ru uz
Ёғли сочлар муаммоси

Ёғли сочлар муаммоси ҳар тўрт хонимдан бирига яхши таниш, сочлар парвариши борасидаги тавсиялар эса турли-туман. Қолаверса, атторлик дўконларида ҳам ҳар қандай соч учун мос косметик воситалар жуда кўп. Аммо уларнинг ҳаммасини ҳам фойдали, деб бўлмайди. Қуйида ёзда ёғли сочлар парваришида нималарга эътибор бериш лозимлигига тўхталамиз.

Бальзамдан фойдаланасизми?

Иссиқ ҳавода сочларни тез-тез ювишга тўғри келади. Бунда эса шампунь ва бальзамни тўғри танлаш жуда муҳим. Сочларингиз тез ёғланса, таркибида денгиз сув ўтлари ва қичитқи экстракти, шунингдек, хамиртуруш, А, В, С витаминлари бўлган воситалардан фойдаланинг. Қуруқ ва синувчан сочлар учун мўлжалланган бальзамлар ҳам асқатади. Негаки, соч илдизи ёғланиб, учлари эса қуриб қолади-да. Бальзамни эса айнан соч учига суртамиз.

Ниқоб тайёрлаймизми?

Ёз жазирамасида сочларимиз дуч келадиган асосий муаммолардан бири синувчанлик ва жилосизланишдир.

Ёғли сочлар ҳам бундан мустасно эмас. Бунинг сабаби эса кондиционер, бўёқлар, фен ва соч дазмолларидан кўп фойдаланишдадир. Шу боис ёз кунларида соч учун намлантирувчи ва озиқлантирувчи ниқоблардан фойдаланган маъқул.

  • 1 ош қошиқ қуруқ хантал қайнатилган сув билан аралаштирилиб, бўтқасимон кўринишга келтирилади. Тайёр аралашма 5—10 дақиқага соч илдизларига суртилади (агар терини қаттиқ ачиштирса, олдинроқ ювиб ташлаш мумкин). Хантал ёғ безлари фаолиятини меъёрлаштириши билан бир қаторда, соч ўсишини ҳам тезлаштиради. Шу боис ушбу ниқоб сийрак ва тез ёғланадиган сочли хонимлар учун қўл келади.
  • 4 ош қошиқ қуритилган мойчечак устидан ярим стакан қайноқ сув қуйиб, дамлаб қўйинг. Тиндириб, сўнг докадан ўтказиб олинг. Дамламага бир дона тухум оқини қўшинг. Мазкур ниқоб ёғланишнинг олдини олиб, сочларга жило беради. Англаганингиздек, бу ниқоб малласоч паривашлар учун айни муддаодир.

Ниқобларни ҳафтасига икки-уч маротаба такрорлаш кифоя.           .

Қуруқ шампунлар ҳам бор-а?

Сафарга чиққанингизда ёки уйда иссиқ сув ўчиб қолса, ҳеч иккиланмай қуруқ шампунларга ихтиёр беринг. Улар одатда плитка, спрей ёки кукун кўринишида бўлади. Қуруқ шампунлар орасида ишлатиш учун энг қулайи спрей шаклидагисидир.

Қуруқ шампунь таркибида асосан гуруч, маккажўхори, сули ёрмаси, косметик лой кабилар бўлиб, улар сочдаги ёғ ва кирни шимиб олади. Қуруқ шампунь соч бўйлаб бир текис тақсимлангач, 5—10 дақиқадан сўнг тароқ билан тараб туширилади.  Сўнг сочиқ билан артилади. Қуруқ шампунларни ишлатиш қанчалик қулай бўлмасин, сочлар тўлиқ тозаланмаслигини эътиборга олиш керак.  Бу вақтинчалик ечим холос. Шу боис уларни меъёрдан ортиқ ишлатиб бўлмайди. Мазкур воситага кўп мурожаат қилиш эса бош териси тешикчаларининг беркилиб қолишига сабаб бўлади.

Эслаб қолинг!

■ Уй шароитида қуруқ шампунь тайёрлаш мумкинми? Ҳа! Бунинг учун 2 ош қошиқ сули ёрмасини қаҳва майдалагичдан ўтказиб, 1 ош қошиқ истеъмол содаси ёки какао кукуни билан аралаштирасиз. Какао кукуни малласоч хонимлар учун тавсия қилинмайди.

■ Қандолатчилик маҳсулотлар ёғли, дудланган, аччиқ, шўр таом ва егуликлар сочларнинг тез ёғланишини пайдо қилади. Ҳа, тўғри тушундингиз, парҳезга риоя этишингиз шарт.

 

 

Манба:  "Суғдиёна " газетаси

Орқага Чоп этиш