқ – овқат маҳсулотлари киради.
Ўткир ичак касалликларининг яширин даври бир неча соатдан 21 кунгача давом этади.
Аксарият ўткир ичак касалликлари беморда ҳолсизлик, кўнгил айниши, қусиш, ичнинг суюқ кетиши, тана ҳароратининг кўтарилиши каби белгилар билан кечади.
Бемор ўз вақтида шифокорга мурожаат этмаса, бу касалликлар ўзидан талайгина асоратлар қолдириши мумкин. Буларга ичаклар фаолиятининг бузилиши, ичакдаги яралардан қон кетиши, ичак деворларининг тешилиши, ўткир буйрак етишмовчилиги каби асоратлар киради ва баъзида бу асоратлар беморнинг ўлимига сабаб бўлиши ҳам мумкин.
Бу касалликларнинг олдини олишда шахсий гигиенанинг роли жуда катта. Ўткир юқумли ичак касалликларини “ифлос қўл касалликлари” деб бежизга айтилмаган.
Овқатланишдан олдин хожатхонадан сўнг қўлларни совунлаб ювиш, тирноқларни ўз вақтида олиш, қўлларни доимо покиза сақлаш, оилада ўз сочиғидан, тўй маъракаларда шахсий қўл рўмолчадан фойдаланиш – ўткир юқумли ичак касалликларнинг олдини олишда муҳим рол ўйнайди.
Деҳқон бозорларида, кўчаларда сифати кафолатланмаган, қўлда тайёрланган салқин ичимликлар, шарбатлар, айрон ва бошқа ичимликларни истеъмол қилиш ҳам ўткир юқумли ичак касалликларни қайд этилишига сабаб бўлиши мумкин.
Шуни айтиб ўтиш жоизки, саломатликни асраш 10 – 15 фоиз тиббиёт ходимларининг хизматига боғлиқ бўлса, 60 фоиз кундалик соғлом турмуш тарзига боғлиқдир.
Ўткир юқумли ичак касалликларининг олдини олишда ташқи муҳитни, хусусан очиқ сув ҳавзаларини ифлосланишини олдини олиш, шахсий гигиена қоидаларига пухта амал қилиш, сифатли сув ва озиқ – овқат махсулотларини исътемол қилиш - ўткир юқумли ичак касалликларнинг олдини олиш гаровидир, зеро касалликни даволашдан кўра уни олдини олиш минг бор афзал!