ru uz
Гормонлар

Ҳаётда турли вазиятларга тушиб турамиз. Гоҳида кайфиятимиз яхши бўлса, баъзан тушкунлик гирдобида қоламиз, кимнидир яхши кўрамиз, кимларгадир меҳр-муҳаббат улашамиз. Тонг отса уйқудан уйғониб, ўзимизни тетик ёки ҳолсиз ҳис этамиз, очлик, чарчоқ, уйқу, хуллас, кунимиз минг турфа ҳис-туйғулар ичида ўтаверади. Бизни қамраб олган турли-туман туйғуларнинг сабабларини баъзида билсак, гоҳида улар боисини англаб етмаймиз.

Тўғри, жисмоний ва психологик ҳолатимизга ҳаётдаги турли воқеа-ҳодисалар бевосита таъсир кўрсатиб туради. Аммо бу вақтда пайдо бўлган туйғуларни организмимизда гормонлар бошқаришини биласизми? Қуйида сизнинг ҳар кунлик кайфиятингиз, ички ҳолатингизни белгилаб берувчи асосий гормонлар ҳақида айрим маълумотларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Эстроген — асосан аёллар гормони бўлиб, тухумдонларда ишлаб чиқарилади. Улар томирлар эластиклигини, терининг таранглигини таъминлайди. Аёллар назокати бевосита ушбу гармон миқдорига боғлиқ. Шунингдек, асаб тизимига стресс асоратларига қарши курашишга кўмаклашади. Организмда мазкур гормоннинг етарлича миқдорда ишлаб чиқарилиши Е (ўсимлик ёғи, ловия), К (исмалоқ, ошқовоқ, яшил нўхат, жигар, тухум сариғи) витаминлари ҳамда фолий кислотаси(петрушка, карам) меъёрига чамбарчас боғлиқ.

Тестостерон (андроген) эркакларнинг биринчи рақамли гормони бўлиб, куч-ғайрат манбаи ҳисобланади. Ушбу гормоннинг етишмаслиги эркакларда нафақат асабийлик ва жинсий заифликни, балки бошқа бир қатор муаммоларни ҳам келтириб чиқаради. Жумладан, организмнинг умумий тонуси тушиб кетади, хотира заифлашади, ишчанлик кайфияти йўқолади. Бунинг олдини олиш учун рух(сигир ва қўй гўштлари, денгиз маҳсулотлари, ошқовоқ уруғи) моддаси мвжуд бўлган маҳсулотларни тез-тез истеъмол қилиб туриш керак. Шунингдек, эркаклар кунига ярим литрдан зиёд пиво истеъмол қилиш мунтазам равишда эркаклик гормонларининг камайишига олиб келишини унутмаслик, алькогол ва тамаки маҳсулотларидан имкон қадар четланишлари лозим.

Окситоцин — меҳр ва муҳаббат гормони. Буйрак усти безларида ишлаб чиқарилади. Ҳомиладор аёлларда ушбу гормон фарзандини дунёга келтираётган вақтда жуда зарур. У бачадон қисқаришига хизмат қилади. Бола туғилганидан кейин ҳам окситоцин муҳим роль ўйнайди. Шу боис у оналарнинг гўдагига бераётган она меҳри, деб аташ мумкин. Мазкур гормоннинг етишмаслиги ғам-қайғуни (баъзан мутлақо бесабаб кайфият тушиб кетади) келтириб чиқаради, хавотир даражасини ошириб юборади. Ушбу гормон шоколад, банан, авакадо ва селен моддасига бой бўлган кабачки (қовоқча), сельдерей, патиссон (кулчақовоқ) каби маҳсулотларда кўп миқдорда учрайди. Шунингдек, фарзанди кулган вақтда ота‑она қонида кўп миқдорда мазкур гормон ишлаб чиқарила бошлар экан.

Яна бир муҳим гормон ҳисобланган тироксин қад‑қомат гўзаллиги ва ақл‑идрокнинг шаклланишига жавобгар саналади. Қалқонсимон безларда ишлаб чиқарилувчи ушбу гормон организмда моддалар алмашинуви, ҳаракатлар координацияси ва тана тузилишини бошқаришда иштирок этади. Унинг ортиқчаси мушаклар вазнининг камайишига олиб келса, етишмовчилиги тана вазнининг ортиши (семириш) ҳамда ақлий заифликка сабаб бўлиши мумкин. Унинг меъёри бузилганини уйқусизлик, юрак ўйноғи ёки безовталикдан билиш мумкин. Айтиш жоизки, мазкур гормон организмда йод моддаси меъёрига чамбарчас боғлиқ. Шу боис йодга бой бўлган денгиз карами, денгиз маҳсулотлари ёки йодланган туз, нон ва сут маҳсулотлари истеъмолини канда қилмаслик тавсия қилинади.

