04.09.2016

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МИЛЛИЙ ОЛИМПИЯ ҚЎМИТАСИ ҲУЗУРИДАГИ РЕСПУБЛИКА СПОРТ ТИББИЁТИ ИЛМИЙ-АМАЛИЙ МАРКАЗИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШГА ДОИР КЕЙИНГИ ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2016 й., 35-сон, 410-модда)

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Миллий олимпия қўмитаси ҳузуридаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказини ташкил этиш тўғрисида» 2013 йил 3 июлдаги ПҚ-1994-сон қарорини бажариш юзасидан, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Миллий олимпия қўмитаси ҳузуридаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази (кейинги ўринларда Спорт тиббиёти маркази деб аталади) фаолиятини самарали ташкил этиш ва унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Миллий олимпия қўмитасининг Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, Олмазор кўчаси, 6-уй манзилидаги бинонинг Спорт тиббиёти маркази эгаллаб турган қисмини ижара тўловининг нол ставкаси бўйича, коммунал хизматлар ва фойдаланиш харажатлари қиймати эгаллаб турилган майдонга мутаносиб ва/ёки истеъмол қилинган хизматлар миқдорида Спорт тиббиёти маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Миллий олимпия қўмитасига қопланган ҳолда 2016 йил 1 сентябрдан бошлаб Марказга ижарага бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. Қуйидагилар маълумот учун қабул қилинсин:

Спорт тиббиёти марказидан олинган қоплаш суммалари Миллий олимпия қўмитасининг даромади ҳисобланмайди ва уларга солиқ солинмайди;

бинонинг бир қисмини ижара тўловининг нол ставкаси бўйича Спорт тиббиёти марказига ижарага бериш хизматлари Ўзбекистон Республикаси Миллий олимпия қўмитаси учун тадбиркорлик фаолияти сифатида қаралмайди ва тегишли равишда Қўмитада солиқ тўлаш бўйича мажбуриятлар пайдо бўлмайди.

3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартиришлар киритилсин.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари А.И. Икрамов ва М.М. Каримов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2016 йил 25 август,

280-сон

Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 25 августдаги 280-сон қарорига
ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартиришлар

1. Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 августдаги 226-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2013 й., 8-сон, 56-модда) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Миллий олимпия қўмитаси ҳузуридаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази тўғрисидаги низомнинг 9-бандида:

тўққизинчи хатбошидаги «биркитилган контингентдаги шахсларга» сўзлари чиқариб ташлансин;

ўн биринчи хатбошидаги «хизматлар» сўзи «тўлов асосида хизматлар» сўзлари билан алмаштирилсин.

2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Миллий олимпия қўмитаси ҳузуридаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази фаолиятини ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2015 йил 1 майдаги 109-сон қарорининг (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2015 й., 5-сон, 34-модда) рус тилидаги матни 1-бандининг иккинчи хатбошидаги «на платной основе» сўзлари чиқариб ташлансин.


Ҳужжат рақами:  280
Қабул қилиниш санаси:  25.08.2016