ru uz
Cоч бўёғи терингизга ёқмаса ....

Албатта, тест ўтказинг

Соч бўёғи қадоғини ўқиган ҳар бир аёл аввал тест ўтказиш кераклигини билади. Уни қандай амалга ошириш эса йўриқномада тўлиқ ва батафсил тушунтирилган. Лекин кўпчилигимиз бепарволик қилибми, вақт йўқлиги важиданми, айнан шу бўлимни эътиборсиз қолдирамиз. Ана кейин бошланади. Қичишиш, қизариш, шиш...

Баъзида эса синалган восита панд беради. Бунинг асосий сабаби эса бўёқ таркибидаги РРD, изатин ва яна бир қанча кимёвий моддалардир.

Қадокдаги «Аллергия чақирмайди» «РРDдан холи», «Амиаксиз» деган ёзувлар-чи, дерсиз. Афсуски, улар маркетологларнинг навбатдаги «ўйин»и, холос. Чунки бўёқ таркибидаги айнан қайси модда организмингизга ёқмаётганини ишлаб чиқарувчилар билишмайди. Нохушликнинг олдини олиш учун эса, албатта, тест ўтказиш лозим. Демак, соч бўёғини оз миқдорда қўлнинг бир четига суртиб кўрасиз. Чайиб юборгач, бир сутка давомида ҳеч қандай нохушлик кузатилмаса, бемалол фойдалансангиз бўлади.

Белгилари

Куйидаги белгилардан эса аллергияни таниб олишингиз мумкин:

  • Бўёқ теккан ерда қизариш ва ачишиш юзага келади.
  • Терининг ранги ўзгаради.
  • Юз (асосан қовоқ, ёноқ ва лаблар) шишади.
  • Одатда бир суткадан кейин терининг қизарган жойлари ёрилиб, тўкила бошлайди.
  • Турли тошмалар тошади, худди куйганда юзага келадиган пуфакчаларга ўхшаш шишлар пайдо бўлади.
  • Аллергия эшак еми, дерматит ва экзема кўринишида намоён бўлиши мумкин.
  • Кўз ёшланади.

Кимлардадир аллергиянинг белгилари дарҳол намоён бўлса, бошқаларда бир сутка давомида сезилади. Қолеверса, улар ҳар кимда турлича кечади. Бироқ ўтиб кетади қабилида иш кўриш ярамайди. Чунки аллергия ўтиб кетмайди! Бундай бефарқлик эса хасталикнинг авж олишига имкон яратади. Қарабсизки, ҳар гал сочингизни бўяганингиз сари нохушлик ортиб бораверади.

Эҳтиёт бўлинг!

Тажрибада соч бўғини синовдан ўтказмай қўллаш оқибатида оламдан кўз юмаётган гўзаллар хам учрайди. Яъни бўёқ кучли реакция бериб, анафелактик шок ҳолатини юзага келтиради.

Тез ёрдам

Ўзингизда аллергия симптомларини сезган заҳотингиз илиқ сув билан бўёқни ювишга киришинг. Ана ундан кейин мойчечакли тиндирма билан бошни чайиш керак. Агар эртасига ҳам қичишиш ва ачишиш безовта қилса, кечиктирмасдан шифокор қабулига боринг.

Даво чоралари

Ҳа, аллергиянинг кичик белгиларини уй шароитида бартараф этиш мумкин. Кўпчилик бош қичигани учунгина шифокорга боришга ийманади. Бироқ муаммонинг илдизини қирқиш учун, албатта, мутахассисга мурожаат этиш талаб этилади. Чунки у аллергияни келтириб чиқарган сабабни аниқлаб, керакли даво чораларини кўради. Одатда қичиш, шиш ва ачишишни бартараф этиш мақсадида антигистамин препаратлар, инфекция тушмаслиги учун турли суртмалар тавсия этилади.

Энди буёлмайманми?

Аллергияга мойил санамларнинг қаршисида икки йўл бор. Биринчиси, айнан қайси моддани организм хушламаётганини аниқлаб, бўёқ таркибида ўша модда йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, харид қилиш. Иккинчиси, табиий бўёқлар: хина ва басмага ўтиш. Иккинчи йўлни танлашга аҳд қилган бўлсангиз, қуйидаги тавсияларимиз сизга асқотиши аниқ.

Аччиқ қилиб дамланган чойга 1 ош қошиқдан какао ва дамланган қаҳвадан қўшиб тайёрланган табиий бўёқ сочга тўқ қўнғиртус беради.

Соч олтиндек товланиши учун бир сиқим пиёз пўстини бир пиёла сувда қайнатиб, шунча миқдордаги мойчечак тиндирмаси билан аралаштириб сочни чайиш лозим.

Шунингдек, дўкон расталарида махсус ранг берувчи бальзам ва шампунлар ҳам мавжуд бўлиб, улар кимёвий бўёққа қараганда анча безиён.

Орқага Чоп этиш