24.08.2015

17 -сонли қўшма қарор

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги

ҚЎШМА ҚАРОРИ

Узоқ муддат хорижий давлатда бўлиб яшаш манзилига қайтган ёки одам савдосидан жабрланган фуқароларга тиббий кўрикни ташкил қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш ва Ички ишлар вазирликларининг ўзаро ҳамкорлиги ҳақидаги Низомни тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш ва Ички ишлар вазирликлари қарор қиламиз:

1. Узоқ муддат хорижий давлатда бўлиб яшаш манзилига қайтган ёки одам савдосидан жабрланган фуқароларга тиббий кўрикни ташкил қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш ва Ички ишлар вазирликларининг ўзаро ҳамкорлиги ҳақидаги Низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Mазкур Низом ижросини таъминлаш учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш ва Ички ишлар вазирликларининг тегишли хизматларига юборилсин.

3. Қарорнинг бажарилиши устидан назорат олиб бориш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш ва Ички ишлар вазирларининг соҳавий ўринбосарлари зиммасига юклатилсин.

Ўзбекистон Республикаси

Соғлиқни сақлаш вазири

А. Алимов

Тошкент ш.

2015 й. “_____”_____________

№__________

Ўзбекистон Республикаси

Ички ишлар вазири

А. Ахмедбаев

Тошкент ш.

2015 й. “_____”_____________

№__________

Ўзбекистон Республикаси

Соғлиқни сақлаш ва Ички ишлар

вазирликларининг 2015 йил “___”____даги

№ ____№_____- сонли қарорига

ИЛОВА

Узоқ муддат хорижий давлатда бўлиб яшаш манзилига қайтган ёки одам савдосидан жабрланган фуқароларга тиббий кўрикни ташкил қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш ва Ички ишлар вазирликларининг ўзаро ҳамкорлиги ҳақида

НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар.

1. Ушбу Низом узоқ муддат хорижий давлатда бўлиб яшаш манзилига қайтган ёки одам савдосидан жабрланган фуқароларга қисқа муддатда тиббий кўрикларини ташкил қилиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш ва Ички ишлар вазирликлари ўртасида ахборот алмашинуви ва тиббий кўриклар самарадорлигини ошириш чораларини такомиллаштиришга қаратилган.

2. Узоқ муддат хорижий давлатда бўлиб яшаш манзилига қайтган ёки одам савдосидан жабрланган фуқаролар қонунчиликда белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтадилар.

3. Узоқ муддат хорижий давлатда бўлиб яшаш манзилига қайтган ёки одам савдосидан жабрланган фуқароларнинг тиббий кўриклари давомида касаллик аниқланган ҳолатда уларга ўз вақтида ва малакали даво ўтказилади.

4. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан ҳар чорак якунида узоқ муддат хорижий давлатда бўлиб яшаш манзилига қайтган ёки одам савдосидан жабрланган фуқаролар ҳақидаги маълумотлар ҳудудлар кесимида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдим этиб борилади.

5. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан тақдим этилган маълумотлар билан тиббий кўрикдан ўтказилган фуқаролар ҳақидаги ҳисоботларни солиштиради, таҳлил қилади ҳамда натижасига кўра тегишли чора-тадбирлар белгилайди.

6. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу борада амалга оширилган ишлар ҳақида ҳар чорак якунида Одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссиясининг таҳлилий ишчи гуруҳига маълумот тақдим этади.

2-боб. Узоқ муддат хорижий давлатда бўлиб яшаш манзилига қайтган ёки одам савдосидан жабрланган фуқароларни тиббий кўригини ташкил қилиш учун маълумот алмашинувини ташкиллаштириш

7. Узоқ муддат хорижий давлатда бўлиб яшаш манзилига қайтган ёки одам савдосидан жабрланган фуқаролар тўғрисидаги кунлик маълумотлар ҳудудий профилактика инспектори томонидан тўпланади.

8. Узоқ муддат хорижий давлатда бўлиб яшаш манзилига қайтган ёки одам савдосидан жабрланган фуқаролар тўғрисидаги маълумотлар ҳудудий профилактика инспектори томонидан кунлик умумлаштирилади ва бу фуқароларнинг рўйхати унинг фамилияси, исми, шарифи, ёши, яшаш манзили ва қайси давлатда қанча муддат бўлиб, қачон ҳудудга кириб келганлигини кўрсатган ҳолда 1 кун муддатда мазкур ҳудуддаги даволаш-профилактика муассасаси (қишлоқ врачлик пункти, поликлиника)га тақдим қилинади.

