01.02.2016

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРИНИНГ

БУЙРУҒИ

2016 йил 01 02

57

Toshkent sh.

Юқумли бўлмаган касалликлар диагностикаси ва даволаш тадбирлари бўйича клиник протоколларини тасдиқлаш тўғрисида

“Саломатлик-3” лойиҳасининг режасига асосан юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, диагностика ва даволаш жараёнини такомиллаштиришга қаратилган клиник протоколларни амалиётга татбиқ қилиш ҳамда соғлиқни сақлашнинг бошланғич бўғини даражасида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини янада ошириш мақсадида

БУЮРАМАН:

1. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари, жумладан, туман ва шаҳар марказий шифохоналари, кўп тармоқли марказий ва оилавий поликлиникалар, қишлоқ врачлик пунктларининг шифокорлари учун эндокринология бўйича клиник протоколлар тўплами 1-иловага, юрак қон-томир касалликлари бўйича клиник протоколлар тўплами 2-иловага, пульмонология бўйича клиник протоколлар тўплами 3-иловага, меъда-ичак касалликлари бўйича клиник протоколлар тўплами 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Даволаш-профилактика ёрдамини ташкил қилиш бош бошқармаси бошлиғи Ш. Нишонов, Фан ва ўқув юртлари бош бошқармаси бошлиғи Ў.С.Исмаилов, Республика ихтисослаштирилган кардиология, Республика эндокринология, терапия ва тиббий реабилитация, фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт марказлари раҳбарлари томонидан мазкур клиник протоколларни амалиётга татбиқ қилиш юзасидан ҳудудларда амалий семинарлар ташкил қилинсин.

3. Фан ва ўқув юртлари Бош бошқармаси бошлиғи Ў.С.Исмаилов мазкур клиник протоколларни бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари шифокорларини эндокринология, гастроэнтерология, кардиология, пульмонология йўналишлари бўйича қайта тайёрлаш ва малака ошириш ўқув дастурларига киритиш масаласини ҳал этсин.

4. Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири, Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси, вилоятлар Соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқларига:

йўналиш бўйича ҳудудий бош мутахассислар томонидан мазкур клиник протоколларни туман/шаҳар тиббиёт бирлашмалари ва тегишли даволаш-профилактика муассасалари амалиётига тўлиқ татбиқ қилиш;

диагностика ва даволаш жараёнини клиник протоколларга асосан ташкиллаштиришнинг тизимли мониторингини олиб бориш вазифалари юклатилсин.

5. “Саломатлик-3” лойиҳасини амалга ошириш марказий бюросининг ижрочи директори вазифасини бажарувчи В. Хакимовга:

мазкур клиник протоколлар ҳар бир йўналиш бўйича 3650 та нусхадан (80% ўзбек ва 20% рус тилларида) чоп этилиши ва 3650 та нусхадан электрон кўринишда (CD диск) «Саломатлик-3» лойиҳасининг маблағи ҳисобидан белгиланган тартибда кўпайтирилишини таъминлаш вазифаси юклатилсин.

6. Вазирликнинг Назорат инспекцияси бошлиғи А.Агзамовга Назорат инспекциясининг режали ва режадан ташқари текширишларида клиник протоколларнинг амалиётга татбиқ қилинишини назорат қилиб бориш топширилсин.

7. Мазкур буйруқ ижросининг назорати вазирнинг биринчи ўринбосари А.Худаяров зиммасига юклатилади.

Вазир                                                А.Алимов

Ҳужжат рақами:  №57
Қабул қилиниш санаси:  01.02.2016