27.09.2011

Самарали фаолиятга – муносиб рағбат

Президентимиз Ислом Каримовнинг шу йил 17 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 20 йил эсдалик нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Ватанимиз мустақиллигининг 20 йиллиги арафасида давлатимиз мустақиллиги, иқтисодий, сиёсий, илмий-таълим, маданий, маънавий салоҳияти ва мудофаа қудратини мустаҳкамлаш, сарҳадларимизнинг хавфсизлиги ва дахлсизлигини таъминлаш, мамлакатимизни демократик янгилаш ва модернизациялаш, ҳар томонлама баркамол ёш авлодни тарбиялаш ишига салмоқли ҳисса қўшган юртдошларимиз “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 20 йил” эсдалик нишони билан тақдирланди.

Юртимизнинг барча ҳудудларида энг улуғ, энг азиз байрамимизга бағишланган турли маданий-маърифий тадбирлар давомида мазкур эсдалик нишонларини ҳамюртларимизга кенг жамоатчилик иштирокида тантанали равишда топшириш маросимлари ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигида бўлиб ўтган ана шундай тадбирда вазирликдан тақдирланганларга “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 20 йил” эсдалик нишонлари тантанали равишда топширилди.

Маросимда давлатимиз раҳбари Ислом Каримов раҳнамолигида истиқлол йилларида мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам кенг қамровли ислоҳотлар ўтказилаётганлиги, энг муҳими бу саъй-ҳаракатлар инсон, унинг манфаати ва аҳоли турмуш даражасини янада кўтаришга қаратилаётганлиги билан аҳамиятли эканлиги алоҳида таъкидланди. Президентимиз ташаббуси билан “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 20 йил” эсдалик нишонининг таъсис этилиши бунинг яна бир амалий ифодасидир.

Биз ушбу маросимда давлатимизнинг ана шундай юксак эътирофига сазовор бўлган вазирликнинг қатор ходимлари билан суҳбатда бўлдик.

Ғурур ва ифтихорга тўлдирди

Дилором Аҳмедова, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш Бош бошқармаси бошлиғи:

akhmedova.jpgВатанимиз мустақиллигининг 20 йиллиги муносабати билан “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 20 йил” эсдалик нишони билан тақдирланишим қалбимни чексиз ғурур-ифтихорга тўлдирди. Камтарона меҳнатимга давлатимиз раҳбари томонидан ката эътибор кўрсатилганидан беҳад миннатдорман. Бу мукофот менга янги куч-қувват бағишлайди, янада фаол бўлишга, тиббиёт соҳаси ривожи ҳамда мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга ундайди.

Хабарингиз бор, яқинда мамлакатимиз жаҳондаги энг нуфузли халқаро ташкилоти – “Save the children” (“Болаларни асрайлик”) ташкилоти томонидан тузилган жаҳон рейтингида болалар саломатлигини мустаҳкамлаш борасида катта ғамхўрлик кўрсатилаётган энг илғор етакчи ўн мамлакат қаторига киритилди. Биласизми, бу холис халқаро эътироф Ўзбекистон инсон, унинг манфаати йўлида ғамхўрлик кўрсатаётган давлат эканини англатади.

Биз шифокорлар давлатимизнинг халқимиз саломатлигини мустаҳкамлашдек эзгу ва муқаддас мақсад йўлида камарбаста бўлиб хизмат қилаверамиз. Мустақиллик сабаб шифокорлик касби улуғ ва юксак мартабага айланганлиги ҳам бизни фидойи бўлиб хизмат қилишга ундайверади.


Кутилмаган туҳфа

Бахтиёр Хашимов, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Бош бошқарма бошлиғи:

khashimov.jpg− Очиғи, бу юксак мукофот мен учун кутилмаган туҳфа бўлди. Табиийки, бундай ғамхўрлик бизни янада ғайрат билан ишлашга, фидойиликка чорлайверади.

Сир эмас, жаҳонда бошланган иқтисодий инқироз асоратлари ҳали-ҳамон дунёда сезилмоқда. Дунёнинг кўпгина давлатларида иқтисодиётнинг пасайиши, бюджет тақчиллиги оқибатида ижтимоий мақсадлар учун ажратилаётган маблағлар қисқартирилмоқда. Аммо, мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида узоқни кўзлаб, юрт, халқ манфатини кўзлаб амалга оширилаётган эзгу ишлар натижасида Ўзбекистон инқирознинг бундай салбий оқибатлардан зарур даражада ҳимояланди. Масалан, ўтган 2010 йил мамлакатимиз давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш соҳаси ривожи учун 1 триллион 700 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилган бўлса, 2011 йилда ушбу кўрсатгич 2 триллион сўмдан ошиб кетди.