Норадреналин ўз‑ўзини ҳимоя қилиш гормони бўлиб, буйрак усти безларида ишлаб чиқарилади. Стресс ҳолатида ушбу гормон бутун организмни “уруш ҳолати”га тайёрлайди. Бу вақтда кучсизланган организмни инфекциялардан ҳимоялайди, иммунитет ишини мувофиқлаштиради. Ушбу гормоннинг меъёрида эканини юзимиздаги соғлом қизилликдан билиш мумкин. Кунни йогурт истеъмол қилиш билан бошлаган кишиларда мазкур гормон меъёрида бўлиши кафолатланган. Сабаби, йогурт таркибидаги тирозин аминокислотаси норадреналин синтези учун хизмат қилади. Шунингдек, ушбу гормоннинг ишлаб чиқарилишида бета‑каротин (янги сабзи) муҳим рол ўйнайди.

Инсулин – ширинлик гормони. Ошқозон ости безида ишлаб чиқарилади. Айни шу гормон биз истеъмол қилган ширинликларни парчалаб, организмимиз учун зарур бўлган энергия, қувватга айлантириб беради. Инсулиннинг нотўғри ишлаб чиқарилиши қандли диабет ҳамда юрак қон‑томир тизими хасталикларининг ривожланишига олиб келади. Ёмон углеводлар (булочка, пирожнийлар) инсулин алмашинувини ёмонлаштирса, яхши углеводлар (йирик майдаланган ундан тайёрланган нон, жигарранг шакар ва сабзавотлар) меъёрини таъминлайди.Инсулин – ҳаракат гормони ҳамдир. Бир соатлик фитнес машғулотларидан сўнг унинг миқдори 6‑7 фоизга ортиши исботланган.

Соматотропин – жисмоний фаоллик гормони. Бош миядаги гипофиз марказида ишлаб чиқарилади. Мушаклар тонуси, ортиқча ёғларни йўқотиш, томирлар мустаҳкамлигига хизмат қилади. Унинг етишмовчилиги натижасида мушаклар ҳолсизланади, қўл териси сўлғинлашади. Унинг ишлаб чиқарилиштда С витамини, тўйинмаган ёғ кислоталари(сельд, тунец, скумбрия, балиқ ёғи), протеинлар(мол, индук, товуқ гўштлари) ва ўсимлик оқсиллари(гуруч, соя, қизил ловия) катта рол ўйнагани боис, уларни мунтазам равишда истеъмол қилиб юриш лозим.

Кортизол – стресс гормони. Ушбу гормон киши хавфли вазиятга тушганда ёки оч қолганда кўп миқдорда ишлаб чиқарила бошлайди. Қонда кортизол миқдори баланд бўлса доимий стресс ва хавотир кузатилиб, моддалар алмашинуви бузилади. Қизил икра (унинг таркибидаги триптофан “бахт гормони” – серотанин ишлаб чиқарилишига хизмат қилади ва стрессни йўқотади, холестерол эса асаб тизимини мустаҳкамлайди), бодом (унинг таркибидаги Е витамини одамни тинчлантириб, стресс гормони даражасини туширади, кўп миқдордаги тўйинмаган ёғлар эса холестеринни камайтиради), писта(қон босимини туширади, ортиқча адреналинни меъёрлаштиради, стрессни юмшатади, тетиклик ва яхши кайфият бахш этади), ловия (ундаги магний моддаси мушакларни бўшаштиради, асабларни тинчлантиради, кортизол миқдорини камайтиради), шунингдек, асал, ромашка, ялпиз дамламалари, сут, шоколад ва пишлоқ ҳам кортизол миқдори ошганда, яъни тушкунлик, стресс, қўрқув ва хавотир вақтида кони фойда.

Дофамин — қониқиш (мақтанчоқлик) гормони J. Адреналинга ўхшаш ушбу гормон инсондаги қониқиш ҳиссини бошқаради. Масалан, мазали таом еганди, бирор ўзига хос ҳолатга дуч келганда ушбу гормон натижасида кимгадир мақтангимиз келади. Бугун ижтимоий тармоқларда мазали таомлар, янги буюм ёки жойлар ҳақидаги хабар ва фотосуратларни жойлаштириш домафин миқдоридан келиб чиққан ҳолда амалга ошмоқда. Мусиқа эшитганда мияда мазкур гормон кўп миқдорда ишлаб чиқарила бошлар экан.

