1 Марта Всемирный день иммунитета. осталось: 3 куни!
ru uz
Тери ёғланишига қарши 9 чора

Кунлар исиши билан кўпчиликни юз териси ялтираши ташвишга солади. Бунинг уй шароитидаги ечимлари билан таништирамиз.

Тухум оқи + лимон

Рўзғорда ҳамиша ҳозиру нозир тухум ёрдамида юз териси ялтирашини бартараф этиш мумкин. Бунда сизга битта лимон ҳам керак бўлади. Тухум ва лимон шарбати аралашмаси юз териси ёғланишини камайтириш билан бирга жило бериш хусусиятига ҳам эга.

Тайёрланиши:

Битта тухум оқи ва 1 чой қошиқ лимон шарбатини кўпиргунча аралаштиринг. Ниқоб тозаланган юз терисига суртилади ва 20 дақиқадан сўнг илиқ сувда ювилади. Ниқобни ҳафтада икки марта, турли косметик скраблар ўрнига қўллаш мумкин. Биринчи фойдаланишдаёқ ўзгариш сезасиз.

Сабзи + эфир мойи

Агар юз териси катаклари кенг ва қора нуқталар кўп бўлса, қуйидаги ниқоб сиз учун.

Тайёрланиши:

Ўртача катталикдаги сабзининг ярмини, майда тишли қирғичдан ўтказинг. Унга икки томчи чой дарахтининг эфир мойидан қўшинг. Ниқоб тоза юзга суртилиб, 15 дақиқадан сўнг муздек сувда чайилади.

Одатда, ниқоб кечки маҳалга тавсия этилади. Ниқобдан сўнг юзга озиқлантирувчи крем суртиш керак.

Қора лойнинг фойдаси

Қора лой юзни тозалайди, озиқлантиради ва ёғланиш даражасини камайтиради. 

Тайёрланиши:

Тайёр ниқобни керакли миқдорда сув билан аралаштиринг. Сўнг розмарин мойидан икки томчи қўшиб, аралашмани юзингизга суртинг. Ниқоб 15 дақиқага мўлжалланган. Юз териси ўта ёғланишида лойли ниқоб ҳафтасига икки-уч марта қўлланиши мумкин.

Қатиқ суртамизми?

Юз териси қуёшда куйиб, қизариб ва қуруқшаб қолса, қатиқдан яхшиси йўқ. Буни қарангки, витаминларга бой ушбу маҳсулот юз териси офтоб таъсирида ялтираб қолганда ҳам қўл келаркан.

Бунинг учун хона ҳароратида илитилган қатиқни 15 дақиқага юз ва бўйинга суртасиз. Сўнг илиқ сувда чайиб олсангиз бўлгани.

Кўк чой ёшартиради!

Яна бир оддий ва осон усул — бу кўк чой ёрдамида юзни артиш.

Тайёрланиши:

1 қошиқ қуруқ кўк чойни 200 мл. қайнаган сувга дамланг. 10—15 дақиқа тиндиргач, икки қават докани дамламада ҳўлланг-да юзингизга қўйинг. Компресс 30 дақиқа давом этади. Кўк чой юз терисини озиқлантириши билан бирга юмшатади ҳам.

Компрессдан кунора фойдаланиш тавсия этилади.

Косметикадан тўғри фойдаланинг!

Иссиқ мавсумда косметик воситалардан камроқ фойдаланиш тавсия этилади. Аммо биз, аёллар бунга кўнармидик?! Доим ўзига оро беришни ёқтирган хонимлар учун қуйидаги маслаҳатларимиз асқатади, деган умиддамиз.

  • Иссиқ ҳаво шароитида пардоз чиройли чиқиши учун тери нафас олиши кераклигини ёдда тутинг.
  • Ялтироқ тенлар билан хайрлашиш фурсати етди! Унинг ўрнига сувга чидамли тушь ва кўз учун мўлжалланган қаламлардан фойдаланинг.
  • Лаб бўёғининг рангги узоқ вақг сақланиб турадигани энди иш бермайди. Негаки, бундай помада лаб терисини қуритади. Баҳор-ёз мавсуми учун бальзам ва оч рангли ёғли лаб бўёқлар энг маъқули.
  • Баҳор ва ёз мавсумида енгил суртиладиган, оч рангли «SPF 50» тонал кремларидан фойдаланинг. Шунингдек, уваланувчи упалар ҳам айни муддао.  
Орқага Чоп этиш