ru uz
Кўз остидаги қовоқлар шишишини 14 сабаби.

Кўз остидаги қовоқларни шиши кенг тарқалган муаммо хисобланади. Кўз ости сохасидаги тери ости тўқимаси сийрак жойлашган ва коллаген толаларини тутмайди. Ундан ташқари бу сохадаги терининг инсон кўзларини юмганда ва киприк қоққанда доимий чўзилиши ва қисқариши кузатилади. Буларнинг барчаси кўз ости сохасидаги қовоқни осилишига, юзга чарчаган холат берилишига ва ёшига нисбатан кексароқ кўринишига сабаб бўлади. 
Қуйида қовоқлар осилишига сабаб бўладиган омиллар хақида гапирилади:

1.    Овқатланишдаги нуқсонлар.
Қовоқлар шишини суюқликни кўп истеъмол қилишдан деб хисоблаш нотўғри. Негаки айнан кам сув ичиш хам тўқималарда суюқликни ушлаб қолиш учун буйраклар фаоллигини пасайиши ва шишларга сабаб бўлади. Уйқудан олдин кўп сув ичиш, дудланган, тузланган ва зиравор таомлар ейиш, шунингдек, алкогол ичиш хам қовоқлар шишига олиб келади.

2.    Маиший сабаблар.
Қовоқлар шиши узоқ вақт компьютер олдида ишлаш, ўқиш, кийим тикиш, машина хайдаш, кам ухлаш, узоқ йиғлаш ёки шу каби кўз мускулларига зўр келадиган хаётий машғулотлардан кейин хам ривожланиши мумкин. Ундан ташқари нотўғри вазиятда (ёстиқсиз) ухлаш, чекиш, кўзга ёт агентларнинг таъсири хам қовоқ шишига сабаб бўлади.

3.    Бош мия шикастланиши.
Кўз остидаги шишлар бош мия травмаси хисобига хам кузатилиб, айниқса пешона, чакка ёки бурун усти сохаси шикастланганда ривожланади. Бунда шиш осон инфекцияланиши мумкинлиги билан хавф туғдиради.   

4.    Косметика буюмларини кўп қўллаш 
Пардоз анжомларидан нотўғри (ортиқча) фойдаланиш, уйқуга ётишдан олдин декоратив косметикани нотўлиқ олиб ташлаш, терини намловчи кремларни тартибсиз қўллаш хам кўз остида шишлар хосил қилади. Хозирда урфга айланган ботулотоксин инъекциялари (ботокс, диспорт) хам шу каби реакция чақиради.
 
5.    Гормонал омиллар.
Хайз циклини даврига қараб, эстроген гормонларини кўплиги, хомиладорликни сўнгги мухлатларида буйраклар фаолиятининг етарли эмаслиги хам шишларга сабаб бўлади.

6.    Физиологик омиллар 
Айрим инсонларнинг тери ости клетчаткасида ортиқча ёғ хосил қилиш каби ирсий хусусияти мавжуд бўлади. Шу сабабли уларнинг кўзлари бироз шишган кўриниб соғлиғига бунинг таъсири бўлмайди. Қовоқлар шиши ортиқча семизлик, кексайган сари тери структурасининг ўзгариши ва кўз олмаси мускулларининг тонусини пасайиши хисобига хам ривожланиши мумкин. 
 
7.    Аллергия 
Кўз ости қовоқларидаги шиш кўз ёшланиши, кўзларни ачишиши, бурун битиши, акса уриш, қовоқларни қизариши ва ёруғликдан таъсирланиш каби белгилар билан кечса – бу аллергик шиш хисобланади. Бунда агрессив агент вазифасини  хайвон юнглари, ўсимликлар чанги, овқат махсулотлари, дори воситалари ва хатто водопровод суви хам ўташи мумкин. Аллерген таъсирини йўқотиш ва антигистамин препаратлар шишларни йўқотади.

8.    Кўз касалликлари. 
Қовоқлар шиши айрим кўз касалликлари: блефарит, конъюктивит, склерит, птоз, қовоқни буралиши ва ёмон сифатли ўсмалар натижасида хам ривожланади. Бурун ва оғиз бўшлиғи касалликлари хам қовоқ шишига олиб келиши мумкин.

9.    Махаллий яллиғланиш касалликлари.
Шишларнинг бир томонлама бўлиши кўз ёнидаги тўқималарнинг инфекцион яллиғланиши: абсцесс, флюс, бурун синусларидаги яллиғланиш, юз нерви ва кўз ёш безларини шамоллаши натижасида кузатилади.

10.    Бўйин умуртқаси чурраси.
Қовоқлардаги косметик дефектнинг харакат координациясининг бузилиши, бўшашиш, доимий бош оғриқлари, терида «чумоли юрганга ўхшаш хиссиёт» билан бирга кечса бўйин умутқалараро диски чуррасини инкор этиш лозим. Бунда айтиб ўтилган белгилар аста-секин ривожланиб, қовоқ шиши илк белги саналиши мумкин.

11.    Буйрак касалликлари.
Қовоқлар шишини эрталабда пайдо бўлиши, бу каби шишларнинг юзда, оёқда ва тананинг бошқа қисмларида бўлиши, танада тўшак бурмаларининг изини қолиши буйрак патологиясини англатади. Бунда кўпинча дизурик холатлар, қон босимини ортиши ва сийдик рангини ўзгариши хам кузатилади.

12.    Жигар касалликлари 
Жигар патологияси хисобига хосил бўладиган қовоқ шишлари, шунингдек, қўл бармоқларидаги шишлар билан бирга келади. Бунда танадаги тери ранги ва кўз оқи рангини сарғайиши, кўнгил айниши, кекириш, ўнг қовурға остидаги оғирлик хисси, сийдик рангининг тўқариши, ахлатнинг оқариши хам кузатилади.

13.    Юрак қон томир касалликлари 
Юрак касалликларига хос шишлар тери рангининг кўкариши, юздаги бир томонлама шишлар, тахикардия, қон босимининг ўзгарувчанлиги, хансираш, бўшашиш, юрак сохасидаги оғриқлар ва кечга яқин оёқлардаги шишлар билан характерланади. 

14.    Витаминлар танқислиги
Кўз остидаги қовоқ шиши организмда витамин B5 етишмаслигини хам англатади. Бунда шишга қўшимча бош ва мускуллардаги оғриқлар, бўшашиш, товонларнинг уюшиши, уйқусизлик ва кайфиятнинг бузилиши хам кузатилади. Витаминлар комплексини ичиш, шунингдек, овқат рационига сут, тухум, ошкўклар, мевалар, гречка ва ёнғоқ каби махсулотларни қўшиш бундай шишлардан халос қилади.
 

Манба:  gepamed.uz

Орқага Чоп этиш