ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРИНИНГ
БУЙРУҒИ
2014 йил 17 май
№173
“Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги
Ўзбекистон Республикаси Қонунининг
ижросини таъминлаш ҳақида
Республикада ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш ва “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижросини таъминлаш мақсадида,
Б У Ю Р А М А Н
- “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
- Вазирликниниг Даволаш-профилактика ёрдамини ташкиллаштириш Бош бошқармаси (Д.Миразимов), Санитария-эпидемиология назорати Бош бошқармаси (К.Мухаммедов), Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш Бош бошқармаси (С.Исмаилов):
юқоридаги қонун билан барча ходимларни таништириш
ва ўрганишларини ташкил этиш ҳамда мазкур ҳужжатнинг мазмун-моҳияти
ва муҳимлигини ҳар бир ходим эътиборига етказиш;
аҳоли ўртасида мунтазам тиббий текширувларни ташкил этиш;
алкоголизмга, гиёҳвандликка, заҳарвандликка, руҳий касалликларга,
ОИВ инфекциясига, таносил касалликларига ва атрофдагилар учун хавф солувчи бошқа касалликларга чалинган шахсларни аниқлаш, уларни ҳисобга олиш, текширувдан ўтказиш, шунингдек ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштиришни ташкил этиш;
ОИВ инфекцияси, алкоголизм, гиёҳвандлик, заҳарвандлик тарқалишининг олдини олишга доир чора-тадбирларни бажариш учун мутахассисларни тайёрлашни, қайта тайёрлашни ва уларнинг малакасини оширишни амалга ошириш;
аҳоли ўртасида санитария-гигиенага оид билимларни тарқатиш бўйича ишларни, шунингдек соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишни ташкил этиш;
қонуннинг талабидан келиб чиқиб, вазирликнинг буйруқларини инвентаризациядан ўтказиш, лозим бўлган тақдирда, уларга ўзгартириш
ва қўшимчалар киритиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш учун вазирлик раҳбариятига киритиш топширилсин.
- Вазирликнинг барча бошқарма бошлиқлари, Тошкент шаҳар
ва вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари ҳамда
даволаш-профилактика муассасалари ва ўқув юртлари раҳбарлари ички ишлар органларига:
ижтимоий аҳамиятли касалликлар ва атрофдагилар учун хавф солувчи бошқа касалликлар тарқалганлиги ҳақида;
баданига шикаст етган ёхуд беҳуш ҳолатда бўлган шахслар келиб тушганлиги ёки мурожаат этканлиги ҳақида;
одамларнинг ҳаётига ёки соғлиғига таҳдид соладиган оилавий – маиший низолар тўғрисида ва оилавий-маиший муносабатлар соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар ҳақида;
вояга етмаган шахс ғайриижтимоий хулқ-атворга ва ҳуқуқбузарликлар содир этишга жалб этилганлиги ҳақида;
ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган, ҳуқуқбузарликлар содир этган шахслар ҳақида хабар қилиши шарт.
- Вазирликнинг Назорат инспекцияси (А.Содиқов) бошқармалар томонидан юқорида қайд этиб ўтилган қонун ижроси юзасидан олиб борилаётган ишларни назоратга олсин.
- Тизимдаги барча ходимларни ушбу буйруқ билан таништириш мақсадида “Ўзмединфо” давлат корхонаси директори М.Боймухамедовга мазкур буйруқ матнини Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий веб-сайтига жойлаштириш топширилсин.
- Мазкур буйруқ ижросининг назорати вазирнинг биринчи ўринбосари А.Худаяров зиммасига юклатилсин.
В а з и р
А. Алимов
Ҳужжат рақами: № 173
Қабул қилиниш санаси: 17.05.2014