30.12.2015

Жисмоний ва юридик шахслар марказий маълумотлар базаларини шакллантириш ва «Электрон ҳукумат» тизими фойдаланувчиларини идентификациялашнинг ягона ахборот тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил
17 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахслар марказий маълумотлар базаларини шакллантириш ва «Электрон ҳукумат» тизими фойдаланувчиларини идентификациялашнинг ягона ахборот тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 365-сонли қарорини ижро этиш, жисмоний ва юридик шахслар ҳақида ягона марказлашган ахборот манбасини шакллантириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Cоғлиқни сақлаш Миллий интеграциялашган ахборот тизимидаги «Соғлиқни сақлаш» ахборот тизимлари Мажмуаси (кейинги ўринларда ССМИАТ «Соғлиқни сақлаш» АТМ) фойдаланувчиларини чинакам идентификацияланишини ва давлат хизматларини кўрсатишда идоралараро электрон ҳамкорликни таъминлаш мақсадида,

БУЮРАМАН:

1. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида амал қилиш ва бажариш учун қуйидагилар қабул қилинсин:

«Электрон ҳукумат» тизимининг жисмоний ва юридик шахслар марказий маълумотлар базаларини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги Низоми, 1-иловага мувофиқ;

«Электрон ҳукумат» тизими фойдаланувчиларини идентификациялашнинг ягона ахборот тизими тўғрисидаги Низоми, 2-иловага мувофиқ.

2. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги “Uzmedinfo” электрон соғлиқни сақлаш ривожлантириш Марказини вазирликнинг қуйидаги вазифаларга масъул тармоқ тузилмавий бўлинмаси этиб белгилансин:

ССМИАТ «Соғлиқни сақлаш» АТМда интеграциялашуви кўзда тутилган, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги муассасаларнинг маълумотлар базасини (муассаса электрон паспорти ва ходим электрон паспорти)ни шакллантириш;

ССМИАТ «Соғлиқни сақлаш» АТМни барпо этиш доирасида, шакллантирилаётган соғлиқни сақлаш тизимида жисмоний ва юридик шахслар марказлашган тармоқ маълумотлар базаларини ташкил қилиш ва юритиш;

Соғлиқни сақлаш тизимининг жисмоний ва юридик шахслар тармоқ маълумотлар базаларини, «Электрон ҳукумат» тизимининг марказий маълумотлар базалари ва идентификациялашнинг ягона тизими билан интеграциялашуви ва ҳамкорлигини таъминлаш;

Соғлиқни сақлаш тизимидаги ахборот тизимларини ва ресурсларини, «Электрон ҳукумат» тизимининг марказий маълумотлар базалари ва идентификациялашнинг ягона тизими билан янада интеграциялашувини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида тузилаётган техник қўллаб-қувватлаш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича гуруҳлар билан ҳамкорликни амалга ошириш.

3. “Uzmedinfo” электрон соғлиқни сақлаш ривожлантириш Марказига (Боймуҳамедов М.В.):

интерактив давлат хизматлари кўрсатишда, соғлиқни сақлаш тизимидаги функционал ва операцион жараёнларни қайта ташкил қилиш ва мақбуллаштириш имкониятларини ўрганиб чиқиб, бу борада жараёнларни электрон шаклга ўтказиш, уларнинг муддатларини ва асосланмаган харажатларни қисқартириш ва шунга ўхшаш чора-тадбирларга эътибор қаратсин;

икки ой муддатда, соғлиқни сақлаш тизимидаги жисмоний ва юридик шахслар марказий маълумотлар базаларини шакллантириш ва юритиш чора-тадбирлари Режасини тайёрлансин ва тасдиқлаш учун киритилсин.

4. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Бош бошқармалари ва бошқармалари бошлиқларига, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирига, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш Бош бошқармаси ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқларига, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги барча муассасалар раҳбарларига, халқаро ва инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш гурухлар раҳбарларига:

жисмоний ва юридик шахслар марказий маълумотлар базалари билан ҳамкорликни кўзда тутган ахборот тизимлари ва ресурсларини режалаштириш, лойиҳалаштириш, ишлаб чиқиш ва жорий этишда, лойиҳа ҳужжатларини мажбурий тартибда “Uzmedinfo” Маркази билан келишуви таъминлансин;

ахборот тизимлари ва манбаларини ишлаб чиқиш ва жорий этишда, уларнинг ССМИАТ «Соғлиқни сақлаш» АТМ марказий маълумотлар базалари ва идентификациялашнинг ягона тизими билан ҳамкорлиги таъминлансин;

соғлиқни сақлаш тизими жисмоний ва юридик шахсларининг ягона ва тузилмалаштирилган маълумотлар базасини шакллантириш, уни «Электрон ҳукумат» тизимининг марказий маълумотлар базалари ва идентификациялашнинг ягона тизими билан интеграциялаштириш мақсадида, 2016 йилнинг 1 январидан бошлаб ССМИАТ «Соғлиқни сақлаш» АТМдаги “Муассасанинг электрон паспорти” ва “Ходимнинг электрон паспорти”ни тўлдириш ва юритиш таъминлансин.

5. Юрисконсульт (Маҳаммадиев Р.И.) икки ой муддатда вазирликнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил
17 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахслар марказий маълумотлар базаларини шакллантириш ва «Электрон ҳукумат» тизими фойдаланувчиларини идентификациялашнинг ягона ахборот тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 365-сонли қарорига мувофиқлаштирсин.

6. Мазкур буйруқ ижросини назорат қилиш вазирнинг биринчи ўринбосари Худаяров А.А. зиммасига юклатилсин.

Вазир                                                             А.В. Алимов

1-ИЛОВА

«Электрон ҳукумат» тизимининг жисмоний ва юридик шахслар марказий маълумотлар базаларини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

I. Умумий қоидалар

  1. Ушбу Низом «Электрон ҳукумат» тизимининг жисмоний ва юридик шахслар марказий маълумотлар базаларини (кейинги ўринларда марказий маълумотлар базалари деб юритилади) шакллантириш, долзарблаштириш, юритиш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.

  2. Марказий маълумотлар базалари давлат хизматларини кўрсатиш ва давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотлар (кейинги ўринларда ваколатли органлар деб юритилади) билан идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш учун зарур бўлган жисмоний ва юридик шахслар тўғрисидаги ахборот манбаи ҳисобланадиган давлат ахборот ресурсларидан иборат.

3. Марказий маълумотлар базалари қуйидаги вазифаларни таъминлаш мақсадида шакллантирилади ва юритилади:

давлат хизматлари кўрсатиш, шу жумладан электрон шаклда;

давлат хизматлари кўрсатиш жараёнини автоматлаштириш ва муддатларини қисқартириш;

давлат  хизматлари кўрсатишда ва идоралараро электрон ҳамкорлик қилишда зарур бўлган жисмоний ва юридик шахслар тўғрисидаги ахборотни сақлаш;

самарали идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш, шу жумладан узатиладиган ахборотни қисқартириш ҳисобига;

давлат хизматлари кўрсатишда жисмоний ва юридик шахсларни идентификациялаш;

ваколатли органларнинг ахборот тизимларини «Электрон ҳукумат» тизимининг ягона инфратузилмасига интеграциялаш.

4. «Электрон ҳукумат» тизимининг жисмоний ва юридик шахслар марказий маълумотлар базаларини шакллантириш ва юритиш ушбу Низомга илова қилинган схемага мувофиқ амалга оширилади.

II. Марказий маълумотлар базаларини шакллантириш ва долзарблаштириш

  5. Марказий маълумотлар базалари жисмоний ва юридик шахсларнинг ягона идентификаторларидан фойдаланиб ваколатли органлар томонидан шакллантирилади ва долзарблаштирилади.

