11.04.2018

Аҳоли ва тиббиёт муассасаларининг арзон ва сифатли дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари билан таъминланганлик даражасини янада ошириш, уларнинг нархини белгилаш бўйича очиқ-ошкора механизмни жорий этиш, мамлакатимизда арзон ва сифатли препаратлар бўлишига қарамасдан ташхис қўйиш ва даволаш стандартларида кўзда тутилмаган ҳамда асосан қиммат импорт дори-дармон воситаларини тавсия этиш каби номақбул амалиётнинг олдини олиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик мақсадида:

1. 2017 йилнинг 1 январидан:

четдан олиб келинадиган, шунингдек, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларидан сотиб олинадиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини улгуржи ва чакана сотиш уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15 фоиздан, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорларда белгиланадиган чекланган савдо устамалари қўлланилган ҳолда амалга оширилади;

1-иловада* қайд этилган ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини белгиланган нархларда сотиш;

(1-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 октябрдаги ПФ-5216-сонли Фармонига асосан чиқарилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 30.10.2017 й., 06/17/5216/0187-сон)

* 1-илова берилмайди.

2. Даволаш муассасалари ва аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни тизимли асосда назорат қилиш учун Республика комиссияси 2-иловага* мувофиқ таркибда ташкил этилсин.

Қуйидагилар Республика комиссиясининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

мамлакатимиз фармацевтика бозорининг, жумладан, республикамизда ишлаб чиқарилган асосий дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминланганлик даражасини тизимли таҳлил этиш ва шу асосда дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари турларини диверсификация қилиш ҳамда ички бозоримизни янада бойитишга доир таклифлар ишлаб чиқиш, аҳолини дори-дармонлар билан таъминлашга масъул давлат органлари фаолиятини такомиллаштириш;

рўйхатга киритилган ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари учун қайд этилган нархларни белгилаш ҳамда уларни дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари сотадиган ташкилотларга етказишни ташкил этиш;

рўйхатга киритилган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари нархларига риоя этилишини назорат қилиш тадбирларининг амалга оширилишини мониторинг қилиш;

қайд этилган нархлар белгиланадиган ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари рўйхатига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, ташхис қўйиш ва даволаш стандартларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган тақдирда қарорлар қабул қилиш;

мамлакатимиз фармацевтика саноатига етакчи хорижий компаниялар ва инвесторларни янада кенг жалб этиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

вазирлик ва идоралар, улгуржи савдо ташкилотлар раҳбарларининг дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларига нарх белгилаш масаласи, шунингдек, аҳоли ва тиббиёт муассасаларининг, жумладан мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, сифатли дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмларига бўлган эҳтиёжини қондиришга оид амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳисоботларини мунтазам эшитиш.

3. Тиббиёт муассасалари ва аҳолини дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари билан таъминлашни назорат қилиш бўйича Республика комиссияси тўғрисидаги низом 3-иловага* мувофиқ;

дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари нархини тартибга солиш тўғрисидаги низом 4-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.

2 — 4-иловалар рус тилидаги матнда берилган.

 

 

4. Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги зиммасига Рўйхатга киритилган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларининг жаҳон нархлари конъюнктурасини таҳлил қилиш функциялари юклансин;

(4-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 октябрдаги ПФ-5216-сонли Фармони таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 30.10.2017 й., 06/17/5216/0187-сон)

Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги:

 LexUZ шарҳи

4-банднинг иккинчи хатбошисига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 июлдаги ПФ-5115-сонли Фармонига асосан ўзгартириш киритилган. Рус тили матнига қаранг.

дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларининг жаҳон нархлари конъюнктурасини таҳлил қилиш асосида Республика комиссиясига ҳар чоракда рўйхатда кўзда тутилган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари учун йўл қўйилиши мумкин бўлган чекланган шартнома қийматини белгилашга доир таклифлар киритсин, қиймати ушбу кўрсаткичдан юқори бўлган товар етказиб бериш тўғрисида импорт шартномалари тузилишига йўл қўйилмайди;

 

(4-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 октябрдаги ПФ-5216-сонли Фармони таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 30.10.2017 й., 06/17/5216/0187-сон)

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги ва бошқа манфаатдор тузилмалар билан биргаликда 2016 йил 1 декабргача рўйхатга киритилган импорт дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини харид қилиш учун тендер савдолари ўтказиш тўғрисидаги низомни белгиланган тартибда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

5. Белгилаб қўйилсинки, давлат соғлиқни сақлаш тизимидаги барча тиббиёт муассасалари рўйхатда кўзда тутилган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини ўрнатилган тартибда Республика комиссияси томонидан белгиланган улгуржи нархлардан ошмайдиган нархда сотиб олади.

6. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

энг илғор халқаро амалиётни ҳисобга олган ҳолда асосий касалликларга ташхис қўйиш, уларни даволаш ва клиник протоколлар стандартларини қайта кўриб чиқиш жадвалини икки ҳафта муддатда тасдиқласин, бунда уч ой муддатда ташхис қўйиш, даволаш ва клиник протоколларнинг янгиланган стандартлари тасдиқланишини, шунингдек, зарур ҳолларда амалдаги ташхис қўйиш, даволаш ҳамда клиник протоколларни қайта кўриб чиқишни назарда тутсин;

тасдиқланган ташхис қўйиш, даволаш стандартлари ва клиник протоколларга мувофиқ ҳар йили Республика комиссиясига рўйхатни ўзгартириш бўйича, биринчи навбатда, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар турларининг кўпайишига қараб улардан фойдаланишни кўзда тутадиган таклифлар киритсин;

ташхис қўйиш, даволаш ва клиник протоколларнинг янгиланган стандартларини барча тиббиёт муассасаларига, жумладан, фойдаланиш учун очиқ бўлган ахборот тизимлари орқали ўз вақтида етказишни таъминласин ҳамда уларга риоя этилишини қатъий назорат қилсин;

бир ой муддатда энг муҳим дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларининг барча дорихоналар учун мажбурий янгиланган минимал рўйхати, шунингдек, шифокор рецептисиз бериладиган дори-дармон воситалари рўйхатини тасдиқласин, унга зарурат туғилганда белгиланган тартибда ҳар йили ўзгартиш ва қўшимчалар киритсин;

юридик шахслар томонидан дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларига нарх белгилаш тартиби қўпол бузилганлиги учун лицензияни бекор қилиш шартлари, шунингдек, минимал рўйхат бўйича мажбурий талабларни назарда тутган ҳолда, бир ой муддатда Фармацевтика фаолияти тўғрисидаги лицензия шартномасига қўшимчалар киритсин;

шифокорларнинг дори-дармон воситаларини тавсия этиш ва дорихоналарда дори-дармон воситаларини бериш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасини икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин ва унда белгиланган тартиб бузилишига йўл қўйган шахсларга нисбатан қатъий жавобгарлик чораларини назарда тутсин;

ўз расмий веб-сайти, шунингдек, дорихоналар расмий веб-сайтларида рўйхатга киритилган барча дори-дармон воситалари бўйича белгиланган нархлар тўғрисида мунтазам янгиланадиган ахборот эълон қилинишини таъминласин.

7. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлимлари зиммасига дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларининг улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланувчи ташкилотлар улар нархининг давлат томонидан белгиланган тартибга риоя этишини тизимли асосда назорат қилиш вазифаси юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти:

фаолиятининг ўзига хос хусусиятини ҳисобга олган ҳолда дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларининг улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланувчи ташкилотлар улар нархининг давлат томонидан белгиланган тартибига риоя этиши устидан назоратни ташкил этсин ҳамда унинг бузилиши аниқланганда қонун ҳужжатларига мувофиқ чоралар кўриш учун тегишли материалларни, шу жумладан текшириш учун харид қилиш ва назорат остида олиш бўйича материалларни лицензияловчи органга киритиш;

сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини муомалага чиқаришга қарши курашиш бўйича ишларни кучайтирсин.

(7-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 февралдаги ПҚ-2773-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 7-сон, 87-модда)

8. «Ўзфармсаноат» акциядорлик компанияси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 16 сентябрдаги «2016 — 2020 йилларда республика фармацевтика саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида»ги ПҚ-2595-сонли қарорига мувофиқ рўйхатда кўзда тутилган импорт ўрнини босадиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқариш билан республика эҳтиёжини максимал даражада қоплаш бўйича муҳим чораларни кўрсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банк, Иқтисодиёт вазирлиги йиллик, чораклик моддий ва қиймат балансини шакллантиришда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва «Ўзфармсаноат» акциядорлик компанияси томонидан асосланган тайёр дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини, шунингдек, уларни мамлакатимиз корхоналарида ишлаб чиқариш учун хом ашёни четдан олиб келишга бўлган эҳтиёжни ҳисобга олсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 14 январдаги «Дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари сотишни тартибга солиш тўғрисида»ги 19- ва 2000 йил 5 августдаги «Ички бозорни дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 307-сонли қарорлари 2017 йилнинг 1 январидан ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Адлия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига қонунчиликка мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.

11. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р. Азимов ва Бош вазир ўринбосари А. Икромов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2016 йил 31 октябрь,

ПҚ-2647-сон

 

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2016 й., 51-сон, 583-модда, 2016 й., 52-сон, 599-модда; 2017 й., 7-сон, 87-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 30.10.2017 й., 06/17/5216/0187-сон)

 

Источник:  lex.uz


Ҳужжат рақами:  № ПҚ-2647
Қабул қилиниш санаси:  31.10.2016