Эътибор, эътироф, эҳтиром

Темур Хакимов, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Бош бошқарма бошлиғи:

khakimov.jpg− Биз шифокорларнинг қалбимизда хамиша фахр-ифтихор туйиб, илҳомланиб, завқланиб ишлашимиз учун муҳим бир асос, бу ─ Президентимизнинг биз соҳа ходимларига бўлган эътибори ва ғамхўрлигидир. Энг азиз ва улуғ байрамимиз Мустақиллигимизнинг 20 йиллиги арафасида “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 20 йил” эсдалик нишонини ватандошларимизга тантанали топширилиши ҳам фикримиз далилидир.

Ишончим комилки, мамлакатимиз тиббиётининг кейинги тараққиёти ҳам бундан-да ривожланиш даври бўлиши шубҳасиз. Зеро, тиббиёт ходимларига бўлган бундай юксак эҳтиром бунга қатъий ишонч уйғотади.









Мустақиллигимиз дастхати

Нодир Калонов, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Бош бошқарма бошлиғи:

kalanov.jpg− Президентимиз Фармони билан таъсис этилган “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 20 йил” эсдалик нишонини олишим ҳаётимда унутилмас воқеа бўлиб қолди. Рости, бу нишон нафақат менга , балки тизимимизда самарали меҳнат қилаётган касбдошларимга берилган муносиб мукофот бўлди, деб ўйлайман. Чунки, бугун мамлакатимиз тиббиёт тизимида ўтказилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда.

Биласизми, 2011 йилги Инвестиция дастурига кўра, жорий йилда 100 дан ошиқ республика ва худудий даволаш муассасалари реконструкция қилиниши ва қайта қурилиши керак эди. Энг қувонарлиси, ушбу объектларнинг аксарият қисми мустақиллигимизнинг 20 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилди. Ана шу эзгу мақсад учун давлат бюджети ҳисобидан 135 миллиард сўмдан ошиқ маблағ йўналтирилиши мўлжалланган. Мазкур бир-биридан муҳташам, кўркам ва замонавий даволаш муассасаларини истисно равишда мустақиллигимизнинг ёрқин дастхатига ўхшатиш, қиёслаш мумкин.





Саломатлик-фаровонликнинг муҳим омили

Лазиз Тўйчиев, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Бош бошқарма бошлиғи:

laziz.jpg─ Саломатлик–бойликнинг энг боши, юрт-кўрки, қудрати. Халқимизнинг ана шундай беқиёс бойлигига камтаргина бўлса-да, ўз ҳиссамни қўшаётганимда хурсандман. Устига-устак, ана шу камторона хизматимни муносиб баҳолаб, нуфузли нишонга лойиқ, деб топилганлиги учун давлатимиз раҳбарига раҳмат. Мустақиллигимизнинг тарихий 20 йиллик санасини нишонлаш арафасида менга шундай мукофотни берилиши бу қўшалоқ байрам бўлди.

Кези келганда шуни ҳам айтиш керакки, давлатимизнинг бу эътибори бизга жуда катта маъсулият юклайди, ўз устимизда янада кўпроқ меҳнат қилишни, изланишни тақозо этади.

Тўғри, мамлакатимизда дунёдаги айрим минтақалардаги қийин эпид вазиятга қарамасдан барқарор эпидемиологик вазият сақланиб турибди. Аммо бу биз учун охирги манзил эмас. Бугунги шиддат билан давом этаётган замон инсон соғлиғини мустаҳкамлаш йўлида янада кўпроқ меҳнат қилишни тақозо этмоқда.






Эзгулик ва яхшилик нишони

Диёра Арифджанова, Соғлиқни сақлаш вазирлиги бўлим бошлиғи:

arifjanova.jpg− Ёш бўлишимга қарамасдан давлатимизнинг обрўли нишонига сазовор бўлганлигим мен учун унитилмас воқеа бўлди. Албатта, бу юксак нишон мен каби инсон соғлиғи, саломатлиги йўлида меҳнат қилаётган касбдош дўстларимга берилган мукофот, деб биламан. Образли қилиб айтганда, “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 20 йил” эсдалик нишони бу яхшилик ва эзгулик нишони, деб биламан.

Ҳақиқатан ҳам, тиббиётимиз, хусусан, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш йўналишида бошқа мамлакатларга намуна бўладиган даражада бой тажриба тўпладик. Маълумки, айни пайтда юртимизда оналар ўлими даражаси 2 баровардан кўпроқ, болалар ўлими 3 баровар камайди. Табиийки, бу рақамлар ортида инсон, унинг тақдири, юртимиз аҳолисининг ҳаёти билан боғлиқ масалалар бор. Биз шифокорлар ана шундай аҳамият жиҳатдан беқиёс бўлган эзгу мақсад йўлида меҳнат қилаверамиз.






Фурқат Санаев

суҳбатлашди