ru uz
Пешонадаги ажинлар халос бўлишнинг йўли бор

Ажинлар ички ҳиссиётларимизнинг юздаги ифодасидир. Биласиз, табассум, аччикланиш, қовоқ уйиш каби мимик ҳаракатлар ажинларга йўл очади. Якқол кўзга ташланадигани эса пешанадаги катта-кичик «ариқча»лардир. Хўш, ундан табиий йўл билан халос бўлишнинг чораси борми?

Асабийлик ажин туширади

Ёш улғайгани сайин юз терисининг эластиклик хусусияти йўқолиб боради ва коллаген толаси ишлаб чиқарилиши камаяди. Шу боис терида турли нотекисликлар юзага келади. Ва бу ҳолатда вертикал ажинлардан кўра горизонтал чизиқлар кўпайиши нисбатан кўпроқ кузатилади. Қуйида ажинларнинг юзага келиши сабабларига тўхталамиз:

  1. юз мимикаси ҳаддан ташқари куп ва нотўғри ишга солиниши - қошлар ўртасида чуқурчани юзага келтиради;
  2. чекиш;
  3. стресс, эмоционал беқарорлик, асабийлик;
  4. жисмоний зўриқиш;
  5. носоғлом турмуш тарзи, организмда витамин ва минерал моддалар етишмовчилиги, экология таъсири, мавсум ўзгаришлари - совуқ ва қуруқ об-ҳаво.

 

Парваришлаймиз!

Юздаги ажинлардан халос бўлиш чораси кўп. Хусусан, косметологияда инъекция, ботокс ва бир қатор жарроҳлик усуллари ёрдамида тери таранглиги тикланмоқда. Аммо пешанадаги чизиқларга қарши курашишда замонавий «мўъжиза»ларга кўпам ишониб бўлмайди. Аввалига уй шароитида бажарилиши мумкин бўлган чораларни қўллаб кўриш керак.

Кокос ёғи. Мазкур мой озиқлантирувчи хусусиятга эга. Унинг икки-уч томчиси кифоя. Кокос ёғи билан пешана соҳаси енгил уқаланса, ажинлар ёзилади. Шунингдек, Е витаминига бой юз кремлари ҳам мушкулингизни осон қилиши мумкин.

Кислород алмашинуви. Ҳар тонг ва уйқуга ётишдан олдин деразани очинг-да, тўйиб нафас олинг.

Сув. Организмдаги суюқлик микдори меъёридан камаймаслиги учун суткасига 1,5—2 литр сув ичиш лозим.

Овқатланиш. Аччиқ, шўр ва ёғли таомларни камроқ еган маъқул. Таомнома - витамин ва минерал моддалар, антиоксидантларга бой маҳсулотлардан ташкил топсин. Мева-сабзавотлар, барра кўкатлар, ёғсиз гўшт овқатланиш рационининг асосини ташкил этиши лозим. Е витаминига тўйинган - ўсимлик ёғи, тухум, ёнғоқ, балиқ ва сут маҳсулотлари; К дармондорисига бой - карам, брокколи, мол гўшти, исмалоқ; С витамини захираси мўл - наъматак, қорағат, апельсин, лимон ва бошқа цитрус мевалар ажинларни камайтириш баробарида янгилари пайдо бўлишининг олдини олади.

Скраб. Ҳафтада икки марта юз терисини скраб ёрдамида тозалаб туринг. Айланма ҳаракатлар терида қон айланишини яхшилайди, шу билан бирга ўлик ҳужайралар ажралиб чиқиши осонлашади. Бу ажинлар чуқурроқ жойлашувидан ҳимоядир.

Крем. Узум данаги қўшилган, таркибида альфа-гидроксил моддаси бор, Е ва С витаминига тўйинтирилган юз кремлари тери парваришида жуда муҳим.

Уйқу. 7-8 соат тўйиб ухланг! Нунки тунда юз териси коллаген моддасини фаол ишлаб чиқаради.

Машқ қиламиз!

  • Қошларни пастга туширинг-да, шу ҳолатда иккисини бир-бирига яқинлаштиринг. Сўнг қошлар кўтарилади ва бир-биридан узоқлаштирилади. Ушбу машқни ҳар куни, бир неча маротаба бажаринг. Натижаси: мимик ҳаракатлар ажин келиб чиқишининг олдини олади. Тери тонуси ортиб таранглашади.
  • Кўзни юминг-да, икки бармоғингиз билан қовоқларни беркитинг. Сўнг қошларни пастга туширинг. Қош-қовоқ мушаклари ёрдамида қовоқларни юқорига кўтаришга уриниб кўринг. Бу машқ бажарилган маҳал қовоқ ва қош ўртасида қарама-қаршилик юзага келади. Машқ 3 сония давом этиши ва ўн маротаба қайтарилиши лозим.

Ниқобларга нима дейсиз?

  • Бир дона аталанган тухум оқини юзингизга суртиб, қуришини кутинг. Сўнг қоғоз салфеткани илиқ сувда ҳўллаб, ниқобни артиб оласиз. Мазкур усул икки ой давомида ҳафтада икки марта бажарилса, пешанадаги ажинлар анча камаяди.
  • Мана бу рецепт учун эса тўрт томчи лимон шарбати ва 2 ош қошиқ сут керак бўлади. Масаллиқлар аралашмасини пешана, шунингдек, юздаги ажинларга суртиб, 20 дақиқа қолдирасиз. Шундан сўнг ниқоб илиқ сувда чайиб олинади.

 

Манба:  "Суғдиёна " газетаси

Орқага Чоп этиш