ru uz
Терини қаритадиган 7 одатимиз

Қариш - табиий жараён. Аммо баъзан ўттизга эндигина чиққан аёлнинг қирқдан ўтганлардан ҳам каттароқ кўринишини тушунмайсиз. Бу терини қуритадиган зарарли одатлар оқибатидир. Қуйида уларни санаб ўтамиз.

1.  Бурунни ишқалаш. Баъзида ноқулай ҳолатдан чиқиш ёки бирор муҳим саволнинг жавобини ўйлаш учун ортиқча бир неча сония ютиш мақсадида аёллар бурунларига тегиниб, уни артаётгандек ҳаракат қиладилар. Бунинг натижасида тери қизаради, майда томирлардан юлдузчалар пайдо бўлади. Айниқса, териси жуда нозик ҳисобланган кўз ости соҳасига тегинавериш қора доғларнинг ва майда ажинларнинг пайдо бўлишига хизмат қилади.

2.  Бировнинг пардоз чўткаси. Опа-сингиллар ва яқин дугоналар кўпинча умумий пардоз воситаларидан фойдаланишади. Аммо чўтка ва спонжларда сиздан аввал фойдаланган одамнинг дерма парчалари, тери ёғи, шунингдек, яллиғланишга олиб келувчи бактериялар қолади. Булар эса терини қаритади. Шунинг учун пардоз воситаларингиз фақат ўзингизники бўлсин ва уларни вақти-вақти билан тозалаб туринг. Мобиль телефонлар ҳам ўз юзасида кўп бактерия тўплайди. Уларни ҳам тозалаб туриш керак.

3.  Совун билан ювиш. Ҳар куни ювинамиз. Аммо бу жараёнга масъулият билан ёндашиш кераклигини баъзан унутамиз. Ювинаётганда тери учун мос келадиган, уни қуритмайдиган воситалардан танлаш керак. Оддий атир совун терини қуритиб, юпқалаштириб қўяди. Ҳатто жумракдан оқаётган сув ҳам терига зарар етказиши мумкин. Шунинг учун юз терингизни махсус воситалар ёрдамида косметика қолдиқларидан тозалаб, тиндирилган ёки минерал сув билан ювинг.

4.  Арзон кўзойнак. Офтобдан ҳимояловчи кўзойнак нафақат юзингизга ярашиши, балки сифат талабларига ҳам жавоб бериши керак. Уларнинг асосий вазифаси кўзни қуёш нурларидан ҳимоялабгина қолмай, майда ажинлар тушишидан асраш ҳамдир. Ёз кунлари фақат кўзойнакка ишонмай кўз атрофига маҳсус ҳимояловчи кремлар ҳам суртинг.

5.  Пардозни ювмай ухлаш. Уйқуга кетишдан аввал макияжни ювиш муҳимлигини билгани ҳолда кўпчилик чарчоқми ё эриниш сабаб бу ишни қилмайди. Натижада упа қолдиқлари, чанг ва кирлар терининг чуқур қатламигача кириб боради. Бу ал¬лергик реакцияларни келтириб чиқаради. Шунингдек, тунги кремни ҳаддан ортиқ кўп суртиш, скрабни ҳафтада бир мартадан кўп қўллаш ҳам шундай ёқимсиз оқибатларга олиб келади.

6.  Қаттиқ парҳез тутиш. Ўз вазнини муътадил ушлаб туролмай, дам озиб, дам семириб юрадиган инсонлар териси яхши аҳволда бўлмайди. Тез вазн ташлаганда тери ости ёғ қатлами камаяди, бу эса тўқималар учун ўзига ҳос ёстиқ вазифасини ўтайдиган қатламдир. Шу сабабли тез озган одам¬нинг териси осилиб, ажинлари кўпайиб қолади. Озишни режа билан, босқичма-босқич ва аста-секин амалга ошириш керак.

7.  Ҳаддан ортиқ жонсараклик. Жилмайиш, кулиш, хўмрайиш, бужмайиш - хуллас, юз мимик мускулларининг кўп ишлатилиши терида ажинлар кўпайишига олиб келади. Биров билан гаплашаётиб лабингизни тишласангиз, қош уйсангиз, чимирсангиз, билингки, сиз юзингизда ажинлар пайдо бўлиши учун замин ҳозирлаяпсиз. Албатта, умуман эҳтирос акс этмайдиган юз ҳам жозибали кўринмайди. Лекин ҳар ишда меъёр бўлгани дуруст.

Орқага Чоп этиш