Вазопрессин – ишонч гормони. Гипофизда ишлаб чиқарилади. Молекуляр тузилиши окситоцинни эслатади. Мазкур гормон яқинлик (дўстлик, меҳрибонлик), ғамхўрлик ва эр‑хотин ўртасидаги ўзаро ишончнинг пайдо бўлишига кўмаклашади.

Мелатонин

Мелатонин – уйқу гормони. “Ёшлик гормони” деб ҳам номланади. Инсон миясининг марказий қисмидаги эпифиз марказида (ғуддасимон без) ишлаб чиқарилади. Ёруғликка ўта таъсирчан гормон. Унинг суткалик миқдорини инсон биологик соати белгилайди. Яъни, кундуз куни мелотонин миқдори камайиб, кеч тушиши билан орта бошлайди. Унинг ишлаб чиқарилиши ярим тунда чўққисига етади. Бир оз энг кўп миқдори ушлаб турилади сўнгра аста секинлик билан пасая боради. Мелотонин ишлаб чиқарилиши ёруғлик даражасига бевосита боғлиқ. Яъни, кеч тушса ҳам ёруғлик камаймаса, етарли даражада ишлаб чиқарилмаслиги, натижада уйқусизлик кузатилиши мумкин.

Етти ёшда мелотонин энг кўп миқдорда ишлаб чиқарилар экан. Сўнгра аста‑секинлик билан камайиб боради. 45 ёшда эпифиз ҳажми кичрайишни бошлайди ва унинг ҳужайралари мелотонин ишлаб чиқаришни камайтиради. Шунинг учун ҳам 60 ёшга етганда мелотонин ишлаб чиқарилиши 20 ёшдагига қараганда 50 фоизга ҳам етмайди ва шу сабабли кексалар уйқусизлик билан боғлиқ муаммоларга дуч келишади.

Мелотонин ўзига хос антиоксидант ҳисобланиб, баъзи касалликлар, масалан, саратоннинг айрим турлари(кўкрак бези саратони)га қарши курашда унинг ўрни беқиёс. Мелотонин етишмовчилиги ҳам айрим хасталикларнинг кучайишига олиб келиши мумкин. Зеро, мухтарам ўқувчиларимизга уйқусизлик қанчалик оғир асоратларга олиб келиши яхшигина маълум бўлса керак.

Мазкур гормоннинг яна бир қизиқарли томони шундаки, у овқат ҳазм қилиш жараёнида ҳам иштирок этади. Шу сабабдан меъёридан ортиқча овқат истеъмол қилганимизда, ортиқча таомни ҳазм қилиш учун кўпроқ мелатонин ишлаб чиқарилади ва бизни уйқу босади.

Серотонин – «Бахт гормони». Серосотин бош мия нейромедиатори бўлиб, кўпроқ гормон деб аталади. Бош мия марказидаги ғуддасимон безда ишлаб чиқарилади. Инсоннинг психологик ва жисмоний фаолияти билан боғлиқ бўлиб, иштаҳа, кайфият, либидо, ижтимоий хулқ-атвор, когнитив фикрлашга таъсир кўрсатади. Серотонин миқдори ақлий салоҳият, организмга бевосита таъсир кўрсатади. Унинг миқдори қанчалик кўп бўлса, шунча яхши, дейилади тиббий мақолаларда.

Серотонин миқдорини табиий усулда оширган маъқул. Жумладан, осон ҳазм бўлувчи углеводларга бой майдаланмаган донлар, ясмиқ, сули ёрмаси ва ловия истеъмолини канда қилмаслик зарур. Кўп босқичли тозалашдан ўтказилган, носоғлом ва кўп бор қайта ишланган маҳсулотлар (оқ нон, булочки, конфет)дан тийилишни ҳам унутмаслик лозим. Шунингдек, мева ва сабзавотлардаги қимматли углеводлар, В, В6 витаминлари, Омега-3 ёғ кислоталари (балиқ), Қуёш нурлари остида сайр қилиш, мустаҳкам уйқу, жисмоний машқлар ҳам унинг миқдорини ошириш хусусиятига эга.

Ҳар қандай севимли машғулот (хобби), ёқимли мусиқа тинглаш, сузиш ёки велосипед ҳайдаш, яқин инсон ва қадрдон дўстлар суҳбати ҳам нафақат серотонин, балки допамин ва бошқа кўплаб фойдали гормонларнинг ишлаб чиқарилишига олиб келади.

Инсон Яратганнинг буюк мўъжизаси. Табиатда эса биз ҳали англаб етмаган сир-синоатлар сероб. Биз юқорида айрим гормонларнинг асосий хусусиятларини тилга олган бўлсак ҳам, уларнинг вазифалари шулар билангина чекланиб қолмайди.

Орқага Чоп этиш