9. Ҳудудий даволаш-профилактика муассасаси узоқ муддат хорижий давлатда бўлиб яшаш манзилига қайтган ёки одам савдосидан жабрланган фуқаролар рўйхатини ҳудудий профилактика инспекторидан олган вақтидан 1 кун муддат ичида ушбу фуқарони тиббий кўрикка жалб қилиш чораларини кўради.

10. Ҳудудий профилактика инспектори тақдим этган рўйхат бўйича фуқаро кўрсатилган манзилда мавжуд бўлмаса, бу ҳақида шу иш куни якунида профилактика инспекторига маълум қилади ва фуқарони тиббий кўрикка жалб қилишини сўрайди.

11. Ҳудудий профилактика инспектори даволаш-профилактика муассасасининг мурожаатига мувофиқ фуқаронинг манзилини аниқлаш ва уни тиббий кўрикка жалб қилиш юзасидан амалий ёрдам кўрсатади.

12. Амалга оширилган ишлар бўйича ҳар ой якунида ҳудудий профилактика инспектори ва даволаш-профилактика муассасасининг ҳисоботлари рўйхат асосида солиштирилади ҳамда имзоси билан тасдиқланади.

13. Ҳисоботлар рўйхати илова қилинган ҳолда ой якунида профилактика инспектори томонидан туман (шаҳар) ички ишлар бўлимига ва даволаш-профилактика муассасаси томонидан туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмасига тақдим этилади.

14. Туман (шаҳар) ички ишлар бўлими томонидан ҳудудий профилактика инспекторлари ва бошқа манбалардан қабул қилиб олинган узоқ муддат хорижий давлатда бўлиб яшаш манзилига қайтган ёки одам савдосидан жабрланган фуқаролар рўйхати умумлаштирилади ва ой якунида тиббиёт бирлашмасига тақдим этилади.

15. Туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси ички ишлар бўлимидан олинган умумлаштирилган рўйхатни ҳудудий даволаш-профилактика муассасаларидан (қишлоқ врачлик пункти, поликлиника) олинган ва умумлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилганлар рўйхати билан солиштиради ҳамда тиббий кўрикдан ўтмаганлар мавжуд бўлса уларни ички ишлар бўлими билан ҳамкорликда тиббий кўрикка жалб қилишга қаратилган чора-тадбирлар кўради.

16. Ҳар ой якунида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисобот туман (шаҳар) ички ишлар бўлими томонидан вилоят ва унга тенглаштирилган ички ишлар бошқармасига, тиббиёт бирлашмаси томонидан соғлиқни сақлаш бошқармасига тақдим этади.

17. Вилоят ва унга тенглаштирилган ички ишлар ҳамда соғлиқни сақлаш бошқармалари ҳудудлардан қабул қилиб олинган ҳисоботларни умумлаштиради ва ўзаро солиштиради, шу билан бирга солиштирма ҳисоботларни таҳлил қилиб, натижасига кўра ҳамкорликдаги аниқ чора-тадбирлар белгилайди.

18. Вилоят ва унга тенглаштирилган ички ишлар ва соғлиқни сақлаш бошқармалари таҳлилий ҳисоботларни ўзининг юқори турувчи вазирлигига ҳар ой якунида тақдим этиб боради, бунда маълумотларнинг ҳаққонийлиги учун идоранинг шахсан биринчи раҳбари жавобгар бўлади.

3-боб. Узоқ муддат хорижий давлатда бўлиб яшаш манзилига қайтган ёки одам савдосидан жабрланган фуқароларни тиббий кўриги ва касаллик аниқланганда даволанишини ташкил қилиш

19. Узоқ муддат хорижий давлатда бўлиб яшаш манзилига қайтган ёки одам савдосидан жабрланган фуқароларнинг тиббий кўриги ҳудудий профилактика инспектори томонидан тақдим этилган рўйхат асосида ҳудудий даволаш-профилактика муассасаси (қишлоқ врачлик пункти, поликлиника) томонидан амалга оширилади.

20. Тиббий кўрик ихтиёрий равишда узоқ муддат хорижий давлатда бўлиб яшаш манзилига қайтган ёки одам савдосидан жабрланган фуқаронинг розилиги билан амалга оширилади.

21. Тиббий кўрик умумий амалиёт шифокорининг кўриги, умумий қон, RW, ОИВ инфекцияси ва балғам текширувларидан ташкил топади.

22. Тиббий текширув натижаларига кўра, қўшимча текширувлар ёки ихтисослашган мутахассис маслаҳатига зарурат бўлганда фуқаро туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмасига йўналтирилади.

23. Тиббий кўрик натижасида касаллик аниқланганда фуқарога амбулатор ёки туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмасида белгиланган тартибда стационар шароитида даво муолажалари амалга оширилади.

4-боб. Якуний қоидалар

24. Мазкур Низом талабларига риоя қилмаган ходимлар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.