ru uz
ЗУЛУК шифокор, косметолог а рухшунос

Баъзида таниш-билишларимиз ўзларининг дардига даво бўлган воситаларни оғизларидан бол томиб мақташади. Айниқса, асрлар давомида синовдан ўтган халқ табобати усуллари ҳақида сўз кетса. Аммо кимгадир фойда келтирган муолажа бошқа бировга акс таъсир кўрсатиши ҳам бор гап. Шуни инобатга олган ҳолда халқимиз орасида маълуму машҳур зулук билан даволаш муолажасини тадқиқ қилишга киришдик. Хўш, унинг фойдаси мақташганича борми? Ёки бу оғиздан оғизга ўтиб юрувчи афсоналардан бирими?

resize (1).jpg

Ҳаром қонни сўриб оладими?

Кўпчилик зулукнинг фойдаси лимфа йўлларидаги қонни (халқ орасида ҳаром қон дейилади) сўриб олишга боғлиқ, деб ўйлашади. Бу таъсири ҳам бор, албатта. Бироқ унинг асосий фойдаси сўлаги таркибидаги инсон организми учун фойдали 70 га яқин моддалар билан белгиланади. Бежизга бу амалиётни тиббиёт тилида гирудотерапия, деб аташмайди. Бунга сабаб зулук ажратадиган гирудин моддаси ҳисобланади. Бу модда қонни суюлтириб, томирларни кенгайтириш хусусиятига эга. Айнан шунинг учун амалиётни инфаркт ва инсультнинг олдини олиш ёки хасталикни бошдан кечиргандан сўнг қўшимча даво усули сифатида қўллаш тавсия этилади. Гирудин томирларда ҳосил бўлган эски тромбларни йўқ қилиш хусусиятига эга эканлиги эътиборга молик.

Қайси хасталикларни даволайди?

Қонни суюлтириш хусусияти туфайли юқори қон босимини туширишда тенги йўқ восита. Бундан ташқари, гинекологик ва урологик хасталиклар, бавосил, артрит, жигар касалликларини даволашда ҳам самарали ҳисобланади. Бироқ минг бир дардга даво экан, деб фақат гирудотерапия билан кифояланиш керак эмас. Гарчи тиббиётда бу усул кенг қўлланилса-да, зулук асосий даво усулларининг самарасини оширувчи, қўшимча чора ҳисобланишини инобатга олиб қўйиш лозим. Кавказ ўлкаларида эса ҳозирги кунларда ҳам тўйдан аввал келинкуёвга зулук қўйиш амалиёти қўлланиб келинмокда.

Пилингнинг ўрнини босади

Ботокс, филлер, мезотерапия деган муолажалар бўлмаган замонларда европалик зодагон хонимлар бал, тўй ёки катта маросимлардан бир кун аввал қулоқ орқасига 2 дона зулук қўйдиришган экан. Айтишларича, бу усул юз рангини тиниқлаштириб, сўлғинлик ва чарчоқ аломатларини йўқотаркан. Буни қарангки, зулук замонавий косметологияда ҳам кенг қўлланилмокда. Масалан, юз терисини таранглаштирувчи, ажинлардан халос этувчи косметологик иплар билан бажариладиган турли хил муолажаларга қўшимча равишда зулук қўйилганида натижанинг самарадорлиги 40 фоизга ортгани исботланган. Бундан ташқари, моддалар алмашинувини яхшилаш ҳисобига целлюлит каби нохуш муаммодан халос этади. Бақбақа ва доғларни йўқотиш хусусияти, айниқса, эътиборга молик. Биласиз, жигардаги муаммолар инсоннинг юзида акс этади. Қон айланиши яхшиланиб, жигар тозаланганидан сўнг доғлар ҳам ўз-ўзидан йўқола бошлайди. Косметика дўконларидан эса зулук экстракти қўшиб тайёрланган кремларни топишингиз мумкин.

Оғримайдими?

Терига ёпишганидан сўнг зулук ўзининг 270 та тиши билан инсон терисини арралай бошлайди. Сўнг қонга оғриқсизлантирувчи моддаларни юборади. Айнан шу оғриқсизлантирувчи моддалар сабаб кўпчилик беморлар зулук қўйилганида чивин чаққандек оғриқни сезишади. Бироқ ҳар кимнинг оғриқ сезиш даражаси турлича эканлигини ҳам инобатга олиш лозим.

images (42).jpg

Муолажа қанча давом этади?

Бир муолажа давомида 2 тадан 10 тагача, камдан-кам ҳолларда 10 тадан ортиқ зулукдан фойдаланилади. Айнан сизнинг хасталигингизда жониворнинг неча донаси кифоя қилишини касаллик даражасига,тана вазнингизга қараб фақат шифокор айта олади. Шунингдек, айрим беморлар зулук 4—5 соат давомида танадаги қонни сўриши керак, деб ўйлаб, бундан кам вақт турган зулукни бутунлай бесамар, деб ҳисоблашади. Аммо тиббиётда гирудотерапиянинг давомийлиги 30—40 дақиқа деб белгиланган. Шундан сўнг зулукнинг ўзи терини қўйиб юборади. Баъзи ҳолларда қорни тўйган жонивор ухлаб қолгани туфайли танада узоқроқ сақланиб туриши мумкин. Бироқ бу қанча кўп турса, шунча фойдали дегани эмас! Амалиётнинг самарадорлиги баҳор ва куз мавсумларида ортиши кузатилган.

Асабийлашманг, сигарета чекманг!

Тажрибада асабийлашаётган беморларнинг танасига зулук ёпишмаслиги кўп бор кузатилган. Чунки инсоннинг жаҳли чиққанида организмда кўп микдорда адреналин моддаси ишлаб чиқарила бошлайди. Натижада, зулук терини тишламайди. Шунинг учун гирудотерапия амалиётига мурожаат этар экансиз, имкон қадар хотиржам ҳолатда бўлишга ҳаракат қилинг. Бундан ташқари, ўткир ифорли гигиеник воситалар, атирсовун, душ учун гель, атир-упадан фойдаланмаслик, тамаки ва алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилмаслик тавсия этилади.

Албатта, таҳлил топширинг

Ўз ишининг чинакам устаси ҳисобланган ва беморнинг саломатлигини ҳамма нарсадан устун қўювчи мутахассис биринчи навбатда беморга қон таҳлили топширишни тавсия қилади. Чунки бир қатор ҳолатларда гирудотерапияга қарши кўрсатмалар бўлиши мумкин. Улар ҳақида алоҳида тўхталамиз. Демак, таҳлиллар натижасига кўра, қоннинг ивиш вақти, гемоглобин миқдори, қандли диабет бор-йўқлиги аниқланади. Қолаверса, бемор билан суҳбатлашиб, анамнез йиғилади. Агар шифокор қандайдир сабабларга кўра саломатлигингизни тўлиқ суриштирмаса, ўзингизни безовта қилаётган белгилар билан ўртоқлашишдан тортинманг.

Ҳушёр бўлинг, қарши кўрсатмалар мавжуд!

Гарчи гирудотерапия тиббиётдаги энг кам қарши кўрсатмага эга амалиётлардан бири ҳисобланса-да, бир қатор ҳолатларда эҳтиёт чораларини кўриш талаб этйлади. Агар сизни гемофилия (қон тўхтамасдан оқиши), қон ивишининг секинлиги, анемия, гипотония (қон босимининг пастлиги) безовта қилса, билингки, зулук қўйдиришингиз мумкин эмас! Ҳомиладор аёллар ва онкологик хасталик билан оғриган беморларга ҳам гирудотерапия тавсия этилмайди.

Ҳамма зулуклар ҳам фойдалими?

Бугунги кунда зулукнинг 600 дан ортиқ тури аниқланган бўлса-да, тиббиётда фақат 3 тури қўлланилади. Қолгани нафақат бефойда, балки зарарли ҳам бўлиши мумкин. Шунинг учун малакали мутахассислар фақатгина махсус биофабрикаларда етиштирилган ва стириллиги кафолатланган зулукдан фойдаланадилар.

Кон тўхтамаяпти...

Зулукнинг қонни суюлтириш хусусияти ҳақида айтдик. Шу сабабли у тишлаган жойдан оз-оздан қон оқиб туриши табиий ҳол ҳисобланади. Тиббиётда биринчи марта амалиётга мурожаат қилган беморда 24 соатгача қон оқиши норма деб белгиланган. Бироқ тажрибада бундай вазият деярли учрамайди. Шунинг учун қон тўхтамаяпти, деб хавотирга тушмасангиз ҳам бўлади. Агар бу жиддий муаммога сабаб бўлиши мумкин, деб ўйласангиз, албатта, шифокорга мурожаат қилишингиз лозим.

Аллергияга сабаб булса...

Камдан-кам ҳолларда гирудотерапиядан сўнг аллергик реакция юзага келса-да, ҳар бир бе- мор бу ҳакда маълумотга эга бўлиши ва ўзбилармонлик билан амалиётга қўл урмаслиги керак. Шошилинч вазиятларда ёнида кўмак беришга қодир мутахассис бўлишига эътибор қаратиш ло- зим. Аллергик реакцияга зулук сўлаги таркибидаги оқсиллардан бири олиб келади. Жараён шиш ва иситманинг кўтарилиши каби нохуш ҳолатлар билан кечиши мумкин. Аллергик реакция сезилгани заҳоти шифокор муолажани тўхтатиб, даво чораларини кўриши даркор.

Касаллик юқтириб олиш мумкинми?

Бежизга зулукни тиббий шприцга қиёслашмайди. Саломатликка зиён етказмаслиги учун ундан фақатгина бир марта фойдаланиш шарт! Бироқ орамизда ўз нафсини ўйлайдиган, ноинсоф кимсалар ҳам учрамокдаки, улар битта зулукни бир неча марта, устига-устак, турли беморларга қўллашдан тап тортишмайди. Бунда бир беморнинг хасталиги қон орқали бошқасига ўтиши эҳтимолдан холи эмас. Афсуски, зулукдан аввал фойдаланилган ёки фойдаланилмаганини бир қарашда аниқлаб бўлмайди. Шунинг учун ўз саломатлигини биринчи ўринга қўювчи беморлар дорихонадан ўзлари билан зулук олиб келишлари мумкин. Жонзот вазифасини бажариб бўлганидан сўнг кўз олдингизда уни йўқ қилишларини талаб қилиш ҳуқуқига эгасиз. Бир қарашда бу шафқатсизликдек кўринсада, ўзингиз ва бошқа бир инсоннинг саломатлигини ҳимоялаш йўлидаги чора ҳисобланади. Шунда бир марта қўлланилган зулукдан қайта фойдаланишнинг олдини олган бўласиз.

 

Манба:  "Суғдиёна " газетаси

Орқага Чоп этиш