  6. Берилаётганда бир марта генерацияланадиган, ноёб ва ўзгартирилиши мумкин бўлмаган рақамлар жисмоний ва юридик шахсларнинг ягона идентификаторлари ҳисобланади.

  7. Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (кейинги ўринларда ЖШ ШИР деб аталади) жисмоний шахснинг ягона идентификатори ҳисобланади.

8. Солиқ тўловчининг идентификация рақами (кейинги ўринларда СТИР деб аталади) юридик шахснинг ягона идентификатори ҳисобланади.

  9. Қуйидагилар жисмоний шахсларнинг марказий маълумотлар базаларини шакллантириш ва долзарблаштириш бўйича ваколатли органлар ҳисобланади:

1) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:

доимий яшаш жойининг манзили тўғрисидаги маълумотлар юзасидан;

вақтинча рўйхатда турган манзили ёки вақтинча ҳисобда туриш жойи тўғрисидаги маълумотлар юзасидан;

2) Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси — СТИР тўғрисидаги маълумотлар юзасидан;

3) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази:

ЖШ ШИР тўғрисидаги маълумотлар юзасидан;

фамилияси , исми, отасининг исми тўғрисидаги маълумотлар юзасидан, давлат тилидаги ва агар мавжуд бўлса бошқа тиллардаги маълумотлар юзасидан;

жинси тўғрисидаги маълумотлар юзасидан;

туғилган санаси ва жойи тўғрисидаги маълумотлар юзасидан;

паспорт серияси, рақами, берилган жойи ва санаси тўғрисидаги маълумотлар юзасидан;

паспорт муддатининг тугаш санаси тўғрисидаги маълумотлар юзасидан;

миллати тўғрисидаги маълумотлар юзасидан;

фуқаролиги тўғрисидаги маълумотлар юзасидан.

  10. Қуйидагилар юридик шахсларнинг марказий маълумотлар базасини шакллантириш ва долзарблаштириш бўйича ваколатли органлар ҳисобланади:

1) Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси:

тўлиқ номи тўғрисидаги маълумотлар юзасидан;

қисқартирилган номи тўғрисидаги маълумотлар юзасидан;

СТИР тўғрисидаги маълумотлар юзасидан;

давлат рўйхатига олинган сана ва рақами тўғрисидаги маълумотлар юзасидан;

тугатиш санаси тўғрисидаги маълумотлар юзасидан;

юридик манзили тўғрисидаги маълумотлар юзасидан;

устав фонди миқдори тўғрисидаги маълумотлар юзасидан;

раҳбарга тегишли СТИР тўғрисидаги маълумотлар юзасидан;

юридик шахс фаолиятининг ҳолати тўғрисидаги маълумотлар юзасидан;

мурожаат қилинадиган телефон рақами тўғрисидаги маълумотлар юзасидан;

электрон почта тўғрисидаги маълумотлар юзасидан;

2) Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси:

юридик шахснинг коди (КТУТ) тўғрисидаги маълумотлар юзасидан;

мулкчилик шаклининг коди тўғрисидаги (МШ) маълумотлар юзасидан;

ташкилий-ҳуқуқий шакл коди (ТҲШ) тўғрисидаги маълумотлар юзасидан;

жойлашган жой ҳудудининг коди тўғрисидаги (МҲОБТ) маълумотлар юзасидан;

йиллик статистика ҳисоботи бўйича фаолият асосий турининг коди тўғрисидаги (ИФУТ, ХХТУТ) маълумотлар юзасидан.

  11. Марказий маълумотлар базаларида мавжуд бўлмаган ва давлат хизматлари кўрсатиш, шунингдек идоралараро электрон ҳамкорлик учун зарур бўлган ахборот жисмоний ва юридик шахсларнинг ягона идентификаторлари асосида шакллантириладиган тегишли ваколатли органларнинг ахборот ресурсларида сақланади.

III. Марказий маълумотлар базаларини юритиш ва улардан фойдаланиш тартиби

  12. Марказий маълумотлар базаларини юритиш Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан амалга оширилади. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги:

марказий маълумотлар базалари дастурий-аппарат комплексининг ишлашини, техник кузатувини ва янада такомиллаштирилишини;

белгиланган тартибда марказий маълумотлар базаларидаги ахборотнинг сақланишини ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш чоралари кўрилишини;

ваколатли органлар билан келишган ҳолда марказий маълумотлар базаларини шакллантириш ва долзарблаштириш жадваллари тасдиқланишини;

марказий маълумотлар базаларида сақланадиган ахборот ваколатли органлар томонидан ўз вақтида долзарблаштирилиши устидан назорат қилинишини;

марказий маълумотлар базаларидаги маълумотларнинг тўлиқлиги текширилишини;

ваколатли органлар ахборот тизимларининг марказий маълумотлар базалари билан интеграциялашувига қўйиладиган техник талаблар тасдиқланишини;

марказий маълумотлар базаларида мавжуд бўлган ахборотнинг такрорланишини истисно этиш мақсадида ваколатли органларнинг янгидан ташкил қилинаётган ахборот ресурсларидаги маълумотларнинг таҳлили амалга оширилишини таъминлайди.

 13. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги шакллантирилган марказий маълумотлар базаларининг нусхаларини улардан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахсларга тақдим этиш ҳуқуқига эга эмас.

 14. Ваколатли органлар томонидан марказий маълумотлар базаларига тақдим этиладиган маълумотлар тақдим этилаётган пайтда ишончли, тўлиқ ва долзарб бўлиши керак.

 15. Ваколатли органлар марказий маълумотлар базаларига маълумотларни «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали жисмоний ва юридик шахсларнинг ягона идентификаторларидан фойдаланиб тақдим этадилар.

 16. Марказий маълумотлар базаларидан маълумотлар олиш жисмоний ва юридик шахсларнинг ягона идентификаторларидан фойдаланиш орқали амалга оширилади.

 17. Марказий маълумотлар базаларидаги маълумотлардан фойдаланганда жисмоний ва юридик шахсларни идентификациялаш фақат «Электрон ҳукумат» тизими фойдаланувчиларини идентификациялашнинг ягона ахборот тизими орқали амалга оширилади.

 18. Давлат хизматлари кўрсатишда ва идоралараро электрон ҳамкорлик қилишда марказий маълумотлар базаларидаги маълумотлардан фойдаланиш «Электрон ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси ёрдамида амалга оширилади.

 19. Давлат хизматлари кўрсатишда жисмоний ва юридик шахслардан марказий маълумотлар базалари ва тегишли ваколатли органларнинг ахборот ресурсларида мавжуд бўлган маълумотларни талаб қилиш тақиқланади.

 20. Марказий маълумотлар базаларида мавжуд бўлмаган ахборотнинг сақланишини таъминловчи давлат ахборот ресурсларини яратишда тегишли равишда жисмоний ва юридик шахсларнинг ягона идентификаторларидан фойдаланилади.

IV. Якунловчи қоидалар
21. Марказий маълумотлар базаларидаги маълумотларнинг ишончлилиги ва долзарблиги учун ваколатли органлар жавоб беради.

22. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.

2-ИЛОВА

«Электрон ҳукумат» тизими фойдаланувчиларини идентификациялашнинг ягона ахборот тизими тўғрисида

НИЗОМ

I. Умумий қоидалар

  1. Ушбу Низом «Электрон ҳукумат» тизими фойдаланувчиларини идентификациялаш ягона ахборот тизимининг (кейинги ўринларда идентификациялашнинг ягона тизими деб юритилади) вазифалари, функциялари, ишлаши ва ундан фойдаланиш тартибини белгилайди.

  2. Жисмоний ва юридик шахсларнинг (кейинги ўринларда фойдаланувчилар деб аталади) интерактив давлат хизматлари кўрсатиш ва идоралараро электрон ҳамкорлик доирасида «Электрон ҳукумат» тизимидан фойдаланиши идентификациялашнинг ягона тизими ёрдамида амалга оширилади.

II. Идентификациялаш ягона тизимининг вазифалари ва функциялари

3. Идентификациялашнинг ягона тизими қуйидаги вазифаларни бажаради:

интерактив давлат хизматлари кўрсатишда ва идоралараро электрон ҳамкорлик қилишда фойдаланувчиларнинг ҳақиқий идентификацияланишини таъминлаш;

  «Электрон ҳукумат» тизими фойдаланувчиларини рўйхатга олиш, идентификациялаш, аутентификациялаш ва авторизациялашнинг ягона механизмини таъминлаш;

идоралараро электрон ҳамкорлик қилишда давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг (кейинги ўринларда ваколатли органлар деб аталади) ахборот тизимларидан рухсат этилган ҳолда фойдаланишни таъминлаш.

4. Юкланган вазифаларни бажариш учун идентификациялашнинг ягона тизими қуйидаги функцияларни амалга оширади:

фойдаланувчиларни рўйхатга олиш, идентификациялаш, аутентификациялаш ва авторизациялашни;

«Электрон ҳукумат» тизими жисмоний ва юридик шахсларининг марказий маълумотлар базалари билан ўзаро ҳамкорлик қилиши;

фойдаланувчиларнинг ишончли шахсий маълумотларини идентификациялашнинг ягона тизимига уланган ваколатли органларнинг ахборот тизимларига рухсат этилган ҳолда узатиш;

давлат хизматлари кўрсатишда ва идоралараро электрон ҳамкорлик қилишда фойдаланувчиларнинг ваколатларини сақлаш ва бошқариш.

III. Идентификациялаш ягона тизимининг ишлаши ва ундан фойдаланиш тартиби

  5. Идентификациялаш ягона тизимининг ишлаши Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан амалга оширилади, ушбу Вазирлик қуйидагиларни таъминлайди:

идентификациялаш ягона тизимининг дастурий-аппарат комплексини техник қўллаб-қувватлаш ва янада такомиллаштириш;

белгиланган тартибда фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотлари сақланиши ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўриш;

ваколатли органлар ахборот тизимларининг идентификациялашнинг ягона тизими билан интеграциялашувига қўйиладиган техник талабларни тасдиқлаш;

давлат органлари ахборот тизимларининг идентификациялашнинг ягона тизими билан интеграциялашувига кўмаклашиш;

ваколатли органлар ахборот тизимларини идентификациялашнинг ягона тизимига улаш (рўйхатга олиш);

идентификациялашнинг ягона тизимида фойдаланувчилар ҳаракатларини қайд қилиш ва доимий мониторингини олиб бориш;

ушбу Низом талаблари бузилган тақдирда фойдаланувчилар ва ваколатли органлар ахборот тизимларининг идентификациялаш ягона тизимидан фойдаланишини блокировка қилиш.

6. Идентификациялаш ягона тизимининг ишлаши ушбу Низомга илова қилинган схемага мувофиқ амалга оширилади.

7. Фойдаланувчиларни идентификациялашнинг ягона тизимида рўйхатга олиш бепул асосда амалга оширилади.

  8. Фойдаланувчиларни идентификациялашнинг ягона тизимига уланган ваколатли органларнинг ахборот тизимларида идентификациялаш жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами ва юридик шахснинг солиқ тўловчининг идентификация рақами асосида амалга оширилади.

  9. Фойдаланувчиларни идентификациялашнинг ягона тизимида аутентификациялаш электрон рақамли имзо (кейинги ўринларда ЭРИ деб аталади) воситалари, шунингдек бошқа усуллар билан белгиланган тартибда амалга оширилади.

10. ЭРИ қуйидаги мақсадларда қўлланилади:

интерактив давлат хизматларидан фойдаланиш учун, шунингдек идоралараро электрон ҳамкорлик қилишда фойдаланувчилар аризасининг юридик кучини таъминлаш;

фойдаланувчилар интерактив давлат хизматларидан фойдаланиш учун ариза берганда ахборотни бузиб кўрсатишдан ҳимоя қилиш;

фойдаланувчиларнинг интерактив давлат хизматларидан фойдаланиш учун берган аризасини рухсатсиз кўришдан ҳимоя қилиш.

  11. Фойдаланувчиларнинг интерактив давлат хизматларидан фойдаланиш учун берган аризасидаги ЭРИ бир вақтнинг ўзида қуйидаги шартларга риоя қилинганда:

ЭРИ ҳақиқийлиги тасдиқланганда;

  ЭРИ ҳақиқийлигини тасдиқлаш вақтида ёхуд имзолаш вақтини белгиловчи исботлар мавжуд бўлганда электрон аризани имзолаш вақтида ЭРИ калитининг сертификати амал қилганда қоғоз кўринишдаги ёзма аризага қўл билан қўйилган имзо билан бир хил аҳамиятга эга.

12. Фойдаланувчи интерактив давлат хизматларидан фойдаланиш учун идентификациялашнинг ягона тизими орқали авторизацияланиши керак.

13. Фойдаланувчи тўғрисидаги маълумотлар ваколатли органларнинг тегишли ахборот тизимларига муваффақиятли аутентификацияланишдан сўнг юборилади.

14. Идентификациялашнинг ягона тизимидан олинган фойдаланувчилар тўғрисидаги маълумотлар ишончли ҳисобланади ва давлат хизматларини кўрсатиш ҳамда идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш учун мўлжалланган.

15. Фойдаланувчиларнинг ахборотни рухсатсиз фойдаланишдан ҳимоя қилишга доир белгиланган чораларни бузишга қаратилган хатти-ҳаракатларига йўл қўйилмайди.

16. Давлат хизматларидан фойдаланишда фойдаланувчига хизматларни кўрсатиш ва тегишли хизматлардан фойдаланиш учун аризаларни юбориш тартиби ва талаблари билан танишиш имконияти берилади.

17. Давлат хизматидан фойдаланиш учун фойдаланувчи аризасининг юборилиши фойдаланувчининг унинг тегишли хизматларни кўрсатиш учун зарур бўлган шахсий маълумотларини юбориш ва улардан фойдаланишга розилиги бўлиб ҳисобланади.

IV. Ваколатли органларнинг ахборот тизимларини идентификациялашнинг ягона тизимига улаш

18. Давлат хизматлари кўрсатувчи ваколатли органлар идентификациялашнинг ягона тизимига бепул асосда уланади.

19. Ваколатли органларнинг ахборот тизимларини идентификациялашнинг ягона тизимига улаш интеграциялашувга қўйиладиган техник талабларга мувофиқ амалга оширилади.

V. Идоралараро электрон ҳамкорликни амалга ошириш

20. Ҳужжатлар ва ахборот билан автоматлаштирилган тарзда айирбошлаш мақсадида ваколатли органлар ахборот тизимларининг интеграциялашуви «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали амалга оширилади.

21. «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформасига уланадиган ваколатли органларнинг ахборот тизимлари ҳам ҳужжатлар ва ахборотни тақдим этиш учун мурожаат қилган маълумотларни етказиб берувчилар, ҳам ҳужжатлар ва ахборотни сўраган маълумотларнинг истеъмолчилари бўлиши мумкин.

22. Идоралараро электрон ҳамкорлик қилишда фойдаланувчиларнинг фойдаланишини ва ваколатларини таъминлаш устидан назорат қилиш идентификациялашнинг ягона тизими орқали амалга оширилади.

VI. Якунловчи қоидалар

 23. Идентификациялашнинг ягона тизимида фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларидан рухсатсиз фойдаланганлик учун ваколатли органлар — ахборот тизимларининг эгалари ва Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги жавоб беради.

24. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.

Ҳужжат рақами:  №504
Қабул қилиниш санаси:  30.